Асосий мавзулар
5 феврал 2018

Депутатлар нега кеч «уйғонди»?

Ўзбекистон парламентининг икки депутати Вазирлар Маҳкамасининг юридик шахслар автомобиллари ҳайдовчиларининг айнан «Аvtotest-Report» МЧЖ малака курсларида ўқиб, мажбурий сертификат олиши борасидаги қароридан норозилик билдирди.

Депутатлар Расул Кушербоев ва Қодир Жўраев ҳукуматнинг ўтган йил 4 сентябрда қабул қилинган бу қарори қайта кўриб чиқилишига эришмоқчи.

Демократик давлатларда депутатларнинг бу каби чиқишлари табиий ҳол. Аммо Ўзбекистон борасида бундай дейиш қийинроқ.

Шу нуқтаи назардан, икки депутат нега қарор чиққанидан қарийб беш ой ўтиб «уйғонгани» ғалатироқ кўринмоқда. Уларга бундай баёнот билан чиқишига юқоридан кимдир изн берган, деган фикр пайдо бўляпти.

Депутатлар томонидан шу пайтгача ҳукуматнинг бирорта қарорига қарши гапириш кузатилмагани сабабли бу шубҳада жон бордек кўринади.

Қолаверса, уларнинг чиқишлари яхшигина информацион қўллаб-қувватлашга эга бўлмоқда.

Тўғри, мамлакатдаги сиёсий ўзгаришлар тўлқинида Р.Кушербоев ва Қ.Жўраев жуда кўпчиликда норозилик уйғотган қарорга «виждон амри» билан қарши чиқяпти, деб ўйлаш ҳам мумкин. Аммо қўғирчоқ парламент вакиллари ҳақида гап кетганда бу фикрга асос мустаҳкам эмасдек.

«Аvtotest-Report» МЧЖ Давлат солиқ қўмитаси раҳбари Ботир Парпиевнинг қудратли бизнес империясига алоқадор, деб кўрилади. Унинг эгаси эса Б.Парпиевнинг яқин одами, президент матбуот хизмати раҳбари Комил Алламжонов экани айтилади.

К.Алламжонов давлатнинг чўнтагини ўз чўнтаги билан адаштириб қўйганига анча бўлган. Бир вақтлар «Бухгалтерга электрон мадад – БЭМ» дастури барча фирма ва компанияларга мажбуран тиқиштирилганди.

У пайтларда К.Алламжонов ДСҚ матбуот хизмати раҳбари эди. Энг қизиғи, бу дастурни сотишга бевосита солиқ идоралари ходимлари жалб қилинганди. Ҳолбуки, БЭМ дастурини сотадиган фирма К.Алламжоновнинг хусусий мулки эди.

«Аvtotest-Report» МЧЖ ва БЭМ фирмаси билан боғлиқ бу воқеалар давлат ваколатларидан фойдаланиб шахсий бойлик орттиришнинг энг ёрқин кўринишларидан биридир.

Бу коррупционерлар ҳатто ҳукуматдан ўзларининг манфаатларига хизмат қиладиган алоҳида қарор чиқартиришга эришгани эса уларнинг қудратидан дарак беради.

Назаримизда, парламент депутатларининг кеч бўлса-да «уйғониши» мана шу қудратли кучга қарши чиқишга қарор қилинганидан дарак беради.

Мазкур саъй-ҳаракатлар ортида ҳам қудратли кучлар борга ўхшамоқда.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 июн 2024
Маккада жазирама иссиқ туфайли ҳалок бўлганлар сони 900 дан ошди. Элтуз иқлим ўзгаришига оид хабарлар билан ўз кўрсатувларини давом ...
27 май 2020
Президент Шавкат Мирзиёев 25 май куни ўтказган транспорт масалаларига оид йиғилишда “Uzbekistan Airways”ни нуфузли хорижий компания бошқарувига бериш масаласи ...
25 январ 2023
 “Элтуз”га етиб келган маълумотларга қараганда, Риштон туманида прокурор босими остида фермерлар ипак қурти боқиб, пилла етиштириш шартномасини имзолашга мажбурланган. ...
28 апрел 2016
Туркия ички ишлар вазирлигига оид махсус гуруҳ Кўня шаҳар марказидаги масссаж салони исловатхонага айлантирилгани ҳақида маълумотни текшириш учун борганида ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...