Асосий мавзулар
10 апрел 2017

UzLiDep тадбирлари «аввалгиларга ўхшамас»ми?

«XXI аср» газетаси (06.04) ўз муассиси бўлмиш партия – ЎзЛиДеПнинг «аввалгилардан фарқли тадбирлари энди кўпчиликда катта қизиқиш уйғотаётгани»ни билдирди.

Бу «катта қизиқиш»га сабаб сифатида «тадбирлар шакл ва мазмун жиҳатдан тобора такомиллашиб, том маънодаги очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари тусини олаётгани» экани айтиб ўтилади.

Биз сўнгги вақтларда кўпайгандан кўпайиб бораётган, аслида халқнинг оғирини енгил қилиш учун эмас, балки ҳисобот учун ўтказилаётгандек таассурот уйғотаётган бу тадбирларни ёритиш асносида эълон қилинаётган айрим рақамларга эътибор қаратишни маъқул кўрдик.

Партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши ўтказган давра суҳбати ҳақида ёзган газета ўтган йили пойтахтда ташкил этилган 7492 та кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектидан 4285 таси тугатилганини маълум қилади.

Эътибор қилинг-а, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш иқтисодиёт тараққиёти ва жамият янгиланишининг асосий йўналиши сифатида кўрилаётган мамлакатнинг биргина ҳудудида аҳвол шунчалик даражада ёмон.

Ҳукуматнинг баландпарвоз ваъдалари қанотида бир йил давомида ташкил этилган бизнес субъектларининг қарийб 60 фоизи ишлай олмай, дарҳол синиб кетгани аслида мамлакатдаги бизнес муҳити абгор эканидан дарак бермайдими?

Аммо газета бу рақамни келтирганидан сўнг аҳволни «силлиқлаб» ўтишнинг йўлини топганига қойил қолиш керак.

«Бу рақамлар, гарчи юртимизда хусусий бизнес учун ғоят қулай шарт-шароит яратилган бўлса-да, тадбиркорларнинг билим ва кўникмалари етарли эмаслигидан… далолат беради», дейди муаллиф.

Тадбиркорлар партияси ўз электоратини айбдор қилганидан сал юзи қизарган шекилли, масаланинг асл сабаблари қаторига «ишбилармонлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этишга оид ёндашувлар, услублар яхши самара бермаётгани»ни ҳам санаб ўтишга мажбур бўлган.

Шунингдек, партия турли тадбирлар ўтказиш орқали «туман ҳокимликлари билан биргаликда 52 та хусусий фирма фаолияти қайта тиклангани»ни ғурур билан тилга олади.

4 мингдан зиёд синган тадбиркорнинг 52 тасига ишини тиклашга ёрдам берганидан ифтихор этаётган партияга шон-шарафлар йўллайликми ёки шу партия асосида шаклланган ҳукуматнинг бизнесга йўл бермаётганини танқид қилайликми?

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 январ 2021
«Элтуз» 21 январь куни сатира йўналишидаги тўрт минунтлик янги анимацион фильмни тақдим қилди. Бунда ўзбек фермерларининг хонавайрон бўлишига сабаб ...
15 март 2016
Анқарада юз берган портлаш кўп қатори менинг ҳам юрагимни эзди. Турклар ва Туркия учун камситиш бўлган юз йил бурунги ...
14 феврал 2020
Рассом Кирпи
19 июл 2018
Ўзбекистоннинг «Севимли» телеканалида 15 июль кечки пайт кўриниб кетган секс саҳнаси ҳақидаги маломатлар ижтимоий тармоқда ҳали ҳам тингани йўқ. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...