Асосий мавзулар
2 октябр 2020

РТдан ваъз: Аёллар нега ўзини ёқади?

Жума келса, худди узоқ кўрмаган дўсту ëрларим гурас-гурас бўлиб, мени қучоқлаб кўришгандай ҳис-туйғуни бошдан кечираман. 

Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун, 

Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун. 

Эшитганингиз байтни шоир Рудакий ëзган. 50 йилдан бери тўйларда ўртакаш очарчилар қайта-қайта айтавериб сийқасини чиқаришди. Аммо байтга гап йўқ. 

Байт дегани арабчада уй дегани. Уйинг бўлса, дўсту ëр эшик қоқиб кириб келаверади. Аммо бугунги кунда эшикни милиса ëки МИБ ходими ҳам тақиллатиши мумкин. Мана, куни кеча наманганлик 35 ёшли Гуландом Дедабоеванинг уйига МИБ ходимлари кириб келишди.

Гуландом 13 минг долларга сотиб олган уйининг кадастри қилинмагани учун ҳукумат одамлари «Чиқ, бўшат уйни!» дейишди. Гуландом эса устига бензин қуйиб, “Жонимга тегди. Қани ҳақиқат?!” дея гугурт чақди. Олов бўлиб гурр-гурр ëнган Гуландом уни ўраб турган МИБ ходимлари устига қараб югурди. 

Гуландом худди оловли снаряд каби бефарқлик, цинизм, қашшоқлик, ғурбату ғариблик устидан пориллаб учди. МИБ ходимлари ҳам, қўни-қўшни ҳам бефарқ. Фақат Гуландомнинг жойига етиб келган онаси фарëд солиб ҳушидан кетди. “Қизим, қизим!” дея ерларга ëтиб дод солди муштипар она. Докторлар келиб Гуландомни олиб кетишди. Танасининг 90 фоизи куйган Гуландом касалхонада ўлди. Икки боласи етим қолди. 

Бир замонлар Данко исмли афсонавий қаҳрамон ўрмон зулматида адашган қавмга йўл кўрсатиш учун ëниб турган юрагини қўлида кўтаради. Тошкентдаги бир пайтлар Горкий номида бўлган метро бекатида  оташ юрагини кўтариб, қоронғидан қийналган оломон шуурини ëритган Данкога ҳайкал қўйилган эди. Дунë адабиëтидан бехабар жоҳиллар бу ҳайкални йўқ қилишди. 

Мавзуга қайтсам. Наманганда ëниб кул бўлган Гуландом жаҳолат зулмати ичида ëтган оломон шуурини ëрита олдими? Яна қанча гулхан керак? Яна қанча Гуландом ўзини ëқиши керак бу мамлакатда инсоф ва адолат тарозисидаги ўрдаклар тумшуғи тенг бўлиши учун. Ўтган асрнинг саксоничи йилларида 370 хотин ўзини ëққан эди Ўзбекистонда.

Бу ҳақдаги шеър муаллифи Дилором Иcҳоқова 1955 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университети журналистика факультетига ўқишга кирган. Шеърлари матбуотда чоп қилинган. “Эрк” демократик партияси марказий кенгаши аъзоси. 1994 йилда давлат тўнтаришида айбланиб, шартли қамоқ жазосига ҳукм этилган. 

Шунақа, ҳақиқатни айтган одамнинг тили кесиларди бир замонлар. Бугун эса, мана, мен тилим бир қарич бўлиб гапириб ўтирибман. Мулоқот дейди буни. Миллионлаб одам муҳтарам дея сиғинаëтган президент Мирзиёев «ОАВ билан мулоқот қилмаган раҳбарларнинг келажаги бўлмайди», деди.

Яшанг, президент. Аммо ўзингиз ҳам мана 4 йилдан бери бирор журналистга суҳбат бермадингиз. Селекторда каламуш деб сўкиш – бу ҳали мулоқот эмас. Ҳақорат бу. Майли хабарларга ўтсак.

ХАБАРЛАР

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги кўприк қоқ ўртасидан порт этиб ëрилиб қулаб тушди. Кўприк Мирзиëев даврида 6,5 миллиард сўмга қурилган. 1 йилу 7 ой ичида қулаб тушди!  650 минг доллар қулоғини ушлади. Бетон таркибида цемент бўлишини Мирзиëев даври прораблари унутган.

+++

Муҳаммаджон Обидов  Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизматидан бўшади. Эгаси Шуҳрат Ғаниев ташлаб кетди уни. Боз устига, корона юқибди. Садоқатда вафоли бўл, бевафони кечирмаслар.

+++

Комил Алламжонов Тошкент аэропортига номи қўйилган кишини ëмонлаб ташлабди. Лекин ўша одам пайтида соққа қилганди-ю Алламжонов. «Солиқ инфо», «Бухгалтерга электрон мадад» (БЭМ) бераман деб тадбиркорларни соғиш ҳам ўша ўлган муҳтарам пайтида бўлувди-ю.  АОКА собиқ мулозими Ҳикматулла Убайдуллаев айтганидек, ўлган махлуқни любой эшшак тепа олади.

Мирзачўлнинг «торпедо» қовунлари Овропа бозорини портлатди. Ддш. ддш. пақ. пақ. Париж, Вена, Берлин ва Брюссель бозорларида ўзбек қовуни.  Севин миллат, қовун  есанг саҳар е, саҳар емасанг заҳар е.

+++

Қиз-жувонлар расми матбуот ва телеканалда кетганида устидан бўяб қўйиш Эронда ривож топган. Ўзбекистондаги «Севимли» ТВ ҳам қизларнинг сонини бўяшга ўтибди.

Дунëга жалаб экспорт қиладиганлар яна уялармуш. ОАВ ва ТВларда чиқадиган хотинлар тасвирининг устидан бўяб ўтирадиган иш жойи очилса, минглаб одам ишли бўлади.

«Севимли» ТВдаги зомби Қаҳрамон Саидалиевга физкульт привет. Агар бу зомбиваччага қолса, Мона Лиза устидан ҳам смола сурарди. Яхшиям Питер ва Парижда Саидалиевга ўхшаш зомби мулозим йўқ.

+++

Кечган ҳафтада Фарғона ҳокими лавозим алмаштирди. Энди у бош вазир ўринбосари. Ўлган Барноевнинг ҳали совимаган курсисига ўтирди. Отнинг ўлими – итнинг байрами, деган мақол бор. Аммо ким от, ким ит ва ким эшшаклиги ҳануз бизга қоронғу. 

ОММАВИЙ ДЕМОНИЗАЦИЯ

Демонизация деган сўз бор. Таржимаси – ëмонотлиқ қилиш. Фарғона ҳокими Шуҳрат Ғаниев оммавий демонизация қилинди.

Ўзбекистондаги энг ëмон одам шу, деган йўналишда охири «ўз» билан тугайдиган сайтлар ва клерикал воизлар мунтазам иш олиб борди.

Ғаниев кичик болаларни товада қовуриб ер экан, деса ҳам ишониладиган даражага келинди. Менга хабар беришларича, бу демонизация ортида Ўзбекистонда дунëвий давлатчилик унсурларини йўқотиш бўйича ишлаëтан марказ турибди.

Улар яратган гипноз ва оммани афюнлаш тизимига асир бўлганлар ўзлари истамаса ҳам Ғаниевни ëмонлаб ташламоқда. Ғаниев шу улкан давлат аппаратининг оддий мурвати эканини, унинг ўрнига келган одам ҳам айнисини қилишини булар тушунмаяпти.

1988 йили Афғонистонда десант ротаси жангчиси бўлган Ғаниев Ўзбекистоннинг Афғонистонга айланмаслигини чандон истайдиган одам. Шу хислати билан у водийдаги бошқа кўкнори хаëл қовоқ каллалардан фарқ қилади. Буни президент ҳам билгани боис Ғаниевдан воз кечмади.

Наманганда янги сайланган вилоят ҳокими олдинги ҳоким давридаги қарорни бекор қилди. Шаҳар марказида сити қурилмайдиган бўлди. Наманганда сити қурилмайди деса, маҳаллий депутатлар қарсак чалди.

Ўтган йили сити қурилади, деса ҳам ўша хезимлар чапак чалган. Қўли қавармайдими буларнинг қарсак чалавериб.

АЙИРМАЧИЛИККА ЙЎЛ…

Президент ҳокимларни сайлаш зарурияти ҳақида яна гапирди. Олдин ҳам гапирувди. Лекин бугунги шароитда текин калиш тарқатадиган бизнесмен ва одамларнинг қулоғига лағмон осадиган мулла ҳоким бўлиб сайланиши мумкин.

Тошкентда яна Ортиқхўжев ютади. Салим ўғри номзодини қўйса, ўша ўғрига овоз беришади. Наманганда Содиқжон қори Самарқандийни ҳоким эмас, дарҳол амирул ислом қилиб сайлаворишади.

Бунинг оқибатида коррупция авж олади. Этник ва диний можаролар чиқади. Сепаратизмга йўл очилади. Сепаратизм, айирмачилик нима бало эканини озарбайжонлар яхши билади. 

БМТ Хавфсизлик кенгаши Нью-Йоркда фавқулодда йиғин ўтказиб, Тоғли Қорабоғ низосини муҳокама қилди. Хавфсизлик кенгаши Арманистон ва Озарбайжонни “зудлик билан жангларга чек қўйиш” ва музокараларни бошлашга чақирди.

Тоғли Қорабоғ ишғол қилинганига 30 йил тўлмоқда, аммо шу пайтгача низо тинч музокаралар йўли билан ҳал қилинмади.

Чўх кездим мен бу тоғлардан,

Турна кўзли булоқлардан.

Эшитмишам узоқлардан,

Эл билирки, сен менимсан.

Юртим, уйим, масканимсан,

Онам туққан ватанимсан.

Айриларму кўнгул жондан,

Озарбайжон, Озарбайжон.

(Самад Вурғундан парча)

Шу кунларда ўз ҳудудини ишғолчилардан тозалаëттган Озарбайжон ҳақида «мақлади урушп» дейдиган «ақллилар» кўпайди. Яна бу кўрсичқонлар бошқа мавзуда гапирса, «Амир Темурди авлодимиз» деб орқа йиртади. 

Менимча, бу гапни гапираëтганлар ўрис найзаси олдида тўнқайган мағлублар авлоди бўлса керак. Уруш – биз сўнгги 200 йилда унутганимиз сиëсий восита.

200 йил олдин немис ҳарбий файласуфи Карл фон Клаузевиц: “Уруш – бу сиëсатнинг давомидир. Бундан буëғига воситалар ўзгаради, холос”, деган эди. 

Ишғолдан озод ўлон қишлоқлар хабарини ўқиган озари диктор кўзидаги севинч ëшини кўриб, мен севган буюк шоир Нозим Ҳикматнинг мана бу шеърини эсладим:

Бу мамлакат бизники!

Билаклар қонга тўлган!

Тишлар қисилган!

Оëқлар яланг.

Ипак каби юмшоқ тупроқ.

Бу жаҳаннам.

Бу жаннат бизники.

Қўлларимиз мушт бўлиб тугилсин

ва бир дафъа очилмасин.

Йўқ қилинг инсоннинг инсонга қуллигин!!!

Бу давлат бизники!!!

Бир оғоч каби тек ва ҳур яшамоқ.

Ва бир ўрмон каби қардошларча..

Бу ҳасрат бизники…

Туз ҳақида эртак

Одатда ваъз ичида эртак бўлади. Эртаксиз ваъз худди муҳаббатсиз ҳаëт каби мазмунсиз. Тузсиз таом каби бемаза. Хуллас, бу эртак туз ҳақида. Рассом Туз эмас, оддий ош тузи ҳақида.

Қадимда бир ақлли подшоҳ яшаб ўтган, унинг гўзал, оқила ва нафосатли уч қизи бўлган экан. Бир куни подшоҳ қиролликка рамз танлаш мақсадида қизларини чорлабди ва ақл-заковат ва дунёқарашини синамоқ учун уларга савол билан юзланибди.

– Қизларим, менинг саволимга шундай жавоб қайтарингларки, сиз топган нарса мамлакатимиз рамзи бўла олсин. Қани, айтинглар-чи, дунёда энг нодир, энг чиройли ва энг ёқимли нарса нима?

Тўнғич қиз ўйланмасдан:

– Дунёдаги энг гўзал нарса чиройли кўйлакдир, – дебди.

Подшоҳ қизининг жавобидан мамнун бўлибди. Унга шундай гўзал либосларни ҳадя қилишни мулозимларига буюрибди.

Сўнг иккинчи қизига юзланибди. У бўлса:

– Биласизми, дадажон? Бу дунёда олтиндан чиройли ва қимматли нарсанинг ўзи йўқ, қироллигимизга олтинни рамз қилиб қўйсак, янада юксалади, – дебди назокат ва нафислик билан.

Подшоҳ қизининг фаросатига қойил қолибди. Сўнгра қиролликдаги энг сара олтинлардан унга тақинчоқ ясатиб беришни заргарларга буюрибди.

Аммо иккала жавобдан ҳам унчалик кўнгли тўлмабди. Сўнг кенжатой қизининг жавобини тинглашга қарор қилибди. Учинчи қиз ҳечам ўйланмасдан дебди:

– Мен тузни яхши кўраман ва мен уни энг нодир ва зарур деб ҳисоблайман. Қироллигимизга эса уни рамз қилишни хоҳлайман.

Подшоҳнинг жаҳли чиқиб:

– Нима? Туз. Наҳотки малика бўла туриб, фаросатинг шунчалик паст бўлса. Ахир менинг қизим дунёдаги энг гўзал нарсани туз деб ҳисоблаши мумкин эмас. Туз шўр бўлса. Қанақасига нодир, қанақасига зарур бўлсин? Сен нега бунчалик пастназарсан, – дебди.

Кичик малика отасига қараб:

– Отажон, туз яхши нарса. Дунёдаги ҳар недан афзал, – дебди.

– Мендан ҳамми? – дебди подшоҳ жаҳл билан.

-Йўқ, дадажон, сиз яхшисиз. Сизни тузга қиёслаб бўлмайди. Сиз бизнинг меҳрибонимизсиз. Аммо сизнинг бу берган саволингизнинг ўзида туз йўқ, – дебди.

Қиролнинг жуда жаҳли чиқибди. Қизини эса жазолаш мақсадида 10 кун тузлар сақланадиган омборхонага қулфлаб қўйибди. Қиролликка қарашли барча ошхоналарда туздан фойдаланишни тақиқлабди.

Тузли таом истеъмол қиладиганлар жазога тортилибди. Орадан кунлар ўтибди. Қироллик ҳузурига халқдан норозилик хатлари туша бошлабди.

Саройдаги таомларнинг ҳам туз қўшилмаганидан таъми ўзгарибди. Подшоҳнинг эса тоби бўлмай қолибди. Табиблар унга тузсиз овқатни ва нонни кўп истеъмол қилгани учун шу аҳволга тушиб қолганини айтишибди.

Шунда подшоҳ ҳақиқатдан туз яхши неъмат эканини англабди. Қизидан узр сўрабди ва нега айнан нонни, сувни эмас, тузни танлаганини сўрабди. Қиз эса:

– Дадажон, биламизки, туз нафақат таомни мазали қилади, балки кайфиятни ҳам кўтаради. У тобида қўшилган таом инсон саломатлигига ҳам фойдали, – дебди.

Шундан сўнг қиролликнинг рамзи қилиб энг олий неъмат туз танланибди. Халқ ҳам соғлом, шод ва хуррам ҳаёт кечиришда давом этибди.

Ҳафта тугади. Айнан шу ҳафта ичида Рассом Туз ва мухлислари орасида илгаригидан ҳам иссиқ ва самимий муносабат шаклланди.

Айниқса, мушфиқ сингиллар, опажонлару онахонлар бевосита мурожаат қилиб, уларнинг дардига шерик бўлганимдан миннатдорлик билдиришди.

Россияда чодирда яшаëтган ватандошлар ҳам телефон қилиб дард тўкишди. Истанбул, Деҳли шаҳарларида ҳам мухлисим бор экан.

Орамиздаги самимий ришталарни сақлаб қолиш ва сизнинг ҳурматингизга лойиқ бўлиш учун тиришаман, азизлар. Ҳамиша  меҳрингиздан куч олиб яшайман, ғойибона дўстлигимизни қадрлайдиган сиз азизларимнинг борига минг бор шукр қиламан! 

Айтишларича, инсон меҳридан чўлларда меҳригиë деган ўсимлик яралган. Хоразмлик қўшиқчи Сарвиноз айтгани каби меҳригиë чўпи бўлиб, қумларда битсам не дейсан.

Қорақум ва Қизилқумда тахминан март ва апрель ойларида мехригиë чўпи деган гиëҳ ўсади. Шуни қайнатиб ичса, коронага даво дейишди. 

Ассалому алайкум, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
12 январ 2017
Kun.uz сайти гарчи майда-чуйда бўлса-да, муаммоларни кўтариб чиқишда давом этмоқда. Бу муаммоларнинг ечимлари ва сабаблари чуқур очиб берилмаётганига қарамай, ...
1 феврал 2021
Давлат хавфсизлик хизматининг 7-бўлинмаси собиқ тезкор ходими Шерзод Ҳаитов декабрь ойининг биринчи ярмида ДХХ ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Бу ...
22 май 2019
Малика Собирова 1942 йилнинг 22 майида ўзбек найчиси Абдураҳим Собиров ва осетиялик шифокор Мадина опа оиласида туғилиб, ëшлигидан нафосатга ...
5 апрел 2019
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форуми (UGF)нинг «Улар аввал пахтага чиқмаслигимизни айтишди, кейин эса далага жўнатишди» номли янги ҳисоботида қайд ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...