Видео
6 декабр 2018

КГБ-МХХ vs Рембо. Кураш давом этади. 4-қисм

Фильмнинг бу қисмида “Рембо”нинг ҳибсга олиниши ҳақида ҳикоя қилинади.

“Контора” Рембога қарши туҳмат уюштириш мақсадида махсус гуруҳ тузади.

МХХ зобити Николай Карика раҳбарлик қилган ушбу гуруҳ Қаҳрамон Хўжақуловга навбатдаги операциясини ўтказишга тўсқинлик қилади.

Рембонинг ҳибсга олиниши

Бу пайтда Қаҳрамон Хўжақулов 60 килограммлик янги партия наркотикни қўла олиш учун тайёргарлик кўра бошлаган эди.

Шу мақсадда у Термиздаги ҳарбий қисмдан бир нечта Калашников автомати, Стечкин пистолетлари ва бир дона ПБС пистолети олади. Қуроллар Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Алишер Шариповнинг расмий рухсати билан олинади.

1994 йил 6 май куни Қаҳрамон Хўжақулов энди операцияга чиқай деб турганида, уни Сурхондарё вилоятининг ўша пайтдаги прокурори Мэлс Наимов ўз кабинетига чақириб қолади.

Қаҳрамон Хўжақулов вилоят прокурорининг хонасига кирганида у ерда Мэлс Наимов ва унинг ўринбосари Рамазон Пўлатов бор эди.

Қаҳрамон Хўжақулов: “Кабинетга кириб келишим биланоқ, вилоят прокурори Мэлс Наимов менга: “Сурхондарёда қайси раҳбарларга компроматинг бор? МХХ ходимларининг қайси бирига компроматинг бор? Ўша хужжатларни менга берсанг, келишамиз!” – деди. Мен жавоб беришга улгурмадим ҳам. Чунки кабинетга вилоят МХХ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Тўлқин Зулфиқоров, МХХ капитани Бобришчев ва юзига қора ниқоб таққан қуролли 10 киши кириб келди. Юзига ниқоб кийиб олганларнинг бири ёнимга келиб: “Сен қамоққа олиндинг!” – деди. Ниқоблилардан яна икки нафари ёнимга келиб автоманинг қўндоғи билан бошимнинг орқа қисмига қаттиқ зарба беришди. Мен ерга қуладим. Шу пайт хаёлимга ёнимдаги автоматик пистолетдан уларнинг ҳаммасини отиб ташлаш фикри келди. Лекин ундай қилмадим. Чунки айбим йўқлигига ва ҳар қандай айбловнинг асоссизлигини исботлай олишимга ишончим комил эди. Агар ноҳақ қамалишимни билганимда, ўша пайтда бу формадаги наркобаронларни жойида отиб ташлар эдим. Ҳозир алам қилмас эди”.

МХХ аталмиш наркомафияга қарши курашаётган милиция майори кимсан вилоят прокурорининг, яъни қонун қўриқчисининг кабинетида ва кўз ўнгида калтакланади. Мэлс Наимов ва унинг биринчи ўринбосари Рамазон Пўлатов ваҳшийлик саҳналарини кулиб томоша қилиб туришади.

Қаҳрамон Хўжақулов прокурорнинг хонасидан тўғри вилоят МХХсининг ертўласига олиб кетилади. Зах ва қоронғу ертўлада уни беш кун сақлашади. Шу беш кун ичида МХХ ходимлари “Рембо”ни ҳар куни қийноққа солишади. Терговда қўйиладиган барча айбларга иқрор бўлишни талаб қилишади.

Қаҳрамон Хўжақуловга кучлироқ таъсир қилиш, уни туҳматга тезроқ иқрор қилдириш ва умуман уни руҳан синдириш учун Сурхондарё вилояти МХХ ва прокуратура ходимлари бошқа ноқонуний ишларни ҳам амалга оширишади.

1994 йил 6 май куни, яъни Қаҳрамон Хўжақулов ноқонуний тарзда ҳибсга олинган кун унинг жияни, транспорт милицияси ходими, 21 яшар Азиз Хўжақулов ҳам ҳибсга олинади.

Амаки-жиянни батамом синдириш мақсадида прокуратура терговчилари Қаҳрамон ва Азиз Хўжақуловларга уйидан келтирилган кийим-кечак ва озиқ-овқатларни беришни тақиқлайди. Қариндошлари билан учрашишга ҳам рухсат беришмайди.

Сиз кўриб турган мана бу мактубда Сурхондарё вилояти прокуратурасининг терговчиси Давлатов Термиз шаҳри ички ишлар бўлими бошлиғи Беканазаровга мурожаат қилмоқда. Прокурор ҳибсда сақланаётган амаки-жиян Хўжақуловларга уйидан келган нарсаларни бермасликни талаб қилмоқда.

Кейинчалик Қаҳрамон Хўжақулов Термиздаги тергов изоляторига ўтказилади. У ерда милиция майори ўша пайтдаги олий жазо – ўлимга ҳукм қилинган маҳкумлар ўтирган камерада сақланади. Бу маҳбус ва маҳкумларни сақлаш қонунларини қўпол равишда бузиш эди.

Қаҳрамон Хўжақулов Термиз изоляторида сақланар экан, МХХнинг Алексей, Сергей ва Баҳром исмли тезкор ходимлари томонидан мунтазам қийноқларга солинади.

Бу ерда у 27 майгача ўтиради. Шу куни Қаҳрамон Хўжақулов МХХнинг Тошкентдаги ҳибсхонасига учоқда олиб келинади. Бу ерда қийноқлар янада ваҳший тус олади.

Қаҳрамон Хўжақулов фуқаролар Аҳмад Худойбердиев, Омонгелди Худойбердиев, ака-ука Қобул ва Оллоёр Сариевлардан пора олганига иқрор бўлиши керак эди. Бундан ташқари, МХХ терговчилари ундан уйида наркотик сақлаганига ва ёнида ноқонуний қурол олиб юрганига иқрор бўлишни ҳам талаб қилишади. Лекин милиция майори даҳшатли қийноқларга солинса ҳам туҳмат “иқрорнома”га имзо чекмайди.

Бир ярим ой давом этган қийноқлардан кейин МХХ раҳбарияти Қаҳрамон Хўжақуловни яна Термиз ҳибсхонасига қайтаради. Энди “Рембо”ни бир кишилик камерада сақлашади. Камеранинг қалин темир эшигига қўшимча темир ҳалқаларни пайвандлаб, яна икки қулф осишади.

Қаҳрамон Хўжақулов: “Мени бу камерага олиб киришганидан кейин камеранинг эшигига қўшимча темир ҳалқаларни пайвандлашди. Эшикка қўшимча яна икки катта қулф илиб, ёпадиган бўлишди. Уларнинг қийноқлари тўхтамас эди. Қанчалик забардаст, кучли ва иродали бўлсам ҳам чидай олмасдан ўз жонимга қасд қилдим, қон томирларимни кесдим”.

Ваҳшиёна қийноқлар бир йил давом этади. МХХ жаллодларининг ваҳшийлашиб кетишига, бир томондан, Қаҳрамон Хўжақуловнинг синмаётгани сабаб эди. Иккинчи томондан эса тергов пайти асосий туҳматларнинг фош бўлгани сабаб эди. Демак…

Тергов пайтидаёқ синган айбловлар

Қаҳрамон Хўжақуловга илгари, яъни терговгача қарши гувоҳлик берганлардан бир киши – Панжи Худойбердиев Тошкентда, республика МХХ тергов бошқармасида 1994 йил 23 июль куни ўтказилган юзлаштиришда “Рембо”ни танимаслигини айтади. У: “Қаршимдаги одам мендан пора талаб қилмаган!” – деб туриб олади.

Бу одамнинг кўрсатмаси туҳмат экани терговнинг ўзидаёқ ошкор бўлади. Бундан жиғибийрон бўлган МХХ терговчилари шу ернинг ўзида гувоҳни ҳақоратлаб кетишади.

Аризачи МХХнинг режаларини пачоқ қилгандан кейин “чекист”лар жазавага тушишади. Улар Қаҳрамон Хўжақуловни МХХ ертўласидаги қийноқлар хонасига олиб тушиб, яна азоблай бошлашади. Лекин ўзбек “Рембо”си барибир туҳмат айбга иқрор бўлмайди.

Деярли бир йил давом этган тергов ҳаракатлари давомида Сурхондарё МХХ ва прокуратурасининг яна кўплаб айбловлари ўз тасдиғини топмайди. Масалан, Қаҳрамон Хўжақуловга қўйилган ноқонуний қурол сақлаш айблови Термиздаги ҳарбий гарнизоннинг расмий кўрсатмалари туфайли йўққа чиқади.

Мана бу ҳужжатларда ҳамда Парсаев ва Кикар деган ҳарбий бошлиқлар Қаҳрамон Хўжақулов ёнидан чиққан қуроллар ҳақиқатдан ҳам расмий ҳужжат ва рухсат асосида уларнинг ҳарбий қисмларидан олинганлигини тасдиқлашмоқда.

Лекин на суд, на тергов бу ҳужжатларни инобатга олмайди.

“Рембо” ишида Сурхондарё вилояти МХХ ва прокуратураси бошқа ғайриқонуний усулларни ҳам ишга солишган. Бу ҳаракатлари билан улар ишнинг буюртмалигини билдириб қўйишган. Демак…

“Рембо”га қарши буюртманинг бошқа белгилари

Тергов пайтида Қаҳрамон Хўжақуловнинг турмуш ўртоғи Жонона Аҳмедова ҳибсдаги эри қийноққа солинаётгани ҳақида юқори идораларга тинмасдан ариза ёзади. У суд тиббий экспертизаси ўтказишни талаб қилади. Сурхондарёлик “Рембо”нинг адвокати Владимир Барабаш ҳам худди шундай талабнома билан чиқади.

Босим остида қолган прокурор Толиб Самиев суд тиббий экспертизаси ўтказишга розилик беради. Ўтказилган экспертиза Қаҳрамон Хўжақуловда тан жароҳатлари борлигини тасдиқлайди.

Лекин на тергов, на суд буни инобатга олмайди.

Қизиғи шундаки, Сурхондарё вилояти МХХ ва прокуратура раҳбарияти экспертиза ўтказишга рухсат берган прокурор Толиб Самиевдан дарғазаб бўлиб, уни Қаҳрамон Хўжақуловнинг ишидан четлаштиришади. Ишни МХХнинг гапини ерда қолдирмайдиган бошқа прокурорлар – Акбар Сулаймонов ва Фарҳод Қулматовга беришади.

МХХ ва прокуратура қўйган айбловларнинг синдирилишида Қаҳрамон Хўжақуловнинг адвокати Владимир Барабашнинг хизматлари катта эди. Шунинг учун МХХ терговчилари “Рембо”дан бу адвокатдан воз кечишни талаб қилиб, қийноққа сола бошлашади. Қаҳрамон Хўжақулов адвокат Владимир Барабашдан воз кечишга мажбур бўлади.

Бундан ташқари, Қаҳрамон Хўжақуловнинг турмуш ўртоғи Жонона Аҳмедова ҳам МХХга халақит қилиб, “контора”нинг туҳматларига тўғаноқ бўлаётган эди. Шу сабабдан МХХдагилар Аҳмедовани қўрқитиш йўлига ўтишади.

Қаҳрамон Хўжақулов устидан тергов кетаётган пайтда Д 05-50 СД давлат рақамли ГАЗ-24 автомобилида номаълум кишилар Қаҳрамон Хўжақуловнинг уйига келиб, унинг турмуш ўртоғини қўрқитиб кетишади. Улар Аҳмедовадан турли идораларга ариза ёзмасдан тинч юришни талаб қилишади. Акс ҳолда ўлдириб кетиш билан қўрқитишади.

Қаҳрамон Хўжақуловнинг турмуш ўртоғи бу ҳақида прокуратура идораларига ёзма мурожаат қилиб, ўша автомобиль русуми ва номерларини ёзиб беради. Лекин прокуратура автомобилни ҳам, унда келган зўравонларни ҳам топмайди.

МХХ ходимлари Қаҳрамон Хўжақулов ишида гувоҳларга таҳдид ва қийноқлар ишлатгани судда ҳам фош бўлади. Демак…

Асосий гувоҳларнинг суддаги иқрорлари

Қаҳрамон Хўжақуловнинг устидан очилган 10016-жиноят иши бир фуқаро – Аҳмад Худойбердиевнинг кўрсатмаси асосида очилган эди. Мана шу аризачи судда ўз кўрсатмасини МХХчиларнинг қийноқлари остида ёзганини айтади.

Судда Аҳмад Худойбердиев: “МХХчилар: “Рембо”га қарши кўрсатма бермасанг, сени одам ўлдирганликда айблаб, қамоқда чиритамиз”, – деб таҳдид қилишганини қўрқмасдан айтади.

Қаҳрамон Хўжақулов: “Судда асосий аризачи Аҳмад Худойбердиев ўзининг туҳмат кўрсатмасини Сурхондарё вилояти прокурори Мэлс Наимов, МХХ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тўлқин Зулфиқоров, МХХчилар Бобришчев ва Галицкийнинг таҳдидлари ва қийноқлари остида ёзганини очиқ айтди. Худойбердиев Аҳмадни судга бошқа чақиришмади”.

Лекин Қаҳрамон Хўжақуловнинг устидан ҳукм чиқараётганда суд бу кўрсатмани инобатга олмади.

Чунки асосий гувоҳ Аҳмад Худойбердиевнинг мазкур кўрсатмаси инобатга олинса, жиноят иши ёпилиб, “Рембо” суд залидан озод қилиниши керак эди. Бунинг баробарида МХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси ва прокуратура раҳбарларию терговчиларининг устидан жиноят иши очилиши лозим эди.

МХХ буюртмасига кўра эса бу суддан кейин фақат битта одам – “контора”нинг наркобизнесига халақит қилаётган Қаҳрамон Хўжақулов қамалиши керак эди.

Тергов пайти “Рембо”га қарши кўрсатма берган яна бир гувоҳ Омонгелди Худойбердиев судда Қаҳрамон Хўжақуловни танимаслигини айтади. Омонгелди Худойбердиев милиция майори ундан ҳеч қандай пора талаб қилмагани айтади.

Қаҳрамон Хўжақулов: “Омонгелди Худойберидиев суддаги кўрсатмасида аввалги, яъни терговдаги кўрсатмаларини вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Рамазон Пўлатовнинг таҳдидлари туфайли берганига иқрор бўлди. “Рамазон Пўлатович менга: “Агар Қаҳрамон Хўжақуловга қарши кўрсатма бермасанг, қамоқхонада қийноққа солдиртириб, ўлдиртириб юбораман”, – деб қўрқитди”, – деди. Судга келишидан олдин ўзларини Термиз тергов изоляторининг бошлиғи ва прокурори деб таништирган яна икки шахс судда ҳам аввалги кўрсатмангда турасан”, – деб ўлдириш билан таҳдид қилишганини айтди. Унинг кўрсатмалари суд ҳужжатларида ҳам акс этган”.

Омонгелди Худойбердиевнинг ҳаққоний кўрсатмалари суд ҳужжатларида акс этгани билан Қаҳрамон Хўжақулов устидан чиқарилган ҳукмда акс этмади. Чунки судьялар бу кўрсатмани ҳам инобатга олишмади.

Судга келиб, тўғри кўрсатма берган гувоҳларнинг гапларини инобатга олмаган Сурхондарё вилояти суди судга келмаган шахсларнинг ҳаттоки терговгача берган кўрсатмаларини жон деб инобатга олди.

Масалан, “Қаҳрамон Хўжақулов мендан пора талаб қилган эди”, деб терговгача ариза берган Қобил Сариев суд тугул терговга ҳам келмаган. Чунки у Афғонистондан Ўзбекистонга катта миқдорда наркотик келтириб, сотиб юрганликда гумонланиб қидирувда бўлган.

10016-жиноят иши ҳужжатларига кўра, Қобил Сариев “Рембо”га қарши аризасини Қаҳрамон Хўжақулов ҳибсга олинган кундан беш кун ўтиб, яъни 1994 йил 11 май куни ёзган. Ёзганда ҳам шахсан вилоят прокурори Мэлс Наимовнинг кабинетида ёзган. Мэлс Наимовнинг ўзига топширган. Қизиғи шундаки, 20 кундан кейин Қобил Сариев МХХ томонидан қидирувга берилган.

Балки наркобарон “контора” ва унинг йўриғидаги прокуратура Қобил Сариевни ушлаб келиб, Қаҳрамон Хўжақуловга қарши ариза олиб, кейин Афғонистонга жўнатиб юборгандир?

Балки “контора” Қобил Сариевдан керакли аризани ёздириб олгач, уни ўлдириб юборгандир?

Бундай саволларни ўртага ташлашимизга сабаб шуки, орадан 24 йил ўтган бўлса ҳам Қобил Сариевнинг шу бугунгача на тириги, на ўлиги топилмаган.

Шундай бўлса ҳам унинг терговгача берган кўрсатмаси судда инобатга олинган. Вахоланки, Ўзбекистон қонунчилигида судда кўрсатма бермаган гувоҳнинг илгариги кўрсатмалари инобатга олинмаслиги керак.

“Рембо”ни қаматиш йўлида Сурхондарё вилояти суди бошқа қаллобликларга ҳам қўл урган. Масалан, судга келмаган ва ҳеч қандай кўрсатма бермаган Баҳриддин Абдуназаровни судга келган ва “Рембо”га қарши кўрсатма берган шахс қилиб расмийлаштирган.

Погонли наркобаронлар йўриғидаги судьялар Ўзбекистон қонунчилигига эмас, давлат накормафиясининг кўрсатмаларига амал қилишган.

Шуни ҳам айтиш керакки, судда Қаҳрамон Хўжақуловга қарши кўрсатма берганлар ҳам бўлган.

Улар кимлар эди? Улар ўша дом-дараксиз йўқолиб кетган Қобил Сариевнинг ака-укалари ва яқинлари эди.

Яъни судда Қаҳрамон Хўжақуловга қарши кўрсатма берган олти кишининг барчаси бир оиланинг – Сариевлар оиласининг аъзоларидир. Булар – Оллоёр, Рустам, Мухтор Сариевлар, Шарофат Сариева, уларнинг онаси Кўрпа Чориева ва Оллоёр Сариевнинг турмуш ўртоғи.

Шулардан Оллоёр Сариев судга зонадан олиб келинган. У Қаҳрамон Хўжақуловнинг терговигача наркотик савдоси устида қўлга олиниб, қамалган. Шуниси диққатга сазоворки, Оллоёр Сариевни айнан Қаҳрамон Хўжақулов қўлга туширган ва ишини терговга ошириб юборган.

Бир пайтлар “Рембо” қаматган наркофуруш зонадан атайлаб келтирилгани ва милиция майорига қарши ариза ёзгани кундек равшан эди.

Судда Сариевлар оиласи Қаҳрамон Хўжақулов улардан қамалган яқини Оллоёр Сариевни озодликка чиқариб юбориш учун пора олганлигини иддао қилишди. Лекин бирининг кўрсатмаси иккинчисиникига, иккинчисиники учинчисиникига тўғри келмай, ёлғонларида ўзлари ҳам чалкашиб кетишди.

Акаси: “Порани Хўжақуловнинг кабинетига бориб бергандик” – деса, укаси: “Порани Хўжақуловнинг уйига бориб бергандик” – деган. Онаси: “Сўралган порани гиламларимизни сотиб бердик” – деса, келини: “Порани уйдаги пулдан бердик” – деган.

Қаҳрамон Хўжақулов: “Судда менга қарши кўрсатма берган Сариевлар оиласи МХХ тўқиб ўргатган ёлғонни келиштира олмай, роса шарманда бўлишди. Уларнинг пойинтар-сойинтар сўзлари, бири-бирига зид кўрсатмалари суд ҳужжатларида акс этган”.

Сурхондарё вилояти суди бу чалкашликларнинг тагига етиб, ҳақиқатни юзага чиқариб ўтирмаган. 1995 йил 14 август куни суд Қаҳрамон Хўжақуловни 12 йил озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқаради.

Суднинг адолатсиз ҳукмидан иймонли ва виждонли ҳар бир киши норози эди. Шулардан бири Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими бошлиғи, милиция подполковниги Муҳаммаджон Бобоев эди. У киши судга келиб, МХХнинг буюртмасини бажараётган прокурору судьяларга қарата: “Худодан қўрқинглар! Бир бегуноҳ одамни қаматиб, охиратингиздан айрилманг! Қаҳрамон – энг покиза ва ҳалол ходимимиз. Уни қамаш эмас, унга тириклигида ҳайкал қўйиш керак!” – дейди. Лекин буюртма бажарувчилар кекса подполковникнинг илтижоларини ҳам эътиборсиз қолдиришади.

Сурхондарё вилояти судининг адолатсиз ҳукми “Рембо”ни ҳам, унинг яқинларини ҳам қаттиқ изтиробга солади. Қаҳрамон Хўжақуловнинг онаси бу ҳукмга дош беролмай қолади. Бундан ташқари, “Рембо”нинг икки акаси сирли равишда вафот этади.

Рембо яқинларининг сирли ўлимлари ҳақида фильмимизнинг кейинги қисмида ҳикоя қиламиз. Унда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов МХХнинг ўша пайтдаги раиси Рустам Иноятовга нега теннис ракеткасини совға қилгани ҳақида ҳам тўхталамиз.

Фильм қисмларини Ютуб каналида кузатиб боринг: 

4-қисм: https://youtu.be/xS7QQ8Erpug

3-қисм: https://youtu.be/kK3TZL9sJ_8

2-қисм: https://youtu.be/3gCfFL4oufE

1-қисм: https://youtu.be/Q04i9rS3E9M

eltuz.com – журналистик суриштирув гуруҳи

Тағин ўқинг
2 август 2018
Муҳаммад Бекжоннинг «Алвидо, Жаслиқ!» китобидан навбатдаги қисм 1999 йилги Тошкент портлашларининг асосий гувоҳи Зайниддин Асқаров билан юзлашув ҳақида. 2003 ...
31 декабр 2022
2018 йилнинг 28 июнида Хитойнинг Шиндау шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай Халқаро Ташкилоти саммитида мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан “Ипак йўли” ...
17 май 2019
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов 15 май куни фейсбук саҳифасида айрим сайтлардан тўсиқлар олингани иддаоси ортидан ...
11 март 2019
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори ўринбосари, 4 фарзанднинг онаси, 35 яшар Наргиза Саидованинг фейсбук юзери Ҳаёт Бахтиёрўғли ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...