Асосий мавзулар
18 декабр 2018

Вазирнинг талаблари ота-онанинг ҳам оғирини енгил қиладими?

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жойлардаги ўз қўл остидаги раҳбарларга хат йўллаб, бир неча талабларни қўйди.

Хусусан, вазир халқ таълими бошқармалари ва бўлимлари раҳбарларига ўқитувчиларни ҳар хил газета ва журналларга мажбурий обуна қилдириш, коммунал тўловлар учун ойлик иш ҳақидан ушлаб қолишни тақиқлади.

Шунингдек, бошқа ноқонуний бадаллар йиғилишига ҳам қатъиян чек қўйилиши ҳақида сўз боради бу хатда.

Шерзод Шерматов маҳаллий ҳокимликлар томонидан таълим муассасалари раҳбарлари ёки ўқитувчиларнинг ҳар қандай мажбурий меҳнатга, турли йиғилишга, тадбирларда зални тўлдириш учун “томошабин” сифатида жалб этилишига, турли қоғозбозлик, ҳисоботлар тайёрлашга чек қўйиш зарурлигини ҳам билдирган.

Ўзини янги авлод амалдори сифатида кўрсатиб келаётган Ш.Шерматовнинг бу талаблари оддий ўқитувчилар томонидан илиқлик билан қарши олинди.

Аммо ота-оналар ноқонуний йиғди-йиғдиларни тўхтатиш талаби фақат ўқитувчиларга тегишлими ёки ўқувчиларга ҳам тааллуқлими, деган саволга аниқлик кирита олмаяпти. Чунки уларни ташвишга солаётгани айнан мактаблардаги пул йиғишлардир.

Айниқса, янги йил байрами арафаси бундай пул йиғишлар энг авжига чиқадиган палла ҳисобланади.

“Қизим 2-синфда ўқийди. Шу ойнинг ўзида турли тадбирлару синф фонди учун қизимга 100 мингга яқин пул сарфладим. Бу ёқда ўғлим ҳам кўп нарсаларга пул сўраб турибди”, дейди фарзанди Тошкентдаги мактаблардан бирида ўқийдиган она “Элтуз” билан суҳбатда.

У қизининг синф фонди учун ҳар чоракда 45 минг сўм, ўғлига ҳам шунча пул тўлайди. Турли тадбирлар учун алоҳида пул йиғилади.

“Синф фондидан ташқари қизимнинг ўқитувчисига туғилган куни учун 20 минг сўмдан йиғилди. Жами 500 минг сўм совға қилинди ўқитувчисига. Яна 20 минг сўм Янги йил байрамида болаларга турли совғалар олишга бердим. 12 минг сўмдан театрга ҳам сўраб олишди”, деди она.

Аёлнинг сўзларига кўра, пулни ота-оналар қўмитаси раислари йиғади. Уларнинг ўқитувчилар билан тили бир.

“Агар кимдир сўралган пулни бермаса, ўқитувчининг бу болага бўлган муносабати ўзгаради,- дейди она. – Паст баҳо қўяди, ўқувчига етарли даражада эътибор қаратмай қўяди. Кейин бола руҳан эзилади.

Шунинг учун сатқаи сар деб, қанча сўраса ҳам пулини беришга мажбур бўламиз. Синф фондидан фаррошга ҳам пул тўлаймиз.

Фаррош мактабдан ойлик олади-ку. Лекин унга яна нега пул берилишини ҳали ҳам тушунмайман”.

Ўзбекистон мактабларида ўқувчилардан турли баҳоналар билан пул йиғиш иллати ниҳоятда авж олган. Сўнгги вақтларда бу каби ҳолатлар ҳақидаги хабарлар матбуотда кўпайгани ортидан ҳукумат муаммони ҳал этишга уринаётганига қарамай, вазият яхши томонга ўзгармаяпти.

Вазир мактубидаги талаблар педагогларнинг оғирини енгил қилиш баробарида ота-оналарнинг муаммолари ҳал бўлишига ҳам олиб келадими? Мана шу саволга ҳали жавоб йўқ.

Баҳодир Шариф


Eltuz.com
Тағин ўқинг
5 январ 2016
Янги йил арафасида Фэйсбук саҳифаси иштирокчилари «Тошкент гўзали»ни танлашди. Актриса Олеся Недобегова бу виртуал танлов ғолиби бўлди ва у ...
7 октябр 2020
Жээнбеков ҳукуматининг ҳайратланарли даражада тезкор ағдарилишидан сўнг бир қатор саволлар туғилади. Улардан энг муҳими – иккита: Энди нима бўлади? ...
28 феврал 2019
Сўнгги икки йил давомида Ўзбекистон бир неча бор янада очиқ бозор иқтисодиётига ўтиши ҳақида эълон қилди. Аста-секин бу ўзгаришлар ...
16 январ 2022
Ўзбекистондаги ҳар бир мулозимнинг ичида битта шоир, ҳар бир шоирнинг ичида битта мулозим яшайди. Бу яхшими ëмонми, билмайман. Шавкат ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...