Асосий мавзулар
9 июн 2022

Элтуз Портали-7: Алмашаётган мактаб директорлари қанчалик саводли?

Бугун «Элтуз портали»да муҳокама қилмоқчи бўлганимиз шикоятлар мавзуи шу кунларда Ўзбекистонда рўй бераётган мактаб директорлари аттестацияси натижаларига бағишланади. Аксарият ўқитувчилар собиқ директорларини ҳимоя қилишмоқда, ҳеч қандай аттестациянинг бизга кераги йўқ дейишмоқда.

Дастлабки шикоят Элтуз порталига ўз директорларининг бўшатилишидан норози Қарши шаҳридаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқитувчилари ва ишчи хизматчилари иддаоларига оид. Улар ўз шикоятларига кўплаб видео, фото ва ҳужжат нусхаларини илова қилишган.

Элтуз ўрганган ҳужжатлардан маълум бўлишича, Қаршидаги спорт мактаби собиқ директор Одил Тошев 55 балл тўплаб аттестациядан йиқилган, 66 балл тўплаган унинг ўринбосари Жамолов Жамшид вақтинчалик директор лавозимига тайинланган.

Қашқадарёлик маҳаллий ҳуқуқ фаоли Шукрулло Парпиев аттестация билан мактаб директорини ишдан бўшатишни кулгили холат деб ҳисоблайди.

«Айнан Одил Тошев каби жонкуяр рахбарларни бунақа баҳоналар билан ишдан олинишини кулгили ҳолат деб биламан. Аттестацияни баҳона қилиб, директорни вазирликка чақириб ишдан бўшатиш, – бу кулгили ҳолат. Жаҳон кулади бунга», – дейди ҳуқуқ фаоли Элтузга берган видео интервьюсида.

Бироқ Элтуз Қашқадарёдаги мактаб рахбарлари ўртасидаги аттестациянинг қанчалик адолатли ёки адолатсиз ўтказилгани юзасидан ҳулоса қилишга шошилмайди. Бироқ, ёзишмаларда кўзга ташланган айрим нуқсонларга диққат қаратади.

Эътиборимизни тортган ҳужжат мактабнинг 50 га яқин ўқитувчилари, ишчи, хизматчилари томонидан Бош прокуратура, Бош вазир, спорт вазирлиги ва Элтузга жўнатилган ариза бўлди. Биринчи жиҳат ўзбек мактаблари ва вазирликлар ўртасидаги ёзишмаларнинг ҳамон кирилл алифбосида олиб борилаётганидир. Холбуки, ўзбек тилига давлат мақоми берилганига бу йил 33 йил тўлади. Иш юритишда «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси муҳокамаси сўнгги бор 2021 йилнинг 1 ноябрига қадар узайтирилган эди. 33 йил бурун мактабга борган бола эса бугун мактабларда ўқитувчилик қилиб, битта жумлада кўплаб имло хатолари билан ўз собиқ директори ҳимоясига ариза ёзмоқда.

Кўриб турганингиздек, биргина расмий аризада мактаб ходимлари 10 лаб имло хатоларига йўл қўйишган. Ёки имло хатоларига тўла мактубни имзолашган. ва бундай ҳолат биринчи бор кузатилаётгани йўқ.
Масаланинг иккинчи томони, улар Қашқадарё вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Ваҳоб Рўзиев ўзининг номенклатурасига кирмайдиган фаолиятни қасддан бузиб аттестация бахонасида мактабнинг собиқ директори Одилхон Тошевни қўрқитув ва мажбурлов билан, вазирнинг номини сотиб, босим остида ариза ёздириб олишганини иддао қилишмоқда.

Маҳаллий фаолларнинг билдиришича, 2015 йилдан буен мактабда ободонлаштириш ишлари олиб борилмокда. Ҳозирги кунда мактабда 500 га яқин манзарали ва мевали дарахтлар экилган. Мактаб ҳовлисида сабзавотлар экилган эгатлар ҳам кўзга ташланади. Қолаверса, маҳаллий ҳуқуқ фаоллари ҳам директорнинг ноҳақ бўшатилганини айтишмоқда.

«Аттестациядан вазирнинг ўзи ўта олармикан? Беайб парвардигор, ҳаммамизнинг билимимиз юз фоиз эмас. Мениям билимим етмайди. Бу бир баҳона! Ривожланган бир мактабга бошқа бир директорни қўйиш мақсадида қилинган нарса деб ўйлайман», дейди қашқадарёлик фаол Шукрулло Парпиев. У шунингдек, «Аттестация мутлақо бизга керак эмас» деган президент Шавкат Мирзиёевнинг гапларидан иқтибос келтиради.

Эҳтимол чиндан ҳам президент айтганидек, аттестациядан мутлақо фойда йўқдир? Масалан, спорт мактаби олдига гилос билан турп экишдан фойда бордир?

Қолаверса боксчи етиштирадиган мактаб директоридан савод талаб қилиш ҳам нотўғри. Лекин спорт мактаби директори ўз арихасида қўрқитилгани, босим остида ариза ёздиришганини иддао қилмоқда «Против лома, нет приема» дейишадику ўрис машойихлари. Кейинги видеошикоят Хоразмдаги рус мактаби ўқитувчиларидан келган.

Хоразмнинг Урганч шаҳридаги рус тилига иҳтисослаштирилган мактабда шу мактаб директорининг рус тилидаги оҳанги тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

“Элтуз” мухбирининг аниқлашича, видео ўтган ҳафта Урганчдаги 28-сон мактабда “Сўнгги қўнғироқ” маросимида ёзиб олинган.

Табрик сўзи мактаб директори Шоира Полвоновага берилар экан у рус тилида ёзилган табрик матнини тўғри ўқиб беролмади.

“Ўзбек ватандошларининг рус тилини билиш мажбурияти йўқ. Ўзбек ватандошлари грамматик хато ёки акцент билан гапирса андиша қилмаймиз. Лекин, рус тилидаги мактаб директори қўлига берилган қоғоздаги матнни тўғри ўқиб беролмаяптими у бундай мактабга раҳбар бўлишга лойиқ эмас”, – дейди боласи шу мактабга борадиган а аёл..

“Агар ростдан ҳам шу аёл мактаб директори бўлса унда ўқувчилардан нима кутсак бўлади?”, – дейди бошқа ота-оналардан бири.

Хоразмлик нафақадаги кекса муаллим Султонпошша Матяқубованинг айтишича, муаммо мактаб директорининг русча билиш-билмаслигида эмас, саводсизлик масаласида бўляпти.

“Савиясизлик, саводсизлик, билимсизлик ҳозир асосий муаммо. Аттестация тизими йўқ. Гороно ёки Облонода танкаси бор истаган аёл келиб мактабга директор бўляпти. Мактаб ўқувчиларини имтихон қилиб кўринг, ўзбекчани ҳам билмайди. Саводсиз бир авлод етишяпти. Русча мактабга беряпти боласини, русчани ҳам билмайди, ўзбекчани ҳам”, – дейди собиқ муаллим.

Агар мамлакат таълим тизими бўйлаб ўтаётган аттестация боис мактабларга шундай директорлар қўйилаётган бўлса, президентнинг ғазабнок гаплари тўғри бўлса керак деб ҳам ўйлаб қолади одам.

Лекин мактаб директорлари саводсиз бўлсаю, уларни аттестация қилиш ҳам кераксиз тадбир бўлса унда бу мактабларда савод чиқаришнинг нима кераги бор. Умуман бу мактабларга халқ пулини сарфлашнинг нима кераги бор? Булар албатта мамлакатдаги таълим тизимини жаҳолатга етакловчи риторик саволлар. Бугунги кунда халқ таълими тизими жиддий ислоҳотларга муҳтож.

Элтуз порталида биз бугун фақат иккита шикоятга ва улардаги муаммоларнинг айрим жиҳатларигагина эътибор қаратдик. Бу муаммолар албатта тегишли вазирлик ва давлат мутасаддилари эътиборига ҳавола қилинади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 ноябр 2016
2016 йил 19 ноябрь Ўзбекистонлик мустақил журналист Жамшид Каримов 2012 йил январидан бери шу кунгача Самарқанддаги психиатрия касалхонасида мажбуран ...
7 апрел 2015
Қудрат Бобожон Биз ҳар куни хабарлар оламиз, мамлакатда кун сайин демократия заифлашаётгани, диктатура кучайиб бораётгани ҳақида.  Эҳтимол, оддий авом ...
14 март 2020
Шу пайтгача ошкора тазйиқларга учраётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистлар эндиликда виртуал ҳужумларга ҳам дуч келмоқда. Уларга электрон ...
15 феврал 2022
Аввалроқ АҚШ маъмурияти Россия Украинага истаган пайти, шунингдек Олимпия ўйинлари пайти ҳужум бошлаши ҳақида хабар берган эди. ОАВ хабарларига ...
Блоглар
26 ноябр 2022
Нукусдаги воқеаларни ўрганиш бўйича парламент комиссияси таклифи ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси илтимосномасига кўра, намойишларда қатнашиб ...
3 ноябр 2022
1906 йилнинг 3 ноябрида Германиянинг Берлин шаҳрида ўтган Халқаро радиотелеграфия анжуманида SOS сигнали ҳалокатни билдирувчи ...
1 ноябр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 11-қисми Турк бирлиги ғояси ва ...