Вақт машинаси
3 апрел 2019

3 апрель – мобил телефондан илк қўнғироқ қилинган кун

Бу 1973 йил 3 апрелда Нью-Йоркда, ҳайрат билан қараб турган одамлар кўз ўнгида рўй берди. Motorola ширкати ходими Мартин Купер рақиб Bell Laboratories компаниясининг телефон рақамларини терганди.

«Айт-чи, қаердан қўнғироқ қиляпман?»- деб қизиқади жаноб Купер рақобатдош ширкатнинг тадқиқот бўлими раҳбари Жоэл Энгелга. Сўнгра хурсандчилигидан ичига сиғмай: «Мен сенга ҳақиқий мобил телефондан қўнғироқ қиляпман!» дея ўзи жавоб қайтаради.

Бу қўнғироқ ғолибнинг мағлуб устидан, рақобатда оти ўзган чавандознинг чангда қолган рақиби устидан қаҳқаҳаси эди.

Зотан, Bell Laboratories 1940-йилларнинг охирида биринчи бўлиб мобил телефонлар кашф этиш ғояси билан чиққан эди.

Купер телефонининг оғирлиги 1,5 кгни ташкил қилиб, ҳозирги телефонларга солиштирганда жуда баҳайбат туюлса-да, ўша пайтда бу деярли оғир саналмаган.

Бу воқеа муносабати билан Bell Laboratoriesнинг матбуотга гапирган ходими Ричард Френкель бундай деганди:

«Ўша пайтда биз машиналарда 14 килолик телефонлардан фойдаланар эдик. Ундай телефоннинг бутун имкониятларини бор-йўғи 1 килограммлик телефон орқали амалга ошириш улкан ёриб чиқиш деб айтиш мумкин эди».

Дастлабки қўл телефони модели Motorola DynaTAC 8000x бўлиб, 22,5 сантиметр ҳажмдаги телефонга икки минг детал сиғдирилган.

Тўлиқ зарядли телефон билан 20 дақиқалик суҳбатни амалга ошириш имкони бўлган.

Motorola ширкатининг муҳандиси ўз умрини симсиз телефонлар яратишга бағишлади.

Мартин Купер 1967 йил ўзининг дастлабки қўл рацияларини Чикаго полицияси учун яратган эди.

Орадан ўн йил ўтгачгина Motorolaнинг омма учун мўлжалланган биринчи мобил телефонлари 1983 йил 6 мартда савдога чиқарилади. Бу телефон оғирлиги 800 грамм бўлиб, 3,5 минг долларга баҳоланган.

1980-йилларда мобил телефоннинг нархи бир автомашина баҳосига тенг келгани ҳам айтилади. Америка матбуоти ёзганидек, мобил телефонга эга бўлиш бизнесменлар учун ҳашамат белгиси ҳисобланса, сиёсатчиларнинг жамиятдаги мавқеи қандайлиги рамзи сифатида ҳам кўриларди.

Бугунга келиб мобил телефон инсон қўлининг табиий давомига айланди. Мобил телефонларнинг Ўзбекистон учун муҳим аҳамияти эса смартфонларда интернет имкониятининг борлигидадир. Балки шунинг учун ҳам Eltuz.comнинг мобил версияси компьютер версиясидан кўра оммабоп, 80 фоиздан зиёд ўқувчилар сайтга мобил телефонлардан киришади.

Дунëдаги глобал алоқа саноати кўламини кузатаëтган GSMA ташкилоти 2014 йилда 7,230 млрд қўл телефони мавжудлигини аниқлаган эди. Бу эса сайëрадаги одамлар сонидан анча кўп.

Ботир Ражабов
Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 феврал 2021
1 февраль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат ичида туриб фаолият юритадиган польшалик журналист Агнешка Пикулицканинг аккредитация муддатини узайтиришни ...
22 май 2017
“XXI аср” газетасининг (18.05) «Тараққиётнинг янги модели ёки «йўлбарс шиддати»га шайланаётган мамлакат» мақоласидаги иддаога кўра шундай. Мақолада Жанубий Корея, ...
20 декабр 2016
Ўтган ҳафта бирданига тўртта вилоят ҳокими ишдан бўшатилди. Ундан илгари ҳам бир қанча эски амалдорлар янгиларига алмаштирилган эди. Таҳлилчиларга ...
20 ноябр 2017
18 ноябрь куни Чеченистоннинг кремлпараст раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг Инстаграм саҳифасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг куёви Ойбек Турсунов билан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...