Кундалик
14 апрел 2016

Ўзбекистонда душман образи “яратилган” фильм тарғиб қилинмоқда

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати буюртмасига кўра тайёрланган “ГТА ёҳуд ўйинга айланган хаёт” хужжатли фильми Олий ўқув юртлари, мактаб ва коллежларда кенг тарғибот қилинмоқда. Ўқув юртларида навбатдан ташқари йиғилишлар ўтказиляпти ва ўқувчи хамда талабаларга ҳамма бу фильмни кўриши шарт деган тушунча берилаяпти.

Масалан, 13 апрел куни Пахтакор туманидаги 9 ўрта мактабда бўлиб ўтган мактаб йиғилишида директор Дилфуза Хайриқулова, тез кунларда Ўзбекистоннинг марказий каналлари орқали “ГТА ёхуд ўйинга айланган хаёт” фильми намойиш қилинишини айтган.

«Директоримиз фильмда бизнинг тумандан чиққан террорчи ва жиходчилар кўрсатилади, шунинг учун бу фильмни ҳар бирингиз кўришингиз шарт дедилар», – дейди eltuz.com билан сухбатда шу мактабда ишлайдиган ва исмини эълон қилмаслигимизни сўраган ўқитувчи аёл.

“Президентимизга ҳиёнат қилган ёмон болалар…”

Коллеж талабаларидан бирининг Eltuz.comга билдиришича, айни йиғилиш куни кеча Пахтакор туманидаги Оқбулоқ касб хунар коллежи залида хам бўлиб ўтган.

«Залга хамма йиғилди, кейин директоримиз ўринбосари чиқиб, туманимиздан ёмон болалар чиқиб, президентимизга хиёнат қилиб, вилоятимизда террорчилик харакатлари тайёрлашаётганида кўлга тушишгани ва шу болалар хақида Тошкентда фильм тайёрлашганини айтди”, – дейди у.

Унинг айтишича, директор ўринбосари шу фильм Ўзбекистон ва Ёшлар каналларида, кейин вилоят ва Жиззах шахар телеканалларида хам кўрсатилишини айтиб, “Хамманг шу кинони кўргин, катталар келиб битталаб сўрайди хаммангдан” деган.

Жиззах вилоятидаги Педагогика ва Политехника институтларида суриштириш ишларини олиб борган Eltuz.com манбаларига кўра, бу олий ўқув юртларида хам “ГТА ёҳуд ўйинга айланган хаёт” хужжатли фильмини албатда томоша қилиш талабаларга тайинланган.

Фильм “қаҳрамонлари”нинг яқинлари қўрқув остида…

Фильмдаги асосий “қахрамон” Фурқат Жўраевнинг онаси Махтума опа Тошкентда 12 апрел куни узатилган бу фильмни қизи кўриб, ёзиб олганини айтади.

“У ерда ўғлимни жиходчи ва террорчига чиқаришган экан. Бу хаммаси уйдирма. Ўғлим ва унинг ўртоқларига терговда қийноқлар қўллашиб, истаган қоғозларига имзо қўйдиришган. Судда хам ўғлим баданидаги қийноқ изларини кўрсатган. Хаммасини қийнашган. Лекин судя қулоқ солмади. Мен унақа фильмларга ишонмайман”, дейди Махтума Жўраева.

Фильмдаги “жиноий тўданинг иштирокчиси”яна бир иштирокчиси Арамаис Авакяннинг хотини Ширин Турсинова хам, эрини террорчи ва диний радикал ғоялар асири сифатида кўрсатган фильм намойишидан сўнг қурқув остида яшаётганини айтади.

“Тиқ этса эшикка қарайман. Бунақа нарсаларни одамларга кўрсатишиб, уларни бизга қарши қўйишларидан қўрқаман.

Ахир, хали суди тугамасдан туриб, Арамаисни террорчи деб эълон қилишиб, яқинда мени хаттоки махалладан кўчиришмоқчи бўлишди-ку?! Энди бунақа фильмдан кейин бизни яна безовта қилишлари турган гап. Шуни кўрсатишганидан буён телефонимга ғалати ва нотаниш номерлардан қўнғироқлар келяпти.” дейди Ширин Турсинова.”

Юракни ларзага солувчи оҳангларда…

“Тошкент” телеканали орқали, 12 апрел куни кечки прайм тайм вақтида намойиш қилинган бу фильм, вилоятнинг Пахтакор туманида “фош” этилган бир жиноий гурух ҳақида ҳикоя қилади.

Юракни вахимага солувчи мусиқа садолари остида кўрсатилаётган кадрларда, хибсга олинган Фурқат Жўраев, Арамаис Авакян, Бектемир Умрзоқов ва Дилшод Алимов, қандай қилиб диний ақидапарстлик оқимига аралашиб қолганликлари ва махаллий амалдорларни “қириб ташлаш” хамда қўпорувчиликлар уюштириб, шу тариқа вилоятдаги осудаликка путур етказмоқчи бўлганликларини камерага қараб гапиришади.

Кадр ортидаги овоз эса, қўлга тушган йигитларнинг бу йўлга киришига, хорижда яшаётган жиноий гурухларнинг бевосита алоқаси борлигини айтади.

“Турли хорижий давлатлардаги жангарилик лагерларида жон сақлаб юрган юртфурушлар ва уларнинг рахнамолари хам, Ўзбекистоннинг ўзини химоя қилиш салохияти юқори эканлигини жуда яхши билади.
Шу боис хам улар Ўзбекистоннинг ичида, сизу бизнинг орамиздан ўзларига хамтовоқ излайди. Бугун жазо ўтаётган Фурқат Жўраев, Арамаис Авакян, Бектемир Умрзоқов, Дилшод Алимов ва бошкалар, жазодан қочиб юрган Баходир Абдуллаев, иғво тарқатаётган Улуғбек Хайдаров сингари юртфуруш кимсаларнинг кирдикорлари хам бунга далилдир” дейди кадр ортидаги овоз.

Тошкентдаги хамкорларимизнинг айтишларича, “ГТА ёҳуд ўйинга айланган хаёт” фильми тез кунларда “Ўзбекистон” ва “Ёшлар телеканалида намойиш қилинади. Eltuz.com сайти хужжатли фильм намойиши билан боғлиқ воқеаларни кузатиб боради.

Улуғбек Ашуров
Eltuz.com

Тағин ўқинг
5 июн 2017
«Ўзбекконцерт» бирлашмасида президент девонидан келган вакил иштирокида ўтказилган шошилинч йиғилишда ижтимоий тармоқда пайдо бўлган “Султонимиз омон бўлсин!” қўшиғи кескин ...
10 октябр 2023
Россия қамоғидан жўнатилган видеода 25 яшар тошкентлик йигит Шаҳзод Юсупов Россия федерал полицияси ходимлари унга туҳмат қилиб, машинасига наркотик ...
19 ноябр 2019
«Тошкент савдо маркази»га  (собиқ «Абу Сахий» МЧЖ) қарашли бозордаги дўконлари бузилишидан норози бўлган 700 дан ортиқ фуқаро 16 ноябрь ...
15 апрел 2016
Тадбирда терроризм, экстремизм билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...