Document UZ
2 ноябр 2023

2 ноябрь – Ўзбекистонда МХХ ташкил топган кун

2018 йилнинг январида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев фармони билан Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)га айлантирилди. Лекин бу билан айни махфий тизилманинг тамойили ўзгаргани йўқ.

Бундан илгари – 1991 йилнинг 2 ноябрида Вазирлар Маҳкамасининг 278-қарори билан Ўзбекистон ССР – иттифоқ республика Давлат хавфсизлиги қўмитаси (КГБ) Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати(МХХ)га айлантирилган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг раиси Ислом Каримов имзолаган қарорда Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 25 августдаги ва 26 сентябрдаги фармонлари асосида ташкил этилгани айтилади.

Қизиғи шундаки, мазкур қудратли идорани бир қўлга топширилишини англатувчи низом ҳақидаги президент фармони ҳам, низомни тасдиқловчи бош вазир қарори ҳам битта одам – Ислом Каримов томонидан имзоланган.

Яккаҳокимликка асос солинган кун

МХХнинг ўша куни тасдиқланган низомида Ўзбекистоннинг бу энг қудратли назорат идораси «Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсуниши» таъкидланган.

Шунингдек, ўша йили тақдирнинг тақозоси билан президент Ислом Каримов бир вақтнинг ўзида бош вазир ҳам эди. Бир вақтнинг ўзида иккита алоҳида ҳокимият органи устидан ҳукмронлик тизгинини қўлга киритган Каримов арқонни узунроқ ташлаш ва чуқурроқ илдиз отишни кўзлаган эди.

Асосий вазифаси мамлакат ичкарисида ва ташқарисида «разведка ва контрразведка фаолияти билан шуғулланиш ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ҳисобланган» махфий идоранинг битта шахсга бўйсундирилиши Ўзбекистонда ҳокимиятнинг кейинги 25 йил давомида Каримов томонидан узурпация қилинишига асос бўлган эди.

Бугунги кун параллелидан келиб чиқиб бир вақтнинг ўзида ҳам бош вазир ва айни пайтда конституцияга зид бўлароқ муваққат президентлик лавозимини қўлга киритган Шавкат Мирзиёев ҳаракатларида айни тарих такрорланаётганини кузатиш мумкин.

Шуҳрат Нусратов: «Эртага бизни қамашади, эртага сизни қамашади»

1991 йили Ўзбекистон Олий Кенгашининг тарихий еттинчи сессиясида мазкур низомнинг айни бандини ва бу ҳақдаги президент фармонини кескин танқид қилган собиқ депутат Шуҳрат Нусратов ушбу қарор энг ёмон оқибатларга олиб келишини башорат қилган эди.

“Разведка ва контрразведка органлари барча техник воситалари билан биргаликда битта одам, яъни Каримовнинг қўлига бериб қўйилмоқда. Бу мумкин бўлмаган бир нарса. Бунга сира йўл қўйиб бўлмайди. Агар бунга йўл қўйсак, бизни 37- 40 йиллардагидек қатағонлар кутади. Оқибатларни ҳатто тахмин ҳам қила олмаймиз. Ўртоқлар, бизни кутаëтган даҳшат кўламини тахмин ҳам қила олмаяпсизлар, айниқса, бизнинг президентнинг жиловсиз характерини ҳисобга олсак. Эртага бизни қамашади. Эртага сизни қамашади”, деган эди 1991 йили Ўзбекистон парламенти минбаридан туриб Нусратов.

Ўша сессиядаги нутқидан кўп ўтмай Шуҳрат Нусратов Куйбишев тумани (ҳозирги Мирзо Улуғбек тумани) партия қўмитасининг биринчи котиби лавозимидан олинди, парламентдан четлатилди ва кейинчалик иқтисодий айбловлар билан қамоққа олинди.

Етти йилга қамалган 69 ёшли собиқ депутат Шуҳрат Нусратов 2016 йилнинг апрелида озодликка чиқарилди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 феврал 2022
Элтузга 10 феврал куни тасвирга олиб юборилган видеода Қашқадарё вилоятнинг Қамаши тумани Толли қишлоғининг лойли кўчалари акс этган. «Шу ...
23 май 2019
Лас-Вегас – гуноҳлар шаҳри. Аҳолиси ярим миллион, даромади казино ва қимордан келадиган бу шаҳарда бир нечта масжид бор, бугунги ...
16 ноябр 2023
Шу йилнинг феврал ойида Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги вазирлик делегацияси бир ҳафта давомида Хитойда бўлиб қайтди. Ўзбекистон ...
28 ноябр 2018
2009 йилнинг августида дизайнер, шоира, қўшиқчи, дипломат ва “Ўзбекистон маликаси” сифатида довруғ қозонган Гулнора Каримова дунёга машҳур россиялик кутюрьелардан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...