Собиқ Бош прокурорнинг ўғли қидирувга берилди
Устидан Жиноят кодексининг 165, 205, 210-моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, 22 февралдан бери ҳибсда қолаëтган собиқ Бош прокурор Рашиджон Қодировнинг ўғли 39 ёшли Алишер Қодиров Ўзбекистон ИИВ томонидан қидирувга берилди.
Қидирув эълонида Алишер Қодиров Жиноят кодексининг 165 (товламачилик) ва 168-моддасида (фирибгарлик) кўрсатилган жиноятларни содир этиб қочиб юрганлиги айтилади.
«Элтуз» мухбири билан гаплашган Бош прокуратура расмийлардан бирига кўра, Алишер Қодиров шу кунларда Москва шаҳрида истиқомат қилмоқда. У Бош прокуратура талаби асосида отаси ўғирлаган пуллардан бир қисмини Тошкентдаги «Инфинбанк» воситачилигида Ўзбекистонга қайтарган. Мулозимга кўра, Алишер Қодиров қайтарган сумма 20 миллион доллар атрофида.
«Элтуз» суҳбатлашган прокуратура расмийсига кўра, собиқ прокурор Рашид Қодиров оиласи Ўзбекистондаги яширин бойлардан бўлган. Дунëнинг ўндан ортиқ мамлакатида Рашид Қодиров оиласига тегишли мол-мулк бор.
«Элтуз» Рашид Қодиров мулки деб ишонилган Латвиядаги иккита вилланинг фотосуратини чоп қилган эди.
Шунингдек, Қодировнинг Швейцария, Австрия ва Чехияда кўчмас мулклари мавжуд.
«Элтуз» мухбири Қодировлар оиласига оид уйлар ҳақида маълумот мавжуд бўлган Латвия кўчмас мулк реестрларига доир ҳужжатларни кўрган.
Рашид Қодировнинг қидирувга берилган ўғли Алишер Қодиров ва куëви Темур Каримов жуда катта пул маблағларини ўғирлаганига оид маълумотлар «Элтуз»да мавжуд.
«Элтуз» тасарруфидаги маълумотларга кўра, Тошкент вилояти Зангиота туманида фаолият юритаётган ва бир марталик шприцлар ҳамда бошқа дори-дармонлар ишлаб чиқарадиган “Asia Trade” ширкати муассиси ҳозир қамоқда қолаëтган Рашид Қодировнинг қидирувга берилган ўғли Алишер Қодировдир.
Рашид Қодиров ва унинг ўғли Алишер Қодиров “криминал акахонлар” Ғафур Раҳимов ҳамда Салим Абдувалиев билан ҳам яқин алоқада бўлган.
Расмий хабарга кўра, Қодиров жорий йил 23 февраль куни ҳибсга олинган бўлиб, собиқ Бош прокурор Жиноят кодексининг «товламачилик» (165-моддаси), «ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш» (205-модда) ва «пора олиш» (210-модда) моддалари бўйича айбланмоқда.
Eltuz.com