Асосий мавзулар
12 ноябр 2021

РТдан ваъз: Бир қадам олға – икки қадам ортга

Азиз ва қадрдон, севгили ва севимли, бир-биридан ардоқли томошабинларим. Сиз билан ноябрь ойида иккинчи марта ҳамсуҳбат бўлиш бахтига ноил бўлганимдан мамнунман. 

Бир пайтлар еттинчи ноябрь куни кўчаларга чиқиб «Октябрга шон-шарафлар» дейишганида, мен ҳайрон қолардим. Нега ноябрь ойида октябрга тасанно айтиш жоиз, деб. Хуллас, менга тушунтиришларича, октябрь таркибида гуноҳ бўлмаган амаллар энг кўп бажариладиган фасл экан.

Ўзбекистон учун ноябрь ойи қиморда «бир қўлли бандит»дан 10 доллар ютиб, сал ўтмай 100 доллар ютқазган ҳаваскорни эслатди. Рассом ва журналист Шуҳрат Бобожоннинг 20 йил сўнгра Ўзбекистонга бориб кўргазма ўтказгани ортидан халқаро доираларда янграган олқишлар ўрнини 7-8-9 ноябрь кунлари ўзбек-қозоқ чегарасида қолиб кетган польшалик мустақил журналист Агнешка Пикулицканинг Ўзбекистонга киритилмагани боис афсус ва надоматлар эгаллади. 

Мен қиламан тўкис – хотин қилар тўс-тўс, деганими бу? Ëки Ўзбекистонда битта қўл қилган ишни иккинчи қўл билмайдими? Хуллас, бундан 104 йил олдин – 7 ноябрь куни давлатни тўнтарганлар доҳийси Владимир Ленин айтганидек, «бир қадам олға ва икки қадам ортга».

Ноябрь. Келдингми, азизим!? 

Юр сенга Невани кўрсатай. 

Балиқчи қушларнинг парвозин, 

Сен билан яна бир кузатай… 

Қарагин, Петербург осмони, 

Қовоғин очмайди, хафадек. 

Шамоллар оқ қайин сочларин, 

Тарайди энг сўнгги дафъадек. 

Ҳув анов кўприкда пўриммас, 

Битта чол балиқча овлайди. 

Илинган ўлжани саватмас,

Такроран дарёга ташлайди. 

Ноябрь. Ҳар йили сен келсанг, 

Бир илинж жой олар қалбимдан. 

Қувончга тўламан гар билсанг, 

Мен сенда ўзимни кўраман. 

Ноябрь. Келдингми, азизим…. 

Бу сатрларни Петербургда ишлайдиган Нигора Ниғматова 2017 йилда ëзган. Туйғуларга тўла ҳиссий мисралар. Нигора 1968 йилнинг ноябрида Самарқандда туғилган. Тасанно, Нигора!

Евтушенко ва пахта тераётган болалар

Бир пайтлар ноябрь ойида болалар пахта далаларига мажбуран хайдалиб, теримга жалб қилинар эди. Бугун бу ҳолат йўқлигидан мамнунман. Қайтмасин у кунлар деймиз, аммо эсга олишда ҳикмат бор. 

Ўтган асрнинг саксон бешинчи йили. Советларнинг сассиз мамлакати ичидан сасини чиқарганлардан бири Женя ака Евтушенко эди. Тошкент аэропортидаги аянчли аҳвол ҳақида ëзган ҳам Евтушенко эди. 

Бир марта Омон Матжон билан Евгений Евтушенконинг Хивага боришида у кишига ҳамроҳ бўлган эдим (музей ходими эдим ўшанда). Женя ака Урганчдан Хивага кетаëтиб, йўл четида пахта териб юрган болаларни кўриб, машинани тўхтаттирди. 

Ноябрь изғиринида қоп-қорайиб кетган болалар ëнига бориб, уларни бағрига босиб, кўзига ëш олди. Устидаги куйлакни ғижимлаб, «Пахтадан куйлак киямиз деб, бу болаларни жувонмарг қиляпмиз. Бошқа совет ўқувчилари мактабда ўқиëтган пайтда бу болаларнинг умри пахтада ўтяпти», деди у қўлларини осмонга силтаб. 

Бизга ҳамроҳ бўлган обком инструкторининг кўзлари ола-кула бўлиб кетди. Кейин машинага қайтиб, Хивага йўл олдик. Табиатан қувноқ ва сергап Женя ака 20 километрли йўл бўйи индамай кетди. Фақат унинг мовий кўзлари пешонамиздаги кўзгудан бизга изтиробли савол билан боқар эди. 

Хива райкоми меҳмонхонасидаги зиëфат пайтида у райкомнинг биринчи котибига қараб: «Ҳар ҳолда пахтадаги болаларга овқат беряпсизларми?» деб сўради. 

Томоғидан овқат ўтмаганди унинг.. 

Яхши одам, зиëли ва оташин шоир эди. Тоталитаризм, авторитаризм, жоҳилликнинг антиподи эди. Диктатор Сталин ўлимидан кейинги «умидлар даври»нинг ëрқин сиймоларидан бири эди. 

Женя ака кейинчалик СССР халқ депутати бўлганида ўзбекларга энг кўп қайғурган киши бўлди. Омон Матчон оға билан дўст эди. Ҳатто Омон Матчонни ўзи суратга олган «Болалар боғчаси» фильмида роль ҳам ўйнатган эди. Марҳум Женя ака айтган «пахта зулмини» яхши эслайман.

Пахта термаслик учун қазилган туннел

Мактабда ўқиганимда «қандай қилиб пахта термаслик мумкин?» деган жумбоқ жавобини қидирганман. Чунки пахта теришнинг ўзи бир азоб бўлса, тарози бошига борганда оз пахта терганинг учун ўқитувчидан таҳқирли дашном эшитиш яна бир азоб эди. 

Урганч телевидениеси журналистлари Рўзмат Отаев ва Неъматжон Солаев кунора телевизорга чиқиб, «пахта термаган одамнинг қўли ҳаром» тарзидаги гапларни айтиб, ҳавода хурофий бир муҳит яратишар эди. Кўчалар, бозору дўконлар пахта боис тақа-тақ ëпилган эди. Постда турган милиционерлар ўтаëтган автобусларни тўхтатиб, йўловчиларни пахта теришга мажбурлашарди.

Ҳатто бир марта Хивага бораëтган хорижлик сайёҳлар ҳам пахта теришга мажбурланиб, халқаро жанжал чиқишига оз қолган. СССР Ташқи ишлар вазирлигидан махсус одам келиб, бу масалани облГАИда муҳокама қилган эди. 

Ана шундай вазиятда пахта термасликнинг имкони йўқ эди. 90 ëшга кирган момолар олдига ҳам кўсак ташлаб қўйишарди. Уларнинг кўсак ситиб ўтирганини «Ахборот» дастури кўрсатар эди: «Мана, бизда ҳамма пахтакор», деб. 

Аммо мен ана шундай асабий вазиятда пахта термаслик йўлини топдим. Пахта мавсумида мактаб камида 3 ойга ëпилар эди. Мен, 13 яшар бола мана шу 3 ойда туман пахта заводига ишга кирдим. Аввалига бўйимни ўлчашди. «Жуда новча бўлсанг, ишга олмаймиз», дейишди. 

Бўйи-бастим тўғри келганидан кейин завод маъмурияти мен билан шартнома имзолади. Завод ошхонасидаги емак дохил ойига 70 рубль оладиган бўлдим. Боз устига, завод мактаб учун маълумотнома ҳам ëзиб берди: 

“Берилди ушбу маълумотнома шул ҳақдаким, ушбуни тақдим қилувчи пахта заводида ишлайдур. Муҳр. Имзо”.

Бу маълумотнома мени пахта теримидан озод қилган олий бир ҳужжат бўлди. Ҳафтанинг беш кунида мен соат эрталабки 9 да «Верховина” деган мопедимни тириллатиб, пахта заводига кириб борар эдим.

Заводга кирганимда мопед мўрисига махсус ғилоф кийгизиш жоиз эди (токи учқун чиқиб¸ пахтага ўт кетмасин, деган андишада). Заводда мен тенги 8 бола ишларди. Бизларнинг вазифамиз улкан пахта бункери ўртасидан туннель тешиш эди (агар туннель тешилмаса, пахта қизиб, ëниб кетиши мумкин эди). 

Туннелнинг бўйи бизнинг бўйимиз билан тенг бўлгани боис, бу ишни фақат биз – болалар қилишимиз мумкин эди. Бизга Ўрозимбат деган бригадир бириктирилганди. Ўрозимбат бизни икки гуруҳга бўлди. Бункернинг бир тарафида тўрт бола, яна бир тарафида тўрт бола махсус теша (кирки) билан навбатма-навбат тешик тешар эдик. Теша оғир эди. 

Пахта хирмонини тешиш тоғни тешишдан қийинлигини ўшанда билганман. Теша урсангиз, ларзон бериб, орқага қайтади. Фақат маълум усул билан пахтани юлиб оласиз. 

Биринчи кунлари кечалари билан елкам оғриб чиқди. Кейин ўрганиб кетдик. Бункер ҳали барпо қилинмасдан олдин ерга бир темир сим ташланган эди. Биз икки тарафдан ўша темир сим бўйлаб туннель ковлардик. Икки ҳафталарда биз бункер ичкарисига анчагина ўрмаладик. 

Биз Урганч туманидаги пахта заводида ишлар эдик. Шаҳардаги заводда туннель ковлаган болаларни бункер босиб қолгани ва уларнинг юзлаб тонна пахта тагида мажақланиб ўлгани хабарини эшитган кунимиз иш ташлашга қарор қилдик. 

Ўрозимбат худонинг зорини қилса ҳам кирмай туравердик туннелга. Кейин пахта заводининг директори келди (бу лавозим ўша пайтда астрономик даражада улуғ эди – улар ҳеч киймаган кийим кийишар, ҳеч кимда йўқ машиналарни минишарди). 

Директор келиб, яхши шиббаланмаган бункергина босиб қолишини бизга тушунтирган бўлди. Гап орасида биз болаларга қип-қизил, Ленин калласи акс этган ўн сўм-ўн сўм пул қистирди. Ўзи эмаклаб туннелга кириб кўрсатди. Тақдирга тан бериб, яна туннелга кирдик. Нариги томондан гуп-гуп деган овоз келар эди. Бу дегани “Эльбадаги учрашувга оз қолди“, дегани эди. Бу иборани урушда қатнашган Ўрозимбат ишлатар эди. 

Ниҳоят, икки гуруҳ учрашдик – бункер ичидан туннел тешилди. Энди юзлаб тонналик пахта бункери ëниб кетиш хавфидан қутулди. Биз болаларни эса янги бункерлар кутар эди.

Чангда қолган Тошкент

Кечган ҳафтада пойтахтнинг чанг-тўзон қоплаган манзараси ижтимоий медиа трендига чиқди. 4 ноябрь куни Сирдарёда бошланган шиддатли бўрон бир лаҳзада Тошкентни чангга ботирди. 

Шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса бу чанг зарарсиз оддий чанг экани, унинг Қозоғистон чўлларидан эсганини оммага тушинтирмоқчи бўлди. Синоптиклар 8 ноябрга келибгина Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиши пасая бошлагани ва нормага яқинлашганини билдиришди. Илгарироқ Тошкент ҳокимлиги махсус техникалар ёрдамида пойтахт кўчаларини босган чанг сув сепиб ювилаётгани ҳақида билдирган эди. 

“Ўзбекистонликлар АЭС қурилишига қарши” гуруҳи эса Тошкентнинг экологик ҳалокат ёқасига келиб қолгани ҳақида ёзди. Тармоққа қўйилган видео қўрқинчли фильмларни эслатиши айтилди. Ҳукумат амалдорлари буйруғи билан пойтахтни ғуборлардан қўриб турган азим дарахтлар, хиёбонларга қирон келтирилгани ҳақида эсланди.

Фейсбукдаги айни гуруҳ аъзоси Машҳура Саид ёзади:

«Севимли шаҳрим учун нима қила оламан??? У ерни қабиҳ, очкўз одамлар оккупация қилишди. Май ой эди. Сариқ жилет кийган бу ёввойилар тўдаси ўз бошлиқлари билан ям-яшил чинорларни чопа бошлашганида, мен якка ўзим қарши чиққан эдим. Бу дарахтлар 77 йил давомида шунчалик баланд бўлиб ўсган эдики, уларнинг шохлари мавзеимиздаги уйларнинг энг юқори қаватларигача етадиган микроиқлим яратарди. Дарахтларнинг шохларида эса олмахонлар, қорақулоқ қушлар ўйнаб-чопиб баҳорни олқишлашарди. Гарчи бу азим қарағай, тол ва чинор дарахтлари остида болажонларимиз чопиб кўча чангитишса-да, дарахтлар бир зумда бу ғуборларни ютиб, ҳавони тозалар ва биз ундан тўйиб-тўйиб нафас олар эдик. Мен оилам билан роппа-роса 20 йилдан бери “Қорасув-1”да яшаймиз… Лекин бу қадар даҳшатли чанг бўронларини илгари кўрмагандим.  Тошкентдаги дарахтларнинг кесилиши шундай оқибатларга олиб келиши ҳақида бир олим аллақачон башорат қилган эди. Ва бу ҳалокат содир бўлди!!!…

Афсус, севимли шаҳрим учун ҳеч нарса қила олмаганимдан қайғудаман, майдонда ёлғиз қолган жангчи бўлолмас… кечир мени, севимли Тошкентим!…”

Нега бошқалардан ўрнак олмаймиз?

Ўзбекистондаги вазият ҳақида тармоқларда гурунг кўп. Бу гурунгларда барча мавзулар ҳақида гапирилади-ю, аммо мамлакатни қандай ислоҳ қилиш ўрнаги ҳақида лом-мим дейилмайди.

Фалончи бувам адолат қилган, пистиëнчи йиртиқ чориғини унутмаган, авлиë бувам дуо ўқиб дарëни тескари оқизган, деган минг бир кеча чўпчакларидан бошқа мунозара йўқ. Боз устига, коммунист жаллодлар – кал ленинларни соғиниш адабиëти. Бу гурунгларда Мустафо Камол ислоҳоти ëки Сингапур ва Гуржистондаги ислоҳот ўрнаги келтирилмайди. 

Биз агар адашган бўлсак, нега йўл изламаймиз? Баъзан сендан олдин юрган одамнинг оëқ излари сени тўғри йўлга бошлаши мумкин. Чунки адашган бир биз эмасмиз. Йўл топганлар бор. Албатта, Сингапурда ўтказилган ислоҳот самараси ҳақида гапириш мумкин. Аммо дарҳол Сингапур менталитети биздан узоқ, деган эътирозни эшитиш мумкин. 

Ундай бўлса, биз билан яқин ўтмишда бирга яшаган Грузия ислоҳоти бизга йўл харитаси бўла олмайдими? Бугун Грузияда “пора билан ўқишга кириш”, “ГАИ га пора бериш” каби ҳолатлар узоқ ўтмишга айланди. 

Бугун Грузияда уй олди-соттиси 30 дақиқада амалга оширилади. Машинага номер олиш учун 20 дақиқа кетади. Фирма ëки ширкатни қайддан ўтказиш учун низомий капитал зарур эмас. Полиция яхши ишлагани боис машинани қулфламаса ҳам бўлади. Буни Тбилисидаги танишларим айтмоқда. 

Албатта, «ақлли» ватандошдан яна эътироз эшитамиз: Грузиядаги ислоҳотни Ғарб ва АҚШ молиялади, деган. Айтиш лозимки, бундай ëрдамни Ўзбекистон дохил 180 мамлакат олади. Грузиядан фарқли ўлароқ, бу мамлакатларда радикал ислоҳот ўтказиш истаги йўқ. Ҳеч ким Грузия каби полицияда ишлаганларнинг 90 фоизини алмаштирмоқчи эмас. 

Яна эътироз, яна шубҳа… Худди чўкаëтган одам уни қутқармоқчи бўлган одамни саволга тутгани каби. Яъни сен узатган ходанинг тикони бармоғимга кириб оғритмайдими, деган тарзда. 

Бармоқ тузалиши мумкин, аммо чўкиб ўлган одам балиқларга ем бўлиши тайин.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
16 сентябр 2019
Сўнгги вақтларда Ўзбекистон диний сиёсатида қандайдир ўзгаришлардан дарак беришга ишоралар пайдо бўлмоқда.  Лекин бўлаётган ишоралар сиёсатда эмас, балки диний ...
17 декабр 2023
Рассом Туз
15 апрел 2024
Ўзбек тили ва элининг эркин бўлиши учун курашган, умрининг сўнгига қадар демократиянинг Ўзбекистон учун энг маъқул тизим эканини айтиб ...
12 август 2019
«Толибон» ҳаракати раҳбарининг ўринбосари Мулла Абдулғани Бародар бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда ошиғич эҳтиром билан кутиб олингани расмий Қобул эътирозига сабаб ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...