Cатира
31 октябр 2018

Ўқувчисини урган тошкентлик педагог жаримага тортилди

Тошкентнинг Чилонзор туманидаги мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси, 30 яшар Фарҳод Миниёзов ўз аризасига кўра ишдан бўшатилди ва суд қарори билан у бошланғич синф ўқувчисини калтаклагани учун 551.900 сўм жаримага тортилди.

Ўғлининг калтакланганини иддао қилаётган Азиза Шукурованинг «Элтуз»га билдиришича, унга суд қарори ва халқ таълими бўлими хатини 30 октябрь куни келтириб беришган.

Чилонзор тумани халқ таълими бўлими мудири Н.Сотволдиеванинг 22 октябрдаги хатида билдирилишича, Миниёзовнинг аризасига кўра «унинг 164-умумтаълим мактаби билан тузилган меҳнат шартномаси» бекор қилинган.

Чилонзор тумани маъмурий судининг 18 октябрда ўтган мажлисида жисмоний тарбия ўқитувчиси Миниёзовнинг шу мактаб ўқувчиси қорнига уриб енгил даража тан жароҳати етказганини суд тиббий текшируви натижасида аниқлаган.

Ўқувчининг онаси кўрилган чоралардан норози

Ўқувчининг онаси Азиза Шукурованинг «Элтуз»га айтишича, шу куни ўғли мактабдан келганидан сўнг тоби қочиб қолган. Лекин индамаган. Воқеа тафсилотини у шифохонага олиб борилганидан кейингина онасига айтиб беришга мажбур бўлган.

Шукурова, шунингдек, «Элтуз» нашрига Миниёзов ўқувчиларга нисбатан илгари ҳам муттасил шундай ҳаракатлар содир қилиб келгани ва бундан кўпчилик ота-оналар норози эканини билдирди.

Айни пайтда Шукурова болани калтаклаган ўқитувчининг арзимаган жарима билан ва ўз аризасига кўра ишдан бўшатилишидан норози эканлигини айтди.

«Мен ҳозир халқ таълими бўлимига яна арз қилмоқчиман, Миниёзовни аризаси билан бўшатиш нотўғри. Уч ЭКИҲ жарима бор-йўғи 50 доллар бўларкан. Лекин бу ерда болани даволатишим учун кетган харажатлар ва менга товон пули тўланиши кўрсатилмаган», деди у «Элтуз» билан суҳбатида.

Шукурова, шунингдек, биттаю битта арзанда ўғлини ёлғиз она сифатида тарбиялаётганини айтди.

Ўқитувчининг обрўси қолмади

Айни пайтда «Элтуз» нашрига интервью берган Фарҳод Миниёзов болани урмагани, балки тўполон қилгани учун 20 марта ўтириб туришга буюрганини билдирди. Шу можародан кейин ўз аризаси билан ишдан бўшагани маълум қилди.

«Бугунги кунда ўқитувчининг ўқувчи олдида бир пуллик обрўси қолмади. Аслида ота-оналар мактабнинг ички тартиб-қоидаларига бўйсунишлари керак. Лекин улар ўқитувчига энг паст табақадаги шахс каби қарашади», деди Миниёзов.

Унинг сўзларига кўра, у 40 нафар ўқувчи билан машғулотлар ўтказиб келган. Айрим ўқувчилар шўхлик қилиб, ўқитувчисидан дакки эшитиши билан дарров ота-онасини мактабга етаклаб келишади.

«Уларга гап кор қилмайди. Оқибат таълим тизимида эркак ўқитувчилар етишмаслиги юзага келади», дейди ўз касбидан ҳафсаласи пир бўлган Миниёзов.

Бугунги Ўзбекистонда баъзан ўқувчиларнинг ўзлари мактаб ўқитувчиларини таҳқирлашгани, калтаклагани ҳолатлари ҳам рўй бермоқда.

Жумладан, 24 октябрь куни 160-мактаб ўқувчиси дарс пайтида физика ўқитувчисини уриб, бурнини синдиргани ҳақида «Озодлик» радиоси хабар берган эди.

Шунингдек, «Элтуз» нашри шу йилнинг июлида талабалари томонидан калтакланган Наманган муҳандислик технология институтининг собиқ домласи Сирожиддин Ашуровнинг видеомурожаатини эълон қилганди.

Болаларнинг калтакланиши – Ўзбекистонда тарқалган холат

Ўзбекистон таълим тизимида ўқитувчиларнинг мактаб ўқувчиларини, талабаларни уриши янгилик эмас.

Масалан, коллеж ўқувчисини кавуши билан урган урганчлик ўқитувчи Зебо Нафасова 2018 йилнинг 14 апрель куни ишдан бўшатилганди.

2017 йилнинг 16 мартида эса бошланғич синф ўқувчиларини ўқув қуроли билан уриб ҳақорат қилган фарғоналик ўқитувчи ҳам ишдан ҳайдалди.

Бу икки ҳолат бўйича практикантлар олган видео ижтимоий тармоққа қўйилиб овоза бўлганидан сўнг чора кўрилган эди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 август 2021
1971 йилнинг ёзида ёш немис эр-хотин аввалгиларидан узоқроққа саёҳатга жўнаб кетишди. Улар Германиядан шарққа томон 5 минг километрдан зиёдроқ ...
24 октябр 2023
Ўзбекистон телерадиокомпанияси ТВ катта муҳаррири Муҳиддин Сулаймонов Гитлер фашизми тарафдори эканлигини ëзиб чиқди. У ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Гитлер ...
13 октябр 2023
Мустақил равишда текширилган маълумотларнинг қабул қилиниши тўғрисидаги суд қарори Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқлари бўйича ҳисобот бериш учун узоқ давом этадиган ...
10 июн 2021
«Миллий тикланиш» партияси лидери Алишер Қодиров Alter Ego нашрига интервью берди.
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...