Асосий мавзулар
9 май 2017

Меҳнатдан «елкаси яғир ўқитувчи» ҳақида ёзишди

Бу ҳақда маҳаллий ўзбек матбуотида илгари ёзилмасди. Гарчи Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми қатор йиллардан буён Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат тизимини мониторинг қилиб, уни танқид қилиб келади.

Мазкур мониторинглар асосида ҳар йили тайёрланадиган ҳисоботларда эса мажбурий меҳнатга жалб этилаётганлар орасида ўқитувчилар ҳам борлиги, бу эса мамлакатда шундай ҳам абгор бўлган таълим соҳасига янада салбий таъсир кўрсатаётгани айтилади.

Маҳаллий нашрлар бу ҳисоботларни ҳар доим кўриб кўрмасликка олар, режимнинг айрим тарафдорлари эса баъзида интернет орқали чиқишларида халқаро ташкилотни ёлғон маълумотлар тайёрлашда айблаб келарди.

Замоннинг зайлини қарангки, Ўзбекистонда матбуот эркинлигига сал дарча очилгандаёқ ўқитувчиларнинг муаммолари биринчи галда тилга олина бошланди.

Гарчи юқорида тилга олганимиз нодавлат нотижорат ташкилотнинг номи эслатилмаган бўлса-да, у ўз ҳисоботларида қайд этилган ҳолатлар аслида ҳам мавжуд экани ҳақида ёзила бошланди.

Хусусан, Кun.uz сайтида эълон қилинган «Қўли чақа, елкаси яра ва «текинхўр» ўқитувчи» сарлавҳали мақолада таълим соҳаси ходимларининг мажбурий меҳнат билан боғлиқ кўплаб муаммолари очиқчасига тилга олинган.

Мақолада айтилишича, қишлоқ мактабларида ўқитувчилар эрта баҳорда ипак қурти боқишга мажбурланади. Кейин эса улар ғўза чопиғига ҳайдалади. Ёзда ҳам ўқитувчилар бекор турмайди. Ғўзаларга тушган қуртларни теришга жалб этилади.

«Ҳа-да! Бюджетимизнинг катта қисми ўшаларга кетмоқда. Таътилда дам олишни ким қўйибди у занғарларга!» дея киноя қилади нашрга хат йўллаган мухлис.

Бу ҳам етмагандек, мақолада айтилишича, буғдой бўйича режани бажара олмаган туманда ўқитувчилардан режани тўлдириш учун пул йиғиб олинибди.

Тошкент-водий поездининг биринчи рейси чоғида темир йўл атрофини тозалашдек «масъулиятли вазифа» ҳам ўқитувчилар зиммасида бўлган экан.

«Майли, асалдек узумларни емайлик, майли, тилни ёрадиган қовунлар керакмас, сайллар қолиб кетсин, лекин куз келмасин, деган хаёл бўлади ўқитувчилар бошида», дейилади мақолада.

Чунки куз ўқитувчилар учун энг «масъулиятли» давр. Янги ўқув йили бошлангани учун эмас, пахта терими бошлангани учун. Бу даврда математика ўқитувчиси бемалол тарих ёки биологиядан дарс бериши мумкин.

Чунки бу фанларнинг ўқитувчилари пахтага кетади. Пахтага бориш навбати математика ўқитувчисига келса, унинг дарсларини, дейлик, адабиёт муаллими ҳам ўтаверади.

Муаллиф «бу пахта сиёсати», деб кимлардир мажбурий меҳнатни давлат сиёсати билан яширишга уриниши жиноят эканига ишора қилади.

«Ўқитувчилар пахта термаса, озроқ пахта йўқотамиз, озроқ пул йўқотамиз. Ўқитувчи пахта терса-чи? Билим йўқотамиз. Келажакни йўқотамиз, юрт фарзандларининг вақтини, илмга муҳаббатини йўқотамиз», деб хулоса қилинади мақолада.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 октябр 2017
Ижтимоий тармоқда Алишер Усмоновдан бир миллион рубл мукофот сўраган ўзбекнинг видеоси овоза бўлди. Видеода ўзининг оддий бир ишчи эканини ...
20 апрел 2018
Коллеж ўқувчисини урган урганчлик ўқитувчи Зебо Нафасова 14 апрель куни ишдан бўшатилди. Унинг ишдан кетишига оёқ кийими билан ўқувчини ...
31 октябр 2018
Тошкентнинг Чилонзор туманидаги мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси, 30 яшар Фарҳод Миниёзов ўз аризасига кўра ишдан бўшатилди ва суд қарори ...
7 феврал 2018
Мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов шўролар даврида республикани узоқ йиллар бошқарган Шароф Рашидовнинг номини гўёки оқлашга қаратилган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...