«Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг эгаси алмашади
Ўзбекистоннинг давлат монополисти бўлган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси хусусийлаштирилади. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси маслаҳатчиси Сардор Саъдуллаев 9 май куни «Рейтер» агентлигига интервьюсида билдирди.
«Бизда битта монопол «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиаширкати бор, бироқ биз соҳани ислоҳ қилиш, давлат авиаширкатини дахлсиз ширкатлар рўйхатидан чиқариш борасида Жаҳон банки билан ҳамкорлик қиляпмиз», деди Саъдуллаев.
Авиаширкатнинг давлатга зарар келтираётгани учун ҳам хусусийлаштирилаётгани иддао қилинмоқда.
«Мисол учун, бир йил олдин очилган Душанбе-Тошкент рейсидан Ўзбекистон фақат зарар кўрмоқда. Бу ҳақда компаниянинг ўзи хабар қилди. Ҳар бир парвоздан компания 5-8 миллион зиён кўрмоқда экан», деди Би-Би-Си журналисти Ибрат Cафо 11 май кунги чиқишида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» хабаридан иқтибос келтириб.
Шунингдек, у «Ўзбекистон ҳаво йўллари» молиявий ҳисоботларини чоп қилмаслиги боис, унинг иқтисодий маълумотларини билиш қийинлигини ҳам айтди.
Кузатувчилар фикрича, йирик ширкатларнинг хусусийлаштирилиши, коррупцияга ботган Ўзбекистонда ҳукмрон шахслар даромадининг жамиятдан ёпиқлиги боис, янги олигархларнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Рассом Туз «Ўзбекистон ҳаво йўллари»ни ўзлаштираётган янги ўзбек бойи расмини чизди.
Рассом Туз
Eltuz.com