Асосий мавзулар
20 март 2020

РТдан ваъз: Одам ўлатдан эмас, қўрқувдан ўлади

Кўчадан келиб, қўлимни кирсовун билан уч қайталаб ювдим. Кейин спирт билан чайдим. Кейин лимон сиқиб, суви билан юз қўлимни ишқаладим. 

Сизларни кўриб, ичим равшан бўлди. Қўл бериб саломлашмасак ҳам кўзларимда меҳр нурини ëқиб, табассум билан боқаман сизларга. 

Олдинги ваъзимда айтганимдек, офат бирдан келади. Кема бирдан чўкади. Ер эса қимирлаб, шаҳарларни бирдан ичига ютиб юборади. 

Учоқлар шолпиллаб қулайди. Вулқон қарсиллаб отилади. Ўт балоси, сув балосидан, кўзга кўринар-кўринмас балодан яратган асрасин, деб дуо қиламиз. 

Мана, ўша Хитойда оралаб юрган коронавирус шарпаси худди даҳшат кинолардаги мўр-малах каби мусаффо осмонимизни қоплади. 

Яқин тарихдан маълумки, бундай фалокатлар одамлар феълидаги энг ярамас иллатларни очиб юборади. Сипо ва одобли кўринган йигит отаси тенги чолни тепкилаб, устидан босиб ўтиб, ун тўла қопга интилади. 

Чунки хотирамизда бундан саксон, юз йил олдинги очарчилик ва кулфат генлари яшайди.

Масалан, зилзила бўлса, японлар хотиржам бориб, вайроналар тагидаги ватандошларини қутқаришга ошиқади. Аммо Япониядан бошқа жойда зилзила бўлса, одамлар вайроналар ичидаги бойликларни ташмалаб, мародёрлик қилишга шошади. Икки хил зеҳният – икки хил сабоқ. 

Ҳолбуки, японлар ҳам шарқда яшайди. Узоқ шарқ бўлса ҳам. Биз ҳам шарқда яшаймиз. Ҳа, шундадир бизнинг фарқимиз,шундай фарқ қилади икки шарқимиз.

Олдиндан анонс бериб қўйсам. Бугун икки ривоят айтиб бераман. Бири янги, бирини эса олдин ҳам айтганман. Ҳозир эса хабарлар, тўғрироғи, шум хабарларга навбат.

Маҳаллий хабарлар

20 март куни Ўзбекистонда Коронавирус юқтирилгани қайд этилган шахслар сони 33 нафарга етди. Дастлаб, Ўзбекистон эпидемиология маркази Франциядан қайтган ўзбекистонлик ва унинг 3 нафар қариндошида. Кейин, Истанбулдан, Лондондан қайтган фуқароларда инфекция борлигини аниқлаган эди.

18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент суди Гулнора Каримовани 13 йилу тўрт ой қамоқ жазосига ҳукм қилди. Суд шунингдек Гулноранинг қолган шерикларига 17 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси белгилади. Гулноранинг яқин ҳамкори бўлган Гаяна Авакянга эса 5 йил шартли жазо берилди.

14 март куни Учтепа туманидаги маиший бинодаги портлаш оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, 4 киши шифохонага ётқизилди. “Чўпон ота” маҳалласидаги “Аксава”ширкатига қарашли икки қаватли бинодаги портлаш натижасида автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчаси деворлари қисман қулаган. Портлашга кислород ёки газ баллони ёрилиши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Чет эл хабарлари

Короновирус ўчоғи бўлган Хитойнинг Ухань шаҳрида, 19 мартгача олинган маълумотга кўра, илк бор  сутка давомида бу вирус ҳеч кимга юқмади.

Ўзбекистонга қўшни Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 36 нафар экани қайд этилди.

Қирғизистонда Саудия Арабистонида Умра сафарида бўлиб қайтган уч нафар шахснинг короновирусга чалингани 18 март куни аниқланди.

Айни пайтда дунё бўйлаб бу касалликка чалинганлар сони деярли 215 минг нафарга етди, 8734 нафар одам ўлди.

Айтишларича, дунëдаги одамлар битта қолмай ўлиб кетса ҳам интернет хотирасида рақамларга жо бўлган жами ахборот сақланиб қолар экан. Масалан, менинг ютубдаги ваъзларим ҳам. 

Ўлдурурса бизни ғамий замона, 

Биздан қолур шуо аксимиз нишона. 

Ғазалдан ривоятга ҳатласам.

Йўлда йўлчи ўлат билан учрашди.

— Қайга йўл олдинг? — деб сўради ўлат.

— Ўзимни излаб кетяпман. Сен-чи?

— Мен Бағдодга бориб, беш минг кишининг ëстиғини қуритаман, — деди ўлат.

Ўлат ва йўлчи қарама-қарши томонга кетишди. Улар бир йилдан кейин айни чорраҳада юзлашишди. 

—  Эй, лаънати ўлат. Сен мени алдадинг. Сен Бағдодда беш минг кишининг ўлимига сабаб бўламан, дединг. Аммо Бағдодда беш минг эмас, 50 минг кишини ўлдирдинг!

— Йўқ, — деди ўлат , — мен ҳақиқатни айтдим. Бағдодга бордим, беш минг кишини ўлдирдим. Қолганлар қўрқувдан ўлди.

Ўзбекистондагилар қўрқувдан ўлмайди, деган яхши гумондаман. Ҳатто касал тарқаганидан севинганлар бор. Ўзбекистонда коронавирус пайдо бўлганига “Ўзавтосаноат”нинг катталари бирам севиндики, асти қўяверасиз. Халқ мошинди унутиб, макарон билан кўт артадиғон қоғозга урди ўзини.

Масалан, ер куррасидаги одамзоднинг ҳаммаси қирилиб кетса, ўзга сайëрадан учиб келганлар: “Ҳаммаси ўлибди, аммо қаранг, кетини қандай покиза қилиб артишган”, деса керак. 

Шу кунда туалет қоғози, исириқ, ниқоб, одеколону саримсоқ сотиб, “Нексия” олган тужжорлар билан гаплашдим.

Отнинг ўлими – итнинг байрами. Тошкентдан водийга кетиш 200000 сўмга чиқди. Гуруч ва бошқа егуликларни дарров қимматлатишди.

Бу тужжорлар кунлар исиб, коронавирус йўқолиб кетса, бизнесимиз юришмай қолади, деб қўрқаëтган бўлса ажабмас.

Лекин иссиқда ўлмас экан бу қоранг ўчгур вирус. Мексика иссиғида синаб кўришди. Қайтанга жилпанглаб, мазза қиворипти бу исқирт вирус. Қани кўзга кўринса, мундоқ думидан ушлаб, сандоннинг устига қўйиб, болға билан бир уриб, мажақлаб ташласанг бу вирусни.

Вирус баҳона чўнтагини тўлдирганлардан бири халқ артисти ва тройной ҳожи она Юлдуз Усмонова хоним бўлади. 

Коронавирус боис, концерт бекор қилинди. Билетлар қайтарилиши керак. Европадаги авиаширкатлар қайтмайдиган билетнинг пулиниям инсоф қилиб мижозларга қайтаради.

Анави концерти қолдирилган тройной юлдуз хола бўлса, билетни қайтариб бермайман, бир куни концерт бериб узаман, деди. Нотўғри бу. Кейин боришга вақт бўлмаса-чи, бошқа иш режаланган бўлса-чи? 

Бир жойга сафар қилинадиган бўлса-чи? Концертни қўймадингми, давай, билетнинг пулини қайтар. Халқаро қоида бу.

Яна бир ашулачи Жаҳонгир Отажонов бўлса, чилим сархонасини хўриллатиб, “вой дод, коронавирусга чалиндим”, деб ҳазил қиляпти. 

Ўзи бошқа тарафдан бундайин фалокат пайтида юморга ҳам жой бўлиши керак. Иккинчи жахон уруши пайтида Карандаш деган сатирик аскарларни кулдириб юрган экан. Беш минутдан кейин бомба тагида қолиб ўладиган аскар бола Карандашнинг аскиясини эшитиб қотиб кулиб, жангга киради.

Мана коронавирус ҳақидаги латифалардан яна бири. 

Афросиëб поездида проводник:

– Овоз чиқармай йўталинг. Биламан, коронавирусга чалингансиз.

Поезд аҳли жим бўлиб қолди ва кейинги бекатда ҳамма тушиб қолди.

– Энди тинчгина ухласам бўлади, – деди проводник.

(Шу ерда кулги овози)

Тинч ухлаб бўпсан, проводник. Ҳамма ëқда карнай-сурнайнинг овози. Рўзадан олдин тўйларни ўтказиб олайлик, деганларнинг қўли қўлига тегмайди. Тўйхоналарда олма ташласанг ерга тушмайди. 

Тўй лоббичилари вирусдан кучлими? 20 кишилик боғча ëпилса-ю, 200 кишилик тўйхонада ачом-ачом қилиб, бирга еб, бирга ичиладими? Анови Франциядан кеган кеннайи 5 кун ичида чарлар ва яна битта тўйга бориб улгурган. 

Уйига ҳар куни одам келган: “Париждан кепсиз, опўвси, битта ўпишиб кўришилуу”, деб. Азиз дўстлар, вирусдан узоқ турайлик. Демак тўйга¸ азага ва умуман уч кишидан кўп одам йиғилиб, бир ярим метрдан яқин бўладиган издиҳомни стоп қилайлик.

Вируснинг сиз билмаган синоати ҳам бор. Бу йил юқиб, сағал тегиб ўтиб кетса, бир оғриб тузаласиз. Аммо келаси йил кучайиб яна келади. Ўшанда антивирус ҳам, қўлни чайган ҳам кор қилмаслиги мумкин. Балодан нари бўлайлик.

Карантин тартибини бузганлар Ўзбекистонда БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солинади. 

Солиштириш учун: Хитойда ўлим жазоси, Италияда қамоқ, Чехияда 200 минг ???? доллар жарима. Кўчада ниқоб тақмаган турғун Прагада минг доллар жарима тўлайди. 

Уруш бу. Урушда туриш йўқ. Аммо урушда душман кўриниб туради. Нишонга олиб пешанасидан отаверасан. Аммо бу уруш кўринмас вирус билан мужодала.

Қаердадир Хитойда нафси ҳакалак отган очофатлар кўршапалак еб шу балога дучор бўлганини узоқдан кузатиб турдик. 

Ноғоранинг овози ҳам узоқдан яхши эшитилади. Мабодо ўша ноғора қулоғинг тагида чалинса, қон босиминг кўтарилиб кетиши тайин. 

30 январь куни икки хитой чол-кампир Миланни томоша қилай деб Пекиндан учиб келади. Эринмаган чол-кампир бутун Миланни ивирсиб, силаб-сийпалаб чиқишади. 

Европада томоша ана шундан кейин бошланди.

Олис сайëраларга кемалар йўллаб жонзот излаган Европа оддий бир вирус қаршисида бемажол қолди.

Офат бошланган ер – Хитой карантинни яхши қилгани боис вирусни чекинтирди. Бугун Италия ҳам Хитой услубида вирусга қарши курашмоқда.

Ўзбекистон ҳам бу курашда Хитойдан дарс олса бўларди. Касал заҳар билан даволанади. Масалан, институт талабаларининг уйига қайтарилгани хато бўлди. 

Шу тариқа бутун республикага вирус тарқалиш эҳтимоли яратилди. Тошкент карантин остига олиниши керак эди. Хитой тажрибаси бу. Улар Ухан шаҳрини қамал қилиб самарага эришди.

Бу касаллик олдида энг ëмони жоҳиллик. Сурхондарëлик бир тоға бизга коронавирус келмайди, деб кариллади. (видео)

Эҳҳ, тоға, бўлмаган гапларни айтманг. Касал билан ҳазиллашиб бўлмайди. Амир Темур Хитойга ҳужум қиламан деб йўлга чиқиб, Ўтрорга етганида қаттиқ совуқ бўлган. Совуқдан касал бўлмаслигини исбот қилиш учун тепаликка чиқиб сочини устара билан намойишкорона қирдирган. 

Ўша куни Темир братнинг боши шамоллаб ëтиб қолди. Сағал ўтмай ўлди. Так что, касал одам танламайди.

Коронавирус ҳақида гапиравериб тилим қавариб кетди. Бир вақтлар Орол деб дод сола-сола Оролни бутунлай қуритиб, саксовулзорга айлантирган эдик.  

Қолаверса, одам фақат вирусдан ўлмайди. Ҳар йили йўл-транспорт ҳодисасидан 1 миллион 250 мингдан кўп одам ўлади. 

50 миллионгача одам машина авариясида лат ейди. Ўтган йил декабрь ойининг ўзида Ўзбекистонда 110  киши аварияда ўлди.

БМТ ҳисобига кўра, кунига 3 минг одам машина авариясида ўлади. Кунига 100 минг киши аварияда оғир жароҳат олади. Бу таскин учун айтганим гап. 

Шу боис, вирус мавзусига дам бериб, бошқа бир мавзуни айтиб, дардингизни янгиласам.

Мана, 30 йилдан бери прописка тизими ментларни боқиб келяпти. Ўша тизим боис ментлар Ўрикзордан қаср, Сергелидан “Малибу” олади.

Мирзиëев пропискани йўқ қилишни ИИВга топширди. Ким соғин сигирни сўяди? Ундай одам милиса охуридан ем емайди. Хуллас, боришди, келишди, охири қонун лойиҳасини столга қўйишди. 

Вой онангни фил топтаб, силтаб-силтаб ташласин, дегим келди бу қонун лойиҳасини кўриб. Не тўлка прописка қолади, балки яна баттар бўлади. 

Вилоятдан келган 10 кундан сағал кўп юрса, Панелнийга тиқади. Хитойлик, масалан, 30 кун юраверади. 

Яна ўша гап. Саакашивили милисаларни таг-томири билан йўқ қилувди. Ҳатто милиса идорасидаги боғбон билан милиса полини ювадиган фаррошни ҳам бўшатишган. 

Умри бўйи одамларни эзиб, ғўддайган прокурор бўлган Пўлат Раззоқович Бобожоновни эритиб совун ясалса, ўша совун кўпирмайди.

Ривоят эса будир. Бир куни Конфуций тоғ ëнидан аравада ўтиб бораëтиб, қабр устида сочларини юлиб йиғлаëтган аëл фарëдини эшитди. Конфуций бу аëлнинг ëнига дардини билиб келсин, дея ўз шогирдини жўнатди.

Аëл Конфуцийнинг шогирдига дардини достон қилди:

— Мен бу ўлкада кетма-кет қайғу билан юзлашдим. Олдин қайнонам ичтерлама касалидан ўлди. Кейин бу касал эримни олиб кетди. Ҳозир эса тифга чалинган ўғлимни кўмдим, – деди аëл.

— Ундай бўлса нега бу ўлкани тарк қилмайсан? — деб сўради донишманд Конфуцийнинг шогирди.

— Чунки бу ерда золим ҳокимият йўқ , — дея жавоб берди аëл.

— Буни ëдингда сақлагин, шогирд, — деди Конфуций. — Золим ва шафқатсиз ҳокимият ўлат ва ичтерламадан ҳам қўрқинчли.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
4 июл 2019
Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суди 3 июль куни ака- ука журналист Бобожоновлар даъвоси юзасидан Урганч тумани ҳокимлиги ҳамда ...
8 апрел 2023
Олти йилча олдин бир азиз дўстим Саудияга зарурият юзасидан бориб келди. Сафар тафсилотларини айтар экан «Саудияда яшайдиган ўзбек олим» ...
20 апрел 2017
Таниқли журналистлар Шуҳрат, Қудрат ва Хурмат Бобожоновларнинг Урганч туманида яшовчи онаси Шукуржон Мадраҳимованинг айтишича, у 18 апрел куни ўз ...
8 апрел 2019
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри судининг ёпиқ мажлисида ўтган асрнинг 90-йилларда Шуҳрат Домбрабадский номи билан танилган 62 яшар авторитет ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...