Кундалик
31 октябр 2018

Аҳолининг инфляциядан хавотири ортиб боряпти

Ўзбекистон Марказий банки мамлакат аҳолиси ва корхоналарининг инфляция кучайиб бораётганидан хавотири ошаётгани ҳақида маълум қилди.

МБнинг жорий йилнинг 3-чораги учун тайёрлаган ҳисоботида билдирилишича, июль-сентябрь ойларида аҳоли ва бизнес томонидан сезилган инфляция индексида сезиларли ўсиш кузатилган.

МБ бу ўсиш динамикаси келгусидаги инфляцион кутилмаларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Пишиқчилик мавсумида одатда мамлакатда арзончилик кузатилади. Жорий йилда бозорларда энг арзони узум, олма, пиёз каби маҳсулотлар бўлди.

Аммо аксарият ҳолларда ёзда жуда арзон бўладиган помидор, бодринг, тарвуз-қовун кабиларнинг нархи кутилганидан анча баландлиги кузатилди.

“Бу йил бизда помидор ҳосили яхши бўлмади. Бунга қурғоқчилик ҳам сабаб бўлди. Қолаверса, помидорга касал тегиб, тезда қуриб қолди”, дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходими “Элтуз” билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, нархи энг сезиларли ошган маҳсулотлардан бири гуруч бўлган. Қиш мавсумида гуруч янада қимматлаб кетиши кутилмоқда.

Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, яқинда ҳукуматнинг бензин, газ ва электр энергияси нархини ошириш тўғрисидаги қарори лойиҳаси эълон қилингани аҳоли ва бизнес вакилларининг инфляцион хавотирлари кескин ошишига сабаб бўлмоқда.

“Бу қарорнинг қабул қилиниши, сўзсиз, бозорда нархлар қимматлашувига олиб келади. Чунки бугунги кунда ишлаб чиқариш таннархининг сезиларли қисмини энергия манбаларидан фойдаланиш харажатлари ташкил этади. Биз яқин вақтларда занжирли реакция кўринишидаги қимматлашувга гувоҳ бўлишимиз эҳтимоли жуда катта”, деди иқтисодий таҳлилчи Ботир Ҳайдаров “Элтуз” билан суҳбатда.

Таъкидлаш керакки, ҳукумат вакиллари кутилаётган қимматлашувга аҳоли фикрини тайёрлаш ҳаракатига тушиб қолган.

Хусусан, яқинда молия вазири ОАВ вакиллари билан учрашиб, энергия манбалари нархи оширилиши зарурати ҳақида тушунтириш берди.

Ўзбекистонда қимматчиликнинг биринчи белгиси қора бозорда АҚШ доллари нархининг ошишида кўринади.

28 октябрь ҳолатида долларнинг расмий курси 8226 сўмни, қора бозорда эса сотиб олиш нархи 8300 сўм, сотиш нархи 8330 сўмни ташкил этди.

Жорий йил бошидан буён долларнинг расмий ва қора бозордаги курслари ўртасида шу кунлардагидек катта фарқ кузатилмаган эди.

Бу эса аҳоли ва тадбиркорларнинг қимматлашув хавотиридан доллар сотиб олишга эҳтиёжи ортганига ҳам далил бўлади.

“Жорий йилнинг тўртинчи чорагида аҳоли ва бизнесменларнинг инфляцион кутилмалари кўрсаткичи ўсиши аввалги уч чоракдагидан кўра юқорироқ бўлиши эҳтимоли катта”, деди иқтисодий таҳлилчи Ботир Ҳайдаров “Элтуз”га.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Марказий банк қайта молиялаш ставкасини 14 фоиздан 16 фоизга оширишга қарор қилган эди.

Бу қарорга берилган шарҳда мамлакатда инфляция даражаси кутилганидан кўра юқорироқ бўлаётгани билдирилганди.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 ноябр 2020
Ассалом алайкум, Eltuz! Биз Бухоро вилояти Шофиркон туманидан мурожаат қиляпмиз. Ҳаво ҳарорати тушиши билан қувурлардан келаётган газ босими кескин пасайиб кетди. ...
17 июл 2024
Туркиянинг Кония шаҳрида хорижлик аёлларни суратга олиб, каталог яратиб фоҳишаликка мажбурлаган, кечаси 5-6 минг лира эвазига харидор топаётган тармоққа ...
22 январ 2018
52 кишининг ҳаëтига нуқта қўйган автобусдаги ëнғиндан 4 кун ўтиб ўзбекистонлик муҳожирлар яна қозоқ даштларида муаммога дуч келди. 41 ...
2 июл 2020
6-синфда ўқирдим, Кампучияда давлат тўнтариши бўлиб ҳукуматга Пол Пот раҳбарлигидаги «Қизил кхмерлар» келганини, улар бутун мамлакат бўйлаб фашистик диктатура ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...