Ўзбекистондаги маҳкум фаоллар ва оптимизм шизофренияси
Жорий йилнинг март ойида Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди (Ўзбекистон таркибидаги республика) 39 ёшли ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Фармоновни озодликдан маҳрум этиш муддатини беш йилга узайтириш тўғрисидаги ҳукмни ўз кучида қолдирди.
Ўн бир йилдирки (2006 йил июндан буён), Аъзам Фармонов Жаслиқ турмасида сақланмоқда. Ҳали 2002 йилдаёқ БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен экологик ҳалокат ҳудудида жойлашган бу турмани ёпиш тавсиясини берган эди.
Ўзбекистонда ақлдан озар даражадаги некбинлик кайфияти кезаётган, янги президент эса мамлакатда йиғилиб қолган муаммолар ҳақида гапириб халқ меҳрини қозонаётган айни дамларда мен Каримов ботқоғи даврида ҳам ҳокимиятни танқид қилишдан чўчимаган ва ҳалигача қамоқда қолаётган инсонлар ҳақида эслатмоқчиман.
«1978 йилда туғилган, икки фарзанднинг отаси, ҳибсга олингунга қадар норасмий Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг Сирдарё бўлими раиси бўлиб ишлаган Аъзамжон Фармонов 2006 йил 16 июнда 165-модда (таъмагирлик) билан 9 йилга озодликдан маҳрум этилган», дейилади суд ҳукмида.
11 йил муқаддам Аъзам Фармонов автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияси экспедиторидан тахминан 300 АҚШ долларига тенг маблағни «таъмагирлик йўли билан олиш»да айбланган. Ўз навбатида, экспедитор, фермерларнинг сўзларига кўра, улардан берилмаган бензин учун қўл қўйиб беришни талаб қилган.
Биринчи судда Аъзам Фармонов ўзини зўр бериб ҳимоя қилди, аммо 9 йилга озодликдан маҳрум қилиш ўта қаттиқ жазо бўлди. Бу вақт оралиғида икки фарзанди отасини озодликда кўрмай ўсиб улғайди, унинг жазо муддати ҳам поёнига яқинлашди.
Бироқ юқоридаги кимгадир инсон ҳаётининг 9 йилини тортиб олиш камлик қилди шекилли, 2015 йил 1 майда Аъзам Фармоновнинг жазо муддати яна 5 йилу 26 кунга узайтирилди.
Мантиқсизликдек кўринса-да, иш материалларига кўра, Фармонов узоқ кутилган озодликка чиқишга икки ой қолганда худди атайин қилгандек тартибни буза бошлаган. Январдан мартга қадар у учта маҳкум билан уч марта даҳанаки жанжал қилган ва ҳар биридан сўнг изоляторга жўнатилган.
Масалан, у гўёки бошқа маҳкумга айтган «Олдимдан йўқол, бақалоқ, сасиб ётибсан, одамга ўхшаб ювиниб юрсанг бўлмайдими», деган гаплари учун 2015 йил январда биринчи марта беш кунга изоляторга тушган.
Суд ҳукмига кўра, у бошқа маҳкумнинг сафда тўғри туриш ҳақидаги танбеҳига гўёки қўполлик билан «Сенинг ишинг нима, ит, мен ўзимга ўзим жавоб бераман», деб жавоб қайтаргани учун февраль ойида 10 кунга иккинчи марта изоляторга қамалган.
Ниҳоят, озодликка чиқишига 26 кун қолганда, март ойида телевизор томоша қилиш вақтида бошқа бир маҳбусга кутилмаганда қўполлик қилади ва 20 суткага карцерга жўнатилади.
2015 йил 1 майда Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот тумани суди судьяси Д.Разов суд мажлисида адвокат иштирокисиз маҳкумлар ва қўриқчилардан иборат гувоҳларни тинглаб, 5 йил муддатга жазони қаттиқ тартибда ўташ ҳукмини чиқарди. Ҳукмда Аъзам Фармонов ўзига қўйилган айбловни тан олмаслиги бир сатрда кўрсатиб ўтиб кетилган.
Ўзбек жамиятининг бугунги ҳолатига баҳо беришда бу ҳолатни «умид» сўзи билан таърифлаш энг тўғриси бўлади назаримизда. Ҳатто Каримов режимининг муросасиз мухолифи Муҳаммад Солиҳ ҳам президент Мирзиёевнинг самимийлигига ишонди ва ўзгаришлар юз беришига умид билдирди.
Аксарият таҳлилчилар Мирзиёев иқтисодиётни яхшилаш ва мамлакатга сармоя кириши учун нимадир қилишга мажбур, деган фикрда якдилдир. У амалда ҳокимиятга келганидан буён ярим йилдан кўпроқ вақт ўтган айни кунларда қўшни давлатлар билан муносабатларда илиқлик ва маҳаллий ОАВда бироз жонланиш кузатилаётганини унинг хизматига йўйиш мумкин. Кўплаб фармон ва қарорларга келсак, ҳали уларнинг ҳаётда қандай ишлашини кутиш керак.
Ўтган йили 70 ёшли онаси вафот этган ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Фармонов 11 йилдан буён қамоқда қолмоқда. У ва бошқа сиёсий маҳкумлар қанча узоқ вақт қамоқхоналарда қолаверар экан, яхши ўзгаришларга бўлган умид шунчалик камайиб бораверади.
(Фарғона.ру нашридан Элтуз таржимаси)
Умида Ниёзова
«Ўзбекистон Германия форуми»
Инсон ҳуқуқлари ташкилоти рахбари