Асосий мавзулар
1 апрел 2019

Ўзбекистон имижи яхшиланишига ҳисса қўшган “душман”

Ўзбекистон расмийлари АҚШ Меҳнат департаменти ўзбек пахтасини болалар мажбурий меҳнати воситасида етиштирилган маҳсулотлар “қора рўйхати”дан чиқаргани тўғрисида фахр билан баёнот бермоқда.

Таъкидлаш керакки, халқаро ҳамжамият Ўзбекистон ҳукуматидан пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйишни кўп йиллар давомида талаб қилиб келди.

Бу талабнинг бажарилмаслиги эса Ўзбекистон пахтасига нисбатан турли чекловлар киритилишига, “Пахта кампанияси” халқаро коалицияси вужудга келишига сабаб бўлди.

Ниҳоят, сўнгги бир неча йиллар давомида ҳукумат пахта далаларида болаларнинг мажбурий меҳнатини тугатишга оид бир қатор амалий қадамлар қўйди ва мазкур саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ Ўзбекистоннинг “юзи ёруғ” бўлди.

Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми (UGF) мамлакатда мажбурий меҳнат тугатилишига, хусусан, болаларнинг мажбурий меҳнатига чек қўйилишига жуда катта ҳисса қўшиб келаётган ташкилотлардан бири ҳисобланади.

Лекин Ўзбекистоннинг ижобий имижи кучайишига хизмат қилган АҚШнинг юқорида тилга олинган қарорини олқишлаётган расмийлар UGFни бирор оғиз эслаб ҳам қўйгани йўқ.

Бу ташкилот мамлакатда пахта етиштиришдаги мажбурий меҳнатни йиллар давомида мониторинг қилиб келди ва мониторинглар натижалари юзасидан халқаро ҳамжамиятни ва расмий Тошкентни хабардор этди.

Аммо ўзбек фарзандларининг, Ўзбекистоннинг келажагини ўйлаб қилинган бу саъй-ҳаракатлар мамлакат ҳукумати томонидан узоқ вақт давомида душманона қабул қилиб келингани UGF аъзолари, ташкилот билан ҳамкорлик қилган фаоллар учун сир эмас.

Ҳукумат нафақат ташкилот тўплаган далилларни рад этди, балки унинг фаолларини тинимсиз тазйиқларга ҳам дучор қилди. Милиция ушлаб кетса-да, расмийлар томонидан ёлланган жангари аёллар ҳужумларига учраса-да, UGF фаоллари ўз миссиясини шараф билан бажаришда давом этди.

“Биз фаолларимизнинг мардлиги, экстремал шароитларда ҳам таъқибу тазйиқлардан чўчимай, ўз ишини ҳалол ва адолатли бажарганидан фахрланамиз,- дейди UGF раҳбари Умида Ниёзова. – Ўзбекистонда болалар меҳнатига чек қўйилишида ташкилотимизнинг ҳиссаси борлиги бизни қувонтиради. Биз бу ишларни Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинадиган демократик давлатга айланиши учун қиляпмиз ва мажбурий меҳнат барҳам топмагунча давом эттириш ниятидамиз”.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнати тугатилган бўлса-да, мажбурий меҳнатнинг бошқа шакллари ҳамон кенг тарқалган. Хусусан, UGF ўтган йили бюджет ташкилотлари ходимларининг ободонлаштириш, қурилиш ишларига мажбурий жалб этилгани юзасидан ҳисобот тайёрлаб, бир неча тилларда тарқатган.

“Гарчи ҳукумат биз каби ташкилотларнинг фаолиятини, юмшоқроқ айтганда, унчалик олқишламаса-да, бундай ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш халқаро майдонда мамлакат ижимини яхшилашга хизмат қилишини расмий Тошкент тобора кўпроқ англаб бораётганига умид қиламан”, деди UGF раҳбари У.Ниёзова.

Ташкилот раҳбарининг таъкидлашича, ўтган йилги мониторинглар давомида UGF фаолларига очиқдан-очиқ тазйиқлар бироз камайгани сезилган. Демак, ўз сиёсатининг шаффофлигини эълон қилган ҳукуматнинг илгари ўзи душман, мухолиф билган ташкилотларга нисбатан толерантлиги бирмунча ортган.

“Биз ҳукуматнинг очиқлигини ҳар доим қўллаб-қувватлаймиз. Аммо мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида ҳали қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп. Ўзбекистондаги тузумнинг нияти эзгу эканлиги ҳозирги ижобий қадамларнинг амалий натижалари билан исботланиши керак”, деди Умида Ниёзова.

UGF раҳбари яқин орада АҚШ Ўзбекистонни мажбурий меҳнатнинг бошқа шаклларидан ҳам холи давлатлар сирасига киритишига умид билдирди.

У, шунингдек, «Элтуз» нашрига 2018 йилги пахта мавсумида UGF ўтказган мажбурий меҳнат мониторинги ва унинг натижалари юзасидан ҳисобот чоршанба, 3 апрель куни тақдим этилишини айтди.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
29 апрел 2022
Азизлар яна сизлар билан ҳамсуҳбатман. Попук қизлар яшайдиган Попдан тортиб, бой бизнесменлар пулини трактор прицепида ташийдиган Мухомонгача, Энамяхши қишлоғидан ...
15 феврал 2024
Бухоро муҳандислик-технология институти ходими Ғолиб Шодиев айни истититут рахбариятини коррупция ва непотизмда айбламоқда. Бироқ унинг аризаси ва унда келтирилган фактлар юзасидан очилган жиноят ...
30 ноябр 2017
«Пахта кампанияси» меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперт Андрей Мрост томонидан ўтказилган «Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси: меҳнаткашлар ташкилотими ёки ишчиларни назорат ...
12 март 2018
Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи аксарият давралардаги гурунгнинг мавзуси бўлди. Зеро, узоқ йиллар бир-биридан узиб қўйилган қардош халқларнинг қайта яқинлашуви ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...