Асосий мавзулар
26 феврал 2019

Султон Абдулҳамид ким эди?

“Пойтахт: Абдулҳамид” сериалининг намойиши тўхтатилиши кўп эътирозларга сабаб бўляпти. Қизиқ, бир-икки ой олдин бир турк сериалининг тақиқланишини талаб қилганлар энди бошқа турк сериалининг тўхтатилишидан норози. Ажойиб халқмиз!

Аслида “Пойтахт” “Ҳовли”дан кўра анча “хавфли” сериал, десак бўлади, албатта, идеологик жиҳатдан қараганда. “Ҳовли” бор-йўғи маиший сага бўлса, “Пойтахт” идеологик картинадир ва у бугунги Туркиянинг ўз ўтмишига бўлган муносабатини акс эттиради. Бошқа давлат сиёсатининг тарғибини кимдир хавфли ёки нотўғри деб ҳисоблаши мумкин (айтиб қўяй, шахсан менга жиддий фарқи йўқ).

Фильмнинг бош қаҳрамони — султон Абдулҳамид II Усмонлиларнинг охирги ҳукмдорларидан бири бўлиб, 1876–1909 йилларда тахтда ўтирган. Оғир сиёсий курашлар натижасида “Ёш турклар” (ўзимизнинг жадидларга қардош ташкилот) раҳбари Мидҳат пошшо ёрдамида тахтга ўтирган султон ушбу ташкилотга қўшилган зиёлилар олдида бир қанча мажбуриятларни олган эди. Биринчи галда, у парламент ташкил этиши, конституция қабул қилиши ва мамлакатда парламентар монархия жорий этиши лозим эди.

Бошида бу ваъдаларини бажарган Абдулҳамид аҳоли ва аскарлар орасида катта шуҳратга эришди. Аммо 1877–1878 йилларда Усмонли–Россия урушида мағлуб бўлгач, яккаҳокимлик ўрнатишга киришди: парламентни тарқатиб юборди, конституция де факто амалдан чиқди, Мидҳат пошшо эса ҳибсга олиниб, бошида ўлимга ҳукм этилди, сўнг Арабистонга сургун қилинди.

Бир сўз билан айтганда, Абдулҳамид кўпчилик бошқа ҳукмдорлар сингари зиддиятли шахс эди. У вазиятга қараб сиёсат юритган: халқ меҳрини қозониш учун ислоҳотлар ўтказган, кейинчалик эса барча рақибларидан қутулиб, авторитар ҳокимият ўрнатган эди. Бугунги Туркияда уни идеаллаштириб, Усмонлиларнинг охирги буюк халифаси сифатида тақдим этишади — бу Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг шахсий мойиллигини акс эттирадиган сиёсат. Эрдўғон Абдулҳамидни ёқтиради: унинг авторитар ҳукмдор бўлгани, Ғарбга қарши айёрона сиёсат юритгани, ислом динига урғу бергани ва дунёвийликни инкор этгани Эрдўғоннинг бугунги сиёсатини қисман эслатиб юборади.

Аммо тан олиш керакки, Абдулҳамид йирик шахс бўлгани билан айтарли катта иш қила олмаган: унинг даврида Европа давлатлари мусулмон дунёсидан техник ва иқтисодий тараққиётда кескин ўтиб кетган, Усмонли салтанати эса доимий равишда иқтисодий қийинчиликларда яшар, ҳар ўн йилликда бирор мустамлакасини йўқотар ва тикланиш имкониятларини йўқотиб бўлган эди. Шу боис, салтанатни сақлаб қолиш деярли имконсиз эди — у секинлик билан ортга кетаётганди, вазиятни терс буришга ресурс ва салоҳият йўқ эди. Абдулҳамидни Бухоро хонларидан Убайдуллахон II га (1702–1711) ўхшатган бўлар эдим: у ҳам мамлакатни сақлаб қолишга уринган, аммо ҳаракатни жуда кеч бошлаган эди.

Абдулҳамид II ҳам яхши бошлаганига қарамай, кўпроқ авторитар ҳокимиятни тиклаган, мамлакатни банкротликка олиб келиб қўйган, мамлакатдаги христиан аҳолига қарши қирғинлар уюштирган, зиёлиларни ва фаолларни махфий полиция ёрдамида қатағон қилган ҳукмдор сифатида тарихда қолди. У 1909 йили ёш турклар томонидан ағдариб ташланди ва мамлакатдан бош олиб чиқиб кетди.

Хуллас, сериал ишқибозларини огоҳлантириб қўймоқчи эдим: “Пойтахт”да у ортиқ даражада идеаллаштириб юборилган, шуни унутманглар.

Зиддиятли мавзуларни тез-тез кўтариб турадиган блогерларни энди тушуняпман — бу ўқувчиларни жунбушга келтирар экан. Муқаддам Чингизхон ҳақидаги постларим шундай баҳслар келтириб чиқарган эди. Энди Абдулҳамид II ҳақидаги пост баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Баҳсларнинг борлиги яхши, албатта. Фикр хилма-хиллиги яхши. Аммо айримлар ҳис-туйғуларини жиловлай олмаяпти. Қандай қилиб зиёли одамлар тарихий, илмий масалани шахсийлаштириши мумкин, бу масалалар деб адоватга ва ҳақоратга ўтиши мумкин — бу менга қоронғу. Лекин мана шундай уч-тўрт одам шахсийга ёзиб, анчайин лаънат, қарғиш ва ҳақоратлар ёғдирди. Айтишларича, фитна қилаётган эканман, пулга ёзаётган эканман, буюк султонга нисбатан бўҳтон қилаётган эканман. Шунингдек, ёш турклар инглизларнинг малайлари экан, тарихни эса яҳудлар ёзган экан — менга турк тилини ўрганиб, “асл” тарихни ўқишни тавсия қилишди. Раҳмат, мутахассислигим — туркий тиллар. Ўзбекчадан кўра кўпроқ туркча ўқийман.

Афсуски, бу шахсларга ҳеч нарса тушунтира олмадим ва блоклашга мажбур бўлдим. Қолганлар орасида ҳам тушунмовчилик бўлмаслиги учун қисқача тушунтириш.

Биродарлар! Эътибор берсангиз, юқоридаги постда Абдулҳамидни ёмонламаганман, қандайдир персонал таърифлар ишлатмаганман. Абдулҳамид шахсининг менга иссиғиям, совуғиям йўқ; у — ўтмиш, фантом. Мен тарихга четдан, мумкин қадар холис қарашга ўрганиб қолганман (юз фоиз холис бўлишнинг имкони йўқ, албатта). Ҳеч кимни идеаллаштириш ҳам, қатътий ёмонлаш ҳам керак эмаслигини аллақачон тушунганман.

Бор-йўқ айтганим — Абдулҳамид йирик шахс бўлган, ислоҳотлар ўтказган, салтанатни сақлаб қолишга ҳаракат қилган, лекин муваффақиятга эриша олмаган. Бу фикрнинг нимаси айримларнинг жазавасини қўзитди, тушунмадим.

Факт шундан иборатки, Усмонли салтанати секинлик билан ортга кетаётганди. Бунда бевосита Абдулҳамид айбдор эмасди — жараён ундан олдин бошланганди, ундан кейин ҳам давом этди. У замонасининг одами эди, холос. Бир нималар қилишга уринди, аммо натижага эриша олмади, чунки мамлакатда бунга етарли ресурс йўқ эди.

Яна бир факт шундан иборатки, сериалда у идеаллаштириб юборилган. Умуман, кинога тўқима қўшилиши табиий ҳолат. Умуман, дунёда идеал одамлар унча кўп эмас, айниқса, сиёсатчилар ичида. Унинг давридаги инқирозлар, ҳарбий муваффақиятсизликлар, оммавий қирғинлар фанда яхши ўрганилган.

Авторитар ҳокимиятига келсак, буни шахсан ўзим ўта салбий жиҳат деб баҳолайман ва мамлакат ортга кетишига авторитаризмнинг қайтиши қисман сабаб бўлган, деб ўйлайман. Айни дамда, авторитаризмни ёқлайдиганлар кўплигини биламан ва уларнинг фикрини ҳурмат қиламан.

Яҳудлар ёзган тарихга келсак. Мен яҳудий, мусулмон деб ажратмайман, барчасининг фикрини ва ёзган китобини тўплаб, таҳлил қилиб, холис ва муросали хулоса берадиган академик фанга ишонаман. Бу менинг нуқтаи назарим ва қатъий принципим. Бундан норозилар ва ўзгача фикрни кўтаролмайдиганлар бемалол мени ўқимай қўйишлари мумкин, қарши эмасман, лекин шахсийдан ҳақорат ёғдириш ўтакетган маданиятсизликдир. Ҳеч қандай илмий, тарихий, сиёсий ва ҳоказо қарашлардаги тафовут ўзаро ҳурмат ва инсоний меҳр-оқибатдан устун эмас.

Ҳар хил фитна назарияларига эса ишонмайман. Шу билан Абдулҳамид мавзуси тамом.

Эльдар Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери

Тағин ўқинг
20 май 2016
Фарғоналик М.исмли аёл 1-синфда ўқийдиган қизчасини мактабга жўнатдию, Халқ таълими вазирлигининг “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилиш учун қўлига телефон олди. ...
1 март 2016
24 февраль куни Наманганда “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобининг тақдимоти ўтказилди. Тақдимотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Хайрулла Турматов, Ўзбекистон ...
23 август 2018
«2000 йилларда, зоналарда хизмат қилаётган мелиса ходимлари ҳам аранг рўзғор тебратишаётгани, бунинг оқибатида Каримов олиб бораётган сиёсатга норози эканликлари ...
23 июл 2016
Ўтган ҳафта Eltuz.com нашри Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари пахта далаларини қурт босгани ва уни қўлда териб олишга одатдагидек, Халқ ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...