Асосий мавзулар
24 сентябр 2018

Ўзбекистон болалар меҳнатидан фойдаланувчи давлатлар рўйхатидан ўчирилди

Совет даврида болаларни мактаб партасидан пахта даласига қувиш одатий ҳол саналарди. Қайта қуриш йилларида сал сусайган бу анъана Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг қайта авж олди. Фото: Темур Карпов

Фақат сўнгги йилларга келибгина халқаро ташкилотлар ва демократик ҳамжамиятни тамсил қилувчи ҳукуматлар саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ, болалар меҳнатига чек қўйишга эришилди.

Шунинг учун АҚШ Ўзбекистон пахтасини болалар меҳнати ёхуд мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатидан ўчиргани нафақат расмий Тошкентнинг, балки мазкур халқаро ташкилотларнинг ҳам ютуғидир, дейиш мумкин.

Айни пайтда АҚШнинг бу рўйхатидан 76 та мамлакатда ишлаб чиқариладиган 148 та маҳсулот ўрин олган.

Ўзбек пахтасининг ушбу рўйхатдан ўчирилиши АҚШ Меҳнат вазирлигининг болалар меҳнатидан фойдаланишнинг энг ёмон шакли бўйича хулосалар жамланган 17-йиллик ҳисоботида Ўзбекистонга ижобий баҳо берилгани натижаси бўлди.

Мазкур ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда пахта йиғим-терими даврида болалар меҳнатидан фойдаланишни сезиларли равишда қисқартиргани қайд этилган.

Пахта терими вақтида болалар меҳнатидан фойдаланиши сабабли Ўзбекистон ҳукумати доимий равишда халқаро танқид нишонига айланиб келди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан ўтказилган мустақил мониторингларда, улар тайёрлаган ҳисоботларда пахта мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланиш жуда катта кўлам касб этиши жуда кўп бора таъкидланган.

Бу саъй-ҳаракатлар натижасида халқаро майдонда ўзбек пахтаси бойкот қилинди, болалар меҳнати мавзуси ўзбек расмийларининг энг оғриқли нуқталаридан бирига айлантирилди.

Оқибатда ҳукумат болалар меҳнатига қарши амалда курашишга, бунинг учун сиёсий ирода кўрсатишга мажбур бўлди.

Мамлакатда болалар меҳнатига чек қўйилишига Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми ҳам катта ҳисса қўшди.

Ташкилот қатор йиллар давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни кўнгилли фаоллар иштирокида бевосита Ўзбекистоннинг ўзида мониторинг қилиб келди.

Шу асосда йиллик мустақил ҳисоботлар тайёрлаб, ОАВда эълон қилди, тегишли халқаро ташкилотлар ва ҳукуматлар эътиборига ҳавола этди.

“Бу мониторингдан кўзлаган асосий мақсадимиз Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг барча шаклларини тугатишга ҳисса қўшиш эди. Биз бу мақсадимизнинг бир қисмига эришганимиздан мамнунмиз”, дейди форум раҳбари Умида Ниёзова “Элтуз” билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда болалар меҳнати деярли бартараф қилинган бўлса-да, ҳали мажбурий меҳнатдан фойдаланиш кўлами катталигича қолмоқда.

Афсуски, мамлакатда жорий йилги пахта мавсумида ҳам мажбурий меҳнат аломатлари кўзга ташланмоқда.

Лекин бу энди алоҳида мақола мавзуси.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 март 2016
Манзура Instagramдаги шахсий саҳифасида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўтказилаётган ...
15 октябр 2020
42 ёшли Баҳром вирус юқтириб олганини аҳволи ёмонлашгандан сўнг таҳлил топширгач билди. Унда нафас етишмовчилиги бўлгани учун зудлик билан ...
5 май 2015
«Россия бизни босиб оладими¸байроғимизни юлиб олиб ерга ташлаб ¸бизни қул қиладими бизга барибир. Қорин тўқ чўнтак бут бўлса бўлгани» ...
31 январ 2018
31 январь куни МХХ раиси Рустам Расулович Иноятов ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг МХХ ва прокуратура ходимлари иштирокида ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...