Туркиядан Ўзбекистонга қорадори ташиëтган олти ўзбек ушланди (видео)
Истанбулдаги Отатурк қўналғасида 1 кило 75 грамм қорадорини Тошкентга олиб кетаëтган 35 яшар Ўзбекистон ватандоши С.К ушланди.
Туркиядаги «Ҳуррият» газетасининг Истанбул полициясига таяниб ҳабар қилишича, 28 январь куни Истанбул-Тошкент йўналиши бўйича учаëтган ўзбекистонлик гўшт қиймалагич ва чангютгич ичига қорадори яшириб ўтказаëтган пайтда қўлга олинган.
Ўша куннинг ўзида Истанбулдан Қозоғистонга учаëтган 29 яшар Ж.И ва 55 яшар З.Р исмли Ўзбекистон ватандошлари ҳам нон иситадиган жиҳоз ичига 517 грамм қорадорини олиб ўтаëтган пайтда қўлга олинган.
Шунингдек, уларнинг Истанбулнинг Фотиҳ маҳалласидаги меҳмонхонада қолган 3 нафар шериги ҳам уюшган жиноятчиликда айбланиб ҳибсга олинди.
Норасмий маълумотларга кўра, Туркиядаги ўзбеклар сони юз мингларни ташкил қилади. Маҳаллий матбуотда ўзбек мигрантлари содир қилаëтган талончилик, фоҳишабозлик, қотиллик каби жиноятларни кунора ўқиш мумкин.
Видео: https://youtu.be/P2IY2_1Fv_0
Eltuz.com