Асосий мавзулар
20 феврал 2017

Каримовнинг беш тамойили ўрнига Мирзиёевнинг беш стратегияси

Ўзбекистон чорак аср марҳум Ислом Каримовнинг беш тамойили асосида яшаб келди. Бу беш тамойил аслида бир тийинга қимматлиги, қоғоздаги гаплар билан амалий ишлар ўртасида ер билан осмончалик фарқ борлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб қўйди.

Мазкур тамойиллар асосидаги «ривожланиш» Ўзбекистон халқини қашшоқликка, дарбадарликка маҳкум этди. Шунга қарамай, чорак аср давомида улар ҳақида баландпарвоз гаплар айтилишдан тўхтамади.

Халқнинг аҳволи оғирлашган сари беш тамойил тўғрисидаги мақтовлар тобора баландроқ янграйверди.

И.Каримовнинг вафоти унинг беш тамойилини ҳам ўзи билан олиб кетган кўринади. Бу тамойилларни тинимсиз мадҳ этиб келганлар бугун янгича сайрамоқда. Энди уларнинг оғзида янги ҳукмдорнинг ҳаракатлар стратегияси, унда белгиланган беш вазифа.

Хусусан, кечагина И.Каримов яратган «тараққиёт йўли»дан чекинмасликни айтиб келаётган Ўзбекистон либерал-демократик партияси энди янги президентнинг ҳаракатлар стратегияси «ўз фаолиятининг дастуриламалига айланиши»ни эълон қилди («XXI аср» газетаси, 16.02).

Газетанинг ёзишича, партия сиёсий кенгашининг навбатдаги мажлисида президентнинг ҳаракатлар стратегисига оид фармонидан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинган.

Партия раҳбари С.Турдиев мазкур ҳужжатни «ниҳоятда халқчил ва кенг қамровли», деб атаган ва бу баҳосига стратегиянинг халқ муҳокамасига қўйилганини асос қилиб олган.

«Интернет орқали жами 1310 та таклиф-тавсия ва муносабатлар билдирилган бўлса, шундан 215 таси қабул қилинди, 619 тасидан эса маълумот сифатида фойдаланилди. Шунинг ўзиёқ фармонда инсон манфаатлари тўла акс этганидан далолатдир», деган партия етакчиси.

Ана холос. Бутун бир мамлакат, халқ тақдирига дахлдор катта ҳужжат муҳокамаси даврида олинган таклифлар сони 1,5 мингга етмаса, шунинг ҳам бор-йўғи 215 таси қабул қилинган бўлса, бунинг нимасини халқчил дейиш мумкин? Бунинг нимасини инсон манфаатларига тўла мос, деб олқишлаш мумкин?

Қолаверса, таклифлар сонидан келиб чиқилса, халқимиз, соҳа билимдонлари нега бу муҳим ҳужжат муҳокамасида етарлича фаоллик кўрсатмади, деган ҳақли савол ҳам туғилади.

Буни эса мамлакатда чорак аср давом этган яккаҳокимлик сиёсати халқнинг зеҳниятини ўтмаслаштириб, унинг аксарият қисмини фикрсизлик ботқоғига ботириб қўйгани асорати деб изоҳласа, тўғрироқ бўлса керак.

Аммо, табиийки, газетада бундай муқобил мулоҳазаларни учратмайсиз. Бунинг ўрнига депутатлар бир вақтлар худди Каримовнинг беш тамойили ҳақида айтган гапларини янгича кўринишда баён этиш билан шуғулланяпти.

Улар бугун ҳаракатлар стратегиясининг «мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш», ундаги «долзарб масалаларни ҳал этишда алоҳида жонбозлик кўрсатиш» билан банд.
Бу каби баландпарвоз сўзларни ўқир экансиз, янги президентнинг ҳаракатлар стратегияси бошига ҳам Каримовнинг беш тамойили куни тушмасайди, деган мулоҳозага боради киши.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 апрел 2017
2017 йил 12 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари 68 яшар Бўритош Мустафоев юрак касаллиги боис юзага ...
27 апрел 2017
Нотаниш аёлларнинг уйига бостириб келиб жанжал кўтариши ортидан Президент порталига мурожаат этган хоразмлик Шукуржон Мадраҳимова 27 апрел куни Вилоят ...
2 апрел 2018
Сўнгги вақтларда президентнинг вилоятларга ташрифлари давомида уни алдашга уринишлар авжига чиқмоқда. Интернетда куни-кеча Жиззахга борган президент Шавкат Мирзиёев Зарбдор ...
27 август 2018
Ўзбек жамиятидаги кескин норозиликка қарамай, GM Uzbekistan компанияси ўзи ишлаб чиқараётган автомобиллар нархини оширганини эълон қилди. Компания матбуот хизматининг ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...