Сайҳунобод ҳокими директорларни нега дўппослади?
12 сентябр куни тармоқда Сирдарёда туман ҳокимининг мактаб директорларини ураётгани акс этган видео тарқалди.
Кун.уз нашри тарқатган видеода Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев қаршисида қўл қовуштириб саф тортган ўнтача мактаб директорини бирма бир ҳақорат қилиб, қулочкашлаб уради.
Туман ҳокимининг сўзларидан, мактаб директорлари Мустақиллик байрамига ўқитувчиларни олиб келмагани учун дўппосланишаётганини тушуниш мумкин.
«Нимага чиқмийсан? Нимага масъулиятсизлик қиласан? Қўлингни тушир!» деч уради, ўзини оқлашга ҳаракат қилаётган мактаб директорини.
«Бечора районо мудирини итдек қиламан, аслида сен ҳам айбдор. Нега районингни ҳурмат қилмайсан?», дея бақиради ҳоким.
Навбатдаги директорга ўгирилиб кетма-кет мушт тушираркан «Нима, уятмасми? Мустақиллик байрами! Ватанни байрами! Эй ифлос!» дея ҳақоратлаб дўппослашда давом этади ҳоким.
Kun.uz манбасига кўра, вилоят ҳокими Мустақиллик байрами юқори савияда ташкиллаштирилмагани учун, туман ҳокими Носиржон Эгамбердиевга хайфсан берган. Туман ҳокими эса ўз навбатида аламини мактаб директорларидан олган.
Сирдарёда Касб ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган Носиржон Эгамбердиев Сайхунобод туманига 2016 йилнинг октябрида ҳоким этиб тайинланганди.
Рассом Туз
Eltuz.com