Асосий мавзулар
25 сентябр 2017

Талабаларнинг пахтадан қайтарилиши туман ҳокимларини шокка солди

Улуғнор тумани раҳбарлари пахта режасини талабаларсиз энди қандай тўлдириш ҳақида қайғуришмоқда.

22 сентябрь куни андижонлик талабалар пахта йиғим-теримидан қайтишди.

Шу куни эрталабданоқ кўпчилик шаҳарда йўловчи ташиш транспортларининг тирбандлиги, автобусларининг камайиб кетганига хайрон бўлган эди.

Куннинг иккинчи ярмида талабалар минган автобуслар карвонида дастлаб Андижон Давлат университети талабалари қайтиб келишди.

«Бу янгилик ҳаммамиз учун кутилмаган ходиса бўлди. Ҳатто кеча ҳам бу ҳақда ҳеч қандай гап-сўз йўқ эди. Бугун эрталабдан нарсаларимизни йиғиштиришимиз ҳақида буйруқ бўлди. Президентимиз талабаларни пахтадан қайтариш ҳақида кўрсатма берибди. Хурсанд бўлганимиздан ҳаммамиз “ура” деб бақириб юбордик», дейди ўзини Феруза деб таништирган талаба.

Андижонда 4 та олий таълим даргоҳи бор. Икки институт талабалари Қўрғонтепа туманида, яна иккитаси Улуғнор туманида пахта теримида эди.
Талабалар қайтишидан мазкур туманлар мулозимларидан ташқари барча хурсанд бўлди. Улуғнорлик фермерлардан бирининг маълум қилишича, туман раҳбарлари энди талабаларсиз пахта режасини қандай тўлдириш ҳақида қайғуришмоқда.

«Туманимизда ишчи кучи кам, шу боис ҳар йилиям пахта планини хашарчилар ҳисобига бажарардик. Талабалар кетди, энди асосий куч бошқа туманлардан жалб этилган хашарчилар – ташкилотлар, ишчи-ходимлари ва махаллий аҳоли зиммасига тушади. Салкам 21,5 минг тонна пахта режасини уддалаш осонмас. Биз-ку ўз хўжалигимиз режасини бир амаллаб бажарармиз. Аммо туманимиз раҳбарлари шокка тушган.

“Энди нима қиламиз?”, “Бу йил планни бажара оламизми?” деб қайғуришмоқда.

Улуғнор туманида 11060 гектар ерга пахта экилган. Андижон Давлат университети ҳамда Андижон Давлат Тиббиёт институтининг салкам 6мингга яқин талабаси ҳар йили ушбу туман учун беминнат хашарчилар эди.

Маълум қилинишича, институтларда душанба кунидан тўлиқ дарслар бошланади.

«Пахта йиғим-терими борасида бу йил янгиликлар кўп бўлди. Шулардан бири маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар вакилларини Ёшлар Иттифоқи(собиқ Камолот ЁИҲ) томонидан теримга жалб этилишидир. Олий ўқув юртлари талабалари ўрнини ана шу уюшмаган ёшлар бемалол қоплайди», дейди пахта штаби мулозимларидан бири.

Мулозимнинг маълумотига кўра, жорий йилги пахта теримига Андижон вилояти бўйича маҳаллалардан 10 мингга яқин уюшмаган ёшлар жалб этилган.Улар кунига 500 тонна атрофида пахта териб беришмоқда.

Эслатиб ўтиш жоиз, президент Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этди.

19 сентябрда бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон раҳбари маъруза қилиб, Ёшлар мавзусига алоҳида тўхталган ва Ёшлар ҳуқуқларига оид БМТ конвенциясини ишлаб чиқиш таклифини киритганди.

Ўз нутқида президент шунингдек, Ўзбекистонда болалар меҳнатига йўл қўйилмаётганига алоҳида урғу берган. Одамларнинг фикрича, талабаларни пахтадан қайтариш давлат раҳбари фаолиятидаги энг муҳим оқилона қарордир.

Шоҳида Саидова
Андижонлик муаллиф таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 май 2016
Ҳа, чойхўрликда бизнинг олдимизга тушадигани йўқ экан дунёда. Блогимни бир чойнак аччиқ чой ичиб олиб кейин ёзаман деб ўйладиму, ...
25 январ 2018
МХХ фаолияти устидан парламент назорати ўрнатилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан қабул қилинган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ...
13 март 2024
Салом қадрли муҳлислар. Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та мактубни ўқиб эшиттирамиз. Улар Ўзбекистоннинг Самарқанд, Андижон, Қашқадарё, Сирдарё ва Бухоро вилоятларидан келган. Дастлабки мактуб ...
28 август 2018
Тез кунларда Ўзбекистонда оммавий пахта теримига старт берилади. Аммо бу йилги мавсум ҳам ҳокимият амалдорларининг қонунбузарликлари остида ўтишига ишоралар ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...