Дайжест
15 май 2019

Очиш керак бўлса, ҳамма сайтларни очиш керак!

Бир пайтлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига ўқишга кираётганимда, ҳозирги пайтда Фейсбукда ҳам анча танилиб қолган амалдорлардан бири мени суҳбатдан ўтказиш жараёнида: “Информацион хуружларга қарши қандай курашиш керак?” деб савол берган эди. Ўшанда мен: “Бунга қарши ҳозирда чет эл ОАВларини блоклаб қўйиб курашаётганимизнинг бир тийинлик фойдаси йўқ, бу шунчаки ойни этак билан ёпиш, холос. Ҳозир халқимизнинг аксар қисми мигрантлар, Ўзбекистонда очилмаётган сайтлар Россияда, Кореяда, Европада, хуллас, бошқа мамлакатларда бемалол очилаверади ва улар ўша информацияни олаверишади. Бундан ташқари, Ўзбекистонда тўсилмаган ижтимоий тармоқлар орқали халқ уларни шундоқ ҳам ўқиб ётибди. Ҳозирги интернет асрида информациядан тўсилган халқда унга нисбатан жуда катта чанқоқ бор, шунинг учун ўзимизда сўз эркинлигини таъминлаб, шундай очиқ янгилик сайтлари очиш керакки, одамлар ўша чет эл сайтларига шунчаки очиқ информацияга қорни тўйиб қолганлиги учунгина кирмай қўйишсин”, деган эдим.

Куни кеча Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигини раҳбари Комил Алламжонов Твиттер ижтимоий тармоғида олдин Ўзбекистонда тўсилган бир қатор ОАВларга қўйилган тўсиқлар олиб ташлангани ҳақида хабарлар қолдирди. Бундан, албатта, мен ҳам хурсанд бўлдим. Лекин бу сайтларнинг ичида Озодлик радиосининг номи йўқ эди. Уларга қўйилган тўсиқ ҳали ҳам сақланиб қолинган. Мени қизиқтирган тарафларидан бири бунинг сабаби эди. Ушбу тўсиқлар очилгани ҳақидаги хабар чиқишидан олдин Ўзбекистонда ҳайдовчиларнинг фақатгина “Автотест” МЧЖга қарашли курслардагина малакасини оширишга йўл очиб берувчи қонун танқид қилинган мақолалар Uza.uz¸ Kun.uz¸ Minbar.uz сайтларидан 7 май куни олиб ташланди))

Бу қонун ҳақида эса чет эл матбуотларидан BBC ҳам, Америка овози ва бошқа бир қатор сайтлар ҳам ҳеч нарса ёзишмади. Фақатгина битта сайт ёзди. Биласизми қайсилигини?)) Албатта, Озодлик. Энди дунёга машҳур «Форбс» журнали ёзишича, «Автотест» компанияси ҳозирда Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигини раҳбари бўлиб ишлаб келаётган Комил Алламжоновга тегишли. 2014 йилда компания очилганидан сўнг Комил Алламжонов «Форбс» журналисти Майкл Рунига берган интервьюсида бу ҳақида фахр билан айтиб ўтган.

(Ушбу интервьюда менинг эътиборимни тортган цитата: “ “I don’t like to read, so I thought that there should be something for people like me,” says Allamjonov.” Таржима: Мен ўзим бирор нима ўқишни ёқтирмайман, мен каби ўқишни ёқтирмайдиган инсонларга ҳам нимадур бўлиши кераклиги ҳақида ўйладим, дейди Алламжонов. Бу ерда ёзилган матнларни ўқишни ёқтирмаслиги ва «Автотест» инновацион маҳсулот эканлиги, у орқали ўрганганда кўпроқ қонун- қоидаларни ўқиб эмас, мультимедиа орқали ўрганилиши назарда тутиляпти. Мени контекстдан юлиб олганликда айбламасликлари учун тушунтириб кетяпман. Ҳа, айтганча… Ўқишни ёқдирмайдиган одам тавсия қилган 10 та китоб қайсилар эди?))) )

Демак, бундан келиб чиқяптики, Озодликнинг айби шу раҳбарнинг монополияга айлантирилган бизнеси ҳақидаги хабарларни олиб ташламагани ёки умуман шу хабарларни чиқаргани бўлиб қолмаяптими? Нима деб ўйлайсиз, бу нарса ҳозирги пайтда энг муҳим ислоҳотлардан бири деб қаралаётган Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятда сўз эркинлиги бўйича имижини ошириш бўйича қилинаётган ишларда ҳам ҳаттоки бир инсоннинг бизнес амбициялари тиқиштирилаётгани эмасми?

Энг қизиғи, Алламжоновнинг Твиттерда эълон қилган хабарларидан кейин телеграммдаги “Қўшни маҳалла” деб номланган каналда Озодликка қарши кенг акция бошланди, худдики халқнинг нега ҳамма очилди-ю, Озодлик очилмади, деган саволига жавоб тариқасида. “Кабминдан Ойбек” видеоролигини ҳамма кўрди, менимча. Унда Озодлик мухбири ҳар хил ташкилотларга телефон қилиб, ўзини «Кабминдан Ойбекман» деб таништирган ва информация олишга ҳаракат қилган. Бу аудиоёзувлар ўша ташкилотларнинг ўзидан олинган. Бу инсайд маълумотлар «Қўшни маҳалла»нинг қўлига қандай тушиб қолгани ҳам жуда кўп саволларни уйғотади…

(Ҳа, айтганча, ўша каналда бериладиган хабарларнинг тагига фақатгина битта реакция қўйишади – лайк? дизлайк? Йўқ, қарсак! Қарсакка тўймаган ўзбеклар)) Бу каналнинг хабарларига қарсак чалишдан бошқа реакциянгизни билдира олмайсиз. )

Мен, албатта, ушбу масалада Озодлик радиоси мухбирининг хитрожоп иш усулини асло оқламайман, лекин бир ўйлаб кўрайлик. Халқ информацияга оч, лекин олдин қайси ташкилотга Озодлик қўнғироқ қилса жавоб беришган? Ҳаттоки Озодликка интервью берганлар ишдан ҳайдалиш, қамалиш каби қўрқувда бўлар эди аввал. Юқорида айтиб ўтган академиядаги суҳбатда ҳам Озодликни ўқийсанми ўзинг, деб савол беришган. Ўқимасам қандай курашишим мумкин информацион хуружга, деб жавоб берганимда, бўлди кетавер, дейишган. Кейинчалик билсам суҳбатдан ўта олмаган эмишман-да, инглиз тили ва психологик тестдан “ёриб” қўйганим учун кирганмушман…

Демак улар ҳам шунчаки ёпиқ информацион ҳудуддан информация олиш учун шунақа “Троя оти” принципига кўра ишлашган. Бошқа иложи йўқлигидан. Конституциямизда ахборот олиш ҳуқуқи ва цензурага йўл қўйилмаслиги белгиланган бўлса-да, Ўзбекистон информацияни тўсиб ғирром ўйнаганми ўша даврда? Бу ҳам шунчаки ғирромга қарши ғирром, холос.

Яна бир қизиқ ҳолат. Олдин ўзимиздаги ОАВлар импотент бўлган даврда ҳаттоки ҳозирги журналистларимиз ҳам Озодликни ўқишар эди, ўзи информация тарқатувчи, лекин имкони йўқлигидан Озодлик уларга донор эди)) Энди айримларига юқоридан буйруқ бўлганми дейман, Озодликни дискредитация қилишмоқда, ҳаттоки БиБиСи ҳам Озодликни қоралаб чиқибди)) Минг чет эл сайтлари бўлгани билан барибир ўзбеклар ишлайди-да у ерда ҳам) Журналистик бирдамлик деган нарса йўқ, гадонинг душмани гадо, хули там… «Автотест» ҳақидаги хабарларни ҳам ёритишмади, БиБиСи ва Америка овозининг юз йиллик принципарига сарказмли саломларим) Классик ўзбекча ёндошув – “Сиздан угина, биздан бугина”. Журналистларни кўпинча иккиюзламачи дейишади, а? Лекин журналистлар қандай қилиб монополистдан, унинг юзига монополистлигини айтиб туриб, интервью олишлари мумкин? Ўйлаб кўрганмисиз? (Савол риторик)

Мен, аҳмоқ, блогерлардан хафа бўлиб юрибман, блогерларнинг кўпи “ручной блогер” бўлиб кетмоқда деб. Олдин жамиятнинг олди фикрли йигит-қизлари, жамият фикри лидерлари бўлиб халқни, ёшларни критик фикрлашга ўргатдик, кескин, очиқ, эркин фикрли блоглар билан чиқиб, аудитория қозондик, Ўзбекистоннинг фикрловчи янги авлодини яратишда озми-кўпми ҳисса қўшдик, лекин сўнгги пайтларда кўпчилик блогерлар қўлдан дон еб, дон берган қўлга ўрганиб қоляпти, деб афсусланиб юрган эдим. Аслида бутун бошли ОАВлар, мустақил чет эл ОАВлари ҳам ҳаттоки қўлга ўргатилиб, устига эгар тикилаётганда сизларни кечирса бўлади. Ҳаммага бирдай ёқувчи нарса ёзишни бошлаган кунингиз сиз журналист ҳисобланмайсиз. Шу дақиқадан бошлаб сиз шоу-бизнесда фаолият юритяпсиз.

Очиш керак бўлса, ҳамма сайтларни очиш керак, ўзимиздаги журналистларнинг ҳам тилини қисиш, уларга кўрсатма бериш керакмас. Ёлғон хабар тарқатса, жавобгарликка тортиш керак. Иложи бўлса, Озодлик каби сайтларга умуман имкон қолдирмасдан, ўзимизнинг миллий журналистикани кучайтирайлик. Сўз ва фикр эркинлиги тўлиқ таъминлансин. Тематикаси бир хил ҳамма сайтларни очиб қўйиб, биттасидан хафа бўлиб очмаслик, болалигимизда боғчада бизни хафа қилган ўртоғимизга «катта бўлсам, сени тўйимга айтмайман», деб араз қилганимизни эслатяпти)) Всем абсолютно мир.

Эй, гражданин начальник, а корона не жмёт?
Это ложка дёгтя в ваш липовый мёд
Может я дурак и разобью об эту стену лоб
Но не по мне хавать это фуфло, так-то…
(Баста)

Юқоридаги фикрлар авторнинг шахсий субъектив баҳолаш фикрлари бўлиб, абсолют ҳақиқат бўлишга талабгор эмас. Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжоновдан эса нима учун Озодлик сайти ҳали-ҳамон блокда қолаётгани юзасидан расмий чиқиш кутиб қоламиз.

Нурбек Алимов
Фейсбук блогери

Тағин ўқинг
3 декабр 2023
Элтузнинг криминал янгиликлар бераëтганига қарши «мақола» нашр қилишибди. Грамматик хатоларга лиқ тўла аноним мақола! Ҳали Салим қамоққа олинишидан олдин ...
20 декабр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ суҳбатнинг 17-қисми мухолифат ва ҳокимиятнинг келажаги ҳақида фикр юритади. @eltuz
11 апрел 2016
Ўзбекистонда май-июнь ойларида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ...
7 феврал 2017
«Адолат кўзгуси» газетаси анча вақтлардан буён пенсияси ёки нафақа пуллари ўзларининг розилигисиз пластик карточкага ўтказиб берилаётгани, бу эса турли ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...