Асосий мавзулар
29 март 2022

Тошкентлик блогер Мариупол болалари ҳимояси учун суратини сотмоқчи

Тошкентлик блогер 37 ёшли Ақида Моҳирова (Aqida Xanum)  ўз бисотидаги энг қадрли сувратни сотиб рус босқинчилари қамалида қолаётган Украинанинг Мариуполидаги гўдак ва болалар ҳимояси учун бермоқчи эканини билдириб тармоқда эълон қолдирди.

Асар ўзбекистонлик рассом Эркин Орол мўйқаламига мансуб. Ақида Ханум 27 март куни янгилаган эълон матнига кўра, ўлчами 110×90, холстга мойбўёқда ишланган, ўзбек гўзали акс этган бу суратнинг бошланғич нархи 5000$.

“Тушган маблағларнинг бир қисми Мариуполь (Украина)даги болачалар ҳамда Ўзбекистондаги онкологияга чалинган болачалар учун хайрияга йўналтирилади” дея ёзди шу куни Инстаграм каналида қолдирган эълонида Ақида Ханум.

Ушбу рангтасвир асари 2021 йили Тошкентдаги махсус тақдимот маросимида илк бор намойиш қилинган эди. Унда миллий кийимдаги Ақида Ханумнинг қиёфасини кўрамиз.

Икки инсоннинг ярашишига сабабчи бўлган сурат

Асар муаллифи Эркин Орол Элтузга берган суҳбатида бу сурат устида 2021-22 йиллар давомида иш олиб борганини айтади.

“Асарни Ақиданинг Швециядаги дугонаси ишлаб беришимни мендан сўраган. Уларнинг орасида қандайдир мунозара бўлиб, гаплашмай юрганлиги ва шу асар орқали ўртадаги ғуборнинг кўтарилишини истаётганлигини билдирган эди. Мен у қизнинг бу истагини билиб хурсанд бўлдим ва айтган нархимдан анча арзонга ишлаб берганман, у менга қимматлик қилаябди деган гапни ҳам айтган эди” дейди Эркин Орол.

Шундан кейин рассом портрет устида шошилмасдан ишлашга киришади. Унинг айтишича, бунинг учун у ижтимоий тармоқлардан жуда кўп материаллар йиққан, уларни саралаган. Ақиданинг дугонаси унга кўплаб фотосуратлар ташлаб берган.

«Менда икки инсоннинг ярашиши учун шу ишим сабабчи бўладиган бўлса, яхши иш қилишим керак деган фикр бўлган. Бундан олдин ҳажми кичикрок ва композицияси бошқача бўлган ишни бошлаган эдим. Биринчи бошлаган бу ишимдан кўнглим тўлмай, кейин бу холатдагисини бошкатдан бошлаганман. Ақида ҳақида маълумотлар сўраганман. Унинг эски шаҳарда катта бўлганлигини билиб, орқа фонда эски шаҳар кўринишини тасвирлаганман. Ҳуллас портрет 2 йил давомида ишланган» деди рассом Элтуз билан суҳбатида.

Эркин Оролнинг сўзларига кўра, 2022 йилнинг бошида бу расм Ақидага кутилмаган совға сифатида топширилган. Икки дугона ораларидаги муносабатлар шу портрет туфайли яна тикланган.

«Мен ҳурсанд бўлганман буларнинг муносабати яхшиланганидан. Лекин айни пайтда уларнинг оралари ҳозир қандай, буни билмайман. Мен шу ишимнинг Украинадаги гўдаклар учун ёрдами тегса жуда ҳурсанд бўламан. Яхши, хайирли ишга қўл урибсизлар, сизларга рахмат айтаман ва бу яхши ниятларингиз амалга ошишини тилайман»

Сурат ва аукцион атрофидаги мунозаралар

Табиатан фаол ва кўнгилчан бўлган Ақидахоннинг рус босқинидан азоб чеккан Украин болаларига ëрдам қилиш учун ўз бисотидаги картинани сотишга ният қилгани тармоқда муҳокама бўлди. Айниқса баҳслар ушбу эълоннинг Элтуз телеграм каналига қўйилиши ортидан кучайди.

Россиянинг Украинага очган уруши фонида пайдо бўлган ўзбек троллари армиясининг беҳисоб ҳақоратли коментларидан ташқари, баҳслар жумладан рассомнинг ва у яратган асарнинг қиймати, блогер Ақида Ханумнинг шахсияти атрофида кечди.

“Бизда зомби яшикни кўрадиганлар кўп. Россия пропагандасига учганлар бор. Тармоқда бир нарса ёзсангиз, дарров чиқиб келишади. Лекин уларнинг қараши ҳукуматимиз қарашига айланиб қолмаслиги керак.”, – дейди уларни ўқиган блогер Ақида Ханум.

У шунингдек, тармоқда ўз шахсияти атрофида кечаётган фисқи фасод изоҳларга эътибор бермаслигини Элтузга билдирди.

Изоҳларни узоқ кузатган, кейин эса телеграм саҳифасидаги изоҳ функциясини тўхтатишга мажбур бўлган рассом Тузга кўра, муҳокамалардан эса икки хулоса чиқариш мумкин:

1. Аксар аҳоли тасвирий санъат ва унинг қадр-қиммати ҳақида бирламчи тасаввурга ҳам эмас.

2. Аксар аҳолининг мияси, Россия пропагандаси тарафидан ишлов берилиб, тузалмас ўриспараст зомбига айланган. Бу икки хулосадан ташқари ҳасад, кўролмаслик, бировнинг пулини санаш каби «хислат»лар ҳам ярқ этиб кўринди.

«Қора квадратни менам чизаман», «Бундай расмни болам ҳам чиза олади», «Битта расмга шунча пулми?» деган маънодаги гаплар авомликнинг астрономик кўриниши.

“Баччабоз толибонлар ҳукмронлик қилаëтган Афғонистондан фарқли ўлароқ Ўзбекистонда мингга яқин професссионал рассом, ҳайкалтарош ва графика усталари муваффақиятли ижод қилмоқда. Ўнлаб музейларда кейинги 50 йил ичида ижод қилган минглаб ўзбек рассомларининг асарлари намойиш қилинмоқда. Рассомлик – бу хобби эмас. Рассомлик узоқ машаққатли ўқиб ўрганишдир” дея ҳулоса қилади изоҳларни бирма бир ўқиб чиққан рассом Туз.

Украинада ҳар куни ўлаётган болаларга ёрдам бериш истаги

Оддий ҳақиқат шундан иборатки, ўзбек блогери Ақида Ханум рус босқинчилари қамалида қолаëтган Мариуполдаги гўдак ва болалар учун бермоқчи.

“Кимда ким бу сувратни сотиб олмоқчи бўлса бошланғич нархи беш минг доллар. Бир ой мобайнида ким кўп нарх таклиф қилса шу киши бу ноëб асар эгасига айланади ва айни пайтда украиналик болаларга кўмак берган ҳисобланади. Расмдан тушган пул Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси воситачилигида Мариуполдаги болалар учун нима зарур бўлса шунга сарфланади. Қамалда оч яланғоч ва етим қолган болалар дарди ўзбек аëлининг оромини ўғирлади. Йигирманчи асрда марғилонлик Тамара хонум немис фашистларини қириш учун ўз концертларидан тушган пулга танк сотиб олган эди. Йигирма биринчи асрда эса тошкентлик Ақида Ханум замонамиз фашистлари дея лаънатланган рус босқинчилари қамалида қолган гўдакларга ëрдам қўлини чўзмоқда.» дейилган эди жумладан Элтузнинг телеграм каналида чоп этилган эълонда.

Асар муаллифи Эркин Орол, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, 1998-2005 йилларда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Дастгоҳли рангтасвир йўналишида таҳсил олган. Асосан у тасвирий санъатнинг портрет, манзара ва натюрморт йўналишлари бўйича ижод қилади.

Эркин Орол Ўзбекистонда ва ҳорижда бир қанча шахсий ва жамовий кўргазмаларда ўз асарлари билан қатнашган. 2007 йил Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида бўлиб ўтган «Ўзбекистон ва Корея рассомлари халқаро кўргазмаси” ҳамда Эронда ўтказилган «Ўзбекистон тасвирий санъати» кунлари кўргазмаси қатнашчисидир.

P.S: Мақола нашрга тайёрланаётган пайтда Ақида Ханум Элтузга аукциондаги таклиф 7000 $ долларга ошганини маълум қилди. Юқорида таъкидланганидек, асардан тушган маблағнинг бир қисми Ўзбекистондаги анкологик касалликларга чалинган болалар жамғармасига ажратилади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 январ 2016
Элтуз электрон почтасига келиб тушган хабарга кўра, бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг эркатой куёвлари Ойбек ва Отабеклар пули кўплигидан керилишмоқда. ...
7 декабр 2017
Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон президенти этиб сайланганига 4 декабрда бир йил бўлди. Куз ўтиб қиш келди. Газсиз, чироқсиз уйларда сайловчилар ...
20 июн 2018
Сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжон 2003 йилнинг баҳорида «Сангород»га этап қилинади. «Асли даволаниш муассасаси бўлишига қарамай, бу зонада этапни кутиб ...
18 апрел 2024
Стокгольм шаҳрида Швециянинг “Solidariska byggare” (Қурувчилар бирдамлиги) касаба уюшмаси ўзбек меҳнат муҳожирлари учун доимий учрашувлар ташкил қилмоқда. Бу учрашувлардан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...