Асосий мавзулар
27 август 2018

GM Uzbekistan. Нарх ошди, атроф жим-жит…

Ўзбек жамиятидаги кескин норозиликка қарамай, GM Uzbekistan компанияси ўзи ишлаб чиқараётган автомобиллар нархини оширганини эълон қилди.

Компания матбуот хизматининг хабар беришича, айрим автомобиль моделлари нархи ўртача 7,7 фоиз оширилган.

Маълум бўлишича, нархларни ошириш қарори бир қанча вазирлик ва идоралар вакиллари, аҳоли фикри ва мулоҳазаларини эътиборга олган ҳолда қабул қилинган. Энг оммабоп моделлар – “Спарк”, “Нексия” ва “Кобальт”нинг нархи ўзгаришсиз қолдирилган.

“Ушбу қарорни қабул қилишда “Женерал моторс Ўзбекистон”нинг оғир молиявий ҳолати ва айрим автомобиль моделларини ишлаб чиқаришнинг норентабиллиги ҳисобга олинди. Аммо, аввало, акция солиғи ставкаларини оптималлаштириш ва дилерлик маржасини камайтириш ҳисобига нархлар кескин ўсишининг олдини олишга эришилди”, дейилади компания хабарида.

Таъкидлаш керакки, 30 июль куни “Ўзавтосаноат” раҳбари Шавкат Умурзоқов Халқаро пресс-клуб йиғилишида 1 августдан автомобилларнинг ўртача нархи 14 фоиз ўсишини эълон қилганди.

Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда, ҳатто маҳаллий ОАВда ҳам кескин норозилик тўлқини вужудга келганди.

Айрим журналистлар нархларни сунъий равишда кўтариб олган монополист ташкилот бўлмиш “Ўзавтосаноат” шунча йиллардан буён халқнинг молиявий қудратини сўриб келаётгани, бу эса айрим тўдаларнинг бойишини таъминлаб, иқтисодиёт ўсишига салбий таъсир қилаётганини ёзганди.

Ҳатто Асакада автомобиль заводининг қурилиши Ўзбекистон учун фойдадан кўра зарар келтиргани ҳақида фикрлар янграганди.

GM Uzbekistan автомобилларининг хорижда маҳаллий бозордагидан арзон сотилиши учун нега ўзбек халқи товон тўлаши керак, деган саволлар ўртага ташланганди.

Мазкур норозилик тўлқинидан сўнг “Ўзавтосаноат” нархлар оширилиши вақтинча тўхтатилиши эълон қилишга мажбур бўлганди.

Аммо шундан кейин дилерлар янги нархларни кутиб, аҳолига автомобиль сотишни бутунлай тўхтатиб қўйди. Натижада маҳаллий иккиламчи бозорда машиналар сезиларли қимматлашди.

Ўшанда кўпчиликнинг эътирози сабаб бўлган ҳолатлардан бири мамлакат антимонополия идораларининг бу нарх ўсишига умуман эътибор қаратмагани бўлди.

Бу идоралар автомобиль нархининг янгидан оширилиши тўғрисидаги сўнгги қарорга ҳам муносабат билдиришни ҳали ҳам ўзига эп кўргани йўқ.

GM Uzbekistan сайтида эълон қилинган янги прайс-листга кўра, энди Captiva 260,4 млн сўм ($33,3 минг), Damas DLX – 62,8 млн сўм ($8 минг), Lacetti SX эса 107,2 млн сўмдан ($13,7 минг) сотилади.

Машиналар нархи оширилгани бу сафар на ижтимоий тармоқларда, на маҳаллий матбуотда жиддий мунозарага сабаб бўлмади.

Буни нархларнинг аввал эълон қилинганидек 14 фоиз эмас, 7,7 фоиз оширилгани, айрим оммабоп машиналар нархи ўзгаришсиз қолдирилгани билан изоҳласа бўлади.

Лекин бу соҳада ҳали жавоби топилмаган саволлар анчагина. Жумладан, нега маҳаллий бозордаги монополист GM Uzbekistan нинг молиявий аҳволини яхшилаш истеъмолчилар, яъни халқнинг ҳисобидан амалга оширилиши керак, деган масала ҳамон очиқ қоляпти.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 феврал 2017
Олдинги дайжестларимизда бир неча бор Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган электрон оммавий ахборот воситаларида уйғониш эпкини эсаётгани, улар аввал умуман ...
19 феврал 2016
Эрталаб соат 9 га белгиланган суд мажлиси, соат 10 да бошлангани эълон қилинди. Судланувчиларнинг ташқарида кутиб турган яқинлари, эшик ...
3 январ 2018
3 январ куни ҳам давом этган Эрондаги намойишлар ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида турлича талқин этилмоқда. Кимдир бунда Американинг қўли ...
19 феврал 2021
Эҳтимол бошқа оилада дунёга келганида у машҳур турк рассоми сифатида улуғланган ва санъат тарихи зарварақларида муҳрланган бўлар эди. Бироқ ...
Блоглар
8 феврал 2025
Шу пайтгача «Анора» деган икки фильм олинди. Биттаси етим қизнинг ашлачи бўгани ҳақида¸ яна биттаси ...
23 январ 2025
Ўзбекистон мудофаа вазири Холмухаммедов босқинчи газанда Россия билан 2026-2030 йилларда ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури ...
20 январ 2025
Ўзбекистон президенти уйида йиртқич ҳайвон¸ илон ва хашаротларни боқадиганлар жазоланиши ҳақидаги қарорни 16 январь куни ...