Асосий мавзулар
24 декабр 2020

Ревизор-4. Президент қизининг кобра билан рақси

Одатда ревизор тафтиш қилаëтган субъект ҳали қамоққа олинмаган ва кўп ҳолларда ўз жиноий фаолиятини ошиғич ғайрат билан давом қилдираëтган бўлади.

Бу сафарги тафтишга нишон бўлган хоним эса қамоқда. Гап Ўзбекистоннинг биринчи президентининг қизи, ўта оғир иқтисодий жиноятларда айбдор деб топилиб Тошкент вилояти Зангиота қамоқхонасида жазо ўтаëтган Гулнора Исломовна Каримовадир.  

Бир вақтлар малика, дипломат, олима, рассом, қўшиқчи ва шоир дея ўзини таниттирган бу хоним бугун оддий маҳбуса.

Гулнора Каримовани мазлума қилиб кўрсатиб, қамоқда касал бўлди, марҳум президент қизи, дея одамларнинг кўнглини юмшатиб, иложи бўлса унинг озод қилинишини истаганлар бор.

Иккинчидан, “Нима бўлибди ўғирласа? Мен ҳам президент қизи бўлсам ўғирлардим”, деган ўта хато ва зарарли қараш бор. Жамият биринчи оила ўғирлигини ҳазм қилгани боис, бу ҳолат сурункали тус олиб, мамлакат раҳбарлигига янги келганларнинг бола-чақаси давлат хазинасига қўлини тиқишини зеҳниятда машру қилади.

Бу ўта хатарли ва мамлакатни очиқчасига талаш учун биринчи оилада лицензия бор, деган янгиш тушунчани урчитадиган ҳолат.

Учинчидан, Гулнора Каримова улкан жиноий гуруҳ ташкил қилган. Гуруҳнинг ўзагини ўзбек мулозим ва амалдорлари ташкил қилган.

Томоғигача коррупцияга ботган бу шахслар Гулнора Каримова можароси оммага аён бўлганидан кейин ҳам юқори лавозимларда ишлашда давом этишмоқда.

Тўртинчидан, Швейцария ҳукумати Ўзбекистон билан имзолаган келишувга мувофиқ, 2012 йилда пул ювиш ва коррупция юзасидан Гулнора Каримовага нисбатан олиб борилган тергов доирасида музлатиб қўйилган маблағнинг 131 миллион доллари, «муайян шартлар асосида», Ўзбекистонга қайтарилиши ҳақида 11 сентябрь куни маълум қилган эди.

Ўнга яқин ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли, журналист ҳамда собиқ сиёсий маҳбус 16 сентябрь куни имзолаган очиқ мактубда Швейцария Гулнора Каримованинг жиноят иши доирасида музлатилган пулларини Ўзбекистонга қайтаришда шаффофлик кафолатланишини талаб этишган.

«Uzbekforum.org» сайтида эълон қилинган мактубда Ўзбекистонда баъзи ижобий ўзгаришлар кўзга ташланаётган бўлса-да, ҳали ҳукумат коррупцияга қарши қатъий курашмаётгани айтилган.

«Шу боис, ўзбек халқининг коррупцион йўллар билан талон-торож қилинган бойлиги яна қайтиб коррупционерларнинг ўзларига қайтарилиши эҳтимоли юқори», дейилади очиқ мактубда.

Халқдан ўғирланган бу пул яна халқ манфаатига хизмат қилишига катта шубҳа бор. Айниқса, коррупциянинг бугун орсизларча кенг қулоч отган даврида.

Жамият ўз ўтмишидан дарс олиб, бугунги ҳукмдорлар оиласининг коррупцион иштаҳасига тўхта дейиши учун ҳам Гулнора Каримованинг жиноятлари силсиласини сизга яна бир бор эслатишга қарор қилдик.

Чунки мен ревизорман.

Қўлимизда криминалистика профессори Кристаиан Ласлетт тадқиқоти.

«Ўзбекистон ҳукумати уюшган жиноий тўда каби фаолият юритган ва бундан марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова фойда кўрган».

Лондондаги Қиролича Мария университети (Queen Mary University of London) ҳузуридаги «Давлат жиноятларини ўрганиш халқаро ташаббуси» (International State Crime Initiative) ташкилоти ходимлари тайёрлаган 102 бетли ҳисобот аннотацияси эшитганингиз фикр билан бошланади.

Тадқиқот “Кобра билан рақс: Ўзбекистонда йирик коррупция билан кураш” деб номланган. Кобра ким? У ким билан рақс тушади? Кобра Ўзбекистоннинг биринчи президентининг қизи Гулнора Каримовами? Ëки Гулнорани панжара ортига элтган очкўзлик ва кибрми?

Мени шу совуқда дирдираб бўлса ҳам томоша қилаëтганларга юзланаман. Мен ҳам сизларнинг бириман. Гулнора сиз каби менинг ҳам пулимни ўмарди. Қандай қилиб дейсизми?

Ҳозир тушунтириб бераман. Олтин, кумуш, газ, нефть конлари  қандай миллат бойлиги бўлса, радиочастоталар ҳам шундай бойлик.

Ҳар бир телефон ширкати мамлакатингиздаги радиочастоталарга эга бўлиб, бойишни орзу қилади. Бундай ҳолатда давлат миллат манфаати учун бу имкониятдан фойдаланади.

Гулнора Каримова эса ўз манфаати учун бу имкониятдан фойдаланди. Мана сизга миллионлаган абонентларни соғиш имконини берадиган радиочастота. Сиз марҳамат қилиб менга пора узатинг, дейди Гулнора интернет етказиб берувчи ширкатларга.

Дарвоқе бу схемага ҳозирги бш вазир Арипов ҳам алоқадор бўлган. Ҳа, тўғри айтдингиз. Гулнора қамоқда, Абдулла ака эса бош вазир курсисида.

Ҳисобот муаллифлари Каримова телеком соҳасига алоқадор камида олтита ширкат, жумладан, оптик толали кабелларни ётқизиш ҳамда WIMAX ва WIFI хизматларини йўлга қўйиш билан шуғулланган компаниялардан пул ундиришда айни бир хил схемалардан фойдаланганини аниқлади.

У ўз талабларига кўнган ширкатларга лицензия олишда ёрдам берган, шартларни қабул қилмаганларни, жумладан, АҚШга доир учта ширкатни эса мамлакатдан чиқартириб юборган.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати Швеция, Норвегия, Россия ҳамда Германияга тегишли телекоммуникация ширкатларидан пора олишда кўмаклашган. Расмийлардан иборат ўлпончилар мазкур ширкатлардан 850 миллион доллардан ортиқ маблағ ундирган.

Гулнора Каримова ўзи тузган схемалар ёрдамида ўмарган миллионлар Ўзбекистонда пенсия ва соғлиқни сақлашга ëки газ ва электр таъминотини яхшилашга сарфланиши мумкин эди. Бунинг ўрнига бу маблағлар президент қизига доир оффшор ҳисоб рақамларга тушган ва дунёнинг турли нуқталарида, жумладан, Францияда ҳашаматли қаср ва Ҳонгконгда қимматбаҳо пентхауз уй сотиб олишга сарфланган. 

Бу маблағга минглаган мини электр станциялари тиклаш мумкин эди.

Ҳаммаси нимадан бошланган эди?

Ўзбекистон мустақил бўлган ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида “бой америкалик ўзбек ҳақидаги стереотип ривоятлар оғиздан оғизга кўчиб юрарди.

1989 йили суратга олинган «Ким жинни?» фильмида америкалик ўзбек келиб, оддий тошкентлик ўт ўчирувчига бир миллион доллар совға қилиб кетади.

Каримовлар оиласи ҳам ўша стереотип ривоят таъсирига тушгани эсланади.

Америкалик куëв

Сана 1991. Худди шу даврда АҚШда яшаëтган афғонистонлик ўзбек Мақсудийлар оиласи мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президентига яқинлашиш йўлларини излай бошлаган эди.

Мақсудий 1979  йил 12 ëшида АҚШга эмигрант сифатида келган ва тижорат қилиб бойиган оила фарзанди эди.

1991 йил 8 июль. Душанба. Ҳали СССРни парчалашни бошлаган ГКЧП пучтига бир ярим ой вақт бор. Кремлнинг севимли мулозими, Ўзкомпартия 1-котиби Ислом Каримов умрида илк бор чегара ҳатлаб Ҳиндистон сафарига ҳозирлик кўрмоқда.

Ўша пайтдаги «Известия» газетаси “Мамлакат чет эл капитали учун очиқ” деган мақолани чоп қилган. Болтиқбўйи ўз мустақиллигини эълон қилган, нафақат ҳаво, балки сиëсатнинг ҳам ҳарорати кўтарилган давр.

8 июль куни Гулнора Каримова 19 ëшга кирган эди. Ўша куни унинг уйига бир даста гул ва чиройли қоғозга ўралган ҳадя билан Мансур Мақсудий кириб келади.

Чўкаëтган ва қашшоқ Совет Иттифоқи фонида бу америкалик бой ва келишган ўзбек янада ярқираб кўринади. Шу йилнинг ноябрь ойида энди СССРдан мустақил бўлган Ўзбекистонда Гулнора Каримова ва Мансур Мақсудийнинг тўйи бўлади.

Улар бол ойини АҚШнинг Нью-Жерси шаҳрида ўтказишади ва ўша ерда Мақсудийларнинг ҳовлисида яшашади. Кейин Мансур Мақсудий Roz Trading ширкати бош директори қилиб тайинланади. Бу никоҳдан икки фарзанд – Ислом ва Имон туғилади.

Ўзбекларнинг чанқоғига ишонтирган Roz Trading

Кайман оролларида қайддан ўтган Roz Trading ширкати Гулнора Каримованинг Ўзбекистон бойликларини сўриб шимиришига восита бўлган илк ширкат.

Каримова ва Мақсудий эр-хотин бўлгани ортидан Roz Trading ширкати Ўзбекистон Адлия вазирлигида рўйхатга олинади. Сал ўтиб Roz Trading Ўзбекистондаги совуқ ичимликлар монополистига айланади.

Олдин “Буратино” ичган ўзбеклар энди Coca-Cola ичиб, президент куëви ва қизининг чўнтагини қаппайтиришга маҳкум эди. Чунки фақат битта ичимлик бор эди – Coca-Cola Export Corporation қўшма корхонаси ичимлиги.

Олдинига бу ичимлик экспорт қилинди, кейин эса президент куëви бу ичимликни Ўзбекистонда ишлаб чиқара бошлади. Рекламаларда ҳар бир ўзбекнинг “чанқоғига ишониб, фақат кола ичиши жоиз” экани ҳар куни таъкидланди. Бу абсурд эди, чунки Coca-Colaдан бошқа танлов йўқ эди.

Coca-Cola Bottlers of Uzbekistan қўшма корхонаси 1993 йили ташкил топди.

Бир тарафдан Roz Trading иккинчи тарафдан Coca-Cola ва учинчи тарафдан Ўзбекистон ҳукумати. Заводлар ишга тушди. Рақибларсиз монополия бизнеси гуллаб-яшнай бошлади.

Аммо тижоратдан фарқли ўлароқ, Мансур ва Гулноранинг оилавий ҳаëтида можаролар бошланди. Бу можаролар тафсилоти халқаро матбуотга сизди.

Британиянинг «Independent» газетаси 2004 йил январь ойида чоп қилган мақолада Гулнора Каримова ва унинг собиқ турмуш ўртоғи рақибга айлангани тасвирланган эди.

Уч ойлик танаффусдан кейин бу оилавий можаро яна халқаро матбуот сарлавҳасига чиқди. Бу сафар АҚШнинг «The Washington Post» газетаси бу ишга жазм қилди.

«The Washington Post» газетаси томонидан чоп этилган «Қироллар жанги» мақоласида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ва унинг собиқ турмуш ўртоғи Мансур Мақсудий ўртасидаги можаролар яна бир бор тилга олинди.

«Ўзбек президенти Ислом Каримов қизининг ажрашиши Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида халқаро жанжалга айланиб кетиши мумкин», деб ёзилди мақолада.

Мақола давомида мазкур можародаги ҳар икки томоннинг бир-бирига нисбатан иддаолари келтирилади.

Ўзбекистон президентининг тўнғич кизи Гулнора Каримова ва унинг собиқ турмуш ўртоғи Мансур Мақсудий ўртасидаги жангнома каби ëзилган мақола мана бу сўзлар билан бошланади:

«Ўша куни у нарсаларини йиғиштириб, Нью-Жерсидаги уйидан икки фарзандини олиб, икки нафар энага, икки тансоқчи ва ҳайдовчи билан қочиб кетди. Стол устида эри учун мактуб қолдирди. Мактубда 1989 йил суратга олинган «Атиргуллар уруши» комедиясини эслатиб ўтди».

Шу ўринда Гулнора Каримова ўз мактубида ишорат ëки мажоз сифатида келтирган «Атиргуллар уруши» фильми ҳақида гапириб ўтсак.

Филмдан парча. (Эр-хотин жанжали, синаëтган идишлар овози..) Майкл Дуглас ва Кетлин Тернер иштирокидаги бу фильмда ажрашаëтган эр-хотиннинг бир-бирига қасоскор душманга айланиш жараëни заҳарханда тарзда акс эттирилади.

Фильм давомида эру хотин бир-биридан ўч олиш учун одам ақли етмайдиган усулларни қўллашади. Оқибатда ҳар иккаласи ўзлари яшайдиган саройнинг биллур қандили билан бирга ерга қулаб ҳалок бўлишади.

Шарқда мажоз билан, ишорат билан гапириш маданияти бор. Хўш, Гулнора Каримова ўз мактубида нимага шаъма қилди?

Яна мақолани ўқишда давом этамиз.

«Каримова фильмда тасвирланган беъманилик ўз ҳаëтида юз бермаслиги учун бу мактубни ëзганини айтади.»Мен мактубни кўз ëшларим билан ëзган эдим – бу бир шахсий мактуб эди».

Яна мақоладан иқтибос келтирамиз.

«Бу мактуб башорат эдими ë таҳдид. Нима бўлганда ҳам сал ўтмай жанжал бошланди».

Мақолада Гулнора Каримова собиқ эрини Саддам Ҳусайн нефтини ноқонуний сотганликда, исломий мутаассибликда ва қолоқликда айбласа, Мансур Мақсудий Гулнорани ўзбекистонлик қизларни Дубайдаги қўшмачиларга етказиб турганликда, кўпинча кечалари билан ҳар хил зиёфатларда қолиб кетиб, тонгга яқин уйга маст бўлиб келганликда айблайди.

Гулнора Мақсудийнинг ўзига «бикини» (аёлларнинг юпқа чўмилиш кийими) кийишни тақиқлаб қўйганидан норозилигини билдирса, Мақсудий Каримованинг бой ҳаёт кечиришга ўрганиб қолгани ва мол-дунёга ҳирс қўйганидан шикоят қилади.

Жанжал илдизлари анча илгарига бориб тақалади, деб ëзади мақола муаллифи: «Янги қариндошлар ўртасида муаммолар бошиданоқ мавжуд эди. АҚШда Гулнора хар ҳафтада икки-уч марта қайнонасини зиëрат қилиб турганлигини айтади. У ерда Каримова хоним оддий афғонистонлик оиланинг анъаналари билан тўқнашди».

«Мен доим йиғлаб ўтирардим, – дейди Гулнора Каримова. – Тасаввур қилинг, мен кун бўйи бир ўзим қолиб кетардим. Ваҳоланки, мен фаол хаёт кечиришга ўрганганман. Фақатгина университетдаги дарсларга эмас, тил ўрганишга, спортга кўникканман. Мен ўлаётган эдим».

Мақсудийнинг айтишича эса ҳолат тамомила бошқача бўлган.

«У уйга тунги 3 ларда, баъзида маст бўлиб кириб келарди. Гоҳида эса қаерда бўлганини ҳам эслолмасди», дейди у.

Каримованинг сўзларига қараганда, Мақсудийлар оиласи жуда қолоқ, сокин ҳаёт кечирган. Бу оиланинг янги йилни нишонламаслигини эслар экан, у:

«Улар ерда ўтириб овқат ейишарди, ярим тун бўлганида ҳеч ким янги йил кирганига хурсанд бўлмасди. Мен эса телевизорга тикилганча йиғлаб ўтирардим», дейди.

Мақсудий Каримовлар оиласини бунинг том-тескариси ўлароқ таърифлайди. Унинг айтишича, ўзбек президентининг оиласида ким кўпроқ бақирса – ўша ғолиб.

«У билан баҳслашганингизда, – дейди Мақсудий собиқ қайнотаси ҳақида, – ким қаттиқроқ бақирса, ўша ғолиб бўлади. Келтираётган фактларингиз ё далилларингизнинг аҳамияти йўқ».

Мақсудий Каримовлар оиласининг ҳокимият ва пулга муккасидан кетганини айтади:

«Президент ëтоқхонаси ëнидаги хонада бўйи бир ярим метрлик сейф бор. Бир куни Ўзбекистон президенти рафиқасининг ерда ўтириб пул санаëтганини кўриб қолдим».

Бир сафар Лондонга боришганида Гулнора Каримова сумкачасидан нақд пул чиқариб, 230 минг долларлик зеб-зийнатлар олмоқчи бўлган. Мақсудий бунинг жуда қимматлигини айтиб, пулни қаердан олганини сўраганида, Гулнора уни онаси берганини айтган.

Мақолада Мансур Мақсудий рақибга айланган рафиқаси сўзларидан иқтибос келтиради.

«У менга агар у билан ажрашсам, оилам ва тижоратимни йўқ қилиши, болалар билан хеч қачон кўришолмайдиган қилиб қўйишини айтди. Кўриб турганингиздек, худди шундай бўлди ҳам», дейди Мақсудий.

Ажрашиш оқибатлари Мақсудийларнинг Тошкентда яшаëтган қариндошлари ҳаëтида акс этди. Боз устига Мақсудий расмий Тошкент тарафидан Саддам Ҳусайн билан ноқонуний олди-берди қилганликда айбланди.

Мақсудийнинг фикрича, унинг собиқ турмуш ўртоғи Ўзбекистонда ҳокимиятни қўлга олмоқчи:

«У ҳукмронликнинг мазасини билади, баъзан орамиздан гап ўтган пайтда мен унга сен отанг ҳукмдорлигидан маст бўлгансан, дер эдим».

Мақоланинг якуний қисмида мана бу сўзларни ўқиймиз:

«Тошкентдаги таҳлилчилар Гулнора Каримова отасига ворис бўлишни истаëтгани, баъзилар эса Гулнора ҳар эҳтимолга қарши мамлакатдан бойликларни четга олиб чиқиб кетаëтганини айтишади».

Мақола «The Washington Post» газетасининг «Style» деб номланган илова варағида Ўзбекистон президентининг рангли фотосуратлари билан бирга чоп қилинган ва Гулнора Каримованинг коррупцион иштаҳасини прогноз қилган илк кичик тадқиқот сифатида тарихга кирди.

Эрдан ажраган Гулнора учун Ўзбекистон олтин конига айланди.

Ғужумсарой олтинлари

Кўпчилик “Биз Гулнора Каримованинг ўғри эканини билмовдик”, дейишади. Аммо халқаро матбуот, хусусан, «Озодлик» радиоси 2003 йилдаëқ Гулнора Каримованинг коррупцион схемалар асосида Ўзбекистонни шафқатсиз талагани акс этган туркум мақолаларни эълон қилган эди.

Шундай мақолалардан бирида Гулнора Каримованинг хусусий корхонаси Revi Holdingнинг собиқ ижрочи директори Фарҳод Иноғомбоев президент қизининг олтин ишлаб чиқариш саноатини қўлга олиш уринишларни фош қилинганди.

“Самарқанд вилоятидаги янги олтин конларидан бири – Ғужумсой Бирлашган Араб Амирликларининг ширкати – United International Groupга берилди, унинг сармоялар лойиҳаси 25 миллион долларлик экани ҳақида ҳукумат хабар тарқатди. Ғужумсой олтин конининг ҳозирга қадар исботланган 60 тоннадан ортиқ олтини бор, дейилади ўша хабарда.

Битта нарсаси қизиқки, Ўзбекистон ҳукумати бу ширкатни БААнинг тажрибали, олтин излаб топишда дунёда машҳур компанияси, деб тақдимот қилган. United International Gpoup ростдан ҳам БААнинг Шаржа эркин иқтисодий савдо ҳудудида жойлашган. Лекин фирманинг соҳибаси, юз фоиз эгаси Гулнора Каримова бўлган.

Бошида ҳеч қанақа тендер бўлмаган. Шу Ғужумсой тўғрисида Гулнорага кимлардир маслаҳат берган. Мана шунақа янги тилла кони бор бу ёқда. Ўшани қўлга олса бўлади, деган.

Бирга ишламайдиган, лекин яқин танишлари Гулнорага маслаҳат берган. Гулнора United International Group орқали менга хат ёздирган Ўзбекистон давлат геология қўмитасига. Шу хат орқали кейин озгина босим ўтқазган.

Госкомгеологиянинг раисига мана шу жойни берасан, деб туриб олган. Кейин Госкомгеология биз тендер қилган эдик, бошқа компанияларга ҳам таклиф қилган эдик, лекин уни United International Groupга бердик, деб хабар берган. Лекин аслида ҳеч қанақанги тендер бўлмаган.

Госкомгеологияга кўра, ҳозирги кунда топилган депозитлари 60 тоннадан ортиқ олтин. Энди буни ҳозирги бозор нархида санаб кўринг, қанақа бўлади. Бу нимани билдиради, бунинг келажаги агар ҳақиқий инвестор ривожлантирса, ўша жойдан олтин топаман деса, бунинг ҳажми жуда катта бўлади.

Гулноранинг мақсади, мен у билан ишлагандаги тажрибадан кўряпман, Гулноранинг механизми жуда ҳам аниқ. Бепул, текинга, баъзи ҳолларда жудаям-жудаям арзон нархда давлатдан қанақадир босимлар орқали тортиб олади. Кейин уни ҳақиқий инвесторга, чет эллик инвесторга жудаям катта суммага, миллион-миллион пулларга сотиб юборади.

Гулнора Каримова  бу кон учун бир тийин ҳам тўлагани йўқ. Бир тийин сармоя ётқизгани йўқ. Ўша лойиҳага бир тийин киритгани йўқ”.

Бундан олдин Иноғомбоев «Файнаншл Таймс» газетига берган суҳбатида “Гулноранинг номи Ғарбда, кўп жойларда матбуотда чиқиб, унинг бизнес юритиш усулларини кўплар билди. Шунинг учун кўплар Гулнора билан иш қилишдан чўчиши ҳам мумкин”, деган эди. Аммо бундай бўлмади.

Халқаро матбуотдаги фош  қилишлар Гулнора Каримова билан тижорат қилишни истаган шубҳали сармоядорларни чўчитмади. Пировардида Ўзбекистон иқтисодини тизимли ўпирган жиноий гуруҳ вужудга келди.

Кобра билан рақс

Қўлимдаги ëстиқдай ҳисобот Гулнора Каримованинг жиноий бойигани тафсилотлари билан тўлган.

Ҳисоботда халқаро корпорациялар ва банклар, жумладан, Citibank, Coca-Cola, Standard Chartered, Lombard Odier ва бошқалар катта маблағ ювилишига олиб келган рэкетчиликда иштирок этгани ҳақида батафсил ёзилган.

Маблағ ювишда одатда Британияга тегишли ҳудудлардаги прокси ширкатлардан фойдаланилган. Ҳисоботда яна мазкур оффшорлар Каримова учун қандай қилиб миллионлаб доллар қийматга эга шубҳали трансакцияларни амалга оширгани ҳақида ёзилган.

Ҳисобот муаллифи профессор Кристиан Ласслетт таъкидича, “Далиллар Каримова яхши уюштирилган синдикатнинг рэкетчилик фаолияти Ўзбекистоннинг ижро этиш, қонун чиқариш ҳамда миллий хавфсизлик тармоқлари орқали амалга оширилишини назорат қилиб турганини кўрсатади.

Буларнинг ҳар бири синдикатнинг тиши ўлароқ иш юритган. Ушбу ҳисоботдаги далиллар айрим ғарблик тарафлар Каримова қўллаган схемаларда иштирок этмаган бўлса-да, улар ҳақида тўлиқ билганини кўрсатади».

Ҳисоботда ёзилишича, Ўзбекистондаги коррупция фақат юқори лавозимли ҳукумат расмийлари билан чекланган эмас. Аслида коррупция тизимли бўлиб, ҳукуматнинг ҳар бир қатламида илдиз отган.

Изланиш муаллифларининг таъкидлашича, Каримованинг жиноий синдикатидаги ёрдамчи ва югурдакларнинг аксари юқори лавозимли расмийлар бўлган. Бу шахслар Каримова можароси оммага аён бўлганидан кейин ҳам юқори лавозимларда ишлашда давом этмоқда.

Гулнора – дунëнинг энг катта порахўри

АҚШ Адлия вазирлиги ҳузуридаги прокуратура идорасининг Нью- Йорк жанубий ҳудуди бўйича прокурори 2019 йилнинг 7 март куни Гулнора Каримовага нисбатан расмий айбловларни эълон қилди.

Каримова қарийб 10 йил давомида турли молиявий схемалар орқали акциялари АҚШ биржасида сотувга қўйилган уч йирик халқаро телеком ширкати – TeliaSonera, VimpelCom ва МTCдан жами 865 миллион доллар пора олганликда айбланди.

Адлия вазирлиги баëнотида таъкидланишича¸ Каримова АҚШнинг хориждаги коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунига кўра ҳозирга қадар энг катта пора олганликда айбланган шахсдир.

Оддий арифметика

АҚШ прокурорлари йиллардан бери акциялари АҚШ қимматли қоғозлар бозорида сотувга қўйилган уч телекоммуникация ширкатининг Ўзбекистонга киргани ва сўнгра фаолият юритиш учун мамлакат президентига яқин шахсга миллионлаб доллар пора бергани бўйича тергов-текширув олиб борди.

Бу жараëнда¸ вазирлик эътирофича¸ Австрия¸ Бельгия¸ Қибрис¸ Франция¸ Ирландия¸ Isle of Man, Латвия¸ Люксембург¸ Норвегия¸ Нидерлания, Швейцария¸ Швеция¸ Буюк Британия ҳуқуқ тизимлари фаол иштирок этган.

2019 йилнинг 7 март куни АҚШ Адлия вазирлиги МТС¸ ундан аввал эса Нидерландияда жойлашган VimpelCom ва Швециянинг Teliа (собиқ TeliaSonera) ширкатлари билан эришилган шу каби келишувларда учала ширкатнинг порани Гулнора Каримовага берганини эътироф этгани ва учала ширкат тўлаган жами пора миқдори 865 миллион долларни ташкил этишини эълон қилди.

Вазирлик баëнотида ëзилишича¸ VimpelCom 2005-2012 йиллар давомида Гулнора Каримовага 114 миллион¸ Telia 2007-2010 йилларда 331 миллион¸ МТС эса ўз фаолияти давомида 420 миллион доллардан кўпроқ пора берганини тан олган.

Уч ширкатнинг расман тасдиқланган жами пора миқдори эса 865 миллион долларга тенгдир.

Прокурорлар баëноти

Нью-Йорк жанубий ҳудуди прокурори Geoffrey S. Berman расмий баëнотда бундай деди:

“Бу Ўзбекистон ҳукуматининг энг юқори поғоналарига бориб етган ва дунëнинг айрим энг йирик телекоммуникация ширкатлари томонидан уюштирилган қарийб 1 миллиард долларлик пора схемасидан туғилган трилогиянинг учинчи қисмидир.

АҚШ молия тизими орқали кўп миллион долларлик пора тўловларини ўтказиш билан ширкат ва шахслар глобал иқтисоддан ўз манфаатларига хизмат қилиш ва чўнтакларини қаппайтириш учун жинояткорона фойдаланишга уринди.

Аммо бугунга келиб улар бу қилмиши учун ҳақ тўламоқда. Бугун мен тамсил қиладиган идора ва бизнинг ҳуқуқ тизимидаги ҳамкорларимиз АҚШ молия тизими хориждаги порахўрлик ва пул ювиш амалиëтлари хизматида эмаслиги ҳақида кескин ва қатъий мужда бераяпмиз.

Прокуратура идораси дунëнинг қаерида бўлишидан қатъи назар, хориждаги коппупцион амалиëтлар олдини олиш¸ тергов қилиш ва жазолашга тайëрдир”.

АҚШ адлия вазири ëрдамчиси Brian A. Benczkowski:

“Гулнора Каримова ўз расмий мавқеидан фойдаланиб¸ акциялари очиқ савдода сотиладиган телеком ширкатларидан 865 миллион доллардан кўпроқ пора талаб қилиш ва олиш¸ сўнгра бу пулларни АҚШ молия тизими орқали ювишда айбланмоқда.

Бугун эълон қилинган айблов ва корпорация билан эришилган келишув (МТС назарда тутилмоқда-таҳр.)¸ қолаверса, бундан аввал Каримовага пора берганликда гумонланган бошқа икки корпорация (Telia ва VimpelCom -таҳр.) билан битим АҚШ Адлия вазирлигининг хориждаги коррупцияга нисбатан муносабатини яққол акс эттиради: биз хориж давлатларидаги порахўр расмийлар¸ айни пайтда¸ уларга ўз бизнеси учун имтиëз олиш мақсадида пора берувчи компания ва шахсларни қатъият билан таъқиб қиламиз ва АҚШ молия тизимини коррупция амалиëтларидан холи тутиш учун ҳамма ишни қиламиз”.

Қамоқхона маҳбуси

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2019 йил 5 март куни эълон қилган расмий баëнотга кўра¸ жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Г.Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.

Аммо Каримова суд томонидан юклатилган мажбуриятларни бажармагани ортидан 2019 йил 5 мартда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.

«Ўғри қамоқда ўтириши керак», дейди Владимир Висоцский фильм қаҳрамони тилидан. Ўғри қамоқда ўтириши керак ва ана ўтирибдиям.

Аммо бу ўғрининг ҳамтовоқлари нега қамоқда эмас? Ўғирликка фазо бўлган непотизмга мойил Ўзбекистон бошқаруви нега бундан сабоқ чиқармади? Нега айни спектакль давом этмоқда?

Бир ëпиқ лабиринт ҳалқаси – дунë,

Айланиб чопасан унда бефойда…

Бу шеърни Ўзбекистон биринчи президентининг порахўрлик, рэкет ва жиноий синдикат қуришда айбланиб, жазо ўтаëтган маҳбуса қизи Гулнора Каримова 2007 йил ëзганини айтган эди.

У шоирликдан ташқари ўзини қўшиқчи, рассом, дизайнер, ҳайкалтарош, бастакор, заргар, муқова устаси, мисгар, қора белбоғ соҳибли жанг устаси, дипломат ва миллиардер тадбиркор сифатида ҳам тамсил қилган эди.

Баъзан шиша синиғи узоқдан гавҳар бўлиб туюлади. Миллионлаб ўзбек талпинган бу қиз айни ўзбекларга оид миллиардларни ўмарган оддий ўғри бўлиб чиқди.

Гулнора Каримова ўз шеърида ëзганидек, «осмон энди жим» , ўзбеклар энди ўзига бошқа малика топишга шошилмоқда.  

«Коррупция — ҳокимиятнинг ватандошларни эмас, балки фақат ўзини бойитишга хизмат қилишидир. Коррупция давлат ва миллатни емирадиган занг, яъни коррозиядир.

Бугунча шу. Тафтиш китобини ëпаман. Нишонда эса бугун тахтда ва эҳтимол эртага ҳибсда бўладиган коррупционерлар.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 март 2017
Фарғона вилоятида шоқоллар тўдаси уч кун ичида 22 та қўйни бўғизлагани ортидан маҳаллий ҳукумат 20 мартдан бошлаб уларни йўқ ...
8 август 2024
Совет даврида КГБ ходимлари бир мунча саводли бўларди. Милтиқдан отиш, турникка осилиш, ўнгача санаш ва камида битта чет тилни ...
23 май 2023
Бугун Туркистон халқининг миллий озодлиги учун курашган Мунавварқори Абдурашидхоннинг НКВД жаллодлари томонидан ўлдирилган кундир. Мунавварқори 1878 йили Тошкентда туғилди. ...
12 июл 2016
Фарғонада одамлар СЭС ходимларининг ҳожатхона ва молхоналарни тозалиги бахона аҳолидан гўнг талаб қилишаётганидан норози. Улар буни гўнгдан уйларнни иситиш ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...