Асосий мавзулар
18 феврал 2019

Ғаллаороллик йигит ИИБ ходимлари уни таҳқирлашганини билдирди

Жиззахнинг Ғаллаорол туманида яшовчи 30 яшар Акмал Аблокимов Самарқанд вилояти Иштихон туманида ички ишлар ходимлари томонидан таҳқирлангани ва калтаклангани ҳақида «Элтуз»га маълум қилди.

«Мана, ҳозир ҳам туман прокуратурасидан олган жароҳатларим юзасидан суд тиббий экспертизаси тайинлашни талаб қилдим. Бетоблигимга қарамай, ичкарига ҳам киргизмасдан, исмини ҳам таништирмаган туман прокуратураси ходими мен туман ички ишлар бошлиғи номига ариза ёзишим кераклиги ва улар менга суд тиббий экспертизасини тайинлаш ҳақида қарор беришини айтиб, мени сарсон қилиб қайтариб юборишди», дея билдирди Аблокимов «Элтуз»га 17 февраль куни.

У «Элтуз»га Иштихон тумани прокурорига айни воқеа юзасидан 14 февраль куни ёзган шикоят аризаси нусхасини юборди.

Аризада ёзилишича, у 2019 йил 14 февраль куни соат 16.30 да машинасида ўз эҳтиёжи учун бензин олиб кетаётганида йўл-патруль хизмати (ЙПХ) ходимлари томонидан тўхтатилган. Ички ишлар ходимлари уни ИИБга олиб бориб, бензинни сотиш учун олиб кетяпман, деб ёзиб беришга мажбурланган.

Аблокимовнинг аризасида ёзишича, у бундай ёлғон тушунтириш хати ёзишдан бош тортгани сабабли Ваҳоб исмли ИИб ходими уни онасидан сўккан, оёғига тепган ва шапалоқлаб урган. Зарба кучидан йигит ҳушидан кетган.

Аризага кўра, соат 21.30 лар чамаси Акмални ташқарига олиб чиқишган пайтда у шифокор кўригидан ўтишини айтгани учун уриб-сўкиб яна ичкарига қайтариб олиб киришган.

“Фуқаро кийимидаги Хуршид деган ходим мени яланғоч қилиб, ГАИ ходими билан бирга телефонга туширди ва агар бензинни сотиш учун олдим, деб ёзиб бермасанг, видеони интернетга чиқариб юборамиз, деб пўписа қилишди”, дейилади Акмалнинг Иштихон прокурорига ёзган аризасида.

Акмал барибир мажбурий равишда ҳеч нарса ёзиб бермагач, тунги соат 23 дан кейин Самандар исмли бошқа бир милиция ходими уни олиб чиқиб кетганини иддао қилади.

Жабрланувчи прокурордан тиббий кўрикдан ўтиш учун Каттақўрғон тумани суд тиббий экспертизасига йўлланма беришни сўраган ва Иштихондаги бундай экспертизага ишонмаслигини билдирган.

“Чунки улар менга тан жароҳати етказганидан кейин дўхтирларни чақириб, ўзаро келишиб олишди”, деб ёзади Акмал.

Акмал Иштихон прокурорига ёзган аризасида ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо беришни сўраган.

Аблокимов бу адолатсизликка чидолмаслигини айтар экан, ички ишлар ходимларининг унинг қадрини ерга уриб, таҳқирлагани жазосиз қолиб кетишидан хавотир ҳам билдирган.

Ички ишлар ходимларининг ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилган ҳолда бегуноҳ фуқароларга нисбатан ноқонуний айбловлар қўйиши бугунги Ўзбекистон учун одатий ҳолдир. 

Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда ҳам жуда кўп далиллар тарқатилмоқда. Куни кеча Миллий гвардия ходимининг Қўқон шаҳридаги кафеда караоке хонасига пичоқ ташлаб қўяётгани акс этган видео ҳам тарқалган эди. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 октябр 2021
22 октябрь куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани фуқаролик ишлари судида шоир Йўлчи Рўзиевнинг даъво аризасига биноан бўлиб ўтган ...
8 май 2015
Ишдан бўшатилган Лента.ру ахборот сайтининг бош муҳаррири Галина Тимченко ўз касбини пицца тарқатувчининг иши билан қиёслади. Агар пиццада мурч ...
22 ноябр 2019
Ўтган ҳафта «Миллий тикланиш» партияси Қашқадарёда нефть ишлаб чиқараётган «Лукойл» ширкатининг танобини тортиб қўйишни талаб қилди. Чунки бу идоранинг ...
26 август 2023
Украинага қарши Россия томонида жанг қилаётган “Русич” неонацистлар гуруҳи «ҳар қандай жанговар топшириқларни бажаришни тўхтатганини» билдирди. Ҳаммаси жангари гуруҳнинг ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...