Xoразмда етим қизларни зўрлаган педофил амалдорлар қамалди – 600’39
Эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг навбатдаги сонини тақдим этади.
Хоразмдаги етимхонада вояга етмаган қизларнинг педофил амалдорлар томонидан муттасил зўрлаб келингани мавзуси тармоқда челленжга айланди. Бир гуруҳ ўзбекистонлик аёллар шоира Гулноз Мўминованинг «Аёл бўлиб туғилма шарқда» шеърини ўқиб, видео қилиб тарқатишди.
Эслатиб ўтамиз, тармоқдаги шов шув ортидан педофил Ойбек Машарипов ва камида яна икки собиқ мулозим қамалди.
Етимхонани жалапхонага айлантирган Машарипов ўзининг ИИВ тизимидаги қариндоши ва бошқа танишлари кўмагида шу йилнинг 2 апрелига қадар деярли жазосиз қолаётган эди. Бугунга келиб Хоразм вилоят прокуратураси томонидан адлия бошқармасининг собиқ раҳбари бўлган педофил ва фавқулодда вазиятлар туман раҳбари қамалди.
Хоразм адлия бошқармаси бошлиғи фақат ўзи эмас, Адлия вазирлигининг марказий аппаратидан Хоразмга келган раҳбарларга ҳам вояга етмаган етим қизларни тортиқ қилиб ўз мансабини мустаҳкамлаб келган.
Хусусан, Адлия вазирлиги Бошқарма бошлиғи Ш. Рабиев ва унинг ўринбосари Хоразмга тез-тез хизмат сафарига бориб туришган. Сўнгги маротаба ишратга боришганида Машарипов билан ҳамтовоқликдаги қинғирликлари фош бўлгач, ишдан бўшатилиб, адлия тизимининг қуйи бўлимларига ўтказиб юборилган.
Иш Республика аҳамиятига эга бўлиб бораётганлиги сабабли, тергов қилиш Бош Прокуратурага ўтказилган.
Тармоқдаги шов шувлардан кейин Танзила Норбаева Хоразмда қизларнинг зўрлангани билан боғлиқ вазиятга «давлат ва жамиятнинг муросасиз жавоби бўлиши шарт»лигини билдирди.
Саида Мирзиёева прокуратурадан ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришни сўради.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева ҳамда президент Администрациясининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати шўъбаси мудири, давлат раҳбарининг қизи Саида Мирзиёева Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг зўрлангани билан боғлиқ вазият юзасидан муносабат билдирди.
Танзила Нарбаева «вояга етмаганларга нисбатан содир этилган бундай тубан жиноятларга давлатнинг, жамиятнинг қатъий ва муросасиз жавоби бўлиши шарт»лигини таъкидлади.
«Аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонунимизда мазкур тоифадаги жиноятлар учун жазонинг жиддий кучайтирилаётганлиги айнан шунинг учун ҳам ниҳоятда муҳимдир», — деди у.
Саида Мирзиёева бу ҳолат қонунчиликда жиддий муаммолар борлигини кўрсатгани ва ушбу бўшлиқдан «жирканч шахслар фойдаланиб қолаётганини» қайд этди.
«Воқеа иштирокчилари орасида ҳуқуқ идораси вакилларининг ҳам борлиги ниҳоятда хавотирлидир. Бош прокуратурадан мазкур ҳолатга алоҳида эътибор қаратиб, синчиклаб ўрганишни ва ҳуқуқий баҳо беришни сўрайман», — деб ёзди у.
Шунингдек, у мавжуд қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш, турли «лазейка»ларни ёпиш, оилавий зўравонлик бўйича қонунни қабул қилишни тезлаштириши зарурлигини таъкидлади.
Зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко эса февраль бошидаёқ Сенатда хотин-қизлар ва болалар ҳимоясини кучайтириш ҳақидаги ўзгартишларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилишида 1-сонли оилавий болалар уйидаги вазият юзасидан ахборот берганини матбуотга маълум қилди.
«Бу кейсни февраль бошида Сенатда ишчи гуруҳ йиғилишида тилга олгандим.
Залда сенаторлар, Адлия вазирлиги, Олий суд ва бошқа инстанциялар вакиллари ўтиришганди. Эшитишди, шокка тушишди, ҳеч нарса қилишмади», — дея маълум қилди Матвиенко.
«Март охирида ёзган мақолам улкан резонанс, изоҳлар, норозиликларни келтириб чиқарди. Бироқ инстанциялар бу ҳақда аввалроқ билмаганмиди? Улар вазиятни тўғриласа бўлмасмиди?
Халқнинг норозилигини кутиб ўтирмасдан протест киритиш, қарорни қайта кўриб чиқиш ва одамларга бошқа натижани кўрсатса бўларди-ку. Шунинг иложи бор эди-ку», — дея ёзди у.
Ирина Матвиенко прокурорнинг 6 ёшли қизчага тегажоғлик қилган эркак иши бўйича суд қарори устидан шикоят қилганини мисол қилиб келтирди.
«Ошкор бўлишини ёқтирмайман (кимгадир ғайритабиий туюлиши мумкин). Давлат машинаси одамлар ҳуқуқларини ОАВ ва интернетда шов-шувлар уйғотгани учун эмас, балки тизим ишлаётгани учун ҳимоя қилишини хоҳлайман», — дея таъкидлади Ирина Матвиенко.
Урганчда қизларнинг зўрланиши иши бўйича суд қароридан Nemolchi.uz лойиҳаси хабар бергунига қадар, қарийб етти ой давомида жамоатчилик хабардор бўлмаган.
2022 йилнинг сентябрь ойида Дилмурод Отамуратов раислигида ўтган жиноят ишлари бўйича Хива тумани суди Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари Юлдуз Худайбергенова, Хоразм вилояти адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязовларга нисбатан ҳукм чиқарган.
Унга кўра, меҳрибонлик уйи раҳбари 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилган, ҳамда 1 йилга давлат иштирокидаги корхона, ташкилот, муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Икки собиқ амалдор эса 1,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини олган.
Ирина Матвиенко суд ёпиқ эшиклар ортида кўрган жиноят иши материалларига таяниб, қизларнинг бир неча ой давом этган зўрланишига яна камида уч киши алоқадор бўлиши мумкинлигини айтди. Бироқ суд уларни айбланувчи деб ҳисобламай, гувоҳ сифатида ушлаб турган.
Кўрсатувимизни бошқа халқаро хабарлар билан давом эттирамиз
+++
Санкт-Петербургдаги Путиннинг ошпази Пригожинга тегишли кафе портлатилди. Воқеада 30 га яқин шахс яраланди. Россия урушининг ашаддий тарғиботчиси Владлен Татарский ҳалок бўлди. Кафеда унинг ижодига бағишланган тадбир ўтаётган эди. Воқеа гувоҳларига кўра, тадбирда Дарья Трепова исмли ёш аёл унга ҳайкал совға қилган. Бир неча дақиқа ўтиб портлаш юз берган. Татарский воқеа жойида ўлган. Бундан илгари у украинларга ва ўрис бўлмаган бошқа миллатларга ўлим тилаган эди. Россия Ички ишлар вазирлиги Татарскийни ичига бомба жойлангани тахмин қилинаётган ҳайкалча билан «сийлаган» Дарья Треповани ҳибсга олди.
+++
Бу вақтга келиб Украинанинг Мелитопол шаҳрида рус коллабарантларига тегишли яна бир машина портлатилди. Бир киши жароҳат олди. Украина патрул хизмати маълумотларига кўра, яраланган шахс аввал руслар томонидан ишғол қилинган Акимовка қишлоғи маъмурияти собиқ бошлиғи Максим Зубаревдир.
+++
Германия вице-канцлери Роберт Хабек эълон қилинмаган ташриф билан Киевга келди. Бу унинг Украина пойтахтига кенг кўламли Россия босқини бошланганидан бери биринчи ташрифидир. Германия делегацияси билан музокараларнинг асосий мавзуси Украинани қайта тиклаш масаласи экани билдирилган.
+++
Польша ўз ҳудудига Натонинг ядро қуролларини жойлаштиришга тайёр. Польша президенти Анжей Дуданинг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жаcек Сивер “Deutsche Presse-Agentur” газетасига берган интервюсида “Полша НАТОнинг ядровий ҳамкорлигини кенгайтиришга ҳамда, ядровий қуроллар масъулиятини ўз зиммасига олишга потенциал тайёр эканлигини билдирган.
+++
Туркиянинг Бойқор ширкати Украина двигателига эга «Оқинчи» (Akinci) дронини муваффақиятли синовдан ўтказди.
Замонавий турк дронларининг янги авлоди IHA-230 товушдан тез учадиган ракеталарни 140 км масофадаги нишонга ура олади.
Бу сўнгги 600 секунд ичида сизга етказмоқчи бўлган хабарларимиз эди. Кун давомида биз билан қолинг, Каналларимизга обуна бўлишни унутманг.