Видео
31 май 2017

Давлат тадбирида қатнашмаган хонанданинг лицензияси бекор қилинди (видео)

Жиззах шаҳрида ўтган “Баркамол авлод” спорт мусобақаси гала концертида қатнаша олмаган хонанда Шаҳноза Отабоева лицензиясидан маҳрум қилинди.

Хонанда бу ҳақда инстаграм саҳифасида қисқа хабар ва “Ўзбекконцерт” бирлашмасининг янги рахбари Азамат Ҳайдаров номига ёзган ўз тушунтириш хати нусхасини жойлади. (Бироз муддатдан сўнг Шаҳноза расмни у ердан олиб ташлаган.)

Мен, Шаҳноза Отабоева, 25 май куни Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган “Баркамол авлод” спорт мусобақасининг очилишига тайёргарлик кунларида ҳам қатнашдим. 1 ой аввал Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги аҳоли 25 май кунига ният қилиб тўйга айтишганди. Закладларини ҳам олиб қўйгандим. Тадбирдан кетолмайман деб айтсам, илтимос, тўйга 5 минг киши айтилган, бизни шарманда қилманг, деб Жиззахдаги меҳмонхонага келиб ўтириб олишди. Бизга рахбарлик қилган Одил акага айтдим, бир йўлини қилиш керак дедим. Ёрдам бермадилар. Тўй эгалари ўзимни осаман, порталга ёзаман деб айтишди. Шунга халқ кўтарилиб кетмаслиги учун, тўйга кетишга мажбур бўлдим. Бошқа қайтарилмайди. Мажбурлигимдан, обрўйимга путур етмасин деб, 2 ўт орасида қолдим. 30 май, Шахноза Отабоева

Ўзбекистондаги барча қўшиқчилар давлатдан тегишли рухсатнома – Линцензиясиз фаолият юрита олишмайди. “Ўзбекконцерт” бирлашмаси томонидан ҳар хил муддатларга бериладиган ушбу ҳужжат, ўзбек санъаткорларини давлат мафкураси хизматида бўлишга мажбур қилади.

“Лицензия, бу бошимиздаги тегирмон тоши”, дейди Элтуз билан сухбатда, маълум сабаблар туфайли исмини сир тутган таниқли ўзбек хонандаси.

Ёшлар орасида қатор қўшиқлари хитга айланган бу хонанданинг айтишича, “Лицензия, қўшиқчиларни давлат “рамкасида” ушлаб туриш билан бир қаторда, каттаю кичик давлат амалдорларининг тўй ҳашамларида бепул хизмат қилишга мажбурловчи воситага” айланган.

“Телефон қилишади, “Укам, палон куни палон соатга, палон ресторанга мана шу вақтга етиб бор!” Тамом! Боришимиз керак. Ўша кунга мани ишим бор, бошқа жойга айтилганман, деб кўрингчи?! Кейинги ойдан муаммолар ичида қолиб кетасиз! Радио ва ТВ эфиридан маҳрум қилинсак, дўппини осмонга отамиз! Линцензиямизни бекор қилишлари хам мумкин. Мана шуниси чатоқ”, дейди бир неча йил аввал бундай муаммоларни бошидан ўтказган хонанда.

Хонандага кўра, бир жуфт қўшиғи хит бўлган хонанда, бир йил мобайнида пойтахт тўйларидаги энг ҳаридоргир кўшиқчи бўлиши мумкин. Лекин, тўйга таклифлари кўп бўлгани билан, линцензияси бўлмаса, у хеч қандай маросимда хизмат қилиб пул ишлай олмайди. Шунинг учун, линцензиядан маҳрум бўлиш, ўзбек қўшиқчиси учун жуда катта йўқотиш.

“Бугун Тошкентдаги тўйларга “бирров” учун (яъни, бир жуфт қўшиқ айтиб бериб кетиши учун), қўшиқчилар, ўз рейтингига қараб 100 доллардан 600 долларгача пул олишади. Тўйлар мавсумида биз қўшиқчилар худди каруселдаги каби тўйма тўй югуриб юрамиз. Тўйлар боқади бизни. Бир тўй сезонида ҳар бир линцензияли кўшиқчи ёки гуруҳ 45 минг доллардан 100 минг долларгача пул ишлай олади. Шунга линцензияни йўқотмаслик учун катталарнинг айтганини қилиб, яхши бола бўлиб юрамизда” дея кулади хонанда.

Санъат олами ичида номи чиққан яна бир санъаткорнинг айтишича, “Тўйимдан қолмай” дея линцензиясидан айрилган хонанда Шаҳноза Отабоева бугун ўзидаги бор имкониятни ишга солиб, тез кунларда бу ҳужжатни яна қўлга киритмоқчи. Бу унга осон бўлмайди чоғи, Инстаграмдаги саҳифасида “Санъатнинг қийинчиликларига бардош бер, Оллохим!” деб ёзув қолдирибди.

Улуғбек Ашур
Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 апрел 2021
Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизматида ўриндошлик асосида фаолият юритувчи Аброр Мухтор Алий (Аброр Абдуазимов) унинг экстремистик баёнотлари атрофидаги барча ...
25 сентябр 2017
Мирзиёевнинг талабалар, ўқитувчилар ва медикларни пахта далаларидан қайтариш қарори, таъкидлаш жоиз, Жаҳон банки президенти босими остида амалга ошди. Бироқ ...
23 октябр 2015
Улуғбек Ашур, Eltuz.com Шу йилнинг 4 сентябр куни Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида яшовчи 33 ёшли Арамаис Авакяннинг хонадонига нохуш ...
23 апрел 2023
Чимкентга ўрнашиб олган рус босқинчи генерали Михаил Черняев 1865 йилнинг 23 апрелида Тошкентни ишғол қилиш учун йўлга чиқди. Саккизта ...
Блоглар
8 феврал 2025
Шу пайтгача «Анора» деган икки фильм олинди. Биттаси етим қизнинг ашлачи бўгани ҳақида¸ яна биттаси ...
23 январ 2025
Ўзбекистон мудофаа вазири Холмухаммедов босқинчи газанда Россия билан 2026-2030 йилларда ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури ...
20 январ 2025
Ўзбекистон президенти уйида йиртқич ҳайвон¸ илон ва хашаротларни боқадиганлар жазоланиши ҳақидаги қарорни 16 январь куни ...