Асосий мавзулар
10 апрел 2020

РТдан ваъз: Амалдорлар қўтос подаси тагида қолади

Кемага чиққанда юзларча сайёҳ,
Бўлишар битта жон, ягона тилак.
Тўфонга дуч келиб тўзғиса ногоҳ,
Ажал яқинлашса, жонлари бўлак.

Тўлқинлар чиқарган сандиқда маржон
Қолиб кетар, ўтмас танга ҳолида.
Мулкининг қироли юзлаб Робинзон
Оч-юпун яшайди ўз оролида.

Шоир Маҳмуд Ражаб ëзганидек, коронавирус даврида биз ҳаммамиз Робинзонга айландик. Робинзон Жумабой билан отамлашган. Биз эса касал юқмасин, дея Жуманазар ака билан ҳам қўл бериб саломлашмаймиз.

Афғонистоннинг толиблар назоратидаги ерида азон ўзгартирилиб айтила бошланди. Азон охирида «мачитга кема, уйда ўтир», дейилди.

Эшакнинг отини дулдул қўйсак

«Осмонда момақалдироқ гумбурламаса, мужик чўқинмайди», деган ўрис мақоли бор. Президент тиббий-санитария соҳаси кадрларини тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳеч бўлмаганидан кеч бўлгани яхши. Лекин тиббий коллежларни битирганлар институтга имтиҳонсиз кириб, саводсиз докторлар урчиб кетмаса бўлди. Тиббиёт коллежлари техникумга айланаркан. Аммо эшакнинг отини дулдул қўйсак ҳам эшаклигича қолаверади.

Хабарлар қани, дебди бир томошабин. Мана яхши хабар: ҳукумат аҳоли ва тадбиркорларни қўллаш учун триллион доллар ажратди.
Ëмон хабар: япон ҳукумати ажратди триллион долларни ўз халқига.

Бўлар экан-ку. Ҳукумат коммунал тўловларни ўзи тўлайдиган бўлди. Март, апрель, май ойидаги. Балли, ҳукумат. Балли расмий Тбилиси. Грузия ҳукумати қарори бу.

Грузинлар севинаверсин. Ўзбек  севинса, юрагига зўр тушади.

Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига.

Ўзбекистон ҳукумати барча парвозлар тўхтатилди, дея ўзи қўйган чекловни бузиб, учоқда Хитойдан Ўзбекистонга 300 га яқин ишчи олиб кирди. Қозончининг эрки бор, қайдан қулоқ чиқарса.

Аммо қозончига ҳам қийин. Тошкент шаҳри ҳокимлигида коронавирус тарқалгани расман тасдиқланди. Камида икки ходим касал.

Карантин боис жорий қилинган теледарслар ўқитувчиларнинг саводсиз эканини намойиш қилмоқда. “Ватан туйғуси” фанидан (Фанми шу???) 5-синф учун дарс ўтган «маллим» Ўзбекистон НАТОга аъзо бўлди», деворди. Бундан олдин яна бир муаллим 28 га 20  ни қўшса 60 бўлади, деб «масала» қилувди. Институтни порага битирган жоҳил ўқитувчилар миллат учун мусибатдан бошқа нарса келтирмайди.

Бу борада халқ фикри

Миролим Исажонов:

Шу хатоларни оғзаки айтса ҳам майли эди. Аммо слайдга катта ҳарфларда ёзгани чиндан саводсизлигини билдирди. Менимча, ТВда дарс ўтаётганлар унвони бор, обрўли педагоглар бўлса керак.

Улуғбек Андижондан:  Худойберди Тўхтабоевни Ўзбекистон халқ шоири, деб таништирворди бир муаллима.

Abduvohid Hayit : «Ватан туйғуси»? Нима 5-синф соатларини тўлдиришга бошқа фан қолмадими? Ундан кўра, математика, аниқ фанларнинг соатларини кўпайтирсин. Тилларни ўргатсин, адабиёт, тарихни. Агар ўқувчи сифатли билим олса, ватанни кўпроқ севади.

Шунақа, эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Пахта элак тўйда керак, сийрак элак кунда керак.

Самарқандни сув босди. Энди Хивани қум босмаса бўлди. Палакат қўша-қўша келади.

Рассом Тузга мактублар

Бир пайтлар «Ëш куч» журналида «Қатортолга мактублар» деган рубрика бўларди. У пайтда Қатортол ҳали фоҳишалар маконига айланмаган эди.

Хуллас, мен ҳам «Рассом Тузга мактублар» деган рукн очдим. Мана бу мактуб Сурхондарëдан келди.

Ўқиймиз: «Сурхондарё вилояти ҳокими Боболов Тўра Абдиевич 30 мартда 50 ёшга тўлди. 2-3 апрель кунлари бир кун ҳамма катталар, яъни барча туман ҳокимларини йиғиб Учқизил деган жойдаги “Марварид» деган дам олиш зонаси ресторанини ишлатиб роса зиëфат қилди.

Бошқаларга карантин дея ëпилган «Марварид» ресторани нега ҳоким учун очилади. Карантин қани? Ë карантин қора халқ учун – маишат катталар учунми? Туз оға, сизни катталар ўқир экан. Шу мактубни эълон қилинг. Билишсин улар. Ким нима қилаëтганлигини».

Энди, ука, ҳоким ҳам одам. 50 йилда бир бити тўкилиб маишат қилса қилибди-да.

Сузоқлик ўзбек рассом Тузга ëзяпти:

«Мирзиёев Қирғизистонга гумёрдам жўнатмай қўяверсин, бу ултчилар ёрдамни тоғдагиларга опкетиб тарқатяпти, сотишяпти. Масалан, Ўзгандаги дўконларга 300 сўмдан сотишган Ўзбекистондан келган унларни».

Энди, ука, қатиқ тўкилса, юқи қолар. Бермаганнинг бир юзи қора, берганнинг икки юзи. Қирғиз-ўзбек деб элат ажратмайлик. Ҳаммамиз турк отанинг болаларимиз. Биримиз кўз, биримиз қош.

Дарднинг каттаси Ўзбекистонда. Оддий тадбиркор ва фермерларга ҳокимиятдан келиб, «давай, эҳсон қил», деб мушт кўрсатилмоқда. Олдинги ваъзда айтганимдек, золим ҳокимият ўлатдан ҳам ëмон.

Абсатторнинг карантин кундалиги

Бош прокуратура 6 апрелдан бошлаб ватандошлардан ўзларининг кундаликларини юритишларини сўради. Демак, Абсатторнинг кундалигини ўқиймиз:

Мен Абсаттор эртаматдан қўшним Абжаббор билан кўришиб оган ломимни қайтариб бердим. Кейин бирров Мадинаникига кириб чиқдим (ҳеч кимга айтманг Мадинаникига кирганимди). Йўлда Комилди дуконига бош суқдим. Валасаптда келаëтган Эшмирзадан поприс сўраб чакдим. Хумор қонмагани учун Миррахмат хожидан шишамни тўлдириб насияга нос олдим. Кейин дамасчи Хаëтулла келиб қарзимни қайтар деб ярим соат мазгимни итарди. Уйга қайтаëтиб ошнам Исмат пиëзчини кўриб қолдим. Биргалашиб мени носимди чакиб хумор тарқатдик. Кейин уй тарафга жилдим. МИБни одами турган экан эшигимди тақилллатиб. Газ, свет ва сувни пулини сўраб кепти. Пул қағда. Ҳеч қаерда ишламасам. Хотинди кетидан кун кўриб ўтирган бир нотавон бўсам… (кундалик давом этади).

«Қурбон ўлам…»

Таниқли ҳофиз Рустам Ҳожимамедов Самарқандий 6 апрель куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида коронавирусдан ўлгани ҳақида яқинлари маълум қилди.

“Қурбон ўлам” қўшиғини қиëмига етказиб айтадиган бетакрор ҳофиз 51 ëшда эди.

Қўшиқ айтганда қурбон бўламан деб айтмаса бўлармиди шу ашулачилар. Мана, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ярим кунда икки ашула чиқарди. Биттаси «Ягонам» деб айтилади, видеоклипида анави қиз бола кийимини киядиган Дилшодниям қўшибди.

Баъзи тили аччиқларнинг айтишича, бу қўшиқ Ўзбекистон президентининг ароқ-вино ишлаб чиқариш ҳақидаги қарори самараси сифатида кўрилган «Ягона» деган ароққа бағишланган. Ароқниям тури кўп, «Бухоро» ва «Самарқанд» деган ароқлар ҳам бор экан. «Ватан» деган ароқнинг даражаси зўр экан.

Бўлай десанг мустақил, ватан билан юзта қил. Мирзиëев даврида ароқ саноати гуллаб-яшнади. Шуни айтмасак ношукурлик қилган бўламиз. Чунки коронавирус пайтида таркибида спирт бўлган ичимликдан дезинфекция мақсадида қўлланилиши жоиз.

Антивирус деганам ароқни чиқарворишибди. Бу деганим бир челак ароқни ичиб, думаланг дегани эмас.

Коронавирус сенга айтаман, Мирзиëев сен ҳам эшит. Маданият вазири Озодбекдан яна бир шедевр. Бу министр тоға ўз ашуласида Мирзиëевни юрт отаси деб мадҳ қилибди.

Ўзбекистонда президент деган лавозим бор. Юртбоши, юрт отаси, ердаги соя, деган гап йўқ. Министр деган одамда озгина парасат бўсаде. Туркманистон ëки Шимолий Корея эмас-ку бу ер.

Текин эълон

Шу ерда битта эълон. Жуда кўп ëшлар илтимосига кўра, «Элтуз» сайтида лотин ëзувига ўтказадиган кнопка ўрнатдик. Кнопкани босиб, шессекунда лотинда ўқийсиз. «Элтуз»ни оча олмаганлар учун калит сайт ҳам бор. Шу расмда кўрганингиз манзилга кириб, «Элтуз»ни ўқиб ëтаверинг. Карантин пайтида жуда ўқишли нарсаларни қўйдик.

Табусиз ҳаëт

Умуман, карантин пайтида одамлар яхшилаб ухлаб, асабларини тинчлантираëтган экан. Фақат 32 миллион одам бирданига порно сайтларга кириб, ўша сайтлар қийшайиб кетибди оғирликни кўтара олмай.

Ўзбек дегани икки нарсага астойдил қизиқаркан, порно сайтларда иштонсиз қиз, йигитларни кўришга ва кўриб бўлиб, сайтнинг устидан порталга ëзишга.

Битта отахон ëзяпти, кечаси соат учда боллар билан кўриб ўтириб, уялиб кетдим, деб.

Бола дегани ухламайдими бундоқ. Отам-энам бир-бири билан гаплашсин, ялаб-юлқасин бир-бировини,  деб шароит яратиб бермайдими?

Мана, қўқонлик синглимиз Диëрахон фейсбукда бир чиройли саҳифа очибди. Кўриб дилинг яйрайди. «Табусиз ҳаëт» деган. Энди электри, гази ва бошқа шароити бўлмаган ўзбекда табу бўлмаса ота гўри қозихонами? Йўқни йўқ деймиз.

Табу – бу анавинақа эр-хотин орасидаги нозик гапларга жорий қилинган чеклов.

Масалан, католик дини ривож топган ўрта асрда дастурхонга товуқнинг оëғини бутун қилиб пишириб тортиш Европада тақиқланган эди. Чунки товуқнинг оëғи аëллар сонига ўхшагани учун эркаклар ҳаяжонланиб кетаркан.

Бир тарафдан тўғри. Нима қилади бу эркак деган жонивор товуқнинг оëғига қараб. Бориб ўз хотинининг оëғига қарасин. Тикилиб-тикилиб.

Диëра очган «Табусиз ҳаëт» саҳифасига қўйилган, самарқандлик сатирик Каримберди Тўрамуроднинг мана бу бадиҳаси асосида скетч қилиб, сизга илиндик. Қани марҳамат.

Кўплаб ҳажвиялар муаллифи Каримберди Тўрамурод. Одамларда юмор туйғуси йўқ. Шу «Жижи»ни ëзганимда ҳам роса мени сўкишган эди, дейди у. Гапи тўғри. Буни ўз танамизда ҳам ҳис қилмоқдамиз.

Бухорою Андижон

Биласизлар, андижонликлар янги туғилган чақалоқни жижи дейишади. Бухорода аёлнинг эмчагини жижи дейди. Ана энди эгиз чақалоқ қилган андижонлик аёлнинг бухоролик аёл билан қилган суҳбатини эшитинг ва бухоролик аёлнинг ҳолини тасаввур қилинг:

– Кеча денг, жижимни кўргани эримнинг ўртағлари келишди.

– Иби, ўлмасам! Эрингиз нима деди?

– Чиқариб кўрсат, деди.

– Иби, ўлиб қўя қолай, чиқариб кўрсатдингизми?

– Ҳа, кўрсатдим. Икковиниям чиқариб кўрсатдим.

– Шарманда! Эрингизнинг жўралари нима қилди?

– Жижиларимга пул қистиришди!

– Иби, шарманда, эрингиз индамадими?

– Жўраларига кўпроқ пул қистиринглар, қурумсоқлар, деди.

– Жижингизни яширмадингизми, уятсиз?

– Вой, нега яшираман? Жўраларининг қўлига бердим, ўйнатиб ўтиришди.

– Иби, ман ўлай, улар нима дейишди?

– Эрингиз кўп ўйнатади, шекилли, икковиям катта бўлиб қолишибди, дейишди. Мен биттаси сал каттароқ, топинглар-чи, қайси каттароқ, дедим. Улар навбатма-навбат қўлларига олиб кўришди, аммо топа олмадилар қайси катталигини. Кетишларида ҳамма жўралари иккала жижимни ҳам ўпиб-ўпиб кетишди 

Мулозимлар қўтослар подаси тагида қолади

Ютубнинг «Элтуз» каналида ваъз қилиб, ҳукуматни инсопга чоқириб ўтирибман, билса билар.  Яхшилик қил, дарëга ташла, билса балиқ билар, билмаса Холиқ. Видеони кўриб, лайк босиб қўйсангиз севинаман. Ëнимдаги тотор шеригимдан сўрадим, “ҳамма гапни айтаверайми, обзий”, деб.

“Ойт!! Ойтп-ойтиб тоша. Бу ғурбатуллинларни разоблачать қил. Шунда матур була”, деди. Раҳмат, обзий. Тотор бор жойда хатар бўлмас. Сенга суянаман. Сендан ақллиси йўқ. Шундай қилиб, Қибрайдаги санаторийда карантинда сақланаётган 7 одам 15 суткага қамалди. Уларнинг барчаси Бирлашган Араб Амирликларидан олиб келинган ва карантинга олинган эди. Уларнинг “бу аҳволда мол ҳам ëтмайди”, деб права качать қигани ҳўкмат одамларига қаттиқ тегди. Кейин қамағ эшигини очиб, “бунтовать қиганларни” ичкарига апкирп қўйишди энағарлар.

Шу пайтгача 10 миллион одам ташқарида (Россия, Қозоқ, Туркия, БАА ва ҳоказо) эди. Улар ойма-ой пул юборишар. Ўзбекистондаги пенсионер момой ва бобойлар ҳамда бола-бақра келган пулди майда тишлаб секин еб ëтувди. Ҳўкмат одамлари келиб уларни кўтига тепса ҳам, устига сийса ҳам, сўкса ҳам, урса ҳам “Сиздики тўғри, бошлиқ. Мени урган қўлингиз оғримадими”, деб мўлтираб турган тавия бир пода эди. Ҳўкмат одамларига ҳам мазза эди. Улар худди қулдор каби бу қуллар тўдасини истаганча ҳақорат қилар эзар ва талар эди.

Аммо саҳнада коронавирус деган бало пайдо бўлди. Бунинг ортидан Россия, Қозоқ ва Туркиядаги мигрантлар гала-гала, тўда-тўда, пода-пода, ўрда-ўрда, бўлиб мўр-малахдай қойтиб кела бошлади.

Пул топиб ўрганган, керак бўлса ўрис (қозоқ, турк, карис) прорабга ҳам бошини кўтариб “пошёл нах”, дейишга ўрганиб қолган масса.

Улар кейинги 20 йил ичида Ўзбекистонда деярли яшашмади.

Янги йил олдидан Ўзбекистонга келиб, бир ой хотини билан пайшанба-пайшанба қилиб қўзилатиш мавсумига хотинни тайëрлаб яна қайтиб кетадиган оломон.

Улар Ўзбекистонда бошлиқ тепса, кавушини ялаши ва бошлиқ отасини ўлдирса, бошлиққа онасини, синглисини ва опасини секс қилиш учун падарка қилиш кераклигини билишмайди.

Қағдан билсин, ўрис юртда улоқиб юрган дангаса гастарбайтерлар. Кўтни қисиш, қисганда ҳам минг бўғинидан қисиш кераклигини билмайдида улар. Ярамаслар.

Энаси айтса ҳам қулоқ солмайдиган бўп кетишган. Арағ ичишади. Пулди катта-катта сарфлашади. Улар ашағди қовунларидан ранг олиб, ашнақа гап уқмас бўлиб қайтишди. Машағдагиларга ўхшаб қисиб ўтиришни билмайди.

Хўп, ҳўкмат одамлари улардан еттитасини қамади. Эртага етмишта, индинга етти юзта, кейинги ҳафта эса етти мингтаси ҳўкмат одамиға қараб “Пошёл нах” деса, уларга қамағ етказиб бўладими.

Ҳўкматнинг ўзи итдан ҳам, битдан ҳам қарз бўлиб, бўқига пичағ торта олмайдиғон аҳволда ўтирибди палонимга кулиб.

Ноқулай кунлар келяпти. Ҳоким, замҳоким ва бошқа пуркурор- муркурорларга раҳмим келиб кетяпти.

Сизларнинг отингиз ўзмайдиган, сийдигингиз ер тешмайдиган вақт келди.

Эҳ, бечоралар. Бориб энангизнинг эмчагига бош қўйиб йиғланг энди. Ўксиб-ўскиб, жилаб-жилаб олинг. Энангиз ўлган бўлса, ëстиққа йиғланг.

Хотинга йиғлаб овора бўлманг. Сиз селекторда бошлиқлар тарафидан итарилаëтган вақтда улар бошқаларга итартириб юриб, давно сизга бевафо бўп кетган.

Гапнинг қисқаси, сиз не тўлка хотинга, умуман, бу массага ҳўкмингизни ўтказа олмайсиз.

Бир қўзғолишса, қўтос подаси остида мажақланган шоқолдай ўлиб кетасиз.  Халқ кўп, сиз эса озсиз. Ëлғиз киши югурса ҳам саси чиқмайди.

Ë худога ëлборинг. Эй худо, тезроқ коронавирус балоси устимиздан кетсин. Бу қулоқсиз, беитоат оломон келган элларига қойтиб кетсин. Биз бўлсак, уларнинг бева-бечораси, бола-бақрасини сўкиб, эзиб, хорлаб талашда давом этайлик, деб.

Вазни шер билан бошладим нақл билан тугатаман.

Синиб битган қуймуч суяги

Антропологиядан дарс берган домлам сўради: қадимги одамнинг инсонга айланишига мисол айтинг.

«Суякдан қармоқ ясаб балиқ тутди», «Тошни таëққа бойлаб қурол ясади», деб жавоб бердик. Домлам 160 минг йил олдин яшаган одамнинг қуймич суяги акс этган тасвирни экранга тушириб, «мана мисол», деди.

Қуймич суяги синиб, кейин битиб кетган эди.

Одатда қуймич суяги узоқ битади. Шу суяги синган одам қимирламай ëтиши керак. Унга, албатта, кимдир узоқ вақт ош-овқатини бериб, ярасига малҳам суриб, тахтакач бойлаб қараб туриши керак. Демак, инсон бундан 160 минг йил олдин бошига мушкул тушган яқинига ëрдам берган. Дардига дармон бўлган. Киши ўзга бир кишига ëрдам берганида у инсонга айланади, деди домлам.

Бунда оқ бирла қаро,
Зулмат зиё, шоҳу гадо,
Жанг қилурлар доимо,
Ул ён ўзинг, бул ён ўзинг.

Заррани ижод этиб,
Даҳшат бало бунёд этиб,
Оқибатни ёд этиб,
Ҳайрон ўзинг, ҳайрон ўзинг.

Бўлмасин субҳинг қаро,
Бор бўл мудом борлиқ аро,
ўзни этгил доимо,
Инсон ўзинг, инсон ўзинг.

(Эркин Воҳидов шеъри)

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
6 апрел 2016
Рассом Элсевар яна бир бор Eltuz.com муштарийлари эътиборини Ўзбекистондаги ҳукумат амалдорлари томонидан амалга ошираётган ёввойилик, мамлакатнинг экофондини йўққа чиқаришга ...
11 октябр 2016
Тошкентлик генерал Жўрабек тарафидан 1897 йилда қурилган, ўтган йилги ëнғин натижасида яроқсиз ҳолга келган «Жўрабек» масжиди «Марҳум Юртбошининг кенжа ...
14 феврал 2019
12 февраль куни тармоқда Санкт-Петербургда қор кураётган ўзбеклар видеоси тарқалди. «Пул топиш жуда осон. Қорларнинг тагидан пул чиқади. Неча ...
24 июн 2016
21 июн куни ўшлик Рустамжон Турғунов исмли 33 яшар ўзбек ўзи билан бирга Фотихдаги арзон меҳмонхона (Malabadi Beyazit Hotel)да ...
Блоглар
28 июн 2021
Асфальти йўқ кўчалар, газлаштирилмаган уйларимиз ҳақида «Дўстлик байроғига» ёзганимда ўн уч ёшда эдим. Қишлоғимизни бадбўй ...
25 июн 2021
Техник сабабларга кўра, бугун жума ваъзи эфирга узатилмайди. Аммо азиз муштарийлар учун бир пайтлар Урганчдаги ...
21 июн 2021
«Пахтакор»нинг келиб чиқиши турк, лекин швейцариялик Дердийок (ўзбекчасига Дардийўқ) деган футболчиси бор. Йиллик маоши 1,3 ...