Cатира
21 сентябр 2017

Эскирган таянч тиргаклар мўрт бўлса…

Бўлмади. Кўпчилик зиёлиларнинг кутгани бўлмади. Ўзини 26 йилдан буён мустақил деб биладиган, кўксига уриб бу билан ғурурланадиган давлатнинг раҳбари БМТ минбаридан туриб яна ўзга тилда нутқ ирод қилди.

Арман президенти чиқди, арманчалаб чулдиради. Тожик президенти чиқди, тожикчалаб нутқини қойиллатди.

Ўзбекнинг юртбошиси чиқди, кўпчиликнинг юрагидаги армонни янада алангалатди. Тожикларнинг пешвои миллати ўз тилини бошқа тиллардан устун кўрди.

Арманларнинг ҳар куни танқидга учраётган президенти тилга келганда мард кетди. Арманиларнинг кўксини сарбаланд қилди.

Ислоҳотчилиги, халқпарварлиги, «халқ билан мулоқоти» учун мадҳияларга кўмиб ташланган ўзбек президенти тилга келганда қовун туширди.

Балки уни маслаҳатчилари чув туширгандир? Балки бунинг бирор сиёсий сабаблари бордир? Ҳойнаҳой марҳум президентнинг руҳи кимларнидир чўчитгандир?

Нима бўлганда ҳам «мақталганнинг қилган ишини кўр», қабилида бўлди бу ёғи.

БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзбек тилида маъруза қилиши кутиляпти, деб ёзган «кун.ўз» тилини тишлаб қолди.

Президентимиз оламшумул муаммолар ҳақида сўз юритди, дея ўзининг башорати амалга ошмаганини ёпишга уринди.

Нима десин? Э-э, қовун туширди-ку, десинми? Ундай деса эртага ишлай оладими? Бу сайт-ку, ҳеч бўлмаганда «ўзбекча гапиради», дея шунга ундашга уринганди.

Маҳаллий «бошқалар» эса Юлдуз Усмонованинг аввалги подшоҳи замонида бўлганидек шунга ишора қилишга ҳам журъат этмади.

Ўзбекнинг яна бир умиди ўлди. Ўлганда ҳам ғурурни чилпарчин қилиб ўлди. Ўлганнинг ортидан гапирмайди, дейдилар. Лекин бу гаплар ўлган умид ҳақида бўлмаса керак…

Айримлар бу ҳолатни шармандаликка йўйди. Аслида шармандлигимиз фақат шумикин? БМТ минбаридан туриб, мажбурий меҳнатни йўқ қилдик, дедик. Тўлиқ эркин конвертацияга ўтдик, дедик.

Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида халқаро конвенция қабул қилишни таклиф этдик. Ёшларимиз, талабаларимиз шу кунларда оммавий равишда пахтага жўнатилган бир пайтда бундай кўзбўямачилик қилишимиз шармандалик эмасми?

Ўзбекистон президенти БМТ минбаридан туриб мамлакат ҳукуматининг асосий фаолияти бугунги кунда «мамлакатнинг янги қиёфасини шакллантиришга» қаратилганини айтди.

Мамлакатимизнинг «янги қиёфаси» давлат тилига, юмшоқроқ айтганда, беписандлик, ёлғонни ҳақиқат сифатида гапириш асосида шаклланадиган бўлса, бундай «янги қиёфа»нинг моҳиятида, ботинида эски тузумнинг таянч тиргаклари сақланиб қолса, халқнинг амалга ошаётган ўзгаришлар самарасига бўлган ишончига путур етади!

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
19 январ 2017
Янги сайланган президентнинг ғайрат-шижоати, яъни кетма-кет йиғилишлар ўтказаётгани, фармонлар қабул қилаётгани газеталарни, шулар қаторида партия нашрларини ҳам анча шошириб ...
10 октябр 2023
Россия қамоғидан жўнатилган видеода 25 яшар тошкентлик йигит Шаҳзод Юсупов Россия федерал полицияси ходимлари унга туҳмат қилиб, машинасига наркотик ...
24 ноябр 2015
Ўзбекистонлик таниқли имом Обид қори Назаровга суиқасд қилганликда айбланаётган судланувчи Юрий Жуковский устидан олиб борилаётган маҳкама жараёни швед матбуоти ...
4 июл 2017
Ўтган июн ойида Ўзбекистон телеканалларида ОАВ ҳақидаги чиқишларга бой бўлди. Бунинг биринчи сабаби 27 июнда ўзбек журналистларининг касб байрами ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...