«Телепортация» ёки эртани ўйлаш ҳақида RTдан ваъз
Бугун дунë олимлари нефтга қарамликдан қутулиб, янги муқобил энергия устида жадал иш олиб бормоқда.
ТЕСЛА электромобиллари дунëни забт қилишга ҳозир. Эрталаб ичаëтган кофе стаканидаги иссиқликдан телефонни заряд қиладиган кичкина ускуна яратилганига бир ойдан ошди.
Уйни супурадиган робот кеннайиларнинг учинчи авлоди сотувда.
Бу вақтга келиб олимлар «телепортация» ҳақида ўйлашмоқда. Нима ўзи у «телепортация»?
Оддий қилиб тушунтирсам. Сиз хотингизни онасининг уйига юбормоқчисиз. Айтайлик Россиянинг Костромасидан Ўзбекистоннинг Олтиариғига. Ўртада минглаб километр масофа бор. Костромадан тўғридан -тўғри учоқ йўқ. Автобусда палакат чиқиши мумкин. Ана шу пайтда сиз хотингингизни «телепортация» қиласиз. Одам молекулалардан иборат. Молекула – майда заррачалар. Хотингизни Костромадаги аппарат молекулаларга айлантириб, интернет орқали Олтиариққа жўнатворади. Бир секунддан кейин Олтиариқдаги ускуна хотинингиз молекулаларини қайта тўплаб беради. Бир секундда 3 минг км масофага етиб борган хотинингиз бемалол онасининг дийдорига тўйиб, кечқурун костромалик дангаса эрининг қўйнига қайтади. Бу депортация эмас – «телепортация».
Бугунни эмас, эртани ўйлаш керак демоқчиман.
Агар кимдир сиздан олдин ғилдирак ўйлаб топган бўлса, сиз ғилдирак ихтиро қилишга вақт сарфламанг.
Агар кимдир лампочка ихтиро қилган бўлса, тошчироқ ясаб ўтирманг.
Кимдир асбест зарарли деб уни йўқ қилаëтган бўлса, сиз шу асбестдан шифер ëки қувур ясаб ишлатманг. Акс ҳолда болангиз рак касал бўлади.
Буни бошқалар ақлидан фойдаланиб, эртани ўйлаш дейилади.
Нега атом бомба тушиб вайрон бўлган Япония бирдан ривожланиб кетганини биласизми?
Жавоб қисқа. Улар 1946 йилдаëқ келажак лойиҳасини, айтайлик, 1980 йилги технологияни ишлата бошлашди.
Бошқалар от арава ясаëтган пайтда улар шамолдан тез юрадиган автомобиллар ва роботлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
Гап шундаки, 1945 йилга келиб дунë олимлари келажак техонологиясини аллақачон қоғозда яратиб бўлишган эди.
Аммо АҚШ ҳам, Европа ҳам ишлаб турган станок ва конвейерларни бирдан алмаштиришга тайëр эмас эди.
Бомба тушиб теп-текис қилинган Япония эса ўз саноати пойдеворини келажак технологиясидан бошлади.
Улар олимлар яратган теорияни сотиб олиб, ҳаëтга татбиқ қилишди. Масалан, 1981 йилдаëқ улар полароид фотоаппаратлар билан расм тушириб оний суратларга эга бўлишди. Биз телефон будкасида «Бухорооо» деб бақираëтган пайтда улар қўл телефонларига эга бўлишган эди.
Ҳолбуки, полароидни 1937 йилда Edwin H. Land яратиб, қоғозда чизмаларини чизиб қўйган эди. Тез темир йўл, VHS видеокассета, CD-RD, DVD H Hybrid, Assistive, LimbI, ISDB каби нарсалар ҳам японларга оид.
Такрорлайман, 1983 йилда яшаган ихтирочи телефон ихтиро қилиш ҳақида эмас, интернет ҳақида ўйлаши лозим эди. Чунки телефон бу – ўтмиш, интернет – келажак.
Муддао
Ўзбекистоннинг раҳбари Мирзиëев 20-асрнинг қолоқ технологияси бўлган атом электро станциясини бугун халқдан четлатилган (изгой) мамлакат Россияга қурдириш бўйича сиëсий қарор берди. Бу нотўғри. Чунки атом электр станцияси – эртанги техонология эмас. Бу ўша тошчироқнинг ўзи, аммо ўта хавфли. Эртанги техонология бу – қуëш, шамол ва бошқа муқобил энергия тизимларидир.
Тавсия
Эртани ўйлайлик.
Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!
Рассом Туз
Eltuz.com