Асосий мавзулар
28 август 2018

Пахта машмашаси бошланяптими?

Тез кунларда Ўзбекистонда оммавий пахта теримига старт берилади. Аммо бу йилги мавсум ҳам ҳокимият амалдорларининг қонунбузарликлари остида ўтишига ишоралар пайдо бўла бошлади.

Хусусан, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги “Чиғатой Оқтепа” МЧЖга қарашли тахта бозоридаги ҳар бир тадбиркордан бозор маъмурияти пахта мавсуми учун бир ярим миллион сўмдан пул йиғишни бошлаб юборди.

“Озодлик”нинг бу ҳақдаги хабарида айтилишича, бозор маъмурияти бозор ҳисобидан пахтага одам чиқариш топшириғи ҳокимлик томонидан берилганини тан олган, лекин пул йиғиш ҳақидаги иддаоларни инкор қилган.

Жорий йилдан пахта терими мавсуми таълим ва тиббиёт муассасалари ходимлари иштирокисиз бўлиб ўтиши кутиляпти.

Президентнинг шахсан ўзи ўтказган бир неча учрашувда пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланишга чек қўйиш ҳақида гапирилди.

Ҳукумат эса бу борада қонунбузарликларга йўл қўйган барча амалдорларга нисбатан кескин жазо чоралари кўрилишини маълум қилди.

Шунга қарамай, “Озодлик”нинг юқорида эслатилган хабари бу йил пахтанинг аксар оғирликлари тадбиркорлар зиммасига юкланишидан дарак бермоқда.

Ҳозирдан айтиш керакки, бу ишларнинг барчаси “сиздан угина, биздан бугина” қабилида амалга ошириладиганга ўхшамоқда.

Яъни ҳукумат тадбиркорларга барча шароитларни яратиб бераётгани баҳонасида улардан пахта теримига ўз ҳиссасини қўшишни талаб қилиши тобора ойдинлашаётир.

Аслида тадбиркорлардан пахта теримига одам чиқариш ёки улардан пул йиғиб олиш аввал ҳам кўп кузатилган. Бунда солиқчилар ва назорат органлари ваколатларини суиистеъмол қилиш орқали эришилган.

Шунга қарамай, жамият тобора эркинлашаётган, фуқаролик жамиятининг роли кучайиб бораётгани бир қадар сезилаётган ҳозирги шароитда тадбиркорларни очиқчасига талаш ҳукуматнинг сўзда ва амалда икки хил сиёсат юритишга ҳамон мойил эканини кўрсатмоқда.

Бир қатор халқаро ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари кўп йиллардан буён Ўзбекистонни мажбурий меҳнат, хусусан, болалар меҳнатидан фойдаланаётгани учун танқид қилиб келади.

Бунинг натижасида мамлакатда болалар меҳнатини кескин камайтиришга эришилди, ҳукумат бу борада ижобий қадамлар қўйишга ҳаракат қилмоқда.

Халқаро меҳнат ташкилоти эса Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни мониторинг қилишни йўлга қўйган. Аммо аксарият ҳолларда хулосаси ижобий бўлаётган бу мониторингни Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари доимо танқид қилиб келади.

Жумладан, Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми ўзининг мустақил мониторинги хулосаларига таяниб, мажбурий меҳнат ҳамон кенг миқёсда қўлланилаётганини айтиб келади.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 феврал 2017
Президентнинг 15 февралдаги фармонига кўра, Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги иккига ажратилиб, Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ...
1 ноябр 2015
Қудрат Бобожон Eltuz.com Журналист Малохат Эшонқулованинг фаолияти туфайли энди унинг бўлғуси қудаларига босим кўрсатилаётгани ҳақидаги гапларни эшитиб, ҳар қандай ...
28 апрел 2020
Давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этмаган мансабдор шахсларга жарима солишни кўзда тутган қонун лойиҳаси Ўзбекистонда яшовчи рус тилли ...
13 июл 2020
Ўтмиш тозалаб қўйилган. Ëлғон эса ҳақиқат дея бизга тақдим қилинмоқда. Бу гапни ëзувчи Жорж Оруэлл бундан 70 йил олдин ...
Блоглар
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...
8 август 2024
«Арабистон тупроғида бола туғиш» мақсадидаги хотинлар ва уларни етаклаб кетаётган эркаклар. Арабистонда ўқилган шаърий никоҳга ...