Нью-Йоркдан назар: Ўзбекистонда Конституция қандай бузилмоқда?
Қишлоқ хўжалиги мутахассиси, 70 ёшли Исмоил Оспанов “Элтуз” орқали туркум чиқишларини давом эттириб, навбатдаги видеосини Конституция кунига бағишлади.
“Конституцияни президент Мирзиёевнинг ўзи бузмоқда. Унинг вақтинчалик президент бўлиб иқтидорга келишининг ўзи Конституциянинг бузилишига мисол, – дейди Исмоил Оспанов. – Президент Каримов ўлганидан сўнг Ўзбекистон раҳбарлиги Конституциянинг 96-моддасига кўра, сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев зиммасига ўтиши керак эди».
Оспанов ўз чиқишида президент юритаётган популистик сиёсатни танқид қилади. Унинг фикрича, ҳокимларни ўзининг вилоятлардаги вакиллари дея эълон қилиб, уларга чексиз ҳокимият берилиши ҳам Конституцияга зид зарарли ғоядир.
Бундан илгари “Элтуз” каналидаги видеочиқишларида собиқ ҳоким Исмоил Оспанов мамлакатда энергетика инқирози, президентнинг кадрлар сиёсати, деҳқонлар ҳуқуқларининг камситилиши, кластер тизимидаги коррупция ҳолатларини танқид остига олган эди.
Eltuz.com