Асосий мавзулар
7 август 2020

РТдан ваъз: Мирзиëев даврида яшаш нега маза?

Узоқ кўрмаган ва сиз учун азиз бўлган яқинингиз эшикни қоқмасдан очиб кириб, қаршингиздаги стулга келиб ўтирди.

Сиз унга қарайсиз, у эса сизга. Қучоқлашиб кўришишдан олдин кўзлар учрашади. Юраклар баробар уради. Кўнгилни тушкунлик, тамкинлик ва ҳузун тарк қилади. Яқинлар билан юзма-юз ва бетма-бет бўлмоқ аслида энг саодатманд фурсатдир. Мана, бир муддат танаффусдан кейин яна сиз билан учрашдим.

Сочларда оқ, вужудда дард, қалбда эса армон кўпайган. Аммо ўша-ўша меҳрибон кўзлар…

Байрутни ҳам таладилар…

Суҳбатни олис Ливандаги портлашга оид мулоҳаза билан бошласам. Ливан мотамда. Пойтахт Байрутни зир титратган улкан портлашда юздан кўп киши ўлди, тўрт мингдан кўпроқ одам жароҳатланди.

Тасвирга тушиб қолган улкан портлаш Хиросимадаги атом бомбаси портлашига менгзайди.

Байрутдаги портлаш билан Сардобадаги ўпирилишнинг илдизи бир – коррупция. 9 йил олдин Байрут божгири кимнидир қақшатиб, селитрасини мусодара қилиб, ичкарига олиб кириб қўйди. Ўша селитра портлади. Шоир айтганидек:

Байрутни ҳам таладилар,
Бу юртни ҳам таладилар,
лаънатилар, лаънатилар…

(Сирожиддин Саййид)

Ўзбекистон хабарларига кўз ташласам.

Маҳаллий хабарлар

Яна бир мулозимча пора олибди.

2018 йилдан буён туман кадастр бўлими муҳандиси лавозимида ишлаб келаётган, 1996 йилда Сайхунобод туманида туғилган бу мулозимча мижоздан 500 доллар пора олганида қўлга тушди.

Ҳар ҳолда қамалиб, кейин амнистияга тушиб, очиққа чиқса керак.

Одамларни порахўрликдан кўра коронавирус кўпроқ ташвишга солмоқда.

Корона азроили докторнинг жонини олди

Россияда коронавирусга чалинган касалга вертолётда ҳамроҳлик қилган реаниматолог, 54 яшар врач Илья Житков ўлди. Диагноз: COVID-19

У 26 июль куни юқтирди, 6 августда жони узилди.

Ўзбекистондаги докторлардан қанчаси ўлди экан? Бу саволни ëзишим билан Самарқандда икки врач ўлди, дейишди. Уларнинг умр йўлини корона қисқартирди.

Ҳаққул умр

Бир марта Термиздаги Ҳайратон кўпригидан Мозори шарифга ўтганимда Афғонистон томонидаги соқоли бир метр одам мендан пул сўради. Нега ва нима учун, десам, “Ҳаққул умр”, деди. Умр дегани ўтиш экан.

Аслида бу тиламчиликнинг бир тури эди. Дунëда пул тўлаб юриладиган трассалар бор. Бу йўлдан юрсангиз, берган пулингизга ачинмайсиз. Аммо энг қиммат турадиган йўл ҳам Германиядаги текин автобан билан солиштирганда бақлажон даласидан бошқа нарсага ўхшамаслигини сезасиз.

Масалан, Булғористондаги ўйдим-чуқур йўлларда юриш учун 10 евродан 40 еврогача пул олинади. Бу йўлларни бир вақтлар коммунистлар қуриб кетган. Булғористоннинг коррупционер мулозимлари Европа Иттифоқидан йўл таъмири учун пул олиб ухлатишган. Совет ўтмишига хос асорат.

Хуллас, Мирзиëев атрофидаги очкўз мулозимлар Ўзбекистондаги йўлларни пулли қилишмоқчи. Илк лойиҳа “Тошкент-Андижон” пулли автомобиль йўли. Каримов айтганидай, “тагини қарасанг” куëвларнинг қулоғи кўринади. Режим талончилик билан тиланчиликни бирга олиб бормоқчи. Сизга тўзим тилайман, элим.

Мирзиёев даврининг ижобий томони

Юқоридан илтимос тушди. Мирзиëев фаолиятининг ижобий тарафини ҳам ëрит, деган. Ҳеч ижобий тарафини топа олмадим.

Журналистикада иккинчи тарафга минбар бериш қоидаси бор. Масалан, биз доимо эзилганларга минбар бердик.

Афзал Салимов: Қалампир эктиргани ижобий бўлди, аммо бу қалампир сотилмай чириб кетди.

Умарбек Ҳақназар: Мисол учун, институтга кириш имтиҳонлари шаффоф ўтказилганини ёзсангиз бўлур.

Gulshoda Kurbanova: Пропискасиз уй олиш янгилик бўлди. Лекин шуни айта оламан баралла.

Тўхтахон Аҳмедова: Эсларингдан чиқибди асосий ижобий томони, матбуотда цензура йўқолди, эркин фикрлашга эришилди, ИАК даври қайтмасин!!! Бемалол ўтириб ФБда гап сотиляпти, лекин халқнинг аҳволини яхшилаш зарурлигини давлат бошқаруви тизими тушунмаяпти.

Shuhrat Nematov: Судлар оқлов ҳукмлари чиқара бошлади, пластик карталардаги ва ҳисоб рақамлардаги пулларни нақдлаштиришда муаммолар бартараф этилди, чет эл валюталари олди-сотдиси эркинлаштирилди, прокурор ва бошқаларнинг ғўддайиб юришларига барҳам берилиб, ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга сафарбар этилди, солиқ тизимининг бўлар-бўлмас текширишларига нуқта қўйилиб, эркин тадбиркорлик муҳити яратилди, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг фуқаролар билан ўзаро хушмуомала бўлиши шарт қилиниб, тергов ва бошқа суриштирув ўтказилаётганда қийноқлар, камситишлар сезиларли равишда камайишига эришилди. Бу ишларнинг ўтган 4 йилликда амалга оширилганини тан олиш ҳам керак!!!

Дониёр Аҳмедов: Янги уйлар кўп қурилгани учун кўпчилик уйли бўлди.

Хўш, халқнинг қонини зулукдай сўраëтган синф вакили нима дейди?

“СИЗЛАР ХОР БЎЛИБ ЎЛИБ КЕТАВЕРЛАРИНГ. ЗАТО БИЗ МАЗА ҚИЛИБ ЯШАЙМИЗ”, деди у баралла.

Ишонмасангиз, мана, эшитиб кўринг.

(Аудио)

Ушбу овоз эгаси ўзининг Тошкент шаҳридаги Юнусобод тумани прокурори ўринбосарининг жияни эканини айтган ва у ëзган баъзи маълумотларни скрин қилишга улгуришган. Бирпасдан кейин овоз эгаси ўз ёзганларини ўчириб юборган. Аммо Булгаков айтганидек, қўлëзмалар ëнмайди.

Одатда ваъз ичида эртак бўлади. Эртаксиз ваъз худди шакарсиз чой каби бемаза, муҳаббатсиз ҳаëт каби мазмунсиз. Буни 2017 йил август ойида ëзгандим. Уч йил ўтиб менга бу ëзганим эртакдай туюлди.

Мазардан алҳазар

Водий тарафда тўйдан кейин куëвнинг уйига келин тараф бир ой овқат ташийди. “Насиба оборишади”. Куëв тарафнинг очофат қариндошлари бир ой мобайнида келин тараф юборган овқатларни “танқидий анализдан ўтказиб” тановул қилади. “Гўштни озроқ сопти”, “дамлаган кофеси бемаза”, “гуруч яхши дам емабди”, деган репликалар билан. Энди умрида тузукроқ чой ҳам ичмаган куëв боланинг гастрономик эътирозларини айтмай қўя қолайлик. Худди миллиардер Абрамович ресторандаги официантни тергагандек тутади ўзини. Куëв тарафни мазар билан бир ой боқиш учун транспорт масаласи ҳам бор. Машинаси борлар амаллайди, бензин харажатини айтмай қўяқолай.

Андижонда камбағалроқ бир оила қуда тарафга мазарни бир ой валасапитда ташиган. Битта тоғора рулнинг ўртасида, битта тоғора орқа ғилдирак устидаги багажникга бойланган. Келиннинг укаси кетяптиии Озодбекнинг қўшиғини хиргойи қилиб, “мазар оборган мендирмаааан”, дея.

Энди ҳар кун юрадиган йўли. Мазар оборишнинг 26-куни деганда ҳоким бува асфальтга чуқур қаздирибди. “Ёшлар – бизнинг келажагимиз” деган шиор осиладиган паннонинг оëғини тиқиш учун қилинган чуқурда энди.

Осмонга қараб эрта саҳарда қўшиқ айтиб валасапитда мазар ташиëтган бола ана шу чуқурга бехосдан тушиб кетди. Тоғоралардаги сомсалар, термосдаги кофе, ош, мастава – ҳаммаси ер билан бир бўлди. Бонусига валасапит синди, боланинг қаншари ҳам ëрилди…

Энди шу ерда куëвнинг уйидаги манзарани тасвирласам. Куëв, қайнота, қайнона, қайинсингил ва бошқа паразит элементлар эрта билан туриб бўм- бўш дастурхон устида иштаҳаларини карнай қилиб ўтиришибди. Беш минут ўтди, ўн минут ўтди, мазардан дарак йўқ. Ҳамманинг дарғазаб кўзи келинга қараган. Бу кўзларда бир савол бор: “Нега мазар кечикди?” Келин онасига телефон қилиб йиғламсирайди. Она мазар ортилган валасапит 6.30 да уйни тарк этганини билдиради. Бу орада дарғазаб ва оч қайнота томоғини қиради. Қайнона шанғиллайди… Куëв муштини тугади…

Ҳикоянинг давомини ўзингиз ривожлантирсангиз мумкин. Факт шуки, мазари валасапитда олиб келинадиган келин уйдан ҳайдалди.

Мазар ҳақидаги матнга омма қизиқди. Яна бир қирра. Юз кўрдида қудалар олдида чойнак жўмрагига 100 доллар тиқиш урф бўлибди. Ана шунақа гаплар.

Қушлар кўчиб кетди қошимдан,
Тушлар чўчиб кетди ёшимдан,
Ҳушлар учиб кетди бошимдан,
Келмадинг.

Хазонлар тўп бўлди йиллаб мен учун,
Осонлар йўқ бўлди йиллаб мен учун,
Армонлар кўп бўлди йиллаб мен учун,
Келмадинг.

Ғамларнинг барига тўздим — чидадим,
Намларнинг баҳрида суздим — чидадим,
Дамларнинг шаҳдидан ўздим — чидадим,
Келмадинг.

Кунларим ҳижронга ўқдек ёққанда,
Руҳим оти қонга чўғдек ботганда,
Сўнгги ўқни жонга ўзим отганда,
Сен келдинг узр сўраб…
Сен келдинг нечун?!

(Омон Матжон)

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 декабр 2016
Халқ шоирларию, қўшиқчиларидан тортиб масжид имомигача янги юртбошига мадҳиялар ўқиркан, Шавкат Мирзиёев ҳокимият супасига фақат ўз одамларини яқинлаштирмоқда. Бу ...
14 декабр 2017
Рассом Туз акс эттирган расмдаги бу ҳайвонни биласизми? У қандай ҳайвон? Қаерларда яшайди? Нимадан қўрқади? Кимга бўйсунади? Кимларга ташланади? ...
11 сентябр 2019
Ибтидосида айтай, мен шоир ёки бастакор, ё-да ҳофиз эмасман. Шеърга ўхшаган бир нарсаларни ёзиб, уларга ўзимча куй басталаб, онда-сонда ...
Блоглар
28 май 2024
Мен миллатчи эмасман! Лекин қайтадан таъмирлатилган ва Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Ж. Ортиқхўжаев томонидан Пасхага ...
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...