Асосий мавзулар
7 март 2019

БМТга – Алишер Усмоновнинг самолётида

Эски чангаклар Ўзбекистондаги ислоҳотларга қандай тўсқинлик қилмоқда?

Февралдаги бир янгилик Ўзбекистонни ларзага келтирди: бор-йўғи бир йил муқаддам Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлигига тайинланган Ихтиёр Абдуллаев ҳибсга олинди. Ислом Каримовнинг ўрнига ҳокимият тепасига келган янги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев кучишлатар тузилмаларнинг пўстагини қоқиш баробарида мамлакатда тизимли ислоҳотларни давом эттирмоқда. Қўшҳокимиятчиликнинг биринчи белгилари ҳам пайдо бўлди: ҳокимиятнинг институционал бўлиниши эмас, норасмий элиталар гуруҳларининг қарама-қаршилиги. Алишер Илҳомов Каримов даври элиталари билан янги президент қандай курашаётгани, ҳокимиятнинг янги тақсимотида Россия қандай роль ўйнаётгани ва бунда магнат Алишер Усмоновнинг ўрни қандайлигини аниқлашга уриниб кўрди.

2016 йил декабрда президент этиб сайланганидан сўнг Шавкат Мирзиёев мамлакатда бошқарувнинг авторитар тизимини сақлаб қолди, аммо давлат ва жамиятнинг айрим соҳаларида ислоҳотлар ўтказишни бошлади. Либерал ўзгаришлар, аввало, иқтисодиёт ва ташқи сиёсатга тааллуқли бўлди. Шунингдек, маҳаллий матбуотда цензура кучсизланди. Бу ўзгаришлар кўпчилик учун кутилмаган воқеа бўлди. Чунки илгари Мирзиёев қаттиққўл ва авторитар раҳбар, Ислом Каримов моделининг содиқ тарафдори сифатида кўрилар эди.

Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ислоҳ қилиниб, Давлат хавфсизлик хизматига айлантирилгани, кадрларни тозалаш, МХХ раиси Рустам Иноятов истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнига бутунлай бошқа идора – Бош прокуратурадан жалб қилинган Ихтиёр Абдуллаевнинг тайинланиши катта таассурот уйғотди.

Бироқ бир йилдан сўнг, жорий йилнинг 11 февраль куни Ихтиёр Абдуллаев ДХХ раиси лавозимидаги фаолиятини тўхтатди. Январь ойининг ўрталаридаёқ унинг бу мансабдаги кунлари саноқли қолгани ойдинлашган эди. 11 январь куни ўзбек сиёсий эмигрантларининг Eltuz.com сайти ДХХ раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Иноғомов лавозимидан бўшатилгани ва терговга тортилганини хабар қилди. Eltuz.com манбалари маълумотларига кўра, Иноғомов Мирзиёев оила аъзоларини кузатувга олишда айбланган. Аслини олганда кузатиш учун қонуний сабаблар етарлича: мамлакатга тарқалган гап-сўзларга қараганда, президент оиласи аъзолари ўз вақтида Каримов оиласи қилгани каби иқтисодиётнинг деярли барча секторларидаги фойдали активларни бирин-кетин ўз қўлига олмоқда. Нима бўлганда ҳам, ДХХ янги раҳбариятининг бундай журъати кечирилмади.


Президент оиласи аъзолари иқтисодиётнинг ўз вақтида Каримов оиласи тасарруфида бўлган тармоқларини ўз назоратига олаётгани хабар қилинмоқда.  


Кланлар ўртасидаги курашнинг бошқа жиҳати ҳам бор: янги президент оиласига қарши маълумот йиғиш норасмий етакчиси МХХнинг собиқ раиси Рустам Иноятов бўлган гуруҳ томонидан ташкиллаштирилгани эҳтимоли юқори. Гарчи лавозимидан айрилган бўлса-да, у қатағонлардан қутулиб қолди – президент унга сенаторлик курсисини тақдим этди ва ҳатто ўзининг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинлади.

МХХнинг собиқ раҳбари Рустам Иноятов дахлсизлик мақомини олишга эришди

Афтидан Иноятов ҳали Каримов даврида эришган мақоми – ўзига хос қудратли кардиналлигича қолди. У таянадиган асос эса Каримов ҳукмронлиги (1990-2016 йиллар) даврида шаклланган бошқарув принципларига содиқ қолаётган бюрократик номенклатурадир. Мамлакатдаги янги муҳит – фуқаролар ва маҳаллий ОАВлар ҳукуматнинг ҳаракатларини тобора очиқроқ танқид қилишга журъат этаётгани бу номенклатурага ёқмаслиги шубҳасиз. Ҳукумат билан алоқадор соядаги шахслар ҳам иқтисодий имтиёзларни, масалан, валютани расмий, яъни бозордагидан анча паст нархларда харид қилиш имкониятини йўқотди.

Бундан ташқари, ДХХ офицерлар таркибининг бир қисми ҳам Иноятовга содиқ қолаётгани эҳтимолдан холи эмас. Каримов бошқаруви даврида МХХ давлат, жамият ва иқтисодиётнинг барча секторларида кенг агентура тармоғини яратди ҳамда кўплаб амалдорлар ва бизнесменларга қарши компромат тўплади. Мана шу дастаклар шарофати ўлароқ, Иноятовга содиқ гуруҳ номенклатуранинг сезиларли қисмини ўз йўриғига юрдира олади. Маҳаллий манбаларнинг маълумотларига кўра, Иноятов гуруҳига, жумладан, бош вазир Абдулла Арипов, шунингдек, ДХХнинг яқинда ҳибсга олинган раиси Ихтиёр Абдуллаев ҳам киради.

Ўз навбатида, президент Мирзиёев тарафдори бўлган шахслар бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ва ИИВнинг собиқ раҳбари, сиёсий саҳнадан четлатилган, 2018 йил февралда эса ИИВ раҳбарининг маслаҳатчиси этиб тайинланган Зокир Алматов ҳисобланади. Вазирлик вақтида президент Каримовга таъсир кўрсатиш учун курашда Иноятовнинг рақобатчиси бўлган Алматовнинг сиёсий қудрати юксак эди. Аммо ўшанда Иноятов ғалаба қозониб, 2006 йилда Алматовнинг истеъфога чиқишига эришди. Шунингдек, Мирзиёев Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Козим Тўлагановни ҳам сиёсат майдонига қайтарди. У 2006 йилда нафақат истеъфога жўнатилган, балки 20 йилга шартли равишда озодликдан маҳрум ҳам этилган эди. Энди Тўлаганов қурилиш вазири ўринбосаридир.

Мирзиёевнинг позициясини келиб чиқиши ўзбек бўлган россиялик олигарх Алишер Усмонов ҳам кучайтиради. У посткаримов даври Ўзбекистонидаги парда орти ўйинларида фаол роль ўйнамоқда.

Усмонов ва Мирзиёевни қариндошлик ришталари боғлаб туради: 2009 йилда россиялик олигархнинг жияни Бобур Усмонов ўша пайтда бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёевнинг жияни Диёрага уйланган. 2013 йил майда Бобур Тошкентда ўз автомобилида ҳалокатга учраб ҳалок бўлди, аммо қудалар ўртасидаги яқин алоқалар мустаҳкамлигича қолди. Айрим манбаларга кўра, Усмонов ўлаётган Каримовнинг ташхисини аниқлаш ва кейинчалик унинг ўлими фактини тасдиқлаш учун россиялик машҳур кардиожарроҳ Лео Бокерияни таклиф этишда ҳал қилувчи роль ўйнаган. 2017 йил сентябрда Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка «Ўзбекистон ҳаво йўллари» самолётида эмас, балки Алишер Усмоновнинг «Бурхон» номли шахсий лайнерида учишни маъқул кўрди. Бу эса ўша пайтлардаёқ Ўзбекистон президенти, айрим маълумотларга кўра, давлат авиакомпаниясини назорат қиладиган МХХга ишонмаслигига ишора қилади.

Шунингдек, Алишер Усмонов Ўзбекистондаги турли хайрия ва ижтимоий лойиҳаларга астойдил сармоя ётқиза бошлади. Ўзининг айтишича, у Тошкентдаги Хасти имом мажмуаси ҳудудида Ислом цивилизацияси маркази қурилишига 100 миллион доллар ажратган. Бунинг учун Мирзиёев уни ошкора мақтаган ҳам эди. Бундан ташқари, у қишлоқларни ривожлантиришга (Жаҳон банки билан биргаликда) 100 миллион доллар, яна шунча маблағни ўзбек спортини ривожлантиришга ажратди.

Гарчи Усмонов Ўзбекистонда бизнес манфаатларга эга эмаслигини таъкидласа-да, у халқаро бизнес доираларда кам танилган, Бекободдаги «Ўзметкомбинат» АЖни ишончли бошқарувга олган SFI Management Group компанияси манфаатларини илгари суришда муҳим роль ўйнаган. “Ўзметкомбинат” Марказий Осиёдаги ягона қора металлургия корхонасидир. Расман SFI Management Group келиб чиқиши ўзбек бўлган бошқа бир ўзбек олигархи Фаттоҳ Шодиевнинг укаси Қобул Шодиевга тегишлидир. Эътиборлиси шундаки, Ўзбекистон ҳукумати ҳатто корпоратив веб сайти ҳам ишламайдиган (мақола ёзилаётган пайтда) компанияга эксклюзив тартибда, ҳеч қандай очиқ танлов ўтказмасдан туриб мамлакат саноатининг муҳим объектларидан бирини ишончли бошқарувга бериш тўғрисида қарор чиқарди. Бу ўринда, Усмоновнинг тан олишича, унинг Қобул Шодиев билан дўстлиги роль ўйнаган бўлиши мумкин. Шу дўстлик, қолаверса, ҳар икки томоннинг янада жиддий манфаатлари шарофати билан SFI Management Олмалиқ кон-металлургия комбинати, “Ўзкимёсаноат”, “Ўртачирчиқпарранда”, “Ўзиккиламчиранглимет” каби бошқа муҳим объектларнинг ишончли бошқарувини ҳам қўлга киритди.

Йирик ўзбек корхонаси ҳеч қандай танловларсиз Усмоновнинг дўсти Фаттоҳ Шодиевга берилди.

Усмонов Шодиевлар оиласи назорат қиладиган «Ўзметкомбинат» корхоналарида тўғридан-тўғри бизнес манфаатларга ҳам эга. «Ўзметкомбинат» асосий бенефициари Усмонов бўлган USM Holdings гуруҳи таркибига кирувчи “Металлоинвест” маҳсулотлари сотиладиган бозорлардан бири ҳисобланишини унинг ўзи тан олганди. Икки-уч йилдан буён “Металлоинвест” Ўзбек металлургия комбинатига йилига 100 миллион долларлик брикетланган темир етказиб беради.

Алишер Усмонов қанчалик камтарлик қилмасин, Ўзбекистонга шундай катта сармоя киритиш, шунингдек, йирик бизнес лойиҳаларда иштирок этиш фактларининг ўзиёқ объектив жиҳатдан нафақат иқтисодий, балки сиёсий жиҳатдан ҳам уни мамлакатдаги таъсир доираси кучли инсонлардан бирига айлантиради. Вазирлар 200 доллар маош оладиган мамлакатда давлат аппарати, хоҳлайдими-хоҳламайдими, Алишер Усмонов каби магнатларнинг мижозларига айланади.


2017 йилда президент Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка «Ўзбекистон ҳаво йўллари» самолётида эмас, балки Алишер Усмоновнинг «Бурхон» шахсий лайнерида учди.


Ва ниҳоят, ҳокимиятга келганидан буён Мирзиёев ўз одамлари тайинланган Миллий гвардия ва армияга, биринчи навбатда, яқин вақтларгача Миллий гвардия бошлиғи ўринбосари бўлган, февралда эса ДХХ раиси ўринбосари этиб тайинланган қудаси Ботир Турсуновга таянади.

Аммо нега Мирзиёев ўз ваколатларидан фойдаланмайди ва унга қарши бўлган тўдаларни янчиб ташламайди? Аслида у Иноятовнинг позициясини сезиларли кучсизлантиришга эришди: уни МХХдан бўшатди, бу хизматни ислоҳ қилди, шунингдек, бу ердаги кадрларни тозалади. Хусусан, МХХ раисининг ўринбосарлари бўлган учта генерал ва бошқа бир қатор юқори мартабали зобитлар ҳибсга олинди ва турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Нега президент бошлаган ишини охирига етказмаяпти?

Мирзиёев қатъият кўрсатмаётганининг сабаблари бир нечта. Биринчидан, ўзига хос жентльменлик келишуви амал қилмоқда. Мирзиёев ҳокимият тепасига Рустам Иноятов ва собиқ бош вазир ўринбосари Рустам Азимов (Каримов даврида қудрати бир-бириникидан қолишмайдиган шахслар) билан норасмий келишув шарофати ўлароқ келган, деб ҳисобланади. Кўринишидан, келишув шарти Азимов ва Иноятовнинг шахсий дахлсизлиги бўлган. Иккинчидан, Иноятовни Кремль қўллаб-қувватлайди. Мирзиёев эса Кремль фикри билан ҳисоблашишга мажбур. Шу ўринда қайд этиш керакки, Ўзбекистон ҳокимиятида россияпарастларнинг мавқеи анча кучли. Ҳокимият элитасининг бир қисми, жумладан, Рустам Иноятовнинг ўғли Шариф (у Россиядаги қатор компанияларда улушга эга) ва ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг фарзанди Дониёр (Россиядаги компаниялардан бирининг эгаларидан) Россияда бизнес манфаатларга эга. Ва ниҳоят, афтидан Мирзиёев ҳукмрон режимнинг исломчилар ва дунёвий сиёсий мухолифат гуруҳлари тимсолидаги реал ва хаёлий душманлари билан кураш масалаларида Иноятовнинг фикри ва маслаҳатларини қадрлайди.

Владимир Путин Алишер Усмоновни Мирзиёевга таништирмоқда

Ўтган йил ўрталаригача икки гуруҳ анча тинч-тотув яшади. Аммо афтидан Иноятов гуруҳида Мирзиёевнинг жамият устидан сиёсий назорат сусайишига олиб келадиган ислоҳотларидан норозилик кучайди. Ўтган йил ёзида матбуотга ҳужум бошланди ва унга бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилди. Facebook ва YouTube га тўсиқ қўйилди, диссидентларга ҳужум қайтадан қўзғалди. Мирзиёевни жиловни салгина тортишга кўндиришгани ёки фуқаролар эркинлигига ҳужум унинг рухсатисиз бошлангани маълум эмас. Нима бўлганда ҳам, сукут аломати – ризо. Ҳатто ҳозир ҳам Ихтиёр Абдуллаев саҳнадан четлатилганига қарамай, ижтимоий тармоқларга кириш осонлашгани йўқ.

Икки гуруҳ қарама-қаршилигининг кульминацияси Иноятов тўдасининг Мирзиёвга қарши компромат йиғишга уриниши ва бунга жавоб сифатида Абдуллаев ўз вақтида прокуратурадан ДХХга олиб келган қатор раҳбарларнинг ишдан бўшатилиши ва ҳибсга олиниши бўлди. 11 февралда Абдуллаев ҳибсга олинган сўнг ДҲҲ раислигига илгари мудофаа вазири бўлиб ишлаган генерал-лейтенант Абдусалом Азизов тайинланди. Кўринишидан, у президентга содиқ, лекин сиёсий таъсирга эга эмас. Бу идорада асосий ролни юқорида исми қайд этилган Ботир Турсунов ўйнаши ҳақиқатга яқин.

Мирзиёев ғалабасини нишонласа бўладими? Президентга тўғридан-тўғри таҳдид йўқолган бўлиши мумкин, аммо Иноятов ва тарафдорларининг бир қисми ҳали лавозимларида қолмоқда. Қолаверса, афтидан Иноятовга ён бериш сифатида Мирзиёев Каримов даврида ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири бўлган Элёр Ғаниевни ҳукуматга қайтарди. Ғаниев ҳақида унинг собиқ чекист эканини айтишади. Шунинг учун уни Иноятов гуруҳига мансуб дейиш тўғрироқ бўлади.

Абдуллаев ва унинг одамлари ҳибсга олингандан сўнг ҳокимиятнинг олий эшелонларида тозалаш давом этиши номаълум. Президент ўзи тайинлаган янги мансабдорларнинг садоқатига шубҳа қилиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. У фақат яқин одамларига, биринчи навбатда, қариндошларига охиригача ишониши мумкин. Элитанинг асосий қисми эса ҳар қандай ҳокимиятга (гарчи Каримов даврларини қўмсашса-да) хизмат қилишга тайёр оппортунистлардир.


Элитанинг асосий қисми – ҳар қандай ҳокимиятга хизмат қилишга тайёр оппортунистлар.


Сўнгги икки ярим йил давомида Мирзиёев кимларнидир раҳбар лавозимларига тайинлаб, кимларнидир тезда ишдан олиб ёки бошқа ишга ўтказиб, ҳар замонда тозалаш ўтказиб турди. Бу қўнимсизлик қатъий сиёсий йўналишнинг, барқарор ва самарали кадрлар сиёсатининг йўқлигидан дарак беради. Президент икки мантиқ ўртасида сарсон: бир томондан, технократ-ислоҳотчилар жамоасини шакллантириш ва давлат бошқарувининг замонавий стандартларига эришиш; иккинчи томондан, садоқатли тарафдорларни излаш, ҳамон гуруҳбозликдан воз кеча олмаётган эски бошқарув аппаратига таянишга интилиш. Иккинчи мантиққа таянса, у ўзини бир қарашда ўзига садоқатли бўлган, аммо ҳар эҳтимолга қарши қўйнида пичоқ яшириб турадиган шахсларнинг беқарор табиати тутқунига айлантиради.

Алишер Илҳомов — Лондон университети Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактабининг штатдан ташқари илмий ходими

«The insider» Интернет нашридан олинди

Тағин ўқинг
29 октябр 2018
Сўнгги олинган хабарга кўра, «Америка овози» радиосининг Истанбулда ҳибсга олинган, Малик Мансур тахаллуси остида ишлайдиган 49 ёшли мухбири Абдумалик ...
1 ноябр 2017
31 октябр куни Нью Йоркда ўзбекистонлик 29 ёшли Сайфулло Саипов содир этган террор актида 8 киши ўлди, 11 киши ...
12 сентябр 2024
Тепадаги бир-бирига ўхшаш икки расм дунëнинг икки нуқтасида суратга олинган: Уйғур халки ҳимоячиси Рушан Аббос 2018 йили Хитойда изсиз ...
17 июл 2024
Туркиянинг Кония шаҳрида хорижлик аёлларни суратга олиб, каталог яратиб фоҳишаликка мажбурлаган, кечаси 5-6 минг лира эвазига харидор топаётган тармоққа ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...