Туркистонликлар қўзғолони ҳақида унутилган филм
1916 йилнинг 25 июнида Чор хукумати Туркистоннинг 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган эркакларини «Мудофаа ишларига» сафарбар қилиш учун фармон чиқарди. Россия империяси ишғоли остидаги Туркистон тупроқларида ярим миллиондан ортиқ эркаклар мунтазам Россия армияси жабҳаларига кетиши керак эди.
Бу вақтда Европада биринчи жаҳон уруши авжида эди.
Чор ҳукуматининг сафарбарлик ҳақидаги Фармони Туркистон аҳолиси норозилигига сабаб бўлди.
Эркаклар ўзгалар урушида қатнашишдан бош тортишди. Улар сафарбарлик рўйхатларини йиртиб ташланишини талаб қилишди. Июл ойига бориб халқ орасидаги норозилик кайфияти оммавий кўзғолонга айланди. Бу воқеа рус тарихига «1916 йилги Еттисув қўзғолони» дея кирди. Август охирига бориб Туркистон ҳарбий округида фавқуллода холат эълон қилинди. Қўзғолон шафқатсизларча бостирилди.
Бундан юз йил олдин содир бўлган қонли воқеалар ҳақида чор даврида гапириш тақиқланган эди. Совет даврининг илк йилларида бу хакда гапиришга изн берилди. 1932 йилда узбек кинорежиссери Сулаймон Хужаев «Тонг олдидан» деган филмни суратга олди. Филм 1916 йилги Жиззах қўзғолони ҳақида эди. Хўжаев 16-чи йил воқеаларни миллий озодлик ҳаракати сифатида талқин қилди. Айни пайтда Хўжаев бу воқеаларда Россиялик болшевик инқилобчиларнинг ҳеч қандай роли йўқлигини филмда акс эттирди.
Филм яратилган бўлса ҳам экранларга чиқарилмасдан цензура токчасида қолиб кетди.
1934 йил Сулаймон Хўжаев қамоққа олинди. 1937 йилда «халқ душмани» сифатида отиб ташланди. Тақдир ҳазили билан Хўжаев ўз филмидаги ўзи ўйнаган бош қахрамон тақдирини такрорлади. Хўжаевга қарши Совет маҳкамаси тарафидан «мавкуравий умуртқага эга бўлмаган» филм яратганлик айби қўйилди. Шунингдек «маҳкама» Хўжаевни Сталин ва Куйбишев ҳақида салбий фикр билдиришда айблади.
Бугунги кунда Сулаймон Хўжаев унутилган ва ўта кам холатларда эсланади. Афсус, Туркистон ойдинларининг энг илғор вакиллари Сталин террори пайтида йўқ қилинганини эслаш бугунги иқтидор кун тартибида эмас.
Акмал Ризаев,
тошкентлик муаллифнинг таҳаллуси
Eltuz.com