Асосий мавзулар
3 феврал 2023

РТдан ваъз: Вазирнинг дилхушлиги

Мана хафта чархпалаги айланиб яна сиз қора кўзлар билан биргаман. Тоғ тоғ билан учрашмайди
МС: Одом одом билан учрашади. Лекин ҳамма одамгарчиликдан чиқиб, ит ашака ойлониб гетган юртда ким билан учрашасиз. Ойноғо қороб, жиик дисисзми, ëшулли!
РТ: Матчонбой сенда эмпатия, яъни одамларга ачиниш, уларнинг дардини тушуниш ҳусусияти йўқ. Одамларга паст назар билан қарайсан. Мана тармоқда комент ëзадиганлардан ўрган эмпатияни. Палончи хотинини ўлдирибди деб ëзсак, ҳа энди ўлдиради-да жонидан тўйдирганидан кейин, деб ëзади. Пистиëнчи бир кампирни сандиғидаги капанлигини ўғирлабди деса, ўғирлайдида мухтож бўлганидан кейин, дейди.
МС: Иноби расмдаги соққолли сопормат 12 ëш қизни изнасливать қилиб ўлдириб чуқолоқо диқиб гетибди. Одомла бу езалакни осиш гарак, даса Рустам домулло бийимиз ҳамма педофиллани ўлдираварсак, юртда одом сони камаяди дап шу уродни тарапини олиб ëзиб чиқди. Юрт бузилса эшоннан, мўллодан бузилади.
РТ: Мулланинг айтганини қилу қилганини қилма дейишади Матчонбой.
МС: Вулани атганинам атмаслик гарак, ойтқонинам. Бу мўлло зотини қўлина бел варип, отизо ҳайдаш гарак. Ишласин монглойи қороло.
РТ: Матчонбой, қашшоқ кўпайган юртда мулла билан машшоқ кўпаяди. Уларнинг давлат ва миллатга зарарини ўлчайдиган тарози ҳали ўйлаб топилмади.
МС: Овонг, ишитдим юлдиз ҳажанани биринчи дойракаш, тапчи ариннан бўғон Нилупара мукопот бараман дап, онови Шукрилло разборшик мўллони қудоси Озот икки миллиард ҳўкўмотни пилини сўвипарибди. Одом бўмийди бу етмакла…
РТ: XVI-асрда Франция давлатида молия вазири бўлган Кардинал Ришелье: «Давлатни бошқариш ҳаражатларидан кўра, қиролнинг дилхушларини пул билан таъминлаш қимматга тушмоқда», деб ëзғирган эди.

Бир кунда 2 миллиард

Айтганингдек, яқиндагина абгор инфраструктура боис аномал совуқдан музлаб қақшаган давлатнинг вазирлиги бир кунда икки миллиард сўмни ҳавога совурди. Буквально ҳавога совурилди бюджет пули.
Ўзбекистон Маданият ва туризм вазири қилиб тайинланган шаҳрихонлик отарчи Озодбек ўзига ўхшаган отарчилар фестивалини ўтказиш учун бир кунда 2 миллиардни форточкадан улоқтирди.
Тўнғиздан тўқ, санъат ва маданиятдан йироқ, тўйда ашла айтадирғон Нилупар Усмоновага “гран при” бериш учун шунча бюджет пули сарпланди.
2 миллиард сўм. Атиги 100 йил олдин шаҳрихонлик Ҳамдам баччани тўйга чақириб ўйнатиш учун тошконлик Саидазимбой минг червон (бугунги хисобда тахминан 60 минг доллар) ҳарж қилганди. Аммо Саидазимбой шаҳрихонлик баччани давлат ҳисобидан сийламаган эди. Саидазимбойнинг ҳозирги мулозимлар, хусусан шаҳрихонлик отарчи Озодбекдан фарқи ҳам шунда.
МС: Ким ву шаҳрихонли бачча. Гўт ўйинчи ўғлон боломи?
РТ: Шаҳрихонлик Ҳамдам бача ҳақидаги тарихий ҳужжатларни яқинда Элтузда чоп қиламиз. Сен Матчонбой гапга илова сифатида сметани ўқиб чиқ.
МС: Ўқидим. Қорсилдоп учиб, гурсилдап синғой булор.
РТ: Шу сметадаги бир тийин ҳам мамлакат ҳалқи ва давлат ривожига ҳисса қўшмайди.
МС: Манда бир таклип бо. Бу шаҳрихонли отарчи тезда ишдан гетсин!
РТ: Агар кимдир унинг мухлиси бўлгани учун уни вазифага тайинлаган бўлса – бу хато. Мухлис бўлса, уйига чақириб, оғиз-бурун ўпишаверсин. Отарчига бўлган севги давлатга бўлган ишончга раҳна солмасин.
Конкрет фойда келтирмайдиган дабдаба ва кўнгилхушликларни пул билан таъминлаш тўхтатилсин. (Бу гапимиз Бош вазир Абдулла Ниғматовичга)
МС: Лекин қадим замонда инсоп боради. Масалан похто планни бажармаган бргодирни релсни синиқи билан ўлдирган рисбувони ишитганман. Диссиплина бор ади қодимда.

РАССОМ ТУЗ: ЙЎҚОЛСИН ҚАДИМЧИЛАР

Ота-боболар тутуми бўлган қадимги традицияларни «қадрият» деб айтишдан олдин мана буларни эшит Матчон.

  1. Одам савдоси ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида бемалол юритилган. Хивадаги Калта минор тагида туркманлар эрон ва бошқа жойдан тутиб келган болалар, аëллар ва эркакларни сотишган. Хивадаги аксар ўзбекларнинг уйида қул бўлган. Бухородаги қул бозори ҳақида Айнийнинг «Қуллар» романи ҳикоя қилади.
  2. Босқинчилик уруши, қийноқ ва одам ўлдириш ҳам ўтмишдаги оддий традициядир. Хива хони Абулғозий ëзган тарихни ўқисангиз бунга амин бўласиз. Абулғозий туркманларни алдаб олиб келиб, сўйиб ташаганини мароқ билан ҳикоя қилади. Мадримхон замонида хон қаҳрига учраганлар Ичон Қалъа девори ëнидаги чуқолоқда пошшоблар тарафидан сўйилган. Амир Олимхоннинг Беҳбудийни қатл қилганини эсланг.
  3. Аëллар яқин ўтмишда умуман ҳуқуқсиз бўлганлар. Уларга «яримта» деб қарашган. Хоразмда аëл сўзининг синоними – «ночор». Ҳозир яна аëлларни ўша ўтмишдаги ҳуқуқсиз ночор қилиш учун зомбилар тиришиб ëтибди.
  4. Ўтмишда даҳшатли табақаланиш бўлган. Жамият бойлар, камбағал қашшоқ ва қулларга бўлинган. Чингиз авлоди бўлмаганлар давлат раҳбари бўла олмаган.
  5. Яқин ўтмишда одамлар ўлат, очлик ва бошқа эпидемиялардан ўлишган. Хивада саратон, сўзак, кўз касалликлари, Бухорода эса ришта деган касаллик тарқалган. Минглаб одамлар оддий кўричакдан ўлганлар.
  6. Дин учун урушиш ҳам ўтмишдан мерос. Шиа ва суннийлар ўртасидаги қаттол қирғинларни эсланг.
  7. Одамнинг гапирган гапи, ëзган шеъри ëки фикри учун ўлдириш, қийнаш ва инквизиция ҳам биз «ошиқ» бўлганимиз ўтмиш ҳақиқатидир. Насимийни товонидан шилганлар, Машрабни осиб, Аваз Ўтарни жинни дея калтаклаб, Беҳбудийни сўйганлар ҳам ўз «боболаримиз» эди.
  8. Эрнинг этаги тегиб кетса ҳам бўғоз бўлиш, хотинларнинг тинимсиз туғиши, болалар ўлими ҳам ўша даврлар меросидир. Туғишни режаламаслик. «Тешик оғиз бўш қолмас» деган паразит тушунча ортидан «бемаза қовунниннг уруғи каби қашшоқ кўпайтираман» деб, хотиннинг қорнини қаппайтириш ҳам традиция, яъни оталар мероси.
  9. Эркакларнинг хотин-ҳалаж орзу ҳаваси деб, эшшакдай ишлаши. Ўн йил ҳаммоллик қилган эрнинг топкани бир кунлик тўйда ҳавога учиши ҳам «ўтмиш қадрияти»дир.
  10. Очлик ва қитлик даври мероси бўлган зиқналик, бола-чақани яхши едириб ичирмаслик ҳам Қодирий айтган «чиркин давр»дан келади.
  11. Гомофобия, шовинизм, расизм, одамларни жисмоний нуқсони устидан кулиш ҳам «буюк ўтмиш» одатидир. Аския ичига беркитилган педофилия тарғиботи, кал, кўр, дудуқ ва чўлоқлар устидан кулиш. Бу залолатни урфу одат, ëки санъат деб айтилиши ҳам бизнинг «бой меросимиз»
  12. Кўрмуридлик, муршид кўтини ювган сувни талашиб ичиш. Шайх ва авлиë деган дин тужжорлари тузган секталар қулига айланиш ҳам «шонли анъана»дир.
  13. Саводсизлик. Илмни ва илм одамларини «пропессор» дея камситиш. Мана мен ўқимасам ҳам бойман, деган ўғриларга ошиқлик ҳам кечаги кундан бугунга мерос.
  14. Фикри аксариятдан ўзгача бўлганларни қувғин қилиш ва ўлдириш ҳам зеҳниятимиз парчасидир. Фурқатни Ëркентга қувганлар ҳам ўзимиз. Муҳаммад Солиҳни сургун қилган одам ўлиб кетган бўлса ҳам шу халқ унга ҳануз сиғинади.
  15. Ўрисқуллик, «ўрис яхши, ўрис адолатли» деб билиш, ўрисдан қўрқиш ҳам оталардан қолган. Бу жоҳил оталар то ўлгунига қадар СССР яхши деб болалари миясини бузишди. Арабқуллик, шайху муллалар этагини ўпиб, миллатни инкор қилиш ҳам меросдир.
  16. Саводсиз ва иккичи ота онасини донишманд деб билиб «Энам манов гапни айтувди, отам СССРни мақтовди, амаким «Москвич» мошинни яхши деганди дейиш касаллиги ҳам отамеросдир. Бемаза мақолларни аргумент қилиб кўрсатиш ҳам кечаги кун одатидир.

Керакми бизга бу традиция ва оталар мероси? Бу иллатлар бизни ўтмиш ботқоғига чўктириб, кўкларга сапчишимизга тўғоноқ бўлмоқда. Бизга «оталар мероси» ва чўпчаклар эмас, дунëвий илм, технология ва ирфон керак.
Биз ўтмишни эмас ҳозирни ўйлайлик. Хозир ва шу ерда, роҳату фароғатда яшашни ўйлайлик. Бизга эртакдаги учар гилам эмас, Боинг ва Айробуслар муҳим. Москвич эмас, Порш ва Теслалар керак. Ўриснинг атом электростанцияси эмас, балки қуëш ва шамол энергияси зарурдир.
Йўқолсин истибдод. Йўқолсин ўтмиш сарқитлари. Йўқолсин қадимчилар. Яшасин техника ва илм. Яшасин жадид фикрли, ботичи ëшлар.
МС: Оғо, Тошкентда 12 яшар қизни ўлдирган педофил яқинда қамоқддан чиқиб галган акан. Хозир любой одом удо билан қомоқдан чиқаваради акан.
Педофилга жазо 300 соат кўча супуришми?
Ўзбекистон – педофиллар учун жаннат. Ўзбекистон Жиноят Кодексида педофилия учун алоҳида модда йўқ.
12 яшар қизчани бир соқолтой зўрласа, қолган соқолтойлар «қизнинг ўзида гап бор», «бемаҳал кўчада юрмасин», «ғунажин кўзини сузмаса», деб алжираб бошлади.
9 ëшдан қизларни эрга бериш мумкин, дея амри маъруф қилади имомбердилар.
Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида ўрта яшар педофил ўзбек эркак Тошлоқ маҳалласида яшовчи 8 яшар қизни олдин алдаб, кейин зўрлаб олиб кетишга уринган пайтда қўлга олинди.
Узун туманининг Маландиён қишлоғида яшайдиган 29 яшар уста йигит ўз ҳамқишлоғи, 5-синф ўқувчисини аввал зўрлаб, сўнг ўлдирди.
Хўжайли шаҳрида иккинчи синф ўқувчиси, 9 яшар қизчани 35-40 ёшлардаги эркак зўрлаб қочиб кетди.
Балиқчи туманидаги бешинчи синф ўқувчисини муқаддам судланган 36 яшар йигит зўрлади.
Баҳмал туманидаги эркак 2-синфда ўқиган тўққиз ёшли қизчани зўрлаб бўлгач, бўғиб ўлдириб, жарликка ташлаб кетди.
Қўқон шаҳридаги Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида ўқувчи қизлар жинсий зўрланди.
Избосканда 35 ёшли ота ўз қизини 2 йилдан бери ғайриоддий тарзда (орқасига)жинсий зўрлагани ортидан қамалди.
Андижон вилоят, Бўз туманида 30 яшар мусиқа ўқитувчиси 1-синф ўқувчисини дарсдан кейин олиб қолиб, жинсий зўрлади.
Россияда 33 яшар ўзбек 12 яшар қизчани зўрлади (Тула, Питер ва ҳатто Камчаткада ҳам ëш қизчаларни зўрлаган ўзбеклар қамалган)
Россияда бу жиноят учун ўзбек педофиллар 20 йилга қамалган пайтда Ўзбекистондаги педофиллар деярли жазосиз қолмоқда.
2018 йили ëш қизларга жинсий тажовуз қилган қўқонлик Ю.М. Ўзбекистон ЖКнинг 129 – моддасида кўзда тутилган жиноят (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш – таҳр)да айбланиб, 1 йилга озодликдан махрум қилинган эди.
Ўзбекистон ЖКнинг педофилияда айбланганларга нисбатан қўлланадиган мавжуд 129-моддаси «уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш» жазосини назарда тутади.
МС: Овонг дуз оғо. Ина масалан қизлани сўккан имомберди бирот, Тошкент туманидайи «Эшонхўжа ота» масжидини собиқ имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов бўлғони уч суткага қамалди. Қамоқдам потëни уриб, конвойладан эхсон олиб ўтирибди бу киспуруш.

Ўрта Чирчиқ чархпалаги…

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани ҳокими Ихтиёр Косимов дадасининг туғилган кунида унга “Шевроле Эквинокс” совға қилди.
МС: Дуз оғо, бу видео кўна, кузда олинган. Мошинам вунча қимматмас. 500 миллион. Ошинг ҳалол бўса, кўчада ич. Ҳокимбиратни отоси Рустам акаям пиёда эмас.
РТ: Ҳоким вақтида Тошкент вилояти Фермерлар уюшмасининг раиси бўлган. Рустам ака Ўрта Чирчиқ тумани собиқ ҳокими Олимжон Нурматовга ўз ўрнини бўшатиб берди. Ўз навбатида Олимжон Нурматов ўз ўрнини Рустам аканинг ўғли Ихтиёр Косимовга бўшатиб берди. Хуллас, қўйнимиздан олиб қўнжимизга, ёхуд Тошкент вилояти элитаси ўртасида сипоҳлар алмашинуви. Ихтиёр Қосимов машина пулини емай-ичмай, ойлигидан тўплаган. Баъзи нафаси совуқлар машина ишсиз қолган юзлаб фермерлар ойлигига олинган дейишади. Буниси энди бизга қоронғу. Ҳали Олимжон аканинг ўғли катта бўлиб қолса, Ихтиёр Косимов ўз ўрини унга бўшатиб бериши бор.
Чархпалагим чархпалак Айланасан мулойим…

Қадамба қадам

МС: Дуз оғо сиза, бир савол мушкулкушоддаги холпо хотинлар рўмол ўрийди. Лекин навчун қатортолдаги ғор ва ишвалакларам ҳижоб гийип юрибди. Клиент чақириш учунми? Ë мода бўлдими скафандр гийиш.
РТ: Хозир Туркияда террорчи дея эълон қилинган Истанбул масжиди собиқ имоми Фатхуллоҳ Гулен «сиëсий ислом ғалаба қилиши учун кичик қадамлар» ташлаб «кичик ғалабаларга эришиши» кераклигини айтган эди. Гуленчилар 21 аср бошида Туркияда ҳижобга бўлган чекловларга қарши кичик кураш бошлаб пировардида бутун давлатни қўлга киритишни режалашди. (Бу режа Гулен мисолида эмас балки Гуленнинг ўхшаш яратиқи бўлган Эрдўғон мисолида амалга ошгани бошқа мавзу) «Тарихни билмаган, уни қайта яшашга маҳкум» дейилади Колумбия наркобарони Пабло Эскобар ҳақидаги нетфликс фильми муқаддимасида. Туркия мисолидаги тарихни эслатганимиз шу боис эди. Хуллас Ўзбекистонда ҳам Каримов музлари эригани ортидан ғимирлаган сиëсий ислом шотирлари Гулен айтган «қадам ба қадам» услубини қўллашмоқда. Шу кунларда «биродарлар адвокати» Абдувоҳид Ëқубов бошчилигидаги гурух Ўзбекистон президентининг бош кийим ва ҳижоб билан паспортга расм тушишни тақиқловчи қарорини бекор қилиш учун кураш олиб бормоқда. ЎР Президентининг 2018 йил 26 январдаги ПҚ-4079-сонли, хорижий паспортларни бериш тартиби тўғрисидаги қарори ва 2020 йил 22 сентябрда қабул қилинган ПФ-6065-сонли ID-карталарни бериш тартиби тўғрисидаги Фармонига асосан хижобга бўлган тақиқ ўрнатилган. Абдувоҳид Ëқубов гуруҳидаги «биродарлар» назарида «соф ислом» нуқтаий назаридан келиб чиқиб, ҳижоб билан паспортга расмга тушишга изн берилиши керак. Айни пайтда уламоларнинг иттифоқ фикрига кўра, аëлнинг юзини фотода акс этишининг ўзи мумкин эмас. Аëлнинг юзи, исми ва овози авратдир. Россиядаги «Голос ислама» портали аëлнинг расми ҳеч бир шаклда ҳужжатда бўлмаслиги керак дея оят ва ҳадислар гувоҳлигида икки сабаб келтиради.

  1. Аëлнинг ҳатто ҳижобли расми ҳам Қуръон ва Суннатга зид. «аль-Ахзаб» сураси 53 оят ва 59 оят мисолида бу фикр қувватланади. Айни суранинг 32 ояти тафсири ҳам паспортда умуман хотин сурати бўлмаслигини тақозо қилади.
  2. Паспорт ëки бошқа ҳужжатдаги хотин сурати эркакларнинг шаҳватли назари ва бу ортидан келадиган кўз зиносига сабаб бўлади. Яъни бу суратни кўрган мулозим ëки паспорт назоратидаги эркакнинг шаҳвати қўзғаб эхтилом бўлиши ва энг оз эҳтимолда фикри бузилиши мумкин. Паспортдаги хотин фотоси шайтон чиқиб йўлдан оздирадиган очиқ эшикдир, дейилади «Голос ислама» порталида.


Тушунганимиз каби, хотинларнинг ҳижобли расмга тушиши диний муаммо ечими эмас, балки дин тужжорларининг сиëсий исломни дастаклаш йўлидаги стратегик қадамидир. Навбатдаги қадам нима бўлишини Россиядаги «Голос ислама» портали яққол тушунтириб турибди.

Хулоса шуки Ўзбекистон дунëвий давлатдир ва унинг қонунларига итоат қилишдан келадиган савоб, ғулуга кетган радикал ваҳобий ва салафийлар алжирашини тинглашдан кўра кўпроқ.

МС: Овонг ëшулли. Гапларингиз ўроқдин дўппо дўғри.

Орқага қараган одам олдинга юра олмайди

Юраëтган одам бошини сал кўтариб олдга қарайди ва шаҳдам қадамлайди.
Масалан, у юраëтиб ортга қараса, ëки қанақа юряпман деб оëғига қараса, қоқилиб йиқилиши тайин.
Илк марта велосипед ҳайдаган одам, оëғига қараса йиқилгани каби.
Бугунги замондошларимиз тасвири менинг кўз олдимда нуқул бўйнини қайириб ортга қараëтган бир одамдай гавдаланади.
«Беруний Американи очган, Ибн Сино кўричакни даволаган, Амир Темур Европани қутқарган, Навоий Гиннес китобига кирган» ва ҳоказо деб нуқул мақтанаëтган бу одамлар лаоқал битта ихтирони патентламайди.
Патент олиш истагида юрганлар эса энг узун лағмон, энг катта палов, ëки энг кўп мошкичири учун Гиннеснинг эшигини қоқишади.
1928 йил 3 июл куни АҚШда яшайдиган рус аслли олим Зворыкин телевизор ихтиро қилган кун сифатида тарихга кирган.
Бу сана айни пайтда ўзбек ватанпарварларини ранжитибди.
Уларнинг иддаосига кўра, биринчи харакатланадиган оқ қора тасвирли ускуна Грабовский томонидан Тошкентда яратилган 1925 йилда. 1928 йилда эса телевизон тизим ишга туширилган ва кўчадаги харакатланаётган одамлар университет ичида туриб кузатилган.
Балким шундайдир, лекин патент ëки ишончли ҳужжат йўқ.
Бу жуда оддий, иккита рус олими параллел тадқиқот олиб борган. Биттаси Тошкентда, яна бири Питтсбург (АҚШ) да. Тақдир тақозоси билан биринчи ТВ ëйин АҚШ да бўлган. Биламиз, Грабовский Навоий кўчасидаги трамвайларни ТВ да кўрсатган. Лекин бу холат патентланмаган.
1923 йилда Зворыкин АҚШнинг Питтсбург шаҳрида ТВ намойиш қиладиган приëмник учун патент аризаси берган (US Patent 2141059 of 20.12.1938)
Бу баҳс ўзбекларнинг иззат нафсига тегади чунки улар Тошкентни ТВ ватани деб ишонишган.
Ҳудди шу маънода Тошкентни Россия инқилоби ватани деб ҳам айтиш мумкин, зотан Керенский Тошкентда туғилган. Ëки рус модерн поэзияси ватани дейлик, чунки Анна Ахматова ўзининг сара мисраларини Тошкентда ëзган.
Гап шундаки, Грабовский ТВ кинескопи устида ишлаëтган пайтда, Тошкент олимлари Або Муслимнинг гурзиси неча ботмон бўлгани, ëки Хазрат алининг шамшири мубораклари неча газ бўлганини тортишиииб ўтирган.
Мадрасадаги бошқа олимлар эса Калвак махсумнинг оëғига занг тақиб, рақс тушиб муқом қилганидан маст бўлиб, «дўўўст» деб яқосига муштлаган.

Ўзбек қани?

Замондошларимга берадиган саволим булдур.
Хўш, бугун нимани қойил қилдик. Эришганимиз Каримов даври ихтиро қилган супургини ушлаб, зарғалдоқ нимчани кийиб ўриснинг кўчасини супурганимизми?
Ëки олий маълумотли филолог қизалоқларнинг дунë исловотини обод қилаëтганими?
Бугун ўзбек археологи Прага магазинида қоровул, ўзбек тоғ инженери эса Прагадаги уйларни қум сувоқдан чиқармоқда. Билганим олий маълумотли ўзбек доктори Америкада чойчақа эвазига уйларга пицца элтади.
Бу менинг билганларим, сиз ҳам бунга билганингизни қўшишингиз мумкин.
Бугун Нобел мукофоти олган ўзбек олими бўлса, фахрланган бўлар эдик.
Афсуски йўқ. Берлинда ўзбек ресторани очиб палов ихтиро қилаëтганлар бор, лекин илм фан технология соҳасида бирор арзирли иш қилган элдошлар борми, бор бўлса айтинглар фахрланайлик.
Қўлимиздаги телефонни, тиззамиздаги лабтопни Стив Жобс ихтиро қилган, мунозара юритаëтганимиз Фейсбук саҳифаси эса Цукербергнинг ихтироси.
Эгнимизга кийган куйлак ҳам ғаюр дизайнерларнинг махсули.
Ўзбек қани, ўзбек? Бу саволга 1983 йилда шоир Муҳаммад Солиҳ «ўзбек пахтада» деб жавоб берган эди. Бугун ҳам ўзбек нарвоннинг энг паст тишида турибди.
Оти ўзган ери йўқ унинг.
У мансуб бўлган жамиятнинг битта улгиси бор, у ҳам бўлса Шимолий Корея.
Ҳуллас ўтмишдаги бобойларни тинч қўяйлик.
Бир жойда қотиб қолиб, ҳадеб орқага қарайвермайлик.
50 йил олдинги урушдаги қахрамонлигини ҳадеб такрорлайверадиган эзма чолга ўхшамайлик биродарлар.

Ғоз туриб олдинга юрайлик! Viam supervadet vadens

Юрган одамгина манзилга етади. «Дорогу осилит идущий»
Бугун интернет саҳифаларида ник остига яшириниб, воҳ ўлдим деб зорланаëтганлар ўзгариш йўлида бир қадам ташлашга қўрқадилар.
«Бундан ҳам ëмон бўлса нима қиламиз» деб ўйлашади ва ўтиришаверади ох воҳ қилиб.
Жек Лондоннинг «Уч қалб» асарида ҳаракатсиз турган одамни ютадиган даҳшатли қум саҳросининг тасвири бор.
Ўзбекистон режими ҳам шундай саҳро. Одамлар ҳаракатсиз бўлгани сайин кўпроқ ерга кирмоқда.
Кеча тиззаларигача кирган бўлсалар, бугун белларигача, валлаҳи аълам эртага бўйинларигача жимгина ерга киришга тайëрлар.
Эх, Конфуций, Конфуций сени ўқиган сайин кўп нарсани тушуна бошлайман.
«Энг муҳими бир жойда турмаслик, илк қадамни ташлашга журъат топиш.» дея ëзганингда нақадар ҳақ эдинг сен.
Мен Қорақум ва Қизилқум ëқасидаги Хоразмда улғайдим.
Қумда йўлдан адашишнинг бадали ўлим эканини ҳар бир хоразмлик билади.
Лекин ҳадаф аниқ бўлса, қумда ҳам, саҳрода ҳам узоқ манзилга етиш мумкин.
Ҳудди инглиз мақоли каби » A journey of a thousand miles begins with a single step»
Минг майл масофа ҳам илк қадамдан бошланади деб таржима қилсак, бу мақолни.
Яна не дейин.
Нега жим бу халқ? Ноғорани урмагунча овози чиқмайди десак тўғри эмас. Уриш, сўкиш, камситиш бўлса шунчалик бўлар.
Бундан атиги 30 йил бурун бу миллатнинг ўзгариш иштиëқи Болтиқбўйи эллари билан беллашган эдику.
1989 йилнинг август ойида тақдир тақозоси билан Урганчдаги «Спартак» стадионида илк мустақил митинг ташкилотчиларидан бири эдим.
«Эрк ва мустақиллик» деган шиор остидаги бу митингда нутқ сўзламоғим керак эди.
Аммо ташкилий ишлар билан бўлиб, нутқ ëзишга улгурмадим. Рассом ўлароқ нутқ ëзишга нўноқ эдим.
Бу нутқни дўстимиз, хозирда таниқли исломшунос олим Абдурашид Зоҳидов ëзиб берганлигини миннатдорлик билан эслайман.
Нутқ «ЮРАЙЛИК» деб аталган эди. Бу нутқ нима ҳақда экани аниқ эсимда йўқ¸ лекин сўнгги жумла эсимда.
Бу сўз «юрайлик «деган сўз эди.
Биз бу сўз қанотида майдонларни тўлдирдик. Фарғона водийси, Тошкент ва Қашқадарë майдонларида юришлар бошланди.
Миллат юра бошлаган эди.
Аммо сал ўтмай, ҳаракат сардорлари ТВ га чиқиб «юришни тўхтатинглар» деб амр қилишди.
Балки тактик жиҳатдан тўғри бўлган бу қарорнинг стратегик ҳато бўлганига сўнгги 23 йил гувоҳлик беради.
Юрмай қўйган одамни ер ютгани каби бизни ҳам ер ютди. Мана 23 йилдирки каримовчилар устимизни тепкилашади. Балким етар.
Балким ўрнимиздан ғоз туриб илк қадамни қўярмиз. Балки биз ҳам юриб, йўқотган йўлимизни топиб олармиз.
Борми шундай истак?
Ўтган куни Германияда жаҳондаги энг йирик рентген ишга тушди. Янги мослама олимларга атомлар, вируслар ҳамда кимёвий реакцияларни кузатиш имконини беради.
Бу ҳақдаги мақола тагига изоҳ қолдирган юртдошлар «Нима у?» деб ëзишган.
Аммо 8 тонналик палов ҳақидаги ҳабарга ҳеч ким «Нима у?» деб савол бермайди.
Шу ўринда менинг баъзи мулоҳазаларим бор.
Аввало жадид отамиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1915 йили «Ойна» журналида нашр қилинган мақоласида «илму ирфон ўрнига ош пиширип мақтанадиганлар» ҳолати «Бизни кемиргувчи иллатлар» деб сарлавҳалаган эди. Яъни миллат тараққийсига ҳизмат қилмайдиган бундай одатларни Беҳбудий бобомиз ëқламаган эди.
Шу ўринда бир нарсани эсладим.
1993 йилда Мюнхендаги Озодлик радиосида икки кун меҳмон бўлдим. 1953 йилда Озодликдаги Туркистон дастурини яратганлардан бири Ўролтой ака деган ëши катта туркиялик қозоқ амаки билан суҳбатлашдим. Шунда у киши ўша йиллари Мюнхенда ишлаган ўзбек журналистлари нуқул овқат пиширганини гапириб бераверди деб эслаган эди. «Мен бир плов жасадим¸ мен машкчири жасадим деб эртаю кеч сўйлеб жатишар эди» деган эди Нурилтой ака. У кишининг эслашича болтиқ бўйи ва кавказлик журналистлар кўпроқ сиëсат, эркинлик ва техника тараққиëти ҳақида бахслашган бир пайтда бизникилар шўрвага қандай эт солишни соатлаб муҳокама қилишган. Мен ўшанда Ўролтой акага бу журналистлар иккинчи жаҳон урушидан кейинги очарчилик йилларида оч қолиб кетиб нуқул овқат ҳақида ўйлашган, қорни тўйганидан кейин бошқа нарсаларни ҳам ўйлайди, деб эътироз билдиргандим.
Афсус орадан 30 йил ўтди, қорни тўйиб мешдай бўлиб кетган миллатдошларимни кўпроқ учрата бошладим.
Аммо мавзу яна ўша кулинария ва гастрономия.
«8 тоналик ош пиширдик, мағрурланмайсизми?» дейди ФБ юзери менга.
Ҳар ҳолда мағрурланмайман. Бундан 100 йил олдин «Миллат ошқозон ҳақида эмас, тараққий ва ирфон ҳақида ўйласин» деган Беҳбудий бобо ўгитини англаган шогирд сифатида 8 тонналик емак билан фахрлана олмайман.
Агар у 80 тонна бўлса ҳам.
Ал Хоразмий бобом 0 рақамини кашф қилганидан ва бу ихтиро замонавий дигитал тизимга асосий мотор бўлганидан фаҳрланаман.
Афсуски, 21 асрдаги бирор муҳим кашфиëт ëки инсоният ҳаëтини янада қулай қулувчи бирор ихтиро Ўзбекистон олимлари тарафидан тадбиқ қилинмади.
Ўзбек астрономлари бирорта ҳам янги юлдуз кашф қилмади.
Ўзбек врачлари бирорта ҳам оламшумул янги дори ўйлаб топмади. Ўзбек кимëгари¸ физик ëки биологи Нобель мукофоти олмади…
Бирорта ўзбек киноси Оскар тугул палма япроғига ҳам лойиқ топилмади.
Холбуки 21 асрда АҚШ олимлари Марсда сув борлигини аниқлашди, япон олимлари эса инсон миясидан чиқаëтган импулсларни санайдиган машинани яратди. Ғарб олимлари биздан 25 ëруғлик йили узоқликдаги сайëралар мажмуини топишди. Японлар табиий йўл билан инсоннинг тўқима ҳужайрасини яратишди. Тадиқиқотчилар энг қадимий газни топишди. Бу газ бедаво касалларни илк пайтдаëқ аниқлашга ëрдам беради. Электромобил, смартфон, ва планшетларнинг янги авлоди устида ҳам ўзбеклар иш олиб бормаяпти…
Улар темир қозон тагига олов ëқиб, гуруч пишириб, «вой биз қандай зўрмиза» деб керилиб, кекириб ўтиришибди.
Жадидларнинг 100 йил олдин орзу қилган тараққиëт ҳақидаги гаплари ошқозон инстинктидан нари ўтмайдиган қавм тарафидан четга суриб қўйилди.
МС: Шўрда тўхтоп, қўлни очип уринг потяни. Кейин ëнққи гапни ойтинг!
Ассалом Ўзбекистон, Жума муборак!

@rassom Tuz

Тағин ўқинг
20 июн 2018
Айрим нашрлар марҳум президентнинг коррупционер қизи Гулнора Каримованинг Швейцария банкларида музлатилган пулларни Ўзбекистон ҳукуматига қайтариш масаласи «ижобий ҳал бўлаётгани» ...
1 сентябр 2016
Бугун ўзбек ҳукумати Каримов номидан табриклар ёзмоқда ва бошқа давлат рахбарлариннг президент номига табрик мактубларини қабул қилмоқда. Айни пайтда ...
20 август 2018
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов минган «Мерседес» 20 август куни Бекобод-Тошкент йўлида «Дамас» енгил автомобили билан тўқнашган. Ички ишлар ...
27 март 2017
Фарғона вилоятида шоқоллар тўдаси уч кун ичида 22 та қўйни бўғизлагани ортидан маҳаллий ҳукумат 20 мартдан бошлаб уларни йўқ ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...