Асосий мавзулар
8 декабр 2021

Касаба уюшмаси нима ва у қандай тузилади?

“Элтуз”меҳнат ҳуқуқларига оид анимациялар туркумини давом эттиради. Бугун биз сизга касаба уюшмасини қандай тузиш ҳақида ҳикоя қиламиз. 

Даставвал касаба уюшмаси нима эканини аниқлаштириб оламиз. Касаба уюшмаси бир корхонанинг умумий манфаатларга эга ходимлари бирлашмасидир. Бу бирлашма аъзоларнинг ҳуқуқ ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жамоатчилик асосида тузилади. 

Касаба уюшмалари фаолияти кафолати Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида аниқ белгилаб қўйилган. Масалан, ходимнинг касаба уюшмасига аъзолиги мутлақо ихтиёрийдир, уни касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш ёки ундан чиқишга мажбурлаш мумкин эмас. 

Касаба уюшмалари адлия органларида рўйхатдан ўтган жамоатчилик бирлашмаси шаклида фаолият юритади. 

Касаба уюшмаси ўзаро меҳнат муносабатларига киришувчи раҳбар (иш берувчи) ва ходимлар мавжуд бўлган ташкилот ёки корхонада тузилади. 

Касаба уюшмаси тузиш ихтиёрий бўлиб, ташаббус албатта ишчи-хизматчиларнинг ўзидан чиқиши керак. 

Ташкилот ёки корхонада касаба уюшмаси тузиш учун тайёргарлик чора-тадбирларини кўриш мақсадида, аввало, фаол ходимлардан иборат ташаббус гуруҳи тузилиши лозим. 

Касаба уюшмасини тузиш жараёнини тўғри ташкил этиш учун корхона касбий ва соҳавий жиҳатдан тегишли бўлган тармоқ касаба уюшмалари бирлашмаси ҳуқуқшунослари билан мазкур масалада маслаҳатлашиб олиш зарур. 

Шунингдек, бирламчи касаба ташкилоти ўзи қўшилмоқчи бўлган касаба уюшмаси низоми билан яхшилаб танишиб чиқиши жоиз. 

Касаба уюшмасини тузиш учун ташаббус гуруҳи бирламчи касаба ташкилотининг илк таъсис йиғилишини ўтказиши керак. Бундан иш берувчини хабардор қилиш мақсадга мувофиқдир. 

Илк таъсис йиғилишида касаба уюшмасини тузишга қарор қилинади, унинг раҳбар органлари ташкил этилади ва низоми қабул қилинади. Касаба уюшмаси қўмитаси ва унинг раиси, зарур ҳолларда эса раиснинг ўринбосари, шунингдек, ревизор ёки ревизия комиссияси сайланади. 

Ишчи-хизматчилар сони 15 нафардан ортиқ бўлганда касаба уюшмаси қўмитаси ва ревизия комиссияси (агар бирламчи ташкилотнинг ҳисоб рақамини очишга қарор қилинган бўлса) сайланади. 

Касаба қўмитаси аъзолари сони тоқ бўлиши ва унга иш берувчининг турли бўлимлари вакиллари киритилиши керак. Қўмита таркиби миқдори касаба уюшмаси аъзоларининг умумий сонидан келиб чиқиб белгиланади. Таъсис йиғилишида касаба қўмитасининг бирламчи таркиби тасдиқланади. Касаба уюшмасига янги аъзолар қабул қилингандан кейин унинг таркиби низомда ёки бошқа меъёрий ҳужжатларда белгиланган тартибда тўлдирилиши ва янгиланиши мумкин. 

Фаолиятининг дастлабки босқичида касаба қўмитаси раиси жамоатчилик фаолиятини асосий иши билан биргаликда олиб бориши мумкин. Бироқ аъзолари сони 300 нафардан ортиқ бўлган касаба ташкилотларида молиявий имкониятга қараб раисни асосий ишидан озод этиб, касаба уюшмаси штатига ўтказиш тавсия қилинади. 

Йиғилиш қарори баён тарзида расмийлаштирилади ҳамда уни раис ва котиб имзолайди. Касаба уюшмасининг ҳар бир аъзоси касаба уюшмасига аъзо бўлиш тўғрисида ариза ёзиши ва ҳар ойда аъзолик бадали ушлаб қолинишига розилик билдириши шарт. Ойлик бадал миқдори йиғилиш иштирокчилари томонидан белгиланади ва у одатда маошнинг 1 ёки 2 фоизига тенг бўлади.  

Таъсис йиғилиши ўтказилганидан кейин 10 кун ичида бирламчи касаба ташкилоти тузиш тўғрисидаги қарор ҳудудий (туман, шаҳар, вилоят бирлашган қўмитаси) касаба уюшмалари органига юборилади. У бўлмаган тақдирда эса қарор бирламчи касаба ташкилоти қўшилмоқчи бўлган республика касаба уюшмалари кенгашига жўнатилади.

Бирламчи ташкилотнинг хати ва қарори асосида юқори турувчи касаба органи уни ўз сафига қўшиб олиш, унинг ҳисоб рақамини очиш ва муҳрини тайёрлаш тўғрисида қарор қабул қилади. 

Юқори турувчи касаба уюшмалари органи таркибига қўшилганидан сўнг бирламчи касаба ташкилоти рўйхатдан ўтказилган ҳисобланади. Бу ҳолатда у тармоқ касаба уюшмалари бирлашмаси низоми асосида фаолият юритади. 

Ходимлар таъсис йиғилиши ёки касаба уюшмаси аъзолари қарорига кўра касаба ташкилоти адлия органларида рўйхатдан ўтиб, юридик шахс мақомини олиши мумкин. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 январ 2021
2019 йил октябрда давлат хизматчиларининг даромади ва мулкини декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва 2020 йил бошидан ...
10 ноябр 2022
Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиймиз. Дастлабки шикоят Қашқадарёдан. “Обод маҳалла”нинг абгор кўчалари “Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри ...
1 октябр 2017
«Элтуз» мухбири Тоштурмадан озод этилган ёзувчи Нурулло Отахонов билан сўзлашишга муваффақ бўлди. Эндигина қамоқдан уйига келиб турган 63 яшар ...
7 декабр 2015
Омадли бизнесмен ва Ўзбекистондаги илк хусусий банкни ташкил қилган Рустам Усмонов, ўша пайтларда ҳали Тошкентдаги энг олий кабинетларга кира ...
Блоглар
26 ноябр 2022
Нукусдаги воқеаларни ўрганиш бўйича парламент комиссияси таклифи ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси илтимосномасига кўра, намойишларда қатнашиб ...
3 ноябр 2022
1906 йилнинг 3 ноябрида Германиянинг Берлин шаҳрида ўтган Халқаро радиотелеграфия анжуманида SOS сигнали ҳалокатни билдирувчи ...
1 ноябр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 11-қисми Турк бирлиги ғояси ва ...