Рус полицияси қўлида нобуд бўлган гўдак
Бугун дунё матбуоти Россия миграция хизмати ва полицияси ушлаган тожик оиласининг олиб қўйилган беш ойлик эмизикли боласи Умарали Назаров ўлими ҳақида ёзмоқда.
Санкт Петербургда миграция қонунчилигини бузганликда айбланган тожик оиласининг эмизикли боласи олиб қўйилади. Эртаси эса улар фарзандининг ўлгани ҳақидаги машъум хабарни эшитишади.
Чақалоқ юпун аҳволда бўлгани, оч қолгани ва ўлимидан олдин узоқ вақт йиғлагани айтилади. Ҳозирда “эҳтиётсизлик сабаб” боланинг ўлгани юзасидан жиноий иш қўзғалган. Бироқ, бу сафар ҳам на жамоатчилик, на боланинг ота онаси айбдорларнинг тегишли жазо олишига ишонишмаяпти.
Бу ҳам етмагандек, жиноятчилар қолиб нобуд бўлган норасиданинг жабрдийда ота онаси – Рустам Назаров ва Зарина Юнусовалар бугун гумон остига олинмоқда. Уларга “бола тарбиялаш вазифасини бажара олмаганлик” айбини илишга уринишлар бўлмоқда.
Айни пайтда Марказий Осиё ва тожик диаспорасининг воқеага муносабати турлича. Хусусан,”Тожикистон” жамғармаси раиси, “Миграция ва қонун” ҳуқуқ маркази рахбари Гавҳар Жўраева ҳамюртларидан “Россияни фашистлар мамлакати” дея айбламаслик баёноти билан чиққан.
Бироқ, тожик диаспораси, Питербурглик ҳуқуқ ҳимоячиси Евгения Кулакованинг якка ўтказган пикети ҳисобга олинмаса, шусиз ҳам жим. Ўзбек, қирғиз, қозоқ, туркманлардан иборат Марказий Осиё ҳамжамиятининг бошқа вакиллари муносабати ҳам шунга ҳамоҳанг.
Eltuz.com