Асосий мавзулар
21 март 2022

Жаҳонгир Отажонов иддаосини ДХХ хавотир билан қарши олди

Хонанда ва мухолифат фаоли Жаҳонгир Отажоновнинг Озодлик радиосига 18 март куни берган интервьюси Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Хизматида катта хавотир билан қарши олинди.

Бу ҳақда @eltuzга ДХХ билан тўғридан-тўғри алоқага эга ишончли манба хабар қилди.

Жаҳонгир Отажонов Озодлик билан суҳбатда 15 март куни Урганч шаҳри яқинида номаълум шахслар унинг бошига қоп кийдириб, ойналари қорайтирилган қора “Жип”да номаълум жойга олиб боришгани ва номусига тегиш билан таҳдид қилишганини айтди.

Мазкур интервью учун хавфсизлик идораси оғир бадал тўлашини ДХХ раҳбарияти ҳозирданоқ яхши тушунмоқда. Чунки хонандани бадном қилиш ва овозини ўчириш амалиёти айнан шу идорада ишлаб чиқилган ва айнан шу идора ходимлари томонидан амалга оширилган.

@eltuz манбасига кўра, бадном қилиш амалиёти бошида ДХХнинг бир генерали ва бир полковниги турибди. Уларнинг исмлари @eltuz га маълум.

ДХХ раҳбарияти: “Ялонғоч ҳолатда қўшиқ куйлатиш” тадбиридан сўнг Жаҳонгир Отажонов оммавий ахборот воситалари орқали чиқиш қилиб, ўзи учун уятли бўлган ҳодисани жамоатчиликка ошкор қилмайди”, дея сўнгги дақиқаларгача умид қилган.

Аммо мухолифат фаолининг бўлган воқеани қандай бўлса, шундайлигича айтиб беришга ўзида журъат топа олгани ДХХ раҳбариятининг умидларини чипакка чиқарган ва “бадном қилиш” амалиётини бутунлай барбод қилган.

“Ҳодисанинг эртаси куни, яъни 16 март куни Жаҳонгир Озодликка алоқага чиқишга уринган ва 17 март куни бунга эришган. Ана шу икки кун давомида хонанданинг ҳар бир қадамини, ҳар бир суҳбатини пойлаётган ДХХ ташқи кузатув ходимлари ваҳимага туша бошлашди. “Жаҳонгир барча ҳақиқатларни ошкор қилишга уринаяпти”, деган оператив маълумот келиши билан, “контора” раҳбарияти қўшиқчи ҳақидаги материал чиқарилишининг олдини олиш йўлларини излай бошлади. ДХХнинг чиркин иши ҳақидаги ҳақиқат тарқалишининг олдини олиш учун ДХХ ўзининг барча агент ва “қулоқ”ларини ишга солди. Лекин натижа бўлмади”,- дейди ўзбек махсус хизматларига тўғридан-тўғри алоқадор манба.

Унинг айтишича, 18 март куни Жаҳонгир ҳақидаги видеокўрсатув Озодликда эълон қилингач, ДХХ раҳбарияти тунги 22.30 гача иш жойидан силжимай ўтирган.

“Президент маъмуриятидан қўрқинчли қўнғироқни кутиб ўтиришди. Лекин уларнинг бахтига кутилган қўнғироқ бўлмади. Раҳбарият эртага ҳам ишхонада ўша “қора қўнғироқ”ни кутиб ўтирса керак”, деди ўзбек махсус хизматларига алоқадор манба.

@eltuz га маълум бўлишича, ДХХ раҳбарияти ҳодисадан мутлақо бехабар бўлган президент Мирзиёев томонидан жазоланишга ўзини ҳозирданоқ тайёрламоқда.

Зеро, ДХХ ўзининг унутилиб бораётган амалини такрорлаш билан халқаро ҳамжамият ўнгида ислоҳотчи номини олишга интилаётган Мирзиёевнинг ҳозиргача тўплаган обрўйини бир тийинлик қилади.

@eltuz манбаси берган қўшимча маълумотларга кўра, ДХХ ичидаги генерал ва полковник раҳбарлигидаги ўша гуруҳ анчадан бери президент Шавкат Мирзиёев ҳамда унинг оила аъзолари ҳақида интернетга “қора далил” сиздириш билан шуғулланади.

“Бу икки шахс асосан Мирзиёев ҳамда унинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева ҳақидаги “компромат”ларни интернетга сиздиради. Улар бу маълумотларни ўз агентлари орқали бошқа давлат фуқаролари бўлган ўзбекларга Интернетда эълон қилиш учун тақдим этишади. Нега президент ва унинг қизи ҳақидаги “компромат”лар айнан бошқа давлат фуқароси бўлган ўзбеклар орқали эълон қилинмоқда? Чунки улар фош бўлган тақдирда ҳам, “қора” далилларни тақдим қилган гуруҳ, айниқса, унинг икки раҳбари ҳеч қачон фош бўлмайди. Сабаби шунда-ки, хориждаги ўзбеклар компромат аслида “контора”нинг ўзидан сиздирилганини билишмайди ҳам”, деди @eltuz манбаси.

Унинг айтишича, куни кеча ана шу гуруҳнинг Тошкентдаги агенти хорижий давлат фуқаролари бўлган ўзбек фаолларига Саида Мирзиёевага тегишлилиги иддао қилинган улкан ҳовлининг “Google Map”дан олинган расмини жўнатган.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, @eltuz: “ДХХ генерали ва полковниги бошқараётган мана шу гуруҳ Жаҳонгир Отажоновни ё Шавкат Мирзиёевга яхши кўриниш (“Тинчликбузар”нинг оғини ёпдик, мана!”, дейиш) учун, ёки бўлмаса, президент Мирзиёевнинг халқаро майдондаги обрўсини тўкиш учун атайлаб ўғирлаган ва таҳқирлаган”, деб ҳисоблайди.

Нима бўлган тақдирда ҳам, Жаҳонгир Отажонов ўзбек махсус хизматлари ўғирлаб кетиб, таҳқирлаган иккинчи ўзбек сиёсатчиси бўлди.

Ундан олдин, 90-йилларнинг бошларида вице-президент Шукрулла Мирсаидов ҳам МХХ ходимлари томонидан калтакланиб, маҳалласига яланғоч ва ҳушсиз ҳолда ташлаб кетилган эди.

Икки мазлум ўртасидаги фарқ шунда-ки, раҳматли Шукрулла Мирсаидов бу хўрликни элга ошкор қилмади, Жаҳонгир Отажонов эса – бу ҳақида баралла айтди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 апрел 2021
Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизматида ўриндошлик асосида фаолият юритувчи Аброр Мухтор Алий (Аброр Абдуазимов) унинг экстремистик баёнотлари атрофидаги барча ...
6 март 2022
Ўзбекистонлик журналист Марина Козлова ўз сайтида Украинанинг Тошкентдаги элчиси Микола Дорошенко билан интервью чоп этиши ортидан Оммавий коммуникациялар масалалари ...
25 апрел 2018
Каримов даврида шаҳар чеккасига чиқариб ташланган Шомаҳмудовлар ҳайкали яна эски жойига қайтарилмоқда. Ҳайкаллар 9 май куни «Истиқлол» (собиқ «Халқлар ...
4 май 2016
Eltuz.com маҳаллий қўшиқчи ва санъаткорларни турли чегаралардан чиқмасликка даъват қилиб келаётган ўзбек мулозимлари ҳажв этилган рассом Тузнинг янги карикатурасини ...
Блоглар
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...
11 январ 2024
Қирғизистон парламенти кеча, яъни 10 январда кўпчилик овоз билан депутат Эмил Жамғирчиевни жиноий жавобгарликка тортишга ...