Нодиржон Жўраев ўз аризасига биноан ишдан бўшаган
“Элтуз” сайти Тошкентдаги манбаларига асосланиб, олдинги ҳафтада Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Нодир Жўраев Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўз хонасида ушлангани, унинг хонасидан ҳужжатлар олиб кетилгани ҳақида хабар тарқатган эди.
Шундан сўнг ўзини Нодиржон Жўраев деб таништирган шахс “Элтуз” билан боғланиб, бу хабарлар нотўғри эканини, у соғлиғи туфайли ўз аризасига биноан ишдан бўшаганини маълум қилди.
Аввало, агар бу маълумот нотўғри бўлса, “Элтуз” узр сўраган ҳолда айрим мулоҳазаларни ҳам билдиради.
Жумладан, яқиндагина лавозимига тайинланган юқори лавозимли мулозимнинг бунчалик тез ишдан бўшатилиши жамиятда турли саволларни келтириб чиқариши табиийдир. Иккинчи томондан, жамиятнинг қизиқиши ҳисобга олинган ҳолда бу ҳақда маълумот тақдим этилмагани ҳам ажабланарлидир.
Ҳатто маҳаллий матбуотда эълон қилинган ва тегишли доиралардан олингани иддао қилинган хабарларда ҳам мулозимнинг нега ишдан бўшагани ҳақида шаффоф маълумотларнинг йўқлиги, ажабмаски, турли миш-мишларни туғдиради.
Шунинг учун “Элтуз” нашри яна бир бор узр сўраган ҳолда Ўзбекистондаги ҳозирги кунда чечак очаётган демократик ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини билдиради ва ҳукуматни янада очиқроқ бўлишга даъват этади.
Eltuz.com