Асосий мавзулар
19 сентябр 2018

Умида Ниёзова: Биздаги каби мажбурий меҳнат дунёда йўқ

Беларусь президенти Александр Лукашенконинг Тошкентга қилган расмий ташрифи чоғи «Белсат-ТВ» студияси меҳмони бўлган Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми раҳбари Умида Ниёзова иккала мамлакат раҳбарларини ўзига жалб қилаётган мажбурий меҳнат схемаси ҳақида гапирди.

Беларусь раҳбарини бу схема нимаси билан қизиқтирмоқда?. Суҳбат давомини кузатинг.

Белсат-ТВ: Минск-Тошкент: Диктаторлик мулоқоти

Бошловчи: Хайрли кеч!

Умида: Хайрли кеч.

Б: Сиз бугун Ўзбекистондаги вазиятни ва Александр Лукашенко баёнотларини кузатяпсиз. У ҳазил аралаш «бу дўстлик икки диктаторнинг яхши маънодаги дўстлиги» деяпти.

У: Авваламбор мен Лукашенконинг ташрифи маҳаллий матбуотда қандай ёритилаётганини кузатдим. Ҳақиқатан ҳам ўта дабдабали ёритилди. Уни энг олий даражада кутиб олишди. Фахрий қоровуллар… бундай ҳолатларда нимаики лозим бўлса қилинди…
Шу нарса сезилдики, президент Лукашенко ва Ўзбекистон президенти Мирзиёев бир-бирини жуда яхши англашади. Уларга, менимча, бир-бирлари билан суҳбат қуриш жудаям қулай.

Б: Катта меҳр келиб чиқяпти…

У: Ҳа, албатта, чунки икки авторитар лидер бир-бирларига ёқмайдиган ҳеч бир масалани кўтаришмайди. Айтилганидек, жуда кўп ҳужжатлар имзоланди ва чиндан ҳам, билишимча, Беларусь билан тўқимачилик, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ускуналари соҳасида алоқалар бор.

Б: Мен ҳам шундан бошлагандим, пахта масаласи бўйича. Лукашенко Беларусь ишлаб чиқарувчилари айни меҳнат бозорига ҳам кириб боришини айтяпти. Яъни буни Беларусь матбуоти, экспертлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари бир неча бор қуллик дея атаган бозорда ҳам иштирок этади, дея тушунишимиз керакми?

У: Шуни қисқароқ айтмоқчиман, пахта ва Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат – менинг мавзуим. Давлатга пахта таннархини пасайтириш имконини берувчи бу ноёб тизим қишлоқ хўжалигига алоқаси бўлмаган турли касбдаги одамларни пахта мавсумида ишлашга ёки ўзи учун одам ёллашга мажбур этади.

Б: Бу қанчадир килограмм териш керак бўлган нормами?

У: Ҳа, бунинг ҳаммаси жуда марказлашган. Айтайлик, ўн уч вилоят бор, ҳар бир вилоят квота олади. Яъни муайян миқдорда пахта етиштириши керак. Умуман, Ўзбекистонда тахминан уч миллион тонна пахта терилади ва ҳар бир вилоятга квота тайинланади.

Б: Агар териб олинмаса, бу нима билан тугайди?

У: Вилоят раҳбарлари учун бу ишдан ҳайдалиш билан якунланади. Шунинг учун ва барча илгариги йилларда ҳам бунинг ноёблиги нимадан иборат? Чунки Ўзбекистон улкан инсон ресурсларига эга мамлакат. Яъни бизда 30 миллион аҳоли бор. Ва бутун абсурд шундан иборатки, ишсизлар армиясини ёллаш ўрнига давлат турли корхоналарда аллақачон ишлаётган ходимларни ишлатади…

Б: Бу мажбурий меҳнат..

У: Ҳа, бу мажбурий меҳнат! Адолат нуқтаи назаридан айтишим керак, бу давлат томонидан ташкиллаштирилган тизимли оммавий мажбурий меҳнат йиллар мобайнида давом этди. Ҳисоб-китобимизга кўра, ҳар йили пахта теришга тахминан миллион одам мажбурланади. Чиндан ҳам бу ноёб холат. Бундай оммавий ҳодиса дунёнинг ҳеч қаерида йўқ. Илгари мажбурий болалар меҳнати ҳам бўлган. Лекин муттасил босимлардан кейин тўхтатилди. Ҳозир ҳам тахминан кийим тикувчи 200 тача турли тўқимачилик ширкати ўзбек пахтасига бойкот эълон қилишган. Яъни ҳар ҳолда халқаро босимлар ўз мевасини бермоқда.

Б: Лукашенко бойкот эълон қилмайди ва менинг тушунишимча, бу қулларча меҳнатга қўшилади…

У: Албатта шундай, улкан кўламда инсон ҳуқуқлари бузилаётган, пахта соҳасига сармоясини Хитой ёки Беларусь каби мамлакатлар киритаркан, бизнинг эдвокаси майдонимиз шу ерда тугайди…

Б: Бу пулнинг ҳиди бўлмайди ёки Лукашенко учун инсон ҳуқуқларининг ҳеч қандай роли йўқ, деганими?

У: Менимча, ҳар иккала ҳолат ҳам бу ўринда жуда мос келади. Ҳа. Яъни бу соҳага келаётган, пахта билан боғлиқ, яъни тўқимачилик ишлаб чиқаришига пул тикаётган бизнесменларга тааллуқли. Улар фойда олишни исташади ва бу тизим ортида нима яширингани уларни ташвишлантирмайди. Президент Лукашенко учун ҳам шундай. Уни ҳам аслида бу тизимнинг ўта репрессив экани ва уни аввал ўзгартириш кераклиги кам ташвишлантиради.

Б: Беларусь ширкатларининг пахтадан иқтисодий фойда кўриши қанчалик реал – чиндан фойда кўришадими ёки бу камера олдида яхши эшитилиши учун айтиляптими?

У: Мен билмайман, бунинг учун Беларусь бизнесига қандай шартлар қўйилаётганини кўриш керак. Чунки ғарб бозорларининг ўзбек пахтасига бойкоти шароитида савдо учун ҳам кам майдон қолади.

Б: Эҳтимол бу қандайдир фойдали шартлардаги янги бозорни қидиришдир… Суҳбатимиз якунида, агар Лукашенко ҳақида, агар Мирзиёев ҳақида гапирадиган бўлсак, у ерда ҳам, бу ерда ҳам биз муттасил тарзда қандайдир либерализация ҳақида гап кетаётганини кузатамиз. Кеча студияда эксперт буни псевдолиберализация дея атади. Сиз буни қандай баҳолайсиз?

У: Агар Ўзбекистондаги воқеаларни бир сўз билан баҳолаш керак бўлса, мен буни ишончсизлик, дея атардим. Чиндан ҳам мутлақо тушунарсиз. Сўнгги бир йил ичида либерализация, ислоҳотлар, суд тизими, инсон ҳуқуқлари тўғрисида мингта яхши сўз айтган бўлса-да, ўзбек президентининг ҳақиқий ниятини ҳеч ким билмайди.

Б: Қўшнилари билан ярашди…

У: Ҳа. Аслида шундай ижобий қадамлар бор, асосан, иқтисодий соҳада, қўшнилар билан яхши муносабатларда ҳам. Бироқ, мен ҳамиша айтаман, биз ёмон подшонинг ўрнига яхши подшога эга бўлдик. Бироқ бу қанча муддат давом этади, билмаймиз. Гарчи у диктатор Каримовга нисбатан бироз яхши.

Б: Янги подшо даврида одамларнинг ҳаёти яхшиландими?

У: Агар иқтисодий вазият ҳақида айтсак, албатта, йўқ. Кўплаб одамлар Россияга бир бурда нон топиш учун кетяпти. Бироқ агар локал қарорлар, дейлик, чегара зоналаридаги одамлар учун чегараларнинг очилишини оладиган бўлсак,  бу албатта яхши, уларга енгиллик. У ерда бир-бирларига яқин, аммо чегаралар ёпиқлиги учун йиллаб қариндошлар кўришолмасдан яшашган.

Б: Айни пайтда Ўзбекистон анча бетараф бўлиб турган. Бугун сиз бу россияпараст йўл эканини сезмаяпсизми?

У: Россияпараст йўл, қай маънода?

Б: Москвага мутелик йўли.

У: Биз шундан жуда қўрқамиз аслида. Бунинг боиси бор, албатта. Россия бизнеси ўз позициясига эга. Алишер Усмонов – бу бой Россия олигархи..

Б: Ўзбекистонга ўз таъсирини ўтказади.

У: Ҳа, у аслида президентнинг узоқ қариндоши ҳам саналади. Шунинг учун, бундан ташқари, Россия Ўзбекистонда атом электростанцияси қурмоқда.

Б: Беларусда ҳам аниқ шундай. Бу ерда паралеллар жуда кўп ва Лукашенко ташрифи камера олдида айтилмаган яна кўп синоатларни очиши мумкин. Ушбу интервью учун сизга раҳмат. Умида Ниёзова, Ўзбекистон – Германия инсон ҳуқуқлари форуми.

«Белсат-ТВ» кўрсатувидан «Элтуз» нашри таржимаси

Тағин ўқинг
5 сентябр 2017
5 сентябрдан Ўзбекистонда конвертация эълон қилиниб, АҚШ доллари эркин савдога чиқарилди. Элтуз нашри мухбири Тошкентдаги бир қанча шохобчаларда валюта ...
22 июл 2017
Эътироз билдиришга уриниб ҳам кўрманг, чунки бу бугуннинг ҳақиқати. Ўзбекистоннинг қайси вилоятига борманг, пахтазорда юрган, кўча супураётган, тезак, қоғоз, ...
16 май 2016
Бу ҳақда маълум қилган РМК президенти, Россия президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси Борис Кравчук: ...
17 январ 2020
Хитой ҳукумати инсон ҳуқуқларида ўзи учун экзистенциал таҳдидни кўради. Унинг шу муносабат билан қилаётган саъй-ҳаракатлари эса глобал кўламда инсон ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...