Асосий мавзулар
20 октябр 2023

«Kейинги бекат Пекин…» – РТдан ваъз

Бу не кундир, атрофингга боқсанг секин,

У ҳам керак, сен ҳам керак, мен ҳам керак.

Барчамизни даврасига тўплаб, лекин

Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак.

МС: Оғо, шеер ўқидингизми. Автори ким.

РТ: Автори Абдулла Арипов

МС: Иби, онови биртлас Бош вазир шоирми хали.

РТ: Йўқ Абдулла Орипов Ўзбекистонда туғилиб Америкада ўлган улуғ шоир.

МС: Ҳа, шуннин данг охир. Манам Сарапоянда дўғилдим. Хойнахой Мексикада ўлсам гарак. Крокодил еп. Лекин манам тиммиттин шерлани ëзаман.

РТ: Қани ўқичи, Матчон Суқилиш.

МС: Лабингдан бўлса олсом, оло киштак ротоолло.

РТ: Матчонвой бўлса эмас бўсa дейилади. Сен бундай бўлса бўлмаса гапларни қўйиб тузукроқ шеър ëз.

МС: Ина аса. Учак учака боқади. Алдиннан солмо оқоди. Гоз идородо бир қиз бо. Бой бой жонимни ëқоди.

РТ: Матчонбой, бу шеъринг Тароздаги тиланчиларнинг нолишига ўхшар экан.                                

Кеча Манғитдан Тароз (Қозоғистон)га бориб таксичилик қилаëтган амаки билан гаплашдим. Тароз Ўзбекистондан яхши деди. Нега яхши десам Тароздаги солиқчи ва полиция бу амакини назарига илиб, доля сўрамас экан. «Ўзбекистонда тиланчидан ҳам солиқ билан милиса доля олади» дейди.

Мана Тошкент аэропорт таможнийсидаги пиплас биттаси қанақа қиб элдошларини қақшатишини ошнасига мақтаниб ëзяпти. Сергели суди ҳам бу қақшатиш жараëнида шерик экан бу пплосга. Дунëда бўри бўрини тишламайди, илон илонни чақмайди, лекигин ўзбек-ўзбекни қақшатади. Қақшатиб пулини олдим деб ошнасига мақтаниб ëзади. Қурилишдан мих ухлатдим деб мақтанади. Палончини кийдирдим деб хотинига гапириб ўтиради. Бир бечора киракашнинг уловига ўтириб пул  бермай сурворади. Ойлик оган кунинг қарз сўраб келади. Қарззи қайтар десанг, сенга боласини урушда ўлдирган немисдай қарайди. Гапнинг қисқаси гадонинг душмани гадо эмас, балки ўзбекнинг душмани ўзбек бўпқопти. Лекин фарқи нима? Ёзиб қўйибдию паспортига қашшақ, гадай, фуқаро деб.

MS: Ишитдингизми, Тошкентда яшийдўнлани сони уч миллионнан ошибди.

РТ: Бу яхши! Исми тош бўлса ҳам бу шахарнинг бағри тош эмас.

Одам социал махлуқ. Асоциал эмас.

Одамга одам керак. Ҳеч бўлмаганда аччиқ қаҳва ичиш учун битта финжондан.

Одамга одам керак.

Хол аҳвол сўраш учун елкасига қоқиб.

Шунчаки табассум қилиб қараш учун.

Одамга одам керак.

Зерикканда  қўнғироқ қилиб гаплашиш учун.

«Меҳмон кеч бўлди, бизникида ëтиб қолинг» дея оладиган одам. Одамга одам керак.

Қўшни, ëр-дўст ëки шунчаки таниш.

«Йўталаяпсиз¸ шамолладингизми, менда лимон бор ортиқча, занжафилли чой бор иссиққина термосда» деб айтганда, жилмайиш учун.

Одамга одам керак.

«Кўчада ëмғир ëғяпти, шу зонтикни олинг, қайтариш шартмас» деб айтмоқ учун.

Ўчоқда бир дона ўтиннинг ëниши қийин. Икки ўтин яхши ëнади. Одамга одам кераклигини, ёлғиз одам бахти қаро эканлигини Жумавойни кўриб севинган Робин ўғлидан сўра.

Шунчаки сасини эшитиш учун одамга одам керак.

Бахт учун.

МС: Лекин тошкентлилара одам гарак эмас. Вуло вилоятлилани одам ўннинда гўрмийди.

Lost Generation

Дипломли замондошлардан бири «холокост» нима деб сўрабди. Бу саволни ичим зирқираб ўқидим. Ўзбек олий ўқув юртларини битирганларнинг афсонавий даражада саводсиз ва тамаддун тарихидан мутлақо бехабар эканлигидан яна бир бора ўкиндим.

Каримов даврида Каримов китобларини ўқиб дипломли бўлган «йўқотилган авлод» бу.

Йўқотилган авлод (Lost Generation) термини 1890 йилдан 1918 йилгача яшаган ва уруш боис илму ирфонсиз қолганларга айтилгич эди.

Аммо Ўзбекистонда уруш бўлмадику. Бу қадар саводсизлик сабаби нима.

Нега «Олим олма ол» деб ëза олмайдиган, санашни билмайдиган жохиллар галаси диплом кўтариб юрибди?

Буларга таълим бериш яна Рассом Туз зиммасига тушди.

Холокост қадим юнон сўзи бўлиб «ëппасига қириб ташаш» деган  маънони беради.

Бугунги Ўзбекистон заминига қадимда келган, араб ва мўғул босқинчилари ахолини ëппасига қирган. Кутубхоналарни ëқиб, билими борларни ўлдиришган.

Сиëсий луғатда холокост калимаси асосан яҳудийларга нисбатан ишлатилади. Лекин лўлилар ҳам холокост ва геноцид қурбони дея расман айтилади. 

Тор маънода холокост Германияда яшаган яхудийларни  1933 йилдан то 1945 йилгача оммавий қирғин қилинганлигини англатади.

Орийлик идеяси, яъни биз бошқа миллатдан устунмиз, деган ғоя боис немис фашистлари ўз назарида «паст» бўлган яхудийларни қириб ташашган. (Форсларда ва Тожикистондаги ултрамиллатчилар орасида орийлик иддаоси бугун ҳам учрайди)

Ирқчилик, этник тозалаш  ва антисемитизм айби билан Адольф Гитлер, Герман Геринг ва бошқалар айбланган.

Айнан Гитлернинг ирқчилиги боис камида олти миллион яхудий ва бир ярим миллион лўли ўчоқларда ëқилган.

Буни инкор қилиш ва ирқчиликни ошкора қўллаш аксар дунëда таъқиб қилиниб жиноят дея малакаланади. 

Тармоқда Гитлерни мақтаб, холокостни оқлаб ўтирган диндорлар ҳам мониторинг қилинаëтганини айтиб қўйишим зарур.

 (Мониторинг барча тиллар бўйича олиб борилмоқда. Ўзбекча ëздим, ҳеч ким тушунмайди деган давр ўтиб кетган)

Аллақачон, Германияда ўқиëтган ўзбек студентларидан баъзилари бундай чиқишлари учун махсус идора назоратига олинган.

Расмдаги қиз Лейпцигдаги лўли Йоханна Шмидт.

Уни фақат лўли бўлгани учун ирқчи доктор Йозеф Менгел қийноққа солган.

Хўш «тақвоси ошиб кетганлар» жавоб берингчи, Йоҳанна Шмидтнинг нима айби бор эди? Фашист Германияси тупроғида лўли бўлиб туғилганими?

Парадокс

Агар Ўзбекистондаги энг катта бозорга тўпланган одамлар фикрини коллектив онг ўлароқ бир ерга жамласак мана бундай ягона манзара хосил бўлади.

1. СССР даври яхши бўлган. Мўл кўлчилик бўлган. (Холбуки айнан СССР даврида миллионлаб одамлар очликдан ўлган)

2. Мустақиллик ëмон.

3. Каримов яхши. Чунки у мустақиллик учун курашган ва қаттиққўл бўлган.

4. Путин яхши. Чунки у СССРни қайта тикламоқчи.

5. Россия бўлмаса ўзбеклар очдан ўлади.

6. Украина ëмон. Зеленский хоин.

7. НАТО ëмон.

8. АҚШда гейлар яшайди ва у ëмон.

9. Байден ëмон.

10. Зеленский ëмон.

11. Гитлер яхши.

12. Яхудийлар ëш болаларни ўлдириб қонини ичади.

13. ХАМАС террорчилари  яхши.

14.  Толибон яхши

15. ИШИД яхши.

16. Гринкард яхши

17. Салим ўғри яхши

18. Палончи имом яхши

19. Гулнора яхши. Нима қипти ўғирлаган бўлса. Менам ўғирлардим ўрнида бўлсам.

(Қолганини сиз ëзинг)

МС: Ҳаммасиннан рассом Тузни ёзғонлари ёхши. Хото ёзса ўзина ёмон, ман ёзмосомом бўлаваради Дуз оға.

РТ: Энди бу оломоннинг катта ëшдагилари кириллда мингта хато билан ëзади. Ëшроқлари эса лотинда хато ëзади. Бир варақ матнда тўртта хато қилинса, икки қўйиш системасидан келиб чиқиб улар диктантдан минус бир олади. Физика, биология, химия ва оддий мактабнинг тўртинчи синф ўқувчиси ҳеч бўлмаганда учга билиши керак бўлган даражада билимга эга эмас.

Ўзи ўрисча билмаса ҳам, сал нарсага шаллақилик қилиб «Ебан» «Педараст» каби ўрисча сўкишларни ëки бувингни (регионига қараб, онангни, момонгни, синглингни, опачангни) сўкай деб ҳар гапни орасида сўкишни одат қилган. Тошкенликлар учун «Жалаб» сўз ясовчи ва боғловчи бирикмага айланган.

Фитна назарияси. Бўлмаган гапларни айтиш ва уларга ишонишга мойиллик. Эр ўз хотинини, хотин эса эрини ва барча бир-бирининг гапини яширинча ëзиб олиб, скрин қилиб юради. Чунки улар назарида барча икки оëқлилар душман.

Сиëсий жиҳатдан Россия пропагандаси ва Яқин Шарқдаги диний террор марказлари тарғиботи боис уларнинг мияси юз фоиз фалажланган.

Шу боис х минутда ë «Шариат ўрнатиш учун» ëки «СССРни тиклаш» учун «ўзини фидо қилишга» рухан хозир.

Айни пайтда максимум қўрқоқ. Погонли ëки лавозимли одамнинг юзига тик қарай олмайди.

Ҳар куни икки нарса ҳақида ўйлайди.

1. Грин кардга ютуқ чиқадими?  2. Уйимни (машина ëки олтин исирға) сотсам через Мексика АҚШга бора оламанми?

Хуллас плюс минус шу манзара. Парадокс шуки, мабодо бозорни эмас Ўзбекистон  Фанлар академияси мажлислар залига тўпланганлар коллектив ақлини анализ қилсангиз ҳам тахминан шунга яқин манзара хосил бўлади.

Кўпроқ ейиш, туалетда узоқроқ ўтириш ва ухлаш, секс, ишламасдан текин пул келишини ўйлаш, хасад ва абсолют саводсизлик.

Химия заводи чиқиндиларидан таркиб топган тупроқда ҳеч нарса ўсмагани каби бу заминга ташланган ҳар қандай уруғ чириб кетади.

Парадокс шу!

Яқинда ўнта китоб чиқарган шаирка билан гаплашганимда «авантюра» деган сўзни ишлатгандим. Ўшанда бу шаирка «авантюра нима» деб сўровди. Бу шаирка бу текстни ўқиб «парадокс нима» деб сўраши тайин.

Парадокс бу умум авомнинг муштарак фикридан том фарқ қиладиган фикр.

Нега журналист йўқ?

Элтуз очилганидан бери ўткан 8 йил мобайнида «ишга олай» деб журналист қидираман.

Журналист йўқ. Журфакни тугатиб, диплом олганлар бор.

Уларни «проба» режимида бир ой ишлатиб кўрганимдан кейин арқон олиб ўзимни осгим келади.

Матн ëзиш, жумла тузишни билишмайди. Сарлавҳа нима, лид нима, ҳабари йўқ.

«Факт чекинг» десам «астофурулло» дея «ох чекади».

Журфакда нимани ўқидинг десам. «Абу Муслим соҳиби қироннинг гурзию мубораги неча ботмон эканини ўқидим» дейди. «Беш йил тасбеҳ ўгириб, соқол суннатлиги ва ғар хотинларнинг ражм қилишликда қўлланиладиган тош размерини ўргандим» дейди.

РТ: Идлибда белига бомба байлаб, ўзини ўлдирган ҳам Шомдаги саллотларга секс хизмат кўрсатган ҳам ўзбек журфаги ëки филфагини битирган.

Ал Аҳзардан ҳам бунча қадимчи рижол жангари чиқмаган.

Тошкендаги  журфакни хатм қилган мардум зоти ë мулла, ë шиғирчи бўлиши давно вожиб амалга айланган.

Баъзан ҳам шиғирчи, ҳам мулла ëки отин ойи чиқади бу факультетдан. Лекин зинхор журналист чиқмайди. Эҳсон ухлатувчи, шантажчи, тухмат ëки пешиндан кейин бармоғига қараб «мақола ëзадурғон» бемаза бўбик сўбиклар чиғади холос.

Одам автобусга чиқаëтганида номерига қарайди. Бу автобус Оқтепага борадими ëки Лабзакками? Бешариққами ëки Олтиариқами?

Оддий йўловчи ҳам қаерга кетаëтганини ўйлайди. Аммо булар журфакка кириб «нега ибн таймияни ўқитмайсан, нега маллимлар рўмол ўрамайди» деб права качать қилади.

Эй мардак. Сен мулла бўмоқчи бўлсанг бор ана, Ҳайратон кўпригидан ўтиб, бир остановка юрсанг соқоли бир метрлик эшонбово сени тагига босиб, устингда ишлаб, мулла минган эшшакдек қилиб қўяди. Эркак бўсангам иккқат қилади сени.

Нима қиласан давлатнинг ресурсини сарфлаб.

Ўзи журфак билан филфак «қория келин бозори»га ҳам айланган.

Университет отдел кадри аллақачон совчилик фирмасига айланган.

Тиктирган бўлсаям рўмоли бор қизлар савдога қўйиладиган от бозори.

Битта зулпиячи қизни бўлғуси рассом деб кўтар-кўтар қилишди. Давлат гранти берилиб рассомликка ўқиди. Институтнинг бешинчи курсига келганида бу қиз «рассомлик хором экан. Мен қория» бўламан деб, через Миср қилиб ашағларга кетиб қолди.

Яхшиям «Мехр» операцияси бор экан, қолған қутган секс жиходчи хотин халажга қўшиб учоқда «апкеб қўйишди»

Майли нима гўр бўлсанг бўлавер. Аммо давлатнинг ресурсларини увол қима. Битта журфакни битирган рижол алфонс муха Прагадаги салафий мажсидида ўтирарди тасбех ўгириб, яхудийларнинг гўрига ғишт қалаб

Гўрга ғишт қалаш учун илло журналистика факультетини битириш керак, деб ким айтди?

Шу ўринда Тошкентдаги журналистика факультети раҳбари Шерзодбекдан илтимосли рижомиз бор.

Шу факультетда тасбех ўгириб, қарғаниб ўтирган рижол ва қорияларни бир автобус қилиб Ҳайратондан ўтказиб ташаб келсин.

Кўпига қўшилсин улар.

Бу даргоҳда журналист бўлишни истаганлар қолсин. Чунки жамиятга журналист керак. Имомбердию, муллабачча номли паразитлар тўдаси эмас.

Алламжонов нега айбдор эмас?

Жиноятчини ҳимоя қилмагани учун Алламжоновга маломат қила олмаймиз!!!

Элтуз муаллифларидан бири «Нега Алламжонов қамалган блогерларни ҳимоя қилмади» дея риторик савол қўйди.

Бу саволни журналистларни ҳимоя қиладиган халқаро ташкилотлар нега бу «блогерларни» ҳимоя қилмади деб ҳам қўйса ҳам бўлади.

Чунки пул эвазига атай деза мақола ëзиш, шантаж, тухмат ва тоқатсизлик тарғиботини журналистикага алоқаси йўқлигини халқаро ташкилотлар кўриб билиб турибди.

Бу холатнинг журналистика ва сўз эркинлигини чеклаш эмаслигини Комил Алламжонов чет эл ташкилотларидан ҳам яхшироқ ва деталли билади.

Нима учун «Чикотиллани» ҳимоя қилмадинг деган савол доимо риторик бўлиб қолаверади.

Мен Далиев командаси яратган шантаж заводининг «Стоп тариф» деган элеватори қандай ишлаганини бирма-бир ўқиб чиқдим.

Бу шантаж. Тухмат. Қароқчилик ва талончилик. Зинхор журналистика эмас.

«Етмиш минг доллар эмас, эллик минг беринг» деб ўз қахрамони ëқасидан олган Абдуқодирнинг иши ҳам шантаж.

Улар бу ишни АҚШда қилса балки ўн марта кўпроқ срок олган бўларди.

Элтуздаги турфа фикрлиликни ҳурмат қилган ҳолда шуни айтаманки, Алламжонов суд тарафидан жиноятчи деб топилган ва журналистикани чайқовчилик ва тужжорликка айлантириб сўз эркинлиги тушунчасини булғаган касларни ҳимоя қилмай, жуда тўғри қилган.

Қора мушукни ювсангиз ҳам оқармайди.

Терак ҳақида

Шамол бўлмаса ҳам теракнинг учи қимирлайди.

Кичикроқ теракни кесиб тувакка ўтказиб шамол эсмайдиган жойга, масалан бино ичига қўйиб кузатинг. Камера қўйсангиз ҳам бўлади.

Теракнинг учи  тахминан бир неча сантиметрга бориб келиб туради.

Ҳар қандай баланд жисм, бино, кўприк ëки минорада қимирлаб туриш апмлитудаси бўлади.

Шуни ҳисобга олиб бу иншоотларга эластик унсурлар ўрнатилади.

Бу энди илм. Чўпчак ëки қаҳва қуйқасига қараб пол очиш эмас.

Агар кўприк қурувчи инженерлар аниқ ҳисоб китоб ва ўлчов ўрнига конспирология, фитна назарияси, гумон ва фобиялар билан ишласа бу кўприк аллақачон онтарилиб кетган бўларди.

Афсуски, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари аниқ факт ва исботлар қолиб фараз, гумон ва тахминлардан иборат матнларни ҳам ëзишади.

Асосан учинчи дунëнинг cheap медиасига хос қусур бу.

Ҳатто Ал Жазира ҳам аллақачон Би Би Си тамойилида ишлаб, ишонч репутацияси байроқдорига айланди.

Ишончли репутация ўз-ўзидан шаклланмайди. Бу узоқ муддат мобайнидаги машаққатли меҳнат самараси.

Бу репутацияга эга нашрлар (масалан Би Би Си) ҳар бир ëзган жумласи учун камида бир вагон исбот, далил, фото ëки ҳужжатлар келтира олади.

«Тушимда кўрдим», «Ойша хола айтди», «Ичимдан сезяпман» деган финтларни ўзига эп кўрмайди бундай нашрлар.

Нафақат обрўли нашрлар балки мундайроқ матбуот ҳам исбот далил билан ишлайди.

Жек Лондоннинг «Уч қалб» романида бир персонаж бор. Унинг номи «Сир сотувчи». Аслида у сирни эмас исбот ва далилларни сотади. Исбот ва далилсиз гап бу шунчаки дийдиë.

Кимдир «Алламжонов президент бўламан деб айтди» деб ëзиши мумкин. Лекин бунга исбот ҳам илова қилиш керак.

Аудио ва видео дегандек….

Афсус қилинадиган яна бир жойи шуки, кейинги 30 йилда президентлик лавозими сакрал (оддий одам назар солиб суқланиши тақиқланган) қудсоллик касб қилди.

Фақат амалдаги одам умрбод бу лавозимда қолиши керак деган махфий код жорий қилингандай гўë.

Агар кимдир «президент бўламан» деса уни душман сифатида кўриб ур калтак қилинади. Қўшиқчи Жаҳонгир мисолида кўрдик буни. Олдинроқ Каримов даврида банкир Рустам Усмонов «президент амбицияси борлиги учун» ўта узоқ муддатга қамалган эди.

Ҳозир яна шу усул иш беради «Курсига кўз тиккан аяғидан осилади» деган умидда «палончи президент бўламан» деган сўзни ишлатди деб стрелка кўрсатилмоқда.

Аммо мўлжалда адашилди.

Биринчидан, Ўзбекистон қонунларида ëши тўғри келадиган ва мамлакатда муқим яшаган ватандошларнинг президент бўлиши кафолатланган.

Иккинчидан амалга интилиш амбицияси сизлар ўйлаган каби ëмон нарса эмас. Мошинани ҳайдаш учун рулга ўтириш жоиз.

Шу икки омилнинг ўзи ва мамлакатдаги Каримов давридан фарқли нисбатан эркинлик фазоси кимнингдир оëғи осмондан келишига йўл қўймайди.

Ана «президент бўламан» деган хопз Жахонгир шу кунларда Ўзбекистондаги тўйлар ва концерт майдонларининг энг ëрқин юлдузи бўлиб, порлаб «талалангланг» деб қўшиқ айтмоқда.

Одамлар унинг қўшиғига жўр бўлишдан қўрқмаяпти.

Энди конкрет Алламжонов масаласида тагини чизмоқчи бўлганим бир неча жиҳат бор.

1. Алламжонов Каримов даврининг салбий оқибатлари ҳақида танқидий фикрга эга бўлган саноқли мулозимлардан бири. (Арстларни «Биз Каримов даврида эзилдик» деб айттирган бират бу) Демак уни додачи каримовчи нафталинлар ëмон кўради.

2. Путин Россиясининг карнайлари Алламжоновни душман деб билишади ва буни ëзибам чиқишди. Демак уни мустақиллик душманлари бўлган ўриспарастлар ëмон кўради.

3. Алламжонов Ғарб маориф тизимининг илғор услуби бўлган фин ўқитиш тизимини жорий қилиб шу кунгача сақланиб қолаëтган советча таълим тизимини ўзгартирмоқчи. Демак яна ўша нафталин аксил ғарб консерватор чоллар уни ëмон кўради.

4. Кеча битта катта лавозимдаги акахон чиқиб, «Алламжоновни ФСБ ва унинг Ўзбекистон махсус хизматларидаги двойной агентлари ëмон кўради» деди. Демак уни ФСБ ëмон кўради.

5. Алламжонов жадидчиликни энг самарали тарзда қўллаб қувватлаб келади. Бухородаги жадид музейи ва энг сўнгги жадиднинг ўғли Темур Хўжа архивини чет элдан Ўзбекистонга келтириш бош қошларидан бири айнан у киши. Алламжонов халифалик қураман деган кўконорҳаëлларни эмас, илму ирфон дея жон фидо қилган  тараққийчи жадидларни эҳтиром қилишига оид ўнлаб мисоллар менда бор. Демак Алламжоновни қадимчилар ëмон кўради.

Шу беш омилнинг ўзи бу мулозимни қарғаб ердан ерга урмаслик учун асос бўла олади.

Уни қарғаганим учун оладиганим лайкларнинг менга кераги йўқ.

Чунки мен Путин режимини мустақиллигимиз учун хатар манбаи сифатида кўраман.

Путинпарастлардан келадиган лайкдан алхазар.

Айнан Каримов даврида «Шарқда машъал Ўзбекистон қолоқ бир диктатура ўлкасига айланиб қолган деб ҳисоблайман.

Каримовчи додочилар дўстлигимдан чиқиб кетса, фақат севинаман.

Ғарб хусусан Фин таълим тизимни қўллайман, ўқитиш ишига черков, масжид ëки канисонинг аралашувини қоралайман.

Аксил ғарб шотирлари  қўллови керак эмас менга.

НКВД. ГПУ. КГБ, ФСБ тизими миллат тараққиëти учун кушанда деб биламан.

Жадидизмни Туркистон тарихидаги демократик ва ўта ижобий ходиса деб биламан.Радикализм тарғиботчилари ва қадимчиларни қоралайман.

Қадимчилар нафақат мендан балки барчадан узоқлашса яхши бўлади.

Матн бошида ëзганим теракнинг учи шамолдан қимирлади ҳам дейлик. Бу шамол шимол тарафдагилар паррагидан чиққан бўлса муносабат ҳам шунга яраша бўлади.

Ўзбекистонда болалар меҳнати АҚШ ва Германиядаги инсон ҳуқуқлари ташкилотининг ўн йиллик кураши ортидан қисман тугатилди. Бу ташкилотлар кураш олиб борган пайтда ойболта кўтариб болаларни пахтага қувлаган бош вазирлар мажбурий меҳнат ҳақида оғиз очишга ҳам қўрқишган. Ўша пайтдаги Иқбол Мирзога ўхшаш шиғирчилар эса халқаро ташкилотларни қофияли қилиб қарғаб саннаб турган. «АҚШ сени нима ишинг бор. Ҳашар элга ярашар» деган қайтариқлардан иборат эди бу шиғирлар. Нега АҚШ болалар меҳнатига қарши. Чунки бу давлатнинг ўзи болалар меҳнати қандай мусибат келтиришини яшаб кўрган. Суратда 1912 йил феврал ойида Ақшнинг Жанубий Каролина штатидаги Порт Royal шаҳрида бугунги кунда ҳам фаолият юритаётган Маггиони Canning Cо компаниясида  консерва саноатида ишлаётган учта қизни кўрамиз. Бу қизалоқлар жажжи қўллари билан устрица ва бақачаноқлар ичидаги шилимшиқни суғуриб олиш каби оғир ишни қилишган.

Чапдаги биринчи қиз  Жози, у бу фотосуратда атиги олти ёшда, кейин қиз Софи ҳам олти ёшда ва охирги Берта эса ўн ëшда.

Уларнинг вазифаси устрицаларни очиш ва гўштни олиб ташлаш эди, бу такрорланадиган ва хавфли иш, чунки бу ишда  қўллар кесилиб яра чақа бўлади ва инфекция тушиб оғир хаста бўлиш  мумкин. Бундан ташқари, бу қизлар ишни жуда эрталаб соат 4 да бошлардилар.

Ушбу фотосурат 1912 йил феврал ойида таниқли социолог ва фотограф Люис Уикс Хайн томонидан олинган  бўлиб, Конгресс кутубхонаси (АҚШ) архивидп сақланади.

Хайн фотосуратлари АҚШ болалар меҳнати қонунларини ислоҳ қилишда муҳим рол ўйнади.

Болалар меҳнати устидан гизлилик  пардасини кўтариш, ўз ишини ҳужжатлаштириш учун Хайн турли хил қиëфаларга кирди. Инжил сотувчиси ва посткарта сотувчиси сифатида кийинди.

МС: Шунго акандон Дуз дойини ҳар хил алламбало қиёфалара гириб Алламжонов атрофинда юриши. Газикма газик дунё би. Ўтган гуни Германиядан чиқиб Россияга борғон Мирзиёев, бугун Пекина гетибди.

РТ: Ваъзни Абдулла Орипов шеъри билан бошлаган эдим, шунга ўхшатма пародия тарзидаги тўртлик.

Борамиз секин секин,

Кейинги бекат Пекин.

Автобус чиптаси текин,

Путинам ашағда лекин…

МС: Уринг потяни.

РТ: Ассалом Ўзбекистон Жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
25 май 2017
24 май куни “Яланғоч ота” қабристонига кўмилган Марказий Банк Бошқаруви раиси 67 яшар Файзулла Муллажонов ўзбек сўмини конвертация қилишга ...
21 сентябр 2023
Мустақилликнинг 32 йиллиги байрами арафасида  “Ўзбекистон-24” телеканалида Навоий кон-металлургия комбинати  АЖ га қарашли Жанубий кон бошқармасида амалга оширилаётган “оламшумул” ...
6 июн 2016
Ўқувчиларимизга маълуму машҳур Қуддус Аъзамовнинг навбатдаги бир кўрсатуви «Тинчлик учун курашмоқ керак» мавзусига бағишланди. Ана ток шоу, мана ток ...
31 август 2018
«У бир оғиз гапирмади, ерга қараб ўтираверди. Раҳмим келди, очиғи. Мен бир баҳона топиб чиқиб кетсам, тўйиб тўйиб йиғлаб ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...