Кундалик
16 декабр 2015

Юлдуз нега президентга пахта қўйганини элдан яширди?

Улуғбек Ашур
Eltuz.com

Таниқли хонанда Юлдуз Усмонова 12 декабр куни ўз таваллуд кунида президент Ислом Каримовга бағишлаб қўшиқ яратгани хақида хабар берган sayyod.com сайти яқин кунларда кўшиқни ўз сахифасида эълон қилиши ҳақида билдирди.

Бироқ, Дедеман меҳмонхонаси ресторанида, бу қўшиқни куйлашдан олдин, Юлдуз барча қўл телефонлари ва видеокамераларни ўчиришни талаб қилган.

Бундан ташқари, Ислом Каримовга бағишланган қўшиқнинг ушбу даврада ижро этилишига Юлдузнинг чолғучилари ҳам эътироз билдиришган, “Улар куйлама деган бўлса ҳам, у барибир куйлашини айтди” деб ёзди sayyod.com сайти.

“Юлдузнинг Каримовга ялтоқиликни илк бор кўраётганимиз йўқ”, дейди урганчлик санъат шинавандаларидан бири. Унга кўра, 1998 йили “Эй Эл Си” телеканалига берган жонли суҳбатида Юлдуз Усмонова «Ислом Каримовнинг бир жойини ўпишга тайëрман» деган эди.

Юлдуз Усмонова, бир неча йиллардан буён катта саҳнага, ҳамда теле ва радио эфирга қайтиш учун харакат қилаяпти. Ўз ижодига қўйилган таъқиқлардан безган хонанда Ўзбекистондан чиқиб кетиб, бир неча йил Туркияда яшаб ижод қилиб ҳам кўрди.

Бироқ, турк шоу бизнесининг шиддатли ривожи ва аёвсиз интригаларига Юлдуз Усмонованинг ижодий ва молиявий салоҳияти дош бера олмади ва у яна Ўзбекистонга қайтиб келди.

2011 йили Ўзбекистонга қайтган хонанда бор кучини саҳнага расман қайтишга, ижодига қўйилган норасмий тақиқни бекор қилишга сарфлади. Унга линцензия беришган бўлсада, катта саҳнада концертлар беришига ва телерадио эфирларда қўшиқлари ёйинланишига рухсат беришмади.

Юлдуз Усмоновага қўйилган норасмий таъқиқни, Президент Ислом Каримовнинг, ўша пайтларда кучли нуфуз хамда таъсирли медиа салтанат соҳибаси бўлган қизи Гулнора Каримова ҳам бекор қилдира олмади.

2012 йилнинг 31 декабр куни президентнинг қизига атаб куйлаган “Гулисан” қўшиғини интернет оламида эълон қилдирган Юлдуз, 2013 йилнинг баҳорида Гулнора Каримовага тегишли бўлган “Фонд Форум” ташкилотининг дабдабали “Асрлар садоси” тадбиридаги гала концертга расман таклифни қўлга киритади.

Гулнора Каримованинг режаси оддий эди. Республика телевидениеси ва йўлдош каналлари орқали жахон мамлакатларига трансляция қилинадиган “Асрлар садоси” давлат тадбирининг якуний гала концертда Юлдуз Усмонованинг чиқиши, унинг ижодидаги “запрет”га нуқта қўйиши керак эди.

Бироқ, концертнинг энг сўнгги дақиқасида, Тошкентдан Гулнора Каримовага кимдир қўнғироқ қилади ва Юлдузнинг ушбу тадбирдаги чиқиши бекор қилинади.

Водийлик таниқли бир хонанданинг продюссери Юлдуз Усмонова ҳақида гапираркан: “Унга қўйилган таъқиқни олиб ташлашга хатто мамлакат президенти қизининг нуфузи ҳам қучсизлик қилгани шуни билдирадики, Юлдуз опани “запрет” қилиш ҳақидаги буйруқ мамлакатнинг энг юқори мансабдаги одамидан чиққан. Гулнора билан яқин дугона бўлган хонандани саҳнага йўлатмаслик ҳақида Гулнорага фақат битта одам буйруқ бера олади холос”.

Америка сафари чоғида, “Америка овози” радиоси журналисти Навбахор Имомованинг “Ўзбекистонда адолатсизлик борми?” деган саволига, жавоб бераркан, Юлдуз ўзига қўйилган таъқиқнинг сабабини тушунтирган бўлди:

“Ўзбекистонда ҳаммадан кўп запретни мен олганман… Уни менга кимдир сиёсат қилаётгани йўқ… Битта одамга ёқмай қолганман, ..мундайроқда, ўртароқда ўша ҳам (унча катта амалдор эмас, деган маънода – изоҳ У. Ашур) ҳозир йўқдир ҳам у одам, лекин проблема қилиб қўйган… Энди шу катта адолатсизликми? Тақдир насиб бу…”

Тошкентлик блоггер Сардор Комилов, Ўзбекнаво эстрада бирлашмасининг линцензия бўлими бошлиғи Одилжон Абдуқаҳҳоров билан видеосухбат қиларкан, кутилмаганда унга “Нега Мустақиллик байрами расмий тадбиридаги концертда Юлдуз Усмонова йўқ?” деб савол бериб қолади. “Ўзбекнаво” мулозими бир муддат жим қолади ва камерага қарамасдан, “Кейинги савол!” дея олади холос.

Ўзбекистонда ва дунёда машҳур Юлдуз Усмоновага бугун ўз мамлакати сахналари тақа-тақ ёпилган. Президент Ислом Каримов ва унинг аъёнлари иштирок этадиган давлат тадбирларидаги гала концертлар, мана неча йилларки Юлдуз Усмоновасиз ўтаяпти. Унга қўйилган таъқиқнинг муаллифи кимлигини ва бу эълон қилинмаган таъқиқнинг сабабини бугун кўпчилик билсада, сукут сақлашни афзал кўришади.

Катта саҳнага қайтиш учун ўзини ўтга чўққа ураётган хонанда, менинг фикримча, энг сўнгги чорага қўл урди – у ўз мамлакатининг диктатор президенти, кўпчилик ҳамюртлари ошкора яна кўплари пинхона нафратланадиган Ислом Каримовни улуғлаб қўшиқ куйлади…

Эҳтимол, эртага Ислом Каримов Дўрмондаги қароргоҳида чой ичиб ўтириб Юлдуз Усмонованинг “Президентим, мангу яшанг, сиз адолат посбонисиз!” қабилидаги хонишини эшитиб қолиб, “Бўлди, Юлдузхонга “Истиқлол” саройини бўшатиб беринглар!” деб буйруқ бериб юборар?!

Бўлиши мумкин. Аммо, сахналарнинг дарвозасини очишга қодир бўлган биргина қўшиқ, Ислом Каримов тузумидан жирканувчи ўзбекларнинг қалб дарвозасини Юлдуз Усмонова учун ёпиб ташлаши хам мумкин.

Эҳтимол, шунинг учун Юлдуз президентга бағишлаган қўшиғини ҳозирча элдан яширгандир?

Ушбуни ёзиб тугатаётганимда, бир санъаткор дўстларимдан бири ярим хазил ярми чин маъносида, водийча гап қилди:

“Ўзи Юлдуз опа кимга қўшиқ бағишласа, ўша индамай йўқ бўлиб қоляпти. Мана, “Гулисан” деган эди, Гулнора опамиз ғойиб бўлди. Энди “Додамизсиз” десалар, додамиздан ҳам айрилиб қолсак ажаб эмас…”

Тағин ўқинг
16 октябр 2019
Қўшиқчи Жаҳонгир Отажоновнинг икки кун олдин олиб қўйилган ижодий фаолият учун лицензиясини «Ўзбекконцерт» 16 октябрь куни қайтариб берди, лекин ...
17 декабр 2021
Кун чиқди. Кун ботди. Олдинги спичдан кейин роппа-роса 6 марта тонг отди. Энг узун ялдо туни ҳам ортда қолди. ...
1 феврал 2018
Швецияда чиқадиган “Афтонбладет” газетаси террорчиликда айбланаётган самарқандлик Раҳмат Оқилов 42 ёшли таниқли комик артист Ўз Нуин (Özz Nûjen) оиласи ...
3 апрел 2023
Эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг  навбатдаги сонини тақдим этади. Хоразмдаги етимхонада вояга етмаган қизларнинг педофил амалдорлар томонидан муттасил зўрлаб келингани ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...