ART-DURBIN
28 ноябр 2018

Гулноранинг “чўнтаги” музейлардан ўғирлаб пуллаган санъат асарлари

2009 йилнинг августида дизайнер, шоира, қўшиқчи, дипломат ва “Ўзбекистон маликаси” сифатида довруғ қозонган Гулнора Каримова дунёга машҳур россиялик кутюрьелардан бирини Тошкентда меҳмон қилди.

Икки кун давом этган айш-ишрат ва тўкин-сочин меҳмондорчилик сўнггида Гулнора Каримова мода дизайнерига Туркистон авангард йўналиши асосчиларидан бири Александр Волковнинг нодир асарини ҳадя қилди.

Қиймати 1 миллион доллардан ортиқ турадиган бу санъат дурдонасини Гулнора Каримовага унинг “чўнтаги” сифатида танилган Журъат Мелиқулов етказиб берганди.

Гулнора Каримовага яқин бўлган шахснинг “Элтуз”га маълум қилишича, меҳмоннинг ҳайрат билан “бу шедеврни қаердан олдингиз?” деган саволига “Ўзбекистон маликаси” қисқа қилиб, “ўзбекларда бир мақол бор: мевасини егину боғини суриштирма,” дея жавоб қайтарган.

Юксак мартабали меҳмон бугун ҳам асарнинг Нукусдаги Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейидан ўғирлаб чиқилганини билмаса керак.

Бу сир ўзбек халқи учун ҳозир ҳам ёпиқ қолмоқда.

“Чўнтак”дан Гулнорага

“Элтуз” 16 мартда Ўзбекистон собиқ президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг “чўнтаги” сифатида танилган шахс – Журъат Мелиқулов қамоқдан бутунлай озод этилиш арафасида тургани ҳақида мақола чоп этган эди.

Журъат Мелиқулов ҳақидаги фильмни мана бу ерда томоша қилинг.

Мазкур фильм Мелиқулов ва яна беш нафар шахс устидан олиб борилган 1-472/2014 рақамли жиноят иши хулосалари асосида ишланган.

Журъат Мелиқулов 2012-2013 йиллар оралиғида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидан 100 миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағни ўзлаштиришда айбдор деб топилиб, 2014 йилнинг 20 августида Тошкент шаҳри суди томонидан 15 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Суд хулосасига кўра, Журъат Мелиқулов ФНҚИЗда масъул вазифаларни бажарган беш киши билан бирга “жиноий тил бириктирган ва ўз вазифаларини суиистеъмол қилган ҳолда… ФНҚИЗ пул маблағларини тизимли тарзда ўмариш, пора олиш, Ўзбекистон иқтисодий манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ва йирик миқдордаги солиқлардан бўйин товлаш билан шуғулланган”.

Аммо Журъат Мелиқуловнинг бошқа бир кирдикори – Ўзбекистондаги турли музейлардан ўғирланган картиналар, асосан, унинг қўлидан ўтгани суд назаридан четда қолганди.

Музейлардан “чўнтак”ка

Гулнора Каримова яқинларидан бирининг эслашича, ФНҚИЗда масъул вазифасини эгаллашидан олдин Журъат Мелиқулов Ўзбекистондаги антиқа жиҳозлар олиб сотарлари ичида ном чиқаришга улгурганди.

“Журъат икки юз йиллик тақинчоғу Николайнинг сўлкавой тангаларидан тортиб, чинни идишлару гиламларгача сотарди. Айниқса, қимматбаҳо картиналарни музейлардан ўзлаштириш бўйича унга етадигани йўқ эди. Қўқон, Нукус, Тошкент ва Ангрендаги ўнлаб асарларни арзон-гаровга сотиб олар, асл расмларни сохталарига алмаштириб, музейга қайтарарди ва шу билан жиноятни хаспўшлагандек бўларди,” – дейди у.

Журъат Мелиқуловни яқиндан таниган рассомлардан бирига кўра, ишбилармон давлат музейларидан картиналарни танлаш ва уларни сохталари билан алмаштиришда рассом божасининг хизматларидан фойдаланарди.

“Журъатнинг яхшигина рассом божаси бор. У доимо музейлардаги қиммат картиналарни танлашда Журъатга ёрдам берарди. Журъат арзон-гаровга олган картиналарнинг копияларини ҳам шу божаси чизиб берарди,” дейди рассом.

У Журъат Мелиқулов нафақат ўзи хизмат қилган Гулнора Каримова ва Рустам Мадумаров, балки Ўзбекистонга келадиган хорижий дипломату ишбилармонларни ҳам картиналар билан таъминлаганини айтади.

“Картиналарни Гулнора Каримова ва унинг эри Рустам Мадумаровга шундай совға қилса, хорижий сайёҳлару дипломатларга мўмай нархда пулларди. Расмлар кўпинча ўн минглаб, юзлаб минг ва ҳаттоки миллионлаб долларга чиқиб кетарди”, дейди у.

“Чўнтак” ҳимоячиси – МХХ генерали

2015 йилнинг 28 августида Қорақалпоқ давлат санъат музейида мутахассислар текширув ўтказгани ва музейда 581 миллион 625 минг сўмлик 5 картина йўқлиги аниқлангани, бунинг ортидан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати жиноят иши очгани хабар қилинди.

Мазкур ҳолат мутахассислар текшируви, жумладан, ультрафиолет нурларни қўллаш орқали анализ қилиш воситасида аниқланганди.

Мутахассислар музейда сақланаётган 85 минг экспонатдан 800 картинани текшириши натижасида юқорида тилга олинган 5 асарнинг музейда йўқлиги ошкор бўлди.

Бу картиналарнинг умумий қиймати бир миллион доллардан кўпроқни ташкил қилади.

Бундан ташқари, Ангрен галереясида Виктор Уфимцев қаламига мансуб кўплаб асарларнинг асл нусхалари йўқлиги маълум қилинди.

Ўзбекистон давлат санъат музейида эса 278 картинанинг асли эмас, нусхалари сақланаётгани аниқланди.

Бу картиналарнинг умумий қиймати ўнлаб миллион долларни ташкил қилганди.

Ўнлаб картина ўғрилари устидан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Яккасарой тумани суди Ўзбекистон давлат санъат музейи бош муҳофизи Мирфайз Усмоновни 9 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум қилди.

Музей бош муҳофизи қамалишидан олдин Ўзбекистон давлат санъат музейи хазинасидан ўнга яқин картина ўғирланиб, ўрнига қалбаки нусхалари қўйилгани суд пайтида ўз исботини топди.

Бош муҳофиз Мирфайз Усмонов музейнинг бошқа ходими – реставратор Абдураҳмон Мурановга картиналарнинг қалбаки нусхасини чиздириб, оригинал нусхани сотиб юборган.

Шу тариқа Александр Николаевнинг “Боланинг сурати”, “Мева кўтарган қиз”, Оганес Татевосьяннинг “Чойхона”, “Бухоро”, “Денгиз”, Николай Караханнинг “Ҳовуз бўйидаги қиз”, Рихард-Карл Зоммернинг “Тоғ дарёсидаги кўприк”, “Кабобхона” картиналари пулланган.

Расмий ҳужжатларда Оганес Татевосьяннинг “Бухоро” (Ургут йўли), “Балиқ овида” ва Николай Караханнинг “Чойхона”, шунингдек, Зоммернинг “Ҳовуз бўйидаги қиз”, “Кабобхона” ва “Тоғ дарёсидаги кўприк”, Александр Николаевнинг “Мева кўтарган қиз” ва бошқа асарлари алмаштириб қўйилгани айтилади.

Аммо жазога тортилганлар орасида, Ўзбекистон халқ рассоми айтмоқчи, “картиналарнинг энг катта ўғриси”, Гулнора Каримованинг “чўнтак”и Журъат Мелиқулов йўқ эди.

Тергов ишида қатнашган МХХ ходимининг “Элтуз”га айтишича, жазодан қутулиб қолишига Ўзбекистондаги ўша даврнинг энг қудратли шахсларидан бири, Ўзбекистон МХХ раиси ўринбосари, генерал Шуҳрат Ғуломов сабаб бўлганди.

Кейинчалик, орадан уч йил ўтиб, Шуҳрат Ғуломовнинг ўзи ҳам қамоққа олингач, унинг уйидан Ўзбекистон давлат музейидан ғойиб бўлган қимматбаҳо иккита картина топилганди.

“Бу расмларни Шуҳрат Ғуломовга Журъат Мелиқулов жазодан қутулиб қолиш учун ҳадя этилганини ҳозир ҳам жуда кам одам билади,” дейди МХХ ходими.

Рустам Аҳмедов
“Элтуз”нинг Тошкентдаги мухбири

Тағин ўқинг
4 июл 2019
Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суди 3 июль куни ака- ука журналист Бобожоновлар даъвоси юзасидан Урганч тумани ҳокимлиги ҳамда ...
7 ноябр 2018
Яқинда Жаҳон банки томонидан эълон қилинган “Бизнес юритиш” (Doing business) рейтингида Ўзбекистон 76-ўринни эгаллади. Яъни мамлакат ўтган йилдаги ўрнидан ...
20 январ 2017
Ўзбекистон Президентининг 2017−2021 йил стратегиясига оид фармонига кўра, ички ва хорижга чиқиш паспортларини жорий қилиш ва хорижга чиқиш учун ...
13 май 2019
Бош вазир Абдулла Ариповнинг 6 майда имзолаган ИИВ, мудофаа, Миллий гвардия, божхона ходимлари болаларининг олий ўқув юртларига имтиҳонсиз ўқишга ...
Блоглар
26 июн 2019
Ниҳоят 23 июнь куни Истанбул шаҳри ҳокимлиги учун қайта сайлов бўлиб ўтди. Истанбул шаҳри ҳокимлиги ...
3 июн 2019
28 май куни Тошкентда ўтган конференцияда президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг ...
23 май 2019
Лас-Вегас – гуноҳлар шаҳри. Аҳолиси ярим миллион, даромади казино ва қимордан келадиган бу шаҳарда бир ...