UzPoster
28 май 2021

РТдан ваъз: Мухолифатга отилган палағда тухумлар

Ҳақиқий уруш йўқ, 

Тинчлик ҳам йўқ ҳақиқий,

Йиғилар сохта дурур, ясамадир кулгулар.

Гар самимий бир инсон кўриб қолсам, мен уни

Муқаддас Каъба янглиғ тавоф айлагим келар.

Икки томон урушса, икки ёмон деймиз биз,

Аслида ўйинидир учинчи бир томоннинг.

Оҳ, бунча чаплашмаса, бу дунёнинг ранглари:

Ажратиб бўлмай қолди яхши билан ёмонни.

Санъат мақомин олди таги тешик кўп битик,

Чиқиндига ташланди не-не гўзал санъатлар.

Тулкининг айёрлиги фазилатга саналиб,

Нуқсондир дейилмоқда арслонга хос журъатлар.

Жойи пойгакда асли – тўрига чиқиб олган,

Қўлга сув қуйиб турар тўриларнинг эгаси.

Бир сафарим бор менинг “Лисон ут-тайр” томон,

Ҳасратимни тушунса, Навоий тушунгуси…

2021йил 24 май. Улуғбек Ҳамдам

Кейинги бир ҳафта ичида иштонини бошига кийган иркитлар галаси погонлилар буйруғига кўра ирғишлаганига гувоҳ бўлдик. Кеча Пардагул деган деновлик ойимча “Хидирназарнинг ўғли мени зўрлади, энди квартира беринг менга”, деб чиқувди. Бугун эса ўндан зиëд хотин ва ҳар хил бўбиклар Жаҳонгир Отажоновнинг уйига ҳужум қилиб кириб жанжал кўтарди. Бундан олдин ҳақи тўланган икки ипирисқи ҳавони саситувди. Қилинаëтган ишлар ўта савиясиз ва ҳукумат обрўсини ер билан бир қиладиган даражада тубан.

Ўзбекистон погонлилари “любой тадбир хорошо” деган йўлдан бориб, қош қўяман деб кўз чиқармоқда. Улар фаолларга қарши ОБОН шаллақиларини ишга солди. 

ОБОН (Озверевшие бабы особого назначения) — бирор тадбирни бузиш хизматини кўрсатувчи шаллақи аёллар гуруҳи. Одатда собиқ маҳкумалардан иборат.

Бирор фаолни дискредитастия қилиш ёки жанжал чиқариб, камида безорилик айби билан қисқа муддатга (жиддийроқ айб қўйилмагунча) қамалишига ҳам ёрдам берадилар.

Ўзбек погонлилари қўллайдиган энг жирканч кўринишларан бири.

Менимча, мухолифатга қарши фитналарни президентни обрўсизлантириш мақсадида ҳукумат ичидаги душманлар уюштирмоқда.

Қисқа хабарлар

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси Жаҳонгир Отажоновни президентликка номзод қилиб кўрсатди. Йўлинг ойдин бўлсин, Жаҳонгир!

+++

Вазир яхши, ўринбосар ëмон. Мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Ўзбекистонга тегишли бўлган иккита қишлоқ расмий равишда Қозоғистонга ўтди. Оловуринглар, давлатимиз камайиб қолмайди.

+++

Шу кунларда битта Абдилла Ғариб олмишга кириб тўй қилибди. Каримов биллур кулдон билан кал бошини ëрган ўша алоқа вазири Абдлла. Ўшда эса ўлиб кетган шоир Абдулла Ориповнинг саксон йиллиги тўйланибди. Ўша тадбирда айтилишича, Абдулла Ориповнинг “Жаннатга йўл” асари совет даврида тақиқланган экан. Ëлғон гап бу. “Жаннатга йўл” асари кўп минг нусхада айнан совет даврида китоб қилиб нашр қилинган. Бор худони йўқ деманглар.

Шоирлар ҳар куни гул ва булбул ҳақида ëзса, мен кунора метро ҳақида ëзаман.

24 май куни метро поезди Ҳамид Олимжон бекатида тўхтаб қолди. Йўловчилар вагонлардан туширилди. Метронинг иш соати 2 соатга қисқарди.

Тошкентдаги телеминорага чақмоқ уриб, тепада турган Ўзбекистон байроғи ёниб кетди.

Ўзбек жамияти бу ҳукмдор нима хоҳласа, шуни ëзадиган оппоқ қоғоз. Ўзбекистонда ижтимоий фикр йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Одамлар ҳукмрон фикрга эргашади, кучлининг фикрини севишади.

Ижтимоий фикр бўлганида халқ: “Тўхта, нега ўзбекнинг ерини қирғизга¸ қозоқ ва туркманга гектарлаб беряпсан”, “Нега дордан қочганлар ўзига кластерчи деб ном қўйиб текин ер оляпти?” деб сўрар эди. Нега туҳматчиларга давлат ҳисобидан квартира ва мошин берилади? Нега алифни калтак деëлмайдиган сардобалик хотинга “доктор” деган олим унвони берилади? Нега? Ким ваколат берди? Давлат хазинаси халқ тўлаган солиқлардан таркиб топади. Ҳатто Туркиядаги “Зироат” банки ҳам ўз мижозларига ҳисоб беради.

DIALOG

-Тоға, шу ўлим жазосиға муносабатинғиз қандоқ?

-Билмасам, ука. Сағал йўналиш берворинг-чи.

-Мана, 9 яшар қизингизни бир галварс зўрласа..

-Э, ўлдирвориш керак. Мен ўша ўлим жазоси тарафдориман.

– Энди ëпиқ диктатура бўлған, судлар мустақиллиги йўқ бир давлатда бир бечара туҳмат билан отворилса, тузатиб бўлмайди-да. Масалан, ўша қори акани Суриядаги ИШИДни қўллади, деб отворишса. Кейин бу туҳмат бўлса-чи?

– Ундақа бўладиғон бўлса, кераги йўқ ўлим жазосининг. Қори акаларга қирғин келса, эҳсонни кимга берамиз?

-Сиз анжанликсиз-а, тоға?

-Алҳамдилилоҳ

-Нима иш қиласиз?

– Музқаймоқ сотаман.

– Битта ўғри кечаси келиб бир кунлик сотадиғон музқаймоғингиҳни ўмариб, жижиларрдинг ризқини қийса…

-Ўлдирвориш керак бувингди сикайди.

-Демак, ўғрига ўлим жазоси бериш керак.

-Ашнақа. Ўлдирвориш керак.

-Тоға, ўғиллардан борми?

– Алҳамдилилоҳ. Тўртта. Икккитасини уйладим.

– Мабодо билмасдан кенжа ўғлиз бозорда чўнтак кесса-ю…

– Ким айтди сенга. Ғирт туҳмат бу. У ишди ўзи қимаган. Шериклари таъсирида қип қўйган. Ëш итлар капилга олди. Темир даптаргаям, ëшлар даптарига ҳам ëздирип қўйдим…

– Мен мисол учун айтувдим. Яқин олманг ўзизга, тоға. 

– Сен билиб айтяпсан. Хўш, ўша чўнтаги кесилган кампирнинг икки сўми учун учта анжанлик қамалиб кетовурсинми? Қайси замонда яшаймиз. Одам хом сут эмган банда. Кечиримли бўлиш керак. Ўша кампирдинг касофати билан адвокатга бир вагон пул кетди. Отвориш керак ундақа адвокатни.

– Демак, сиз ўлим жазоси тарафдорисиз?

– Ашнақа.

– Ўғриларни ўлдирвориш керакми?

– Бозорда қўлга тушса, оломон қилиб уриб ўлдириб ташлаш керак.

– Чўнтак бозорида чўнтак кесган ўғлингиз…

– Ука, шу боламни қутқариб беринг. Эшигимни сотиб бўлсаям рози қиламан. Билмасдан ўғирлик қип қўйибди. Чўнтаги кесилганда додлаган кампирдинг оғзини кафти билан тўсиб турган. Бақиргани эшитилмасин деб. Кампирдинг астма касал эканини ўғлим қағдан билсин. Кампирдиям ажали етган экан. Тақдир бу. Ўлимдан қочиб бўлмайди. Отамнинг ўлишини билсам, чакса кепакка сотиб ердим. Гапди тўғриси, аши кампирди ош сувини қибердим. Зўр қори акаларни обориб, эшигининг тагида тиловат қилдирдим. Ука, шу ўғлимни қутқариб беринг. Турмада синиб кетади у.

– Шу ўлим жазосига муносабатни айтмадингиз-у, тоға?

– Э, мазги бола экансан. Ўзим ўлолмай, бўқимга пичағ тортолмай турибман-у, сен савол-сўроқ қиласан. Ҳар куни уй ичимиз билан ўн марта ўлиб, ўн марта тириламиз. Ўлим жазосимиш.

….

“Мерседес”, “Майбах”, “Порш”, умуман, ҳар қандай машина ичига уни бузиб ташлайдиган механизм ўрнатилмайди. Давлат ҳам шундай. Ҳар қандай дин, мафкуравий секта ëки оқим давлатни парчалаб ташлайдиган механизм. 

Шу боис, барча ривожланган давлатларда дин давлатдан – халқ таълими эса черков, масжид, синагога ва бошқа ибодатхоналардан ажратилади. Ҳар қандай эътиқод кишилар қалбида ва улар борадиган ибодатхона ичида бўлади. 

18 ëшга тўлмаган болалар психикасини манипулястия қилиш ва улардан одам калласини кесишга тайëр ИШИД ва толибонлар шакллантиришга йўл қўйилмайди. Давлатчилик тақозоси будир. 

Давлат йўл қурар экан, бу йўлдан ашаддий насроний ҳам, сигирга топинадиган ҳинду ва меҳрибон мусулмон ҳам юради. Қуëш барчага бирдай нур сочгани каби давлат барчага эш, муомала қилишга мажбур. 

Ўзбекистон паспорти чўнтагида бўлган барча ватандош бир хил ҳуқуққа эга. Бунга шак келтирганлар эса давлат яхлитлигига рахна солмоқчи бўлган бузғунчи ўлароқ жамиятдан изолястия қилиниши шарт.

Ривоят: Бир чол дарë ўзанини қазиш каби ҳашарда қатнашиб, ëшлар қила олмаган тарзда белкуракдаги лойни узоққа отар ва ҳеч ҳоримас экан. Тепада қараб турган подшоҳ бу ишда бир сир бор, дея қарияни олдига чорлади. Қарияга диққат билан қараса, белига қалин белбоғ боғлаган эди. 

“Белбоғини ечиб олинг”, дея амр қилди подшоҳ. Белбоғни ечиши билан чол оëғида тик тура олмай, қурбсизликдан ерга ўтириб қолди.Белбоғ ичида олтин тангалар бор эди. 

Қиссадан ҳисса шуки, ҳар қандай заиф кимсанинг белига олтин тўла белбоғ бойлаб қўйсангиз, у шу олтиннинг кучи билан ўзини қудратли ҳис қилади.

Бошқача версиясини эшитинг.

Бир шоҳ узоқ йиллардан бери фақат бир сартарошга соч кестираркан ва хизмат эвазига бир тилло танга ташлаб кетаркан. Одатдагидай шоҳ сочини калталатиш учун ўша сартарошнинг олдига келибди ва ўриндиққа ўтирибди. Бироқ сартарош тўсатдан шоҳга дағдаға қила бошлабди. 

Сартарош: “Агар иложим бўлганда мана шу устара билан бўйнингни кесиб ташлардим”, дейишга ҳам журъат топибди. Шоҳ терлаб кетибди. Сартарош сочни қирқиб тугатиб, шоҳнинг кетишига изн берибди. Шоҳ вазирларидан маслаҳат олиб, сартарошҳонани бузиб ташлашга қарор қилибди. 

Сартарошхона бузилибди, кейин унинг жойи кавлаб ташланибди. Аниқланишича, ер остидан бир қанча хумларда олтинлар топилган экан. 

Хулоса қилинса, сартарошнинг шоҳга унинг калласини кесиб ташлашини айтиб пўписа қила олишига-да буюк журъат берган куч пул экани билинади.

Тармоқдаги энг нуктадонларнинг пешқадами Хуршидахоним Атоуллахон эса булбул ҳақидаги ривоятни сўз эркинлиги заруратига мисол ўлароқ келтирди:

5-синф адабиёт дарслигида “Булбул” эртаги бўларди. Ҳозир негадир олиб ташлашибди. Ҳанс Кристиан Андерсен ёзган. Шу эртакда ҳукмдорнинг жажжи ва ростгўй хабарчи қуши- булбул бўлади. 

У булбулнинг куйини завқ билан тинглайди. Рост наво-нағма қилади-да чунки қуш! Аъёнлар унга совға қилинган сунъий ўйинчоқ булбулни тирик булбулдан устун деявериб, уни ҳукмдорга тавсия қилишади. 

Жонли булбул назардан қолади. Сунъий булбул бир куйлашда тўхтамай 33 мартагача хониш қилади. Бироқ унинг хонишлари бир хил, ўзгармас эди! 

Ҳукмдор касал бўлиб қолади. Ҳатто ётоғи тепасида турган ўйинчоқ булбулнинг мурватини ҳам буролмайдиган даражада ётиб қолади. Ўйинчоқ булбул ўзича мустақил куйлолмас, унинг мурватини кимдир бураб қўйсагина куйлай олар эди-да. 

Саройда амалдорлар ичида миш-миш чуваланади. Ҳамма ҳукмдорнинг ўлими ва тахтга чиқажак янги ҳукмдор ҳақида шивирлаша бошлайди. Буни ҳис қилиб, юраги қаттиқ сиқилган ҳукмдор тўсатдан деразадан учиб кирган жонли булбулни кўради. Булбул шодон куйлаб юборади. 

Куй завқидан тетиклашган ҳукмдор булбулга саройда қолишни, куйлари билан ўзини хурсанд қилиб юришини сўрайди. Булбул доимий қолишга кўнмайди. 

Ҳукмдор ва булбул ўртасида ғаройиб битим тузилади. Булбул мамлакат бўйлаб учиб юриб, юртда бўлаётган яхши-ёмон, адолатли-адолатсиз, хайрли-бехайр: барча ишлардан ҳукмдорни огоҳ қилиб туради. 

Чунки у рост сўзларди. Ўзининг навоси бор эди. Сунъий булбул – қачонки мурватини бураб қўйсагина ишлаб кетадиган қушдан фарқ қиларди-да! 

Ҳукмдор ҳам уни саройда мажбур қилиб олиб ўтирмайди, фақат бу битим иккаласининг ўртасида сир бўлиб қолади. Бу қарордан тетиклашган ҳукмдор заррин либосларини кийиб, қиличларини тақиб, аъёнлар ҳузурига шаҳдам кириб келади ва уларни донг қолдириб дейди:

“Салом”!

Эртакнинг мазмуни шу. Ғояси эса асл, чин гўзаллик ва амалнинг сохтасидан устунлигини англаш!

Ҳукмдорларга шундай ростгўй булбул керак! Ёки шу эртакни ўқиб кўришлари керак!

Хайр мактаб, салом Москвадаги супурги

Кечган ҳафтада юз минглаб ўзбек ўқувчилари мактабни битирди. Етарли саводи бўлмаган бу оломоннинг ҳадафи Москва кўчаларини супурадиган супурги дастасини ушлаш. 

Айни пайтда ўзбек ношири Ферузбек Аллаев бу ëшларга насиҳат қилди. Насиҳатлардан биринчиси – тил ўрганиш.

“Тил ўргангин. Бугунги кунда замонавий билимларнинг 99 фоизи бизнинг ўзбек тилига таржима қилинмайди ва етиб келмайди. Шу учун ҳам замонавий дунёдан ортда қолмаслигинг, ўзинг учун керакли ахборотларни олишинг, онгинг, дунёқарашинг, танқидий фикрлашинг, толерантлигинг шаклланиши учун чет тилни ўрганиш керак. Мана шу чет тил сенга бутун дунёни очишингга калит бўлиб хизмат қилади.

Саёҳат қил. Дунёқараш ва фикрлаш ривожланиб бориши, ўзингнинг янги қирраларингни очишинг учун кўпроқ саёҳат қил. Қўшни маҳаллага саёҳат қил, қўшни туманга саёҳат қил, тарихий шаҳарларга саёҳат қил, ўз шаҳрингдаги гўзал жойларни бориб кўр. Бир кун келиб молиявий имконият пайдо бўлганда сўнгги iPhone ёки монопол амакингни хурсанд қилиш учун янги “Матиз” сотиб олишга шошилма, яхшиси, шу пулга саёҳат қил. 

Турмуш қуриш ҳақида ўйлама. Ёшликда гармонлар ўз ишини қилади, инсон учун биринчи аҳамиятли нарса турмуш қуришдек туюлаверади. Ҳеч қачон ўйланишга ёки турмуш қуришга шошилма. Бу ҳақидаги ўйлар қанчалик энергиянгни ва хаёлингни еб қўйишини жуда яхши биламан. Ўзим ҳам сендек бўлганман. Турмуш қуришда бир онлик муҳаббат муҳим эмас, сени борингча қабул қила оладиган, тушунадиган, сен ҳам уни борича қабул қила оладиган одамни топишинг, табиатларингиз бир-бирига мос тушиши муҳимдир. Бир кўришда бир-бирини севиб қолиб, бир йилга бормасдан турмуш қуриб, кейин ажрашиб кетганларни жуда кўп кўрдим. Шу учун ҳам шошилма. Сен ҳаётда ўз йўлингни топсанг, ҳақиқий инсон сифатида шакллансанг, ўзингга муносиб умр йўлдошини доим топасан. Шу учун ҳам бу масалани яхшиси 25 ёшдан кейинга қолдир.

Энг аввало, ўз фикрингга эга бўл. Ҳар бир эшитган ҳақиқатингни энг сўнгги ҳақиқат деб қабул қилма. Бугун ҳамма манипуляция қилинадиган ахборот уруши замонидамиз. Бу замонда ҳар қандай маълумотни фильтр қилиб билиш, текшириб кўриш, шубҳа қилиш сен учун фойдали. Агар сен ҳар бир маълумотни таҳрир қилиб, ўзинг учун фойдалисини олиб билсанг, ўз ақл тарозингга солиб билсанг, табриклайман, сен жамиятнинг катта қисмидан ўтиб билдинг. Ўз фикрингга эга бўлишинг, ҳар бир қарорингни ўз фикрингдан келиб чиқиб қабул қилишинг жуда муҳим. Ҳар қандай маълумот ҳаётинг учун муҳим ёки муҳим эмаслигини таҳлил қил. Ишонгин, Роналдо ёки Мессининг зўрлиги, Райҳоннинг яна бир бор эрга теккани ёки Ҳалиманинг ижтимоий тармоқда ким биландир уришгани ҳаётинг учун фойдасиз маълумот.

Касб танлашда эҳтиёт бўл ва танлаган касбингда профессионал бўл. Замон ўзгармоқда, касблар ва уларга бўлган талаб ҳам. Бугун долзарб бўлган касблар эртага йўқолиб, унинг ўрнини бошқа касблар эгаллайди. Шунинг учун касб танлашда келажак ҳақида ўйла. Танлаган касбингда профессионал бўлиш ҳақида ўйла. Биз улкан ўзгаришлар остонасида турибмиз ва ўзгаришлар ўз натижасини бермаётганлигининг асосий сабабларидан бири аслида кадрлар етишмовчилигидир. Сен касб дунёсига кириб келган бир вақтда бу муаммо янада авж олган, профессионал кадрларга талаб янада ошган бўлади. Шу учун ҳам ўз соҳанг учун замонавий дунёда энг муҳим бўлган китобларни ўқи, ўз соҳангнинг энг зўрларини интернет орқали кузатиб бор, ўз устингда кўпроқ ишла. Олий тоифали ўқитувчи бўлган бобом ҳар доим айтардилар: Бир киши ўз соҳасида яхши мутахассисга айланиши учун ўша соҳада камида 5 йил ишлаши керак. Яқиндагина биз таржимасини қилган “Зукколар ва ландавурлар” китобида айнан шу нарса “10 000 соат қоидаси” деб кўрсатилган. Яъни ўз соҳангда мутахассис бўлиш учун камида 10 000 соат реал тажриба бўлиши керак. Ҳақиқий профессионал бўлишга ҳаракат қил.

Жамият чизиб берган чизиқ бўйлаб юришинг шарт эмас. Биз жуда консерватив жамиятда яшаймиз. Бизда фарзанд туғилгандан ота-она ва жамият, атроф-муҳит унинг ҳаёт йўлини чиза бошлайди ва бутун умр сен ўша чизиқдан чиқмаслигинг учун ҳаракат қилишади. Ўзгаришлардан, янгиликдан қўрқадиган жамиятмиз. Уларнинг наздида сен учун идеал ҳаёт туғилиш, мактаб, олий таълим ёки армия, уйланиш, фарзандлик бўлиш, давлатнинг катта ишида порахўр бўлиб ишлаш, уй қилиш, тўй қилиш ва пенсия ёшида ибодатингни қилиб оламдан ўтиш. Сен робот эмассан, сен жамият томонидан дастурланмагансан, сен эркин шахссан. Шу учун ҳам эски стандартлардан қочиб, аввало, сенга бахтли яшаш имконини берадиган ҳаётни яратишга ҳаракат қил. Жамият ҳавас қиладиган 1000 киши чақириладиган тўй қилиш бахт эмас, жамият ҳавас қиладиган икки қаватли ҳовли қуриш бахт эмас, жамият ҳавас қиладиган энг сўнгги “Малибу” олиш бахт эмас, жамият ҳавас қиладиган, ҳар бир қарашидан юзлаб ходим қўрқадиган, кечки соат 12да ҳам мажлисма-мажлис юрадиган раҳбар бўлиш бахт эмас. Сен ўз йўлингни ярат, ота-онангдек бўлма. Уларни ҳурмат қил, уларга меҳр бер, лекин сен мустақил инсонсан ва ўз йўлингни, ўз ҳаётингни ярат.

Толерант ёки бағрикенг бўл. Ҳаммани борича қабул қилишга ҳаракат қил. Худо одамларни турли хил қилиб яратган. Ҳамманинг дунё қараши ҳар хил, дини бошқа, миллати бошқа. Ҳар кимда дунёқараш, фикрлаш, одатлар ўзи яшайдиган дунёдан, унинг шахсий тажрибасидан келиб чиқиб шаклланади. Инсониятнинг гўзаллиги ҳам унинг турлилигида, бир-биридан фарқидадир. Шу учун ҳам толерант бўлишни ўрган. Сен қайсидир миллат, қайсидир дин, қайсидир уруғ, қайсидир жинс вакили бўлганинг учун бошқалардан устун эмассан. Сен аввало ҳар бир инсоннинг дини, жинси, келиб чиқишидан қатъий назар инсон сифатида ҳурмат қил ва инсон сифатида эшит. Қачонки бошқаларга нафрат билан эмас, ҳурмат билан яшасанг, ҳаёт кўзингга гўзал кўринади”.

Ўйнама шиқидим, шиқидим

Аммо мактабни битирган болалар қулоғига насиҳат кирмайди. Улар дискотека ҳақида ўйлашади ва тўғри қилишади. 

Хуллас, дискотека ҳақида. Саксонларда Хонларованинг “Кел, қардошим” қўшиғига рақсга тушдик. Кейин робот каби брейк данс. Тўқсонларда эса “Макарено”. Нўлинчи йилларда Pink ва Эминемга илондай эшилиб танца қилдик. Икки йил бурун Gangnam Stylе саси остида ирғишловдим. Рўзадан олдин TRIBAL BEAT блан рамштайнга галма гал рақсга тушганман. Ҳозир брейк, яъни танапс.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Rassom Tuz

Тағин ўқинг
23 октябр 2015
Агар сиз журналист бўлсангиз? Фаол активист бўлсангиз? Ёки оддий фуқаро бўлсангизу Ўзбекистонда яшашасангиз? – у ҳолда ўзингизни ҳуқуқ тартибот ...
12 июн 2021
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан болалар меҳнатига қарши курашиш куни дея белгиланган бу сана ҳар йили 12 июнда нишонланади. ...
6 апрел 2017
Президент Мирзиёевнинг «Ўзбекистон» ва «Ёшлар» телеканалларини, хусусан, «Ахборот» кўрсатувини «ура-урачилик замони ўтгани» тўғрисида огоҳлантиргани ортидан ўзбек оммавий ахборот воситаларида ...
17 феврал 2017
«Халқ сўзи» газетаси (15.02) «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг ёшлар қизиқиш ва қарашларини ўрганишга бағишланган сўрови натижаларини эълон ...
Блоглар
25 май 2021
Ўзбекистонда яқинда ўтказилган сўровнома респондентларнинг 10 фоиздан кўпроғи оиладаги зўравонликка қарши эмаслигини кўрсатди. Бу мамлакатдаги гендер муносабатлардаги ташвишга соладиган ҳолатдир. Бу ҳақда Eurasianet нашри ёзди. 15 май куни БМТнинг ...
19 май 2021
Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскарлар 9 май ...
18 май 2021
1914 йилнинг 18 майи дея тарих ëзилган бу сурат марказида турган Абдуллабекнинг эвараси, шу кунларда ...