Document UZ
15 октябр 2018

Уйларни бузиш тартиби давлат фойдасига ўзгарди

Ўзбекистонда Уй-жой кодексига киритилган ўзгаришларга кўра, эндиликда давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олиб қўйилаётган уйларнинг фақат мулкдорларигина турар жой билан таъминланади.

Бу ўзгаришлар олиб қўйилаётган уйда доимий рўйхатда турганларни бундай ҳуқуқдан маҳрум қилишни кўзда тутади.

Кодекснинг аввалги кўринишида уйи давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олиб қўйилаётган уйларда яшовчи “фуқаролар, уларнинг оила аъзолари, шунингдек, ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшаётган фуқароларга” турар жой берилиши белгиланган эди. Энди бу сўзлар “мулкдорларга” деб ўзгартирилди.

Бундан ташқари, бузилган уйнинг ўрнига якка тартибда уй жой қуриш ер участкаси ҳам фақат мулкдорларга берилади. Бузилаётган ва янги берилган участканинг бозор қиймати ўртасидаги фарқ эса беш йил ичида давлат томонидан компенсация қилинади.

Ҳуқуқшуносларнинг айтишича, эндиликда бузилаётган уйда пропискада бўлиш фуқароларга давлат томонидан конпенсация сифатида уй-жой ажратилиши учун асос бўлмайди.

“Янги ўзгаришлар ишимизни анча осонлаштиради, – дейди Тошкент шаҳри ҳокимлигида ишловчи манба “Элтуз” мухбирига. – Илгари уйда нечта одам прописка қилинган бўлса, уларнинг ҳаммасини турар жой билан таъминлаш лозим эди. Баъзи уйларда аслида 5 та одам яшаса-да, ўнлаб одамлар прописка қилинганини ҳам кўрганмиз. Шунинг учун бу масалада кўп жанжал бўларди”.

Унинг сўзларига кўра, бунча одамни турар жой билан таъминлаш ёки уларга участка ажратиш ҳокимлик учун жуда оғир масала. Бузилаётган уйда бу яшамаслигини ҳамма биларди. Лекин қонун бўйича уларни турар жой билан таъминлаш мажбурияти бор эди.

“Эски шаҳарда айрим уларнинг 3-4 та хонаси бор. Лекин прописка қилинганларнинг саноғи йўқ. Аслида бунча одамнинг бу ерда яшаши ақлга сиғмайди. Лекин уй бузилаётган пайтда ҳаммаси тўполон кўтариб, уй талаб қилади”, дейди ҳокимлик ходими.

Унинг билдиришича, бузилаётган уйда ҳақиқатда қанча одам яшаши ҳақида маҳалла орқали далолатнома тузилиб, фақат уларнигина турар жой билан таъминлаш амалиёти синаб кўрилган. Лекин қонун бўйича прописка қилинганларнинг ҳаммасига уй бериш белгилангани сабабли бу амалиёт ҳар доим ҳам самара бермаган.

“Чунки биз минг марта ҳақ бўлсак ҳам қонунчилик бўйича бундай амалиётни асослаш жуда қийин иш”, дейди ҳокимлик вакили.

Айни пайтда уй-жойи бузилаётганларнинг ўз ҳақиқатлари бор. Жумладан, битта хонадонда чиндан ҳам 2-3 та оила яшаётганлар ҳолатлар ҳам мавжуд.

Охирги бир-икки йил ичида Ўзбекистон шаҳарларида, айниқса, пойтахт Тошкентда ҳовлиларни бузиб, ўрнига кўп қаватли уйлар қуриш ишлари авжида чиққан. Бундай қурилишлар кўлами янада кенгайиши кутилмоқда.

Демак, Уй-жой кодексига ўзгаришлар киритилишига сабаблардан бири қурилиш ширкатларининг лоббиси бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Қолаверса, энди маҳаллий ҳокимликлар учун бузилаётган уйларга компенсация бериш аввалги йилларга нисбатан анча осонлашади. Шу билан бирга, бу борадаги ишларни судларда кўраётганда ҳокимликларнинг ютиб чиқиш имконияти янада ортади.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
29 декабр 2020
Антик тарихий манбаларда буюк саркарда Александр Македонский эрамиздан олдинги 329-326 йилларда барпо эттиргани айтиладиган Кампиртепа ёдгорлиги жануби-ғарбий деворининг ўрта ...
3 апрел 2019
Бу 1973 йил 3 апрелда Нью-Йоркда, ҳайрат билан қараб турган одамлар кўз ўнгида рўй берди. Motorola ширкати ходими Мартин ...
19 май 2016
Туркиянинг Мерсин шаҳар маҳкамаси ўз фарзандини калтаклаган Гулчеҳра Исоқулова устидан очилган жиноят ишини 17 май куни кўришга бошлади. Маҳкамада ...
7 январ 2016
Боз устига электр токи ва газ таъминотидаги узилишлар боис шифохоналардаги аҳвол оғирлашиб бораётгани тилга олинмоқда. Рассом Элсевар ўзбек касалхоналаридаги ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...